- O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi - https://evu.uz/uz -

Мақсадимиз Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятидан максимал даражада фойдаланиш

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 07.03.2023 @ 14:17 In Интервью | No Comments

     Яқин истиқболда туризм саноатининг мамлакат иқтисодиётидаги улушини 5 фоизга (2019 йилги пандемиядан олдинги натижалар бўйича –2,7%) ошириш, шунингдек, 2025 йилга қадар зарур инфратузилмани ривожлантириш, республиканинг туризм салоҳиятини жаҳон бозорларида муваффақиятли тарғиб қилиш орқали юртимизга 9 млн. сайёҳни жалб қилиш режалаштирилган.
     Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ахмадович АЗАМОВ нашримизга берган интервьюсида туризмнинг энг оммабоп ва истиқболли турларини ривожлантириш чора-тадбирлари, ҳудудларда амалга оширилаётган туристик лойиҳалар ва соҳани ривожлантиришнинг бошқа долзарб масалалари ҳақида сўзлаб берди.
 
     – Улуғбек Ахмадович, мамлакатимизда туризмни ривожлантириш учун ҳамма нарса – диққатга сазо­вор жойлар, аэропортлар, транспорт, меҳмонхона­лар ва шу билан бирга ўзбек халқи меҳмондўст­лиги ҳам мавжуд. Бироқ инвестицияларсиз бу нарсалар соҳани ривожлантира олмайди. Вазирликнинг инвес­тиция сиёсати қайси йўналишларга қаратилган?
     – Туризм соҳаси кўплаб секторлар билан боғлиқ­лигини инобатга оладиган бўлсак, туризмда барқарор­ликни оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам мамлакат миллий иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади. Бунда инвестициялар ва молиялаштириш соҳа ривожида муҳим ўрин эгаллайди.
     Бугунги кунда мамлакатимиз туризм соҳасига киритилаётган инвестициялар асосан туризм инфратузилмасини ривожлантириш, хусусан, жойлаштириш воситалари сонини ошириш, сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар турларини диверсификациялашга қаратилган.
     2022 йилда туризм соҳасида барча инвестициялар ҳисобига умумий қиймати 22,1 трлн. сўм бўлган 735 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 22 924 та янги иш ўрни яратилди.
     Хусусан, Самарқанд шаҳрида умумий қиймати 500,0 млн. долл. бўлган (шундан хорижий инвестициялар 260,0 млн. долл) «Silk Road Tourist center» мажмуаси 6 та 4 юлдузли (Savitsky Plaza, Stars of Ulughbek by Lia Minyoun, Marakanda Park Hotel Alisher Navoiy, Marakanda Park Hotel Sogd, Marakanda Park Hotel Navruz, Marakanda Park Hotel Bekhzod) ва 2 та 5 юлдузли (Samarkand Regency Amir Temur, Silk Road Hotel by Minyoun) меҳмонхона мажмуалари ва «Боқий шаҳар» туристик маркази ишга туширилди.
     – Туризмни ривожлантиришнинг яна бир муҳим омили – туризм кластерлари, яъни бозорнинг асосий иштирокчилари, ўзаро соғлом рақобат остида бирлашиб, умумий мақсад йўлида бир-бири билан таж­риба алмашадиган ҳолат… Соҳа корхоналари шу ҳақиқатни тушунадими?
     – Ҳозирги кунда туризм соҳасида тақдим этилаётган хизматлар сифатини ошириш ва жаҳон бозорларида миллий туризм маҳсулотларини фаол тарғиб қилишда туризм кластерлари алоҳида рол ўйнайди.
     Туризм кластерларини ташкил этиш орқали туризм турларини кўпайтириш, энг аввало, ички ва зиёрат туризми, экотуризм, этнотуризм, MICE-туризм, спорт ­туризми, гастротуризм, тиббиёт туризми, таълим ва ака­демик туризмни ҳар томонлама ривожлантириш, ташқи ва ички туризмни янада кенгайтириш, янги туризм йўналишларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни туризм бозорларида жорий қилишга эришилади.
     Шунингдек, маҳаллий аҳолининг ижтимоий-иқти­содий ривожланишига эришиш, хусусан, туризм клас­тери ҳудудида маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар билан соғлом рақобат муҳитида бирлашиб, умумий мақсад йўлида ўзаро тажриба алмашиш имконияти вужудга келади.
