Korporativ boshqaruv

Кадрлар сиёсати – устувор вазифа

4/2022

 
     Бугунга келиб корпоратив бошқарув корхоналарни бошқаришнинг нафақат замонавий фалсафасига, балки самарадорликни таъминлайдиган муҳим технологиясига айланди. Такомиллашган корпоратив бошқарув натижасида иқтисодий қўшилган қийматнинг (economic value added EVA) сезиларли даражада кўпайиши, самарадорликнинг ортиши ва таваккалчиликнинг камайиши турли эмпирик тадқиқотларда ўз аксини топаяпти. Хусусан, бир қатор етакчи экспертлар томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра самарали корпоратив бошқарув йўлга қўйилган компанияларда иқтисодий қўшилган қиймат корпоратив бошқарувнинг стандартлари амал қилмайдиган компанияларга нисбатан 8,5 фоизга юқори бўлган. Масалан, АҚШнинг Гарвард университети Э.Метрик, П.Гомперс ва Ж.Ишии каби олимлари 1500 та компаниялар бўйича олиб борган тадқиқотлари юқоридаги нисбатни кўрсатган.
 
ЯНГИ БОШҚАРУВ ТИЗИМИ
 
     Навоий кон-металлургия комбинатини янада ривожлантириш, замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш, рақобатбардош­ликни ошириш, мавжуд ишлаб чи­қариш қувватларини кенгайтириш ва энг асосийси, соҳага тўғридан-тўғ­ри хорижий инвестицияларни жалб қи­лиш мақсадида ҳукуматимизнинг бир нечта қарорлари қабул қилинди. Натижада, «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси мулки негизида қимматбаҳо металлар қа­зиб олувчи «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти ташкил этилди.
     Комбинатнинг акциядорлик жамият сифатида жорий йилнинг етти ойида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 33,6 триллион сўм­дан ортиқни ташкил