- O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi - https://evu.uz/uz -

Янгиланаётган Учқудуқ

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 01.04.2021 @ 15:11 In Архив номеров | No Comments

     Қизилқум бағридаги мўъжизавий шаҳар – Учқудуқда сўнгги йилларда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий-иқти­содий инфратузилмани ривожлантириш йўлида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
     Бугун шаҳар остонасидаги уч қу­дуқ тимсолига ўрнатилган муҳта­шам монумент пойига қадам ранжида қи­лишингиз билан қалбингизда ёруғ ва кўтаринки ҳислар уйғонади. Бу бежизга эмас. Шаҳарга киравериш­да ўнг томондаги дов-дарахтларга бурканган «Орзу» истироҳат боғи, 10 гектарлик майдонни эгаллаган «Олтинкўл» дам олиш маскани кишига ана шундай ёрқин таассуротлар бахш этади.
     Айниқса, истиқлолимизнинг 28 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган «Олтинкўл» учқудуқ­ликлар ҳаётида катта воқеа бўлди. Кўлда катамаран ва елканли қайиқ­ларда сузиш, ложувард соҳил бўйлаб сайр қилиш мумкин. Шунингдек, кў­каламзорлаштирилган ҳордиқ маскани, мусиқали фонтан, умумий ов­қатланиш нуқталари, волейбол, теннис, болалар майдончалари, чўмилиш учун пляж ташкил этилган. Ушбу кўл ҳудуд микроиқлимининг яхшиланишига имкон яратаяпти. Мана шу ердаги тепаликдан шаҳарнинг янгиланган маъмурий, тураржой, маданий-маиший биноларини кўриб, бунёд­кор халқимизнинг азму ғайра­тига таҳсин айтасиз. Айниқса, тунда шаҳар ранг-баранг товланувчи электр чи­роқлари оғушида янада ажойиб, бетакрор манзара касб этади.
     Учқудуқликлар ҳаётини яхшилаш, бугунги кундан розилик ҳисси билан яшашларини таъминлаш ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунда Навоий кон-металлургия комбинати, хусусан, Шимолий кон бошқармаси жамоасининг ҳиссаси беқиёс, албатта.
     Учқудуқдаги «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси Шимолий кон бошқармасига қа­рашли 3-гидрометаллургия заводи мамлакатимиз мустақилли­гининг дастлабки йилларида фойдаланишга топширилган биринчи йирик саноат объектларидан бири ҳисоб­ланади.
     Эндигина мустақилликка эришган, иқтисоди доимо марказ билан ҳисоблашиб келган, ускуналар бор-у, мутахассислар ёппасига олиб кетилган бир пайтда ёш мамлакат учун бундай корхонани ишга тушириш ўта оғир масала эди. Аммо қанчалик ма­шаққатли бўлмасин, 1995 йилда бу завод қад ростлаб, ишга туширилди.
     Айни пайтда барқарор ўсиш суръатларини қўлга киритаётган 3-гидрометаллургия заводининг ривожланиш йўлини тўртта асосий бос­қичга бўлиш мумкин. Тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш динамикасида технологик жараёнларни такомиллаш­тириш, замонавий инновацион ло­йиҳаларни жорий қилиш ва илғор муҳандислик-техник ечимларини қўллаш муҳим рол ўйнади.
     Биринчи босқичда 3-гидрометаллургия заводида оксидланган маъ­данларни қайта ишлаш кўзда тутил­ган эди ва шу сабабли 1995 йилдан 2008 йилгача, яъни заводнинг даст­лабки 13 йиллик фаолияти давомида фақат оксидланган маъданлар қайта ишланди. «Кўкпатас» конлари маъ­данларини майдалаш учун учта майдалаш тегирмонлари, бўтанани қу­юл­тириш тиндиргичлари ҳамда сорбцион – сианлаш жараёнида тў­йинган сорбент сифатида ионлашувчи қат­рондан фойдаланилган.
     Иккинчи босқич 2008-2011 йилларни ўз ичига олиб, бу даврда оксидланган маъданлар захираларининг камайиши сабабли сульфид маъданларини қайта ишлаш имконини берадиган янги технологик маж­муалар барпо этилди. Яъни сульфид маъданларини флотацион бойи­тиш, флотацион концентратни биооксидлаш ва биооксидлаш жараёнининг тайёр маҳсулотини сорбсия­лашдан иборат биринчи навбати ишга туширилди. Булар билан бир қаторда янги компрессор станцияси қурилди ва амалдагиси кенгайтирилди. Янги биооксидлаш технологияси барпо этилиши – олтинни ишлаб чи­қариш учун капитал маблағ ва электр энергия сарфини камайтиришга ҳам­да экологик жиҳатдан атроф-му­ҳитга зарар етказмасликка имкон берди.
     2009 йилда БИОКС маҳсулотини сорбциялаш учун янги ва замонавий «КЕМИКС» технологияси фойдаланишга топширилди. Кейинчалик амал­даги флотация бўлими модернизация қилинди.
     Ушбу мажмуанинг иккинчи бос­қичи 2011 йилда муваффақиятли уддаланди ва завод тарихида янги са­ҳифа очилди. 2011 йилда икки йил олдинги кўрсаткичларга таққосла­ганда, заводда сульфид маъданларни қайта ишлаш 27 фоизга, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш 35 фоизга ошди.
 
 
Шуҳрат НОРБАДАЛОВ,
НКМК Шимолий кон бошқармаси 3-гидрометаллургия заводи директори
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин. [1]

Article printed from O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi: https://evu.uz/uz

URL to article: https://evu.uz/uz/magazine/o-zbek-yangilanayotgan-uch-udu.html

URLs in this post:

[1] Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.: http://evu.uz/kontaktyi

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.