Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва тинчлик ўрнатиш лойиҳасининг расмий бошланиши

     2022 йил 1 июн, Бишкек-Тошкент, Қирғизистон-Ўзбекистон – 2022 йилнинг 1 июн куни Андижон ва Бишкек шаҳарларида икки қўшни давлат ўртасидаги чегаравий экологик ва ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган “Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудларини ривожлантириш” тинчлик ўрнатиш лойиҳасининг расмий ишга туширилиши муносабати билан телеконференция шаклида кириш семинари бўлиб ўтди.
     Лойиҳа Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош котибининг  Тинчлик қуриш жамғармаси томонидан молиялаштирилади ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) томонидан БМТнинг Қўшма дастури сифатида амалга оширилади. Ўзбекистондаги асосий миллий ҳамкорлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасидир. Кириш семинари гибрид шаклда БМТ агентликлари, халқаро экспертлар, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари, чегараолди ҳудудлари маҳаллий ҳокимликлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида ўтказилиб, лойиҳанинг мақсад ва вазифалари муҳокама қилинди.
     «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудларини ривожлантириш” қўшма дастури ушбу мамлакатларни бир-бирига яқинлаштиришга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Дастурнинг асосий мақсади Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги трансчегаравий экологик ва ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат», – дейди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Роли Астхана.
     Тадбирда таъкидланганидек, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегаранинг катта қисми Фарғона водийси орқали ўтади. Минтақа нафақат аҳоли сони ва таркиби, балки қишлоқ хўжалигининг ишлаб чиқариш қуввати жиҳатидан ҳам ҳар икки давлат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан лойиҳа маҳаллий савдо, иқлимга мос қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, инновацион ёндашувлар, бандлик ва иқтисодиёт соҳасида трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, бу ўз навбатида тинчлик ўрнатишда янада барқарор натижаларга эришишга хизмат қилади.
     «Шундай тез ўзгарувчан замонда биз икки давлат ҳамкорлиги ва фаровонлигига ҳисса қўшадиган, уларга барқарорлик, тараққиёт ва инноватсиялар олиб келадиган қўшма лойиҳани йўлга қўяётганимизни кўришдан мамнунман. Барча янгиликларга очиқ, ғайрат, янги ғояларга тўла ёшлар ва аёлларнинг салоҳияти юксак эканлигини кўриб турибмиз», – дейди ФАОнинг Марказий Осиё бўйича субминтақавий координатори Виорел Гуту.
     Тадбирда лойиҳани амалга оширишда қишлоқ аҳолиси, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг тинчлик ўрнатиш жараёнларидан манфаатдор асосий ҳаракатлантирувчи куч сифатида имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
     «Ишончим комилки, ушбу лойиҳа тинчлик, гендер тенглиги ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳамжамиятлар ўртасидаги мулоқот ва муносабатларни яхшилашга улкан ҳисса қўшади. Хотин-қизлар ва ёшлар тинчлик ўрнатиш жараёнининг таянчи бўлиб, уларни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Биз бу жараёнда хотин-қизларнинг иштирокини фаол қўллаб-қувватлаймиз. Қолаверса, ёшларга яратилаётган имкониятлар уларнинг ўз маҳаллалари ва жамиятлари тинчлигини таъминлашга ҳисса қўшиш имконини беради. ЮНФПА трансчегаравий тинчлик ўрнатиш жараёнида муҳим рол ўйнайдиган жамоаларни қўллаб-қувватлайди», – деб қайд этди ЮНФПАнинг Ўзбекистондаги вакили Ю Ю.
     Кириш семинари давомида ФАО Бош қароргоҳи Фавқулотда вазиятлар ва чидамлилик бошқармасининг Фавқулодда вазиятлар ва реабилитация бўйича мутахассиси Филипп Пристли лойиҳанинг мақсад ва вазифалари бўйича тақдимот ўтказди ҳамда иштирокчилар билан низоларга нисбатан сезгир стратегияларни лойиҳани амалга оширишга интеграция қилиш бўйича асосий хулосалар ва тавсияларни муҳокама қилди. Тадбирда БМТ Тинчлик қуриш жамғармаси фаолияти, тинчликни мустаҳкамлаш жараёнларида ёшларнинг ўрни ҳақида тақдимотлар қилинди.
     Сўнгра кириш семинари иштирокчилари лойиҳа доирасидаги режалаштирилган тадбирларни муҳокама қилдилар ва шу орқали тинчлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келгусида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни режалаштириб олдилар.
 

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.