- O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi - https://evu.uz/uz -

ФАО Наманганда сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича тренинглар ўтказди

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 22.06.2023 @ 12:54 In Новости | No Comments

     2023 йил 20-21 июнь кунлари БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Наманганда Наманган вилоятининг Косонсой ва Янгиқўрғон туманларидаги қишлоқ аёллари учун сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича тренинглар ўтказди. Тренинг иштирокчилари илғор технологиялар, таълим ва маслаҳат хизматларидан фойдаланиш имконияти чекланган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари орасидан танлаб олинди. Ўқув тадбирлари БМТ Бош котибининг Тинчлик қуриш жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) томонидан БМТнинг Қўшма дастури сифатида бир қатор хамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган “Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган. Лойиҳа Фарғона водийсидан ўтувчи чегаранинг ҳар икки томонида қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларида аёллар ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. 
     Таъкидлаш жоизки, чорвачилик Наманган вилоятининг чегарадош ҳудудлари аҳолиси учун муҳим даромад манбаларидан бири ҳисобланади. Сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича тренинглар Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси билан ҳамкорликда ўтказилди.
     “Соғин сигирларни тўғри парвариш қилиш, сут маҳсулотларини қабул қилишда санитария-гигиена меъёрларига риоя қилиш, йирик ва майда шохли қорамолларни турли касалликлардан ҳимоя қилиш соҳанинг маҳсулдорлигига бевосита таъсир қилади, шунингдек озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлайди. Олинган билимлар қишлоқ аёлларига мавжуд ресурслардан янада самарали фойдаланиш, шунингдек, бандлик масалаларини ҳал этиш имконини беради” – деди Ўзбекистон «Аграр соҳа аёллари» уюшмаси раиси Адиба Аҳмаджонова.
     Машғулотларда 50га яқин аёл иштирок этди. Тренингларда мутахассислар билан биргаликда чорвачилик касалликларининг олдини олиш, самарали озуқа рационларини тузиш, сутни уйда сақлаш ва қайта ишлаш қоидалари ҳамда бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Янги билим ва кўникмалар иштирокчиларга тармоқ самарадорлигини ва шу билан бирга даромадни оширишга имкон беради. Буларнинг барчаси қишлоқ хўжалигини янада жадал ривожлантириш ва барқарор ишлаб чиқаришни таъминлашга ёрдам беради, бу эса чегара ҳудудларида ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар очади.
     Аввалроқ “Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Наманган вилоятининг Косонсой ва Янгиқўрғон туманлари, шунингдек, Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги қишлоқлар аҳолиси учун асаларичиликни ривожлантириш бўйича тренинглар ўтказилган эди.

Article printed from O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi: https://evu.uz/uz

URL to article: https://evu.uz/uz/novosti/fao-provela-v-namangane-treningi-po-proizvodstvu-i-pererabotke-molochnoj-produkczii.html

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.