Дунё миқёсида энергетик ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш, ижтимоий объектлар, қўйингки, ҳаётимизнинг барча жабҳасига муқобил энергия манбаларини татбиқ этиш тобора глобал аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, бу йўналишда мамлакатимизда Президентимизнинг тегишли қарорлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида салмоқли ишлар олиб борилмоқдаки, буни йирик кимё саноат корхоналаридан бири – Қўнғирот сода заводи мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Заводнинг бош энергетиги Фарҳод НАМЕТОВ билан интервьюмиз айнан шу ҳақида бўлди.
– Фарҳод Жумабаевич, интервью аввалида «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ қўшма корхонасининг энергетик таъминоти хусусида маълумот бериб ўтсангиз.
– Аслида заводдаги электр энергияси, табиий газ, техник сув – буларнинг барига биз жавоб берамиз. Касбий фаолиятимизга заводда энерго ускуналарни ўрнатиш, ўрнатилганларининг тўлиқ ва сифатли ишлашини таъминлаш, зарур бўлганда таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш каби вазифалар киради. Энергетик ресурсларни тежаш, улардан оқилона фойдаланиш асосий мақсадимиз ҳисобланади.
Айтиш ўринлики, заводимизга электр энергияси бу ердан 138 километр узоқликда бўлган Тахиатош ТЭС дан, иккита 220 кВли ҳаво узатиш линиялари орқали корхонамиз подстанцияларига келади.
– «Яшил энергетика» атамаси кундалик ҳаётимизга кириб келганига анча бўлди. Сизларда бу хусусида қандай ишлар олиб борилмоқда?
– Табиийки, бу атамани бугун иш фаолиятимизда тез-тез қўллашга тўғри келмоқда. Чунки, яхши биласиз, электр ресурслари чексиз эмас, уларнинг ўрнини муқобиллари билан тўлдириш ҳар томонлама мақбул чорадир. Шунга кўра заводимизда маъмурий бинога 100 кВт ли қуёш фотоэлектр станциясини ўрнатдик. Кўча чироқларини босқичма-босқич қуёш энергиясида ишлайдиган муқобили билан алмаштиряпмиз. Бу йил, масалан, уларнинг 45 донаси алмаштирилди. Йил охиригача уларнинг сонини 60 тага етказамиз. Келаси йилга яна шунча – 60 та чироқ қуёш нуридан қувватланиб атрофни ёритиб туради.
Заводимиздаги қуёш фотоэлектр станцияси ҳозирга кунда соатига 85 кВт электр энергияси ишлаб чиқаряпти ва унинг 40-45 кВти маъмурий бинонинг ўзига сарф бўлади. Шундан ортган қисми заводнинг қозонига тушади ва у ерда тақсимланади. Бу бинода кондиционердан тортиб ҳаммаси фотода, фақат кундузи ишлайди. Эрталаб куёш чиқишидан қоронғу тушгунча энергия билан таъминлаб туради. Айниқса, туш пайти максимал энергия беради. Бундай муқобил манбани қўллаш бизга ҳар жиҳатдан фойда бермоқда.
– Заводда «яшил энергетика» манбасидан фойдаланишга ўтилгач, қанча энергия иқтисод бўлмоқда?