2021 йил охирида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 5,12 миллиард долларлик «Ёшлик-1» конини ўзлаштириш лойиҳаси ижроси билан танишар экан, бугунги кунда ОКМКни давлат кўмагисиз ишлашга қодир компанияга айлантириш асосий вазифа саналишини таъкидлади.
«Олмалиқ КМК» АЖ Бошқаруви раисининг иқтисодиёт ва молия масалалари бўйича ўринбосари Феруза ҲАМИДОВА ривожланишнинг янги босқичида ОКМК олдида турган шу ва бошқа муҳим вазифалар, амалга оширилган ишлар ҳақида мухбиримизга сўзлаб берди.
– Феруза Рустамовна, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш мақсадида Президентнинг жорий йил апрель ойидаги фармонида корхоналарни трансформация қилиш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш иқтисодий ўсишни таъминлашда хусусий секторнинг ролини оширишнинг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Комбинатни трансформация қилиш жараёни қандай кечмоқда?
– Комбинатда трансформация жараёни фаол давом этмоқда. Чунончи, комбинатни халқаро фонд бозорларига чиқишга тайёрлаш учун «Олмалиқ КМК» АЖ томонидан 2019 йилда маслаҳатчи сифатида KPMG «катта тўртлик» халқаро аудиторлик компанияси жалб қилинди. KPMG билан биргаликда 2021-2023 йилларга мўлжалланган тўрт босқичли «йўл харитаси» ишлаб чиқилган бўлиб, унда комбинатни корпоратив бошқарув, IT технологиялар, харидларни бошқариш, саноат хавфсизлиги, энергия менежменти, экология сиёсати ва ҳоказолар акс эттирилди. Бугунги кунга келиб ушбу чора-тадбирларнинг катта қисми тўлиқ ҳажмда амалга оширилди.
Корпоратив бошқарув соҳасида эса қуйидаги ўзгаришлар рўй берди:
● Кузатув Кенгаши ҳузурида харидлар, аудит, мукофотлар ва номинациялар, стратегик ривожланиш ва инвестициялар бўйича қўмиталар ташкил этилди;
● Кузатув Кенгаши таркибига бир нафар мустақил аъзо киритилди, корпоратив маслаҳатчи лавозими жорий этилди;
● ички назорат ва хавф-хатарларни бошқариш тизимини такомиллаштириш учун комплаенс-назорат хизмати, ишлаб чиқариш-молиявий хавф-хатарларни мониторинг қилиш бўлими ташкил этилди ва ички норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун «Ernst & Young» компанияси жалб этилди;
● бухгалтерия ҳисобини жорий этиш ва МҲХС асосида молиявий ҳисоботларни тайёрлаш, стратегик ривожланиш жараёнларини амалга ошириш мақсадида ижроия аппарати таркибида янги бўлинма – стратегик ривожланиш ва трансформациялаш бўлими иш бошлади;
● ички аудит хизмати ислоҳ қилиниб, аудиторлик текширувларини режалаштириш ва амалга оширишга нисбатан ёндашувлар ҳамда ташкилий тузилма қайта кўриб чиқилди;
● Бошқарув раисининг рақамлаштириш бўйича ўринбосари (chief digital officer) лавозими жорий этилиб, унга халқаро тажрибага эга бўлган мутахассис тайинланди.
Бугунги кунда комбинатда IT тизими такомиллаштирилмоқда ва IT департаменти ҳам ташкил этилган. KPMG компаниясини жалб этган ҳолда ERP тизимини жорий этиш концепцияси ишлаб чиқилди. Бу йил бошидан бухгалтерия ва молиявий ҳисоботлар учун 1C:ERP тизими татбиқ қилинди. Омбор хўжалигини бошқариш ва кадрларни бошқариш модулларини ишлаб чиққан ҳолда ERP кичик тизимларини босқичма-босқич жорий этиш жараёни бошлаб юборилди.
Шу билан бирга саноат хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ISO 45001-2018, шунингдек, атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида ISO 14001 халқаро стандартлари жорий этилмоқда. Халқаро тажрибага эга маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда операцион самарадорликни ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Узоқ муддатли активларнинг адолатли қийматини, узоқ муддатли ижтимоий мажбуриятлар ва бузилган ерларни қайта культивация қилиш бўйича мажбуриятларнинг актуар қийматини аниқлаш учун мулкни баҳолаш МҲХС талабларига мувофиқ амалга оширилди. «Ernst & Young» халқаро компанияси томонидан 2019-2020 йиллар учун МҲХС ҳисоботлари аудити ўтказилди (биринчи қўллаш). Маслаҳатчилар билан биргаликда ҳисоб сиёсати МҲХСга мувофиқ янгиланмоқда.
«SRK Consulting» томонидан комбинат захираларини JORC кодекси бўйича тасдиқлаш юзасидан баҳолаш ўтказилди. Комбинатни 2028 йилгача ривожлантириш инвестиция ва технологик концепцияси Hatch Engineering, Гипроцветмет ва ТОМС Инжиниринг каби техник маслаҳатчилар билан биргаликда ишлаб чиқилди.
Шунингдек, KPMG аудиторлик компанияси иштирокида ОКМКнинг 2020 йилдаги барқарор ривожланиши тўғрисида биринчи ҳисобот тайёрланди.
«Deloitte» аудиторлик компанияси билан биргаликда «Ёшлик-1» конининг инвестиция лойиҳасини халқаро молия институтлари/банклар ва экспорт-кредит ташкилотлари (ECA) талабларига мувофиқ ишлаб чиқиш бўйича молиявий модель ишлаб чиқилди.
Ўтган йилнинг июнь ойида, «S&P Global Ratings» рейтинг агентлиги комбинатга «Барқарор» прогнози билан «В+» корпоратив кредит рейтингини берди. Шуни таъкидлаш керакки, бир неча кун олдин Fitch Ratings рейтинг агентлиги комбинатга «Барқарор» прогнози билан «ВВ-» рейтингини берди.
Бундан ташқари 32 та асосий фаолият соҳасига тааллуқли бўлмаган активлардан 14 тасини Давлат активларини бошқариш агентлигининг балансига ўтказиш якунланди. Қолган объектлар 2022 йилнинг охирига қадар ўтказилади. ОКМКнинг бошқа соҳа корхоналарнинг устав капиталидаги улушини ўтказиш бўйича ишлар ҳам олиб борилди.
– Давлатимиз раҳбари 2022 йилнинг биринчи ярмида Олмалиқ кон-металлургия комбинати Fitch агентлигидан халқаро кредит рейтингини олиши, сўнгра унинг 5 фоизигача акциясини маҳаллий фонд бозорида жойлаштириши лозимлигини таъкидлади. Мамлакат раҳбарияти томонидан қўйилган мақсадга яқинлашиш учун нималар қилинди?