- Журнал "Экономический Вестник Узбекистана" - https://evu.uz/uz -

BMB HOLDING: 8 йиллик ривожланиш ва ижтимоий ташаббуслар

 
     Саккиз йил аввал мамлакатимиз тарихида Янги Ўзбекистон даври бошланди ва ҳаётимизда улкан ўзгаришларга олиб келди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаетган ислоҳотлар хусусий тадбиркорлик юксалиши учун барқарор ривожланаётган бизнес муҳитини яратди ва Янги Ўзбекистон тадбиркорлар бренди шаклланишига хизмат қилди.
     Мамлакатимиз иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутаётган, нафақат ички бозорда, балки халқаро бозорда ҳам мустаҳкам ўз ўрнига эга бўлиб бораётган йирик хусусий бизнес субъектларидан бири – BMB HOLDING нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро бизнес ҳамжамияти ўртасида ҳам катта обрў қозонди.
     2017 йилда асос солинган BMB HOLDING ўз тузилмасидаги 4 та қўшма ва 27 та шўъба корхонада бугунги кунда 6 500 нафар доимий, 80 000 нафар мавсумий ишчи ўринлари яратилди ҳамда етакчи хорижий ҳамкорлар билан юртимизнинг агробизнес, девелоперлик, спорт ва туризм, шунингдек, бошқа соҳаларида умумий қиймати 1,5 млрд. АҚШ долларидан зиёд бўлган қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириб келяпти.
     Айни пайтда BMB HOLDING таркибидаги экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга ихтисослашган BMB AGRO, мева-сабзавотчилик йўналишидаги BMB AGROKLASTER, Бахмал туманида 700 гектар ер майдонда заъфарон етиштириш ва уни қайта ишлашга ихтисослашган BMB-OPERA ZAFFERANO ҳамда ВMB SHIFO корхоналари фаолият кўрсатиб келмоқда.
     Заъфарон маҳсулотининг экспорт ҳажми йилдан йилга ўсиб бормоқда. Жумладан, 2021 йилда бу кўрсатгич 1,2 млн. еврони ташкил қилган бўлса, 2027 йилда унинг умумий экспорт ҳажми 10 бараварга оширилиб, 12 млн. еврога етказиш кўзда тутилган.
     Бундан ташқари, Италиянинг Милан шаҳрида жойлашган ORO ROSSO MILANO қўшма корхона томонидан заъфаронни қайта ишлаш, янги йўналишларда тадбиқ этиш бўйича юқори малакали мутахассислар фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур қўшма корхона Италиянинг Милан ва Монца футбол клубларининг расмий ҳамкори ҳисобланади.
     Ҳозирги кунда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бирламчи ва чуқур қайта ишлаш ҳамда логистика хизматларини кўрсатишга ихтисослашган корхоналар ҳам ташкил этилганки, булар сирасига қиймати 40,7 млн. АҚШ долларига тенг бўлган йиллик қуввати 85,0 минг тоннани ташкил этувчи мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга ихтисослашган BMB AGRO PLUS, умумий лойиҳа қиймати 57,7 млн. АҚШ долларини ташкил этадиган, йилига 810,0 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бирламчи саралаш, калибрлаш ва қадоқлаш ҳамда 10,0 минг тонна маҳсулотни сақлаш қувватига эга совутгични ўз ичига олувчи BMB-NRC AGROLOGISTICS, ташқи бозорларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти, ички бозор учун талабгир маҳсулотлар импортини амалга оширувчи ҳамда замонавий ҳалқаро стандартларга тўлиқ жавоб берувчи қадоқлаш қувватларига эга BMB IMPEX каби корхоналар киради.
     Ҳолдинг таркибидаги 8 та экспорт ва импорт операцияларини амалга оширувчи корхоналар томонидан ўтган давр мобайнида 20 дан ортиқ мамлакатларга харидоргир маҳсулотлар етказиб берилди. Хусусан, 2022 й. – 32,5 млн, 2023 й. – 42,8 млн, 2024 йил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 48,0 млн АҚШ долларига етказилди.
     Шунингдек, юқори сифати билан ажралиб турадиган заъфарон ва бошқа етиштирилган миллий маҳсулотлар юртимизда ҳамда хорижда ўтказилган нуфузли халқаро кўргазмаларда намойиш этилди. Жумладан, Германиянинг Берлин шаҳрида ўтказилган “Яшил ҳафталик – 2024”, “Ўзбекистон – Хитой: Шинжон маҳсулотлари”, «IRAN EXPO-2024»,  «World of Trade – 2024», “ИННОПРОМ”, “Bridal Fashion Show 2024”, Малайзиядаги “Made in Uzbekistan” каби халқаро кўргазмаларда муносиб иштирок этди.
