Katta intervyu

Бугунги инновацион ғоя – эртанги рақобатбардош маҳсулот

1/2022

 
     Замон шиддат билан янгиланиб бормоқ­да. Турмушимизга илм-фан ютуқлари, инновацион технологиялар ўта тезкорлик билан кириб келмоқдаки, бугунги ишланма эртага ўз вазифасини янада ихчам, янада қулай жиҳозларга бўшатиб бермоқда. Инновацион ривожланиш вазирлигининг вазифалари қаторига янгича фикрловчи, сало­ҳиятли ёшларимизнинг инновацион ғоя­лари, техник ишланмаларини ўрганиш, ба­ҳолаш, тижоратлаштириш, керак бўлса манфаатли шерик топишда уларга амалий ёрдам бериш кабилар киради. Мазкур муассасага раҳбарлик қилаётган – Ўзбекистон Респуб­ликаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ билан амалга оширилган ишлар ва галдаги вазифалар хусусида суҳбатлашдик.
 

     – 2018 йил сентябрь ойида 2019-2021 йиллар учун Инновацион ривожланиш стратегияси қабул қи­линган эди, унинг асосий натижалари қандай?
     – 2018 йилда инновацион ривожланиш соҳасида давлат органлари ва ташкилотларининг саъй-ҳаракат­ларини бирлаштиришга қаратилган стратегик ҳуж­жат – 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини Инновацион ривожлантириш стратегияси қабул қилинди. Стратегиянинг бош мақсади – мамлакатнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлиги ва инновацион жи­ҳатдан тараққий этганини белгиловчи асосий омил сифатида инсон капиталини ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга келиб Глобал инновацион индекс (GII) рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига киришига эришишдан иборат.
     Шу мақсадда Ўзбекистон ҳукумати томонидан ке­йинги 3 йилда Миллий инновацион тизимни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар амалга оширилмоқда ва илмий-тадқиқот ишлари учун инсон капиталини, илм-фан, ихтирочилик ва технологиялар трансферини ривожлантириш, инновацион фаолиятни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, инфратузилма ва АКТ-технологияларни тараққий эттириш, таълим тизимини яхшилаш, рақобатни ривожлантириш ва маъмурий тў­сиқларни камайтиришга қаратилган сиёсий воситалар жорий этилмоқда.
Ўтган давр мобайнида стратегиянинг миллий мақсад ва вазифаларига мувофиқ инновацияларни бошқа­ришнинг интеграцияланган тизими яратилди. Стратегияни амалга ошириш натижасида ҳукумат томонидан мамлакат инновацион экотизимини ташкил этувчи асосий институтлар белгиланди ва унга оид қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. «Инновацион фаолият тўғрисида» ҳамда «Илм-фан ва илмий фаолият тўғри­сида»ги қонунлар қабул қилинди.
     Ҳукуматнинг 2020 йил 15 декабрдаги қарори билан Аграр таълим тизимининг 2030 йилгача инновацион ривожланиш стратегияси тасдиқланди. Унга кўра ҳо­зирда қишлоқ хўжалигида инновацион ресурс тежайдиган технологияларни қўллаш, «Ақлли қишлоқ хўжалиги» (Smart agriculture) ва рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича амалий ишлар бажарилмоқда. 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида «Ақлли шаҳар» технологияларини жорий этиш Концепцияси амалга оширилмоқда.
     Шунингдек, олимларнинг жамиятдаги мавқеи ва нуфузи ошиб, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда. Инновацион ёшларнинг фаолиятда кенг иштирокини таъминлаш бўйича манзилли чоралар кўрилмоқда. Илғор жаҳон тажрибасига асосланган илм ва инновацияларни молиялаштиришнинг самарали ҳамда шаффоф механизмлари жорий этилди.
     Ютуқлар борасида гапирадиган бўлсак, аввало, фанни бошқаришнинг янги тизими йўлга қўйилди. Хусусан, илғор халқлар тажрибасига таяниб, илмий тадқиқотларга давлат буюртмасини шакллантириш механизми жорий этилди. Вазирлик томонидан мунтазам равишда тематик ва натижага йўналтирилган илмий-тадқиқот лойиҳа­ларига доир танловлар учун маблағ ажратилиб, рақобат муҳити асосида грантлардан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлди. Лойиҳаларни молиялаштириш 2017 йил­га нисбатан 3,5 баробар кўпайди, маблағларнинг камида 40 фоизи зарур асбоб-ускуналар, реагентлар ва материаллар харид қилишга йўналтирилди. Масалан, 2021 йилда 603 та лойиҳани қўллаб-қувватлаш учун 904,1 млрд. сўм йўналтирилди.
     Германия, Россия, Туркия, Исроил, Беларусь ва бошқа давлатлар билан ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Хитой, Ҳиндистон, Туркманистон, Эрон, Беларусь, Россия, Венгрия ва EAPI (Евроосиё илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси) билан ҳамкорлик доирасида 2021-2022 йилларда 100 га яқин халқаро тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш режалаштирилган. Бугунга қадар мазкур ҳамкорлар билан 70 тадан зиёд халқаро тадқиқот лойиҳасини қўллаб-қувватлаш учун 62 млрд. сўмдан зиёд маблағ ажратилди.
     Бутун мамлакат бўйлаб инновацион инфратузилма мустаҳкамланиб, жумладан, 3 та ҳудудий инновацион марказ, 5 та технопарк, инновацион лойиҳаларни синовдан ўтказиш бўйича тажриба майдончаси, илмий ло­йиҳалар учун ихтисослаштирилган бизнес-акселераторлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг чекка ҳудудида жой­лашган «DMC» телетиббиёт инновацион клиникаси яратилди.