     Мазкур меъёрларга жавоб берувчи туризм кластери сифатида Самарқанддаги янги «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказини қайд этиш мумкин.
     Мажмуа ҳудудидаги жаҳон стандартларига мос меҳ­монхоналар, MICE туризми ва юқори даражадаги тадбирларни ташкил этишга ихтисослашган Конгресслар саройи, ташриф буюрувчилар учун мамлакатимизнинг маданияти, урф-одатларини ўзида намойиш этувчи «Боқий шаҳар» комплекси ҳамда бир қанча хизмат турларини ўзида жам этган ушбу марказ Самарқанд вилоя­ти туризм жозибадорлигининг янада ошишига сабаб бўлмоқда.
     Шу ўринда Бухоро вилоятидаги «Bukhara Desert Oasis & Spa» туризм кластери ҳам туризмнинг бир қанча йўналишларини ўзида жам қилган янги туристик объект ҳисобланади. Мазкур дам олиш масканига ташриф буюрувчилар, экстремал туризм (квадроциклда сайр қи­лиш), сафари туризми, саҳрода туяда сайр қилиш каби хизматлардан фойдаланишлари, малакали ошпазлар томонидан тайёрланган миллий ва хорижий таомлардан баҳра олишлари ҳамда барча шарт-шароитларга эга жойлаштириш воситаларида дам олишлари мумкин.
     – Туризм соҳасида сўнгги вақтда тадбиркорлик субъектларини лицензиялашдаги янгиликларга тўхталсангиз. Қандай талаблар янада эркинлаштирилди?
     – Бугунги кунда ҳар қандай тоифадаги меҳмонхо­налар мувофиқлик сертификати олиш учун тадбиркорлик субъектлари томонидан ариза онлайн тарзда топшириш тизими йўлга қўйилган.
Шу билан бирга меҳмонхоналар ва шунга ўхшаш жойлаштириш воситаларини таснифлаш тизими давлат стандартлари қайта кўриб чиқилди.
     Бунда Бирлашган Араб Амирлиги, Европа Иттифоқи Меҳмонхоналар уюшмаси («Hotelstars Union»), Россия Федерацияси, Беларусь давлатлар таж­рибаси ўрганилди ва белгиланган талабларга асосланган ҳолда давлат стандарти халқаро талаблар билан уйғунлаштирилди.
     Шу билан бирга мазкур давлат стандарти лойиҳасида «Brand Finance» компаниясининг Топ-50 ёки Топ-5 рейтингига кирувчи меҳмонхо­налар билан франчайзинг шартномаси имзоланган тақдирда, ушбу бренд меҳ­мон­хонанинг санузел майдони талаблари қўллани­лишига рухсат этилади.
     Бундан ташқари Ўзбекистон Респуб­ликаси Вазир­лар Маҳкамасининг «Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан Туроператорлик ва турагентлик фаолияти учун лицензия бериш тўғрисидаги аризалар электрон тарзда дам олиш ва байрам кунларидан қатъий назар ҳар куни 24 соат давомида юборилиши кўзда тутилган. Аризалар аввал 10 иш куни ичида кўриб чиқилган бўлса, 2022 йил 1 март­дан бошлаб 5 кун давомида кўриб чиқилиши белгиланди.
     Шу билан бирга Маданият ва туризм вазирлиги томонидан тадбиркорлик субъектларига енгилликлар бериш мақсадида, турагентлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш талабини бекор қилиб, хабардор қилиш тартибига ўтказишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
     – Дунёдаги донгдор санаторий-курорт шаҳар­ларнинг республикамиз ҳудудида ташкил этилиши тажрибаси йўлга қўйилганми? Мисол учун, Карлови Вари, Марьян Лазни (Чехия), Нафталан (Озарбайжон) шаҳарлари каби.
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин. [1]

Article printed from O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi: https://evu.uz/uz

URL to article: https://evu.uz/uz/intervyu/o-zbek-ma-sadimiz-zbekistonning-turizm-salo-iyatidan-maksimal-darazhada-fojdalanish.html

URLs in this post:

[1] Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.: http://evu.uz/kontaktyi

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.