Ҳолдинг тизимида туризм ва Horeca йўналишларида BMB GLOBAL SAYOHAT, BMB ZA’FARON бренди остида Тошкент вилояти ва Жиззах шаҳрида замонавий меҳмонхона ва ресторанлар тармоқлари фаолияти йўлга қўйилган. Тошкент вилоятининг Чиноз туманида туристлар, йўловчи ва ҳайдовчилар учун энг замонавий қулайликларга эга бўлган BMB VILLAGE мажмуаси ишга туширилди.
     Шу билан бирга, Навоий ҳамда Сирдарё вилоятларида жойлашган Заъфарон соғломлаштириш мажмуалари халқимиз саломатлиги йўлида ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда.
     Бундан ташқари, Ҳолдинг тизимида BMB HIGH-TECH корхонаси фаолият олиб бораётган бўлиб, корхона томонидан ўтган давр мобайнида ишлаб чиқариш мажмуалари, ресторан ва меҳмонхона тармоқлари, замонавий бизнес марказлар, кўп қаватли турар жой масканлари ҳамда ижтимоий соҳалардаги қарийб 200 дан ортиқ объектларни барпо этилган.
     Саккиз йил мобайнида “Янги Ўзбекистон ишбилармонлари” бренди тимсоли сифатида танилган BMB HOLDING нафақат тижорат, балки жамиятимиз, инсонлар ҳаётини яхшилашга қаратилган бир қатор ижтимоий лойиҳаларни ҳам амалга оширмоқда. Хусусан, Бахмал туманида ўтган йили фойдаланишга топширилган Заъфаронни қуритиш ва қадоқлаш корхонасига туташ ҳудудда 2,5 км га яқин йўлларга бетон қопламаси ётқизилиши ва 25-30 км узунликда электр тармоқлари тортиб келиниши, Арнасой туманида “Чўлқувар” улгуржи ва чакана савдо мажмуаси барпо этилиши орқали маҳаллий аҳоли учун янада қулайликлар яратилди.
     Ҳолдинг томонидан оғир касалликлар, жумладан, саратон, болалар церебрал фалажига чалинган ҳамда кўзи ожиз беморларга доимий равишда даволанишлари учун молиявий ёрдам ва кўмак кўрсатилмоқда. Иқтидорли талабалар учун Ҳолдинг томонидан махсус стипендиялар жорий этилиб, турли олийгоҳларда таҳсил олиб келаётган юзлаб ёшлар қўллаб-қувватланмоқда.
     BMB HOLDING ёшларимизнинг спортга бўлган қизиқишларини янада кучайтиришга қаратилган қатор ижтимоий лойиҳаларни ҳам муваффақият билан амалга ошириб келаяпти. Жумладан, BMB PFC профессионал футзал клуби бугунгача бир неча бор Ўзбекистон чемпионлигини, кубоги ва суперкубогини қўлга киритди. Ҳолдинг ўтган давр мобайнида “Сўғдиёна”, “Локомотив” сингари профессионал футбол клубларига ҳомийлик қилди. Алоҳида қайд этиш лозим, ўтган йили футзал бўйича Ўзбекистонда ўтказилган жаҳон чемпионатининг юқори савияда ташкил этилишида BMB HOLDING ҳомий сифатида алоҳида ҳисса қўшди. Айни пайтда эса, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионати, Ўзбекистон Миллий Автомобиль ва Мотоцикл Федерациясининг ҳам расмий ҳомийсига айланган.
     Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги юзлаб хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида янги тикув фабрикасини ташкил этиш, Жиззах вилоятининг Бахмал туманида заъфарон плантациялари майдонини кенгайтириш, Жиззах вилояти ҳудудидан ўтувчи М-39 магистрал йўли бўйида туристлар, йўловчи ва ҳайдовчилар учун энг замонавий қулайликларга эга бўлган BMB VILLAGE мажмуасини ишга тушириш, Жиззах шаҳрида кенг тармоқли замонавий савдо комплекси ва бизнес марказини бунёд қилиш Ҳолдингнинг 2025 йилдаги режаларига киритилган.
     Бир сўз билан айтганда, очиқлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўзи учун бош мақсад қилган BMB HOLDING – саккиз йил давомида Сиз билан бирга келажак сари ишончли одимлашда давом этмоқда!