     Мамлакатда ғоядан то сўнгги ис­теъмолчига қадар қўллаб-қувватлаш­нинг асосий босқичларини қамраб олувчи стартап-экотизим шакллантирилди. Давлат грант­лари кўмагида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш тизими шакллантирилиб, 139 та стартап лойи­ҳаси жами 91,9 млрд. сўм миқдорида молиялаштирилиши натижасида 1100 дан ортиқ ишчи ўринлари яратилиб, рақобатбардош янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Илғор инновацион лойиҳаларни доимий қўллаб-қувватлаш мақсадида умумий сармояси 15 млрд. сўмлик «UzVC» миллий венчур жамғармаси ташкил этилди. Фанни тижоратлаштириш устувор вазифага айланди ва «олим – банк – тадбиркор» элементларига асосланган янги тизим жорий этилди. Хусусан, 372 та инновацион ишланмалар тижоратлаш­тирилиб, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чи­қариш ҳажми 235.3 млрд. сўмдан ошди. Мамлакат иқти­содиётига янги илмий сиғимли технологияларни жорий этишни жадаллаштириш мақсадида технологиялар трансфери тизими татбиқ қилиниб, амалга оширилган инвестиция лойиҳаларининг умумий ҳажми 3,3 млн. долларга етди.
     Иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни инновацион ва илмий фаолиятга кенг жалб этиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси ташкил этилди. Ҳо­зирда 2000 нафардан ортиқ ёшлар республикамиз ҳу­дудларидаги 15 нафар етакчи сафига қўшилган. Ёш олимлар учун ихтисослаштирилган танловлар эълон қилиниб, унга 2020 йилда Академия томонидан истиқ­болли, амалий ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 30,2 млрд. сўм ажратилган.
     Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилда Глобал инновацион индексга кириши мамлакатимизнинг инновацион ривожланиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ва эришган ютуқларининг ифодаси бўлди, 2021 йилда бу рейтингда мамлакатимиз 132 давлат орасида 86 ўринни эгаллаб, ўтган йилги ўрнидан 7 поғона, 2015 йилга нисбатан 36 поғона юқорилади. Ўзбекистон «Бошқарув институтлар сифати», «Инсон капитали ва илмий тад­қиқотлар фаолияти», «Бозор ривожланиши», «Бизнесни ривожлантириш», «Илм-фан ва технология», «Ижодий маҳсулотлар», «Инфратузилма» каби йўналишларда муваффақиятга эришди.
     – Сизнингча, фан ва юқори технологияларни ривожлантириш соҳаси учун яратилган имкониятлар қандай бўлиши керак?
     – Олиб борилган таҳлиллар мамлакатимиз миқёсида яратилган инновацион экотизимни янада кенгайтириш, хусусан, илмий фаолият ва стартап-ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, меҳнат унумдорлигини ошириш, янги иш ўринларини яратиш зарурлигини кўрсатмоқда ва бу Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор вазифасидир. Бунга эса, инновацион корхоналарда янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек, йирик ва кластер корхоналарида маҳсулотлар сифатини ошириш, уларнинг камхаржлигини ҳамда инновацион ишлаб чиқариш майдончаларида аҳоли бандлигини таъминлаш орқали эришилади.
     Миллий инновацион экотизимни ривожлантиришнинг яна бир долзарб вазифаси – жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда мамлакатимизда кластерлаштириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқишдан иборат. Бугун республикамиз ҳудудларини ривожлантириш табиий захиралардан кенг фойдаланиш ҳисобига амалга оширилмоқда. Мавжуд табиий захираларнинг тугаш хавфи ортиб бориши эса мамлакат ялпи ички маҳсулотида илмий сиғимли (инновацион) маҳсулотлар улушини ошириш учун жаҳоннинг етакчи давлатлари илғор амалиётига таянган ҳолда саноат кластерларини яратишни тақозо этади.
     Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида хом ашё етказиб беришдан то сўнгги истеъмолчигача бўлган бутун таъминот занжирининг узлуксизлигини таъминлаш зарур. Бозор талабларига мослашган миллий инфратузилмани ривожлантириш, илмий салоҳиятни кенгайтириш, тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва фанни тижоратлаштириш даражасини ошириш зарур. Мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш учун халқаро сифат сертификатига эга корхоналар сонини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, камбағалликни қисқартириш, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, Ўзбекистонда янги ва барқарор инновацион экотизимни ривожлантириш зарурияти фан, технология ва инновациялар тизимини янада изчил ислоҳ қилишни талаб этади.
     Демак, илм-фан ва илмий фаолиятни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш ҳамда молиялаштириш манбаларини диверсификациялаш ўта муҳим. Буни амалга ошириш учун 2025 йилга қадар илм-фанга йўналтириладиган жами маблағларнинг ялпи ички маҳ­сулотга нисбатан улушини 6 бараварга, 2030 йилгача эса 10 бараварга ошириш кутилмоқда.
     – Ўзбекистон инновацион ривожланишининг асосий йўналишлари қандай ва улар давлат томонидан қай тарзда қўллаб-қувватланмоқда?

 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.