- O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi - https://evu.uz/uz -

Тошкентда Марказий Осиё чўлларини сақлаб қолиш бўйича 5 йиллик иш режаси ишлаб чиқилди

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 12.10.2021 @ 10:58 In Новости | No Comments

     Марказий Осиёдаги мўътадил минтақа чўлларини сақлаш ва улардан барқарор фойдаланиш масалалари миллий ва хорижий экспертлар томонидан онлайн шаклда ўтказилган семинарда муҳокама қилинди. Семинар 2021 йилда Тошкентда иш бошлаган Марказий Осиё чўллари бўйича ташаббус (CADI)нинг оралиқ минтақавий котибияти томонидан ташкил этилди. Виртуал учрашувнинг мақсади манфаатдор томонларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда CADI котибияти учун келгуси 5 йилга иш режасини ишлаб чиқиш эди.
     Ўтказилган семинар давомида аниқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Мамлакатлар ўртасидаги чегара тўсиқларининг ёввойи ҳайвонлар миграциясига бевосита таъсири муҳокама қилинди, шу муносабат билан чегара хизматлари билан ҳамкорликда тўсиқларни қайта ўзгартириш чораларини кўриш таклиф қилинди. Мамлакатларга Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) нинг “Яшил Марказий Осиё” ташаббуси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тавсия берилди. Виртуал мулоқот иштирокчилари, шунингдек, Орол денгизининг  минтақавий геопаркини яратиш ва унга янги Оролқум чўлини киритиш имкониятларини муҳокама қилишди.
     Семинар натижаларига кўра CADIга аъзо мамлакатларда режалаштирилган аниқ тадбирларни ҳисобга олган ҳолда Котибият учун 5 йиллик иш режаси келишиб олинди. Бундан ташқари, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги CADI миллий котибиятларининг таркиби тасдиқланди. CADI оралиқ минтақавий котибиятининг Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
     Марказий Осиё чўллари бўйича Ташаббус (CADI) глобал аҳамиятга эга бўлган ноёб экотизимлари мавжуд бўлган мўътадил чўлларни сақлаш ва улардан барқарор фойдаланишга қаратилган. Ушбу чўллар қушлар, шунингдек, туёқли ёввойи ҳайвонлар учун муҳим миграция ҳудудлари ҳисобланади. CADI  лойиҳасининг мақсадли иштирокчилари – Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон. Ушбу мамлакатлар зиммасига антропоген омиллар хавф солаётган мўътадил чўлларни сақлаб қолиш бўйича алоҳида масъулият юкланган. CADI Германия ҳукумати томонидан молиялаштирилади ва 2016 йилдан буён Грайфсвальд университети, Михаэл Зукков жамғармаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ -овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан амалга оширилади.

Article printed from O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi: https://evu.uz/uz

URL to article: https://evu.uz/uz/novosti/v-tashkente-razrabotan-5-letnij-plan-meropriyatij-po-sohraneniyu-pustyn-czentralnoj-azii.html

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.