Katta intervyu

Барча йўналишлар бўйича ўсиш динамикасига эришилди

6/2021

     Икки йил аввал қабул қилинган 2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғини ривожлантириш концепцияси фармацевтика тармоғининг барқарор фаолиятини ташкил этиш, фармакотерапия сифати ва самарадорлигининг юқори даражасини таъминлаш ҳамда аҳоли касалланишининг олдини олишга қаратилган ва пировардида, инсон ҳаётининг давомийлигини ошириш ва сифатини яхшилашга ҳисса қўшиши керак.
     Миллий фармацевтиканинг ривожига бағишланган ушбу сонни меҳмонимиз – Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор КАРИЕВ билан уюштирган суҳбатимиз очиб беради. У киши айниқса, COVID-19 пандемияси вақтида долзарб бўлган аҳоли фаровонлиги ва соғлиги ҳақида қайғуриш асносида бир қатор асосий саволларга жавоб берди.
 
     – Сардор Ҳикматович, бугунги кунда фармацевтика тармоғининг ривожланиши ҳолатига қандай баҳо бера оласиз? Масалан, МДҲнинг бошқа мамлакатлари билан солиштирилганда соҳа қанчалик ривожланган?
     – Сўнгги бир неча йил мобайнида Ўзбекистон фармацевтика тармоғи яхши ўсиш динамикасини намойиш этмоқда. Масалан, бундан беш йил аввал мамлакатда асосан тиббий буюмлар ва техника ишлаб чиқарувчи 80-90 та фармацевтика корхонаси мавжуд эди. Бугунги кунга келиб уларнинг сони қарийб 200 тага етди. Тармоқ кун сайин илгарига одимламоқда, ишлаб чиқарилаётган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ассортименти кенгаймоқда.
     Мамлакатимиз раҳбарияти томонидан миллий фармацевтикани такомиллаштириш масалаларига катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармацевтикани ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган кўплаб қарорлари қабул қилинган. Ушбу ҳужжатлар доирасида «Нукус-фарм», «Косонсой-фарм», «Сирдарё-фарм», «Бўстонлиқ-фарм», «Паркент-фарм» каби фармацевтикага ихтисослашган бир қатор эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиб, фаолият кўрсатиб турибди. Бугунги кунда бу ички бозорни маҳаллий ишлаб чиқаришнинг юқори сифатли дори-дармонлари билан тўлдириш учун шаклланган ишончли инфратузилмадир.
     Агар тармоқнинг ривожланиш динамикасини МДҲ мамлакатларининг ушбу соҳалари билан таққослайдиган бўлсак, шуни ишонч билан айтиш мумкинки, биз мазкур йўналишда дастлабки учликдан жой олганмиз. Масалан, ўтган йили пандемия даврида Ўзбекистон нафақат за­рур фармацевтика маҳсулотлари билан ички бозорни таъминлашга, балки уларни Қирғизистон, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Грузия ва Афғонистонга экспорт қилишга ҳам муваффақ бўлди. Натижада ҳозирги вақтда дори воситаларининг тақчиллиги кузатилмаяпти. Шуни таъкидлашни истардимки, ўтган йили, кўпчилик ҳисоб­лаганидек, коронавирусга қарши ёрдам берадиган «рек­лама қилинган» вирусга қарши препаратлар борасида ваҳима пайдо бўлди ва ушбу импорт қилинган дориларга талаб жуда юқори бўлди.
     Яна мисоллар келтираман. 2020 йилда Қозоғистонда дори воситаларини импорт қилиш ҳажми 1,2 млрд. долларни ташкил этди. Ўзбекистонда эса ушбу кўрсаткич 1,15 млрд. долларга тенг бўлди. Бунда шуни ҳисобга олишимиз лозимки, қўшни Қозоғистонда аҳоли сони 18 млн. кишини, бизда эса 35 млн. га яқинни ташкил этади. Биз ўз бозоримизда кўплаб дори воситаларини ишлаб чиқа­ришни ўзлаштирдик, фақат ўзимизда умуман ишлаб чиқарилмайдиган ёки бошқа товар русумлари остида кам миқдорда ишлаб чиқариладиган позициялар импорт қилинади, уларнинг нархи эса бироз юқори.
     – Бугунги кунда мамлакат ичида хавфсиз, самарали, арзон ва сифатли маҳаллий дори воситалари ҳамда тиббий буюмларнинг ишлаб чиқарилишини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Маҳаллий фармацевтика ишлаб чиқаришида охирги вақтда нима ўзгарди?
     – Биз кимёвий синтез препаратлари, яъни оддий дженериклар – таркибида дорининг муаллифи ҳисоб­ланган компания томонидан патентланган ингредиент билан бир хил фаол фармацевтик ингредиент мавжуд бўлган дорилар ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик. Тегиш­ли инфратузилма аллақачон яратилган, кадрлар тайёрланган, шунинг учун қисқа муддатларда кўплаб дори-дармонларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш имкония­ти мавжуд. Масалан, глобал коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон ривожланган инфратузилма ва шу каби препаратларнинг дженерикларини ўзлаштиришни муваффақиятли уддалаётган тайёргарликдан ўтган малакали кадрларнинг мавжудлиги туфайли МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб COVID-19 га қарши препаратларни ишлаб чиқаришни ўзлаштирди.
     Бироқ, бизда биотехнология йўналиши ривожланмаганини катта афсус билан таъкидлаш лозим. Узоқ йиллар давомида ушбу соҳа сояда қолиб кетди. Ўзбекистонда таниқли Вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти фаол ишлар эди, бироқ Совет Иттифоқи қу­лаганидан кейин унга етарлича эътибор берилмади ва биотехнологиялар ривожланишининг ушбу «кичик ороли» ғойиб бўлди. Бошқа илмий институтларда кафедралар кам сонли биотехнологларни тайёрлайди. Ҳа, улар бор, лекин фан билан асосан лаборатория шароитида шуғулланишади. Энди биз айнан ушбу соҳани ривожлантиришни мақсад қилганмиз. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари – Япония, Корея, АҚШ, Россия ва Европа Ит­тифоқи давлатларида у жуда тез ривожланмоқда. Фармакологиянинг келажаги аслида, биотехнологик препаратлар билан боғлиқ, деб ҳисоблайман. Терапевтик тиббиётда ва мутлақо янги дори препаратларини ишлаб чиқиш соҳасида ушбу технологияларнинг қўлла­нилиши бугунги жаҳон фармацевтика саноатининг асосий драйверларидан бири ҳисобланади. Агар фармацевтика тарихига назар солсак, дастлаб доривор ўсимликлар билан даволаш қўлланилган, сўнгра улардан экстрактлар чиқариб олина бошланди, ХIХ-ХХ асрларда эса кимёвий синтез туфайли бугунги кунда ҳам даволаш учун қўл­ланилаётган зарур молекулалар ажратиб олинди. Тиббиётда қўлланиладиган замонавий биотехнология молекулалар ва генлар даражасида патологик жараёнга таъсир кўрсатиш усулларидан фойдаланади. У икки асосий мақсадни кўзлайди: молекуляр даражадаги касалликни таҳлил қилиш ҳамда микроорганизмлар ва организм ҳужайраларининг генетик модификациялари негизида дори-дармонларни ишлаб чиқариш. Бугунги кунда биотехнологияларнинг кириб келиши муносабати билан замонавий тиббиёт том маънода ҳақиқий инқилоб остонасида турибди, деб дадил айтиш мумкин. Ушбу инқилоб шундан иборатки, бемор муайян клиник вазиятга моделлаштирилган персоналлаштирилган муолажани олиши мумкин. Биотехнология шаклланишнинг ҳозирги босқичида самарали даволашнинг адекват усуллари мавжуд бўлмаган касалликларга қаратилган. Бунда биз ёш ўтиши билан пайдо бўладиган касалликлар ҳақида сўз юритмоқдамиз. Улар жумласига хавфли ўсмалар, артрит, Альцгеймер ва Паркинсон касалликлари киради. Бундан ташқари биотехнология гепатит, тар­қалган склероз ва орфан касалликларини даволаш соҳасида самарали терапевтик ечимларни таклиф эт­моқда.
     Яна такрор айтаман, Фармацевтика тар­моғини ривожлантириш агентлиги сифатида биз айнан шундай ишлаб чиқаришни ўзлаштиришни биринчи ўринга қўямиз. Бугунги кунга келиб маҳаллий ишлаб чиқарув­чилар сони 220 тага етди. Улардан 102 таси дори воситалари, 30 таси тиббий асбоб-ускуналар, 80 таси тиббий буюмлар, яна 8 таси дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чи­қармоқда. Корхоналар доривор ўсимликлардан тортиб то мураккаб таркибли препаратларгача турли дори воситаларини ишлаб чи­қариш билан шуғулланмоқда, уларнинг кўпчилиги кимё маҳсулоти ҳисобланади. Бугунги кунда биотехнологияларни ўзлаштириш ва жорий этиш мамлакат иқтисодиётини инновацион ривожлантиришнинг асосий йўналишлари сифатида белгиланган.
     2020 йилда давлатимиз раҳбарининг кўмагида биз янги фармацевтика кластерини яратиш, яъни илм-фан, таълим, лаборато­риялар ва ишлаб чиқаришни бир ҳудудга жамлаш ташаббуси билан чиқдик. Клиник ва клиник олди синовларни ўтказиш – ҳаммаси бир жойда амалга оширилади. Хорижий ҳамкорларимиз билан биргаликда илмий-тадқиқот институтлари билан бевосита ўзаро ҳамкорликда кадрлар тайёрлайдиган янги фармацевтика университетини ташкил этиш режалаштирилган.
     Ҳозирги кунда Агентликда учта илмий-тадқиқот инс­титути фаолият кўрсатиб турибди: Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ҳамда «Шарқ табобати» илмий-тадқиқот институти. Афсуски, маълум бир даврда ушбу муассасалар эътиборидан четда қолиб кетди ва ҳозирда таназзулга юз тутган. Уларни қайта тиклаш, жиҳозлаш ҳамда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш бир-бири билан чамбарчас боғланган ҳолда, биргаликда мавжуд бўлиши учун яратилган клас­тер ҳудудига кўчириш зарур. Бундан ташқари кластер ҳудудида сифат назорати бўйича замонавий лабораторияларни яратиш режалаштирилган. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ёки импорт қили­наётган препаратлар, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказида пухта лаборатория назоратидан ўтказилади. Яқин келажакда ушбу Марказ ва лабораториянинг ҳам кластер ҳудудида жойлаштирилиши режалаштирилган. Бу билан олимлар ҳам, талабалар ҳам замонавий талабларга жавоб берадиган ушбу инфратузилмадан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар. Бу илм-фанни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, мазкур соҳада долзарб билим ва кўникмаларга эга бўлган тадқиқотчи олимлар ва амалиётчи фармацевтларнинг янги авлодини шакллантириш учун муҳим аҳамиятга эга. Ушбу мақсадлардан келиб чиқиб, ҳар учала муҳим таркибий қисм – фан, лаборатория ва ишлаб чиқариш бирга боғланади. Кластер Тошкент яқинидаги Зангиота туманида 50-60 гектар ҳудудга жойлашади. Технопарк ҳудуди академик, илмий фаолият ҳамда клиник ва клиник олди даволаш учун дори воситаларини ишлаб чиқиш секторларига бўлинади.
     Шундай қилиб, «Tashkent Pharma Park» илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери географик жиҳатдан маҳаллийлаштирилган ўзаро боғланган дорилар ишлаб чиқувчи инновацион фирмалар, ишлаб чиқариш компаниялари; асбоб-ускуналар, бутловчи қисмлар, махсус хизматлар етказиб берувчилари; инфратузилма объектлари: илмий-тадқиқот институтлари, олий ўқув юртлари, технопарклар, бизнес-инкубаторлар ва бир-бирини тўлдирувчи ҳамда алоҳида компаниялар ва умуман кластернинг рақобат устунликларини кучайтирувчи бошқа ташкилотлар гуруҳини ўзида намоён этади.
     Лойиҳа фармацевтика тармоғининг мутахассислар тайёрлаш, қўшимча таълим ҳамда илмий-педагогик ва илмий кадрларнинг малакасини оширишни ўз ичига олувчи барча йўналишларини, илмий-экспериментал линияларни қамраб олган ягона экотизим, шунингдек, бутун фармацевтика тармоғининг тадқиқот салоҳиятини ривожлантириш учун базанинг яратилишини назарда тутади.
     – Ҳар йили ички фармацевтика бозорида янги турдаги маҳсулот­ларни ўзлаштиришнинг ўсиш динамикаси намоён бўлмоқда. Бироқ, тармоқнинг кўплаб корхоналари оддий формулали дори-дармонларни ишлаб чиқариш билан чекланади. Фармацевтика саноатини рағбат­лантириш учун қандай ишлар қилинмоқда?
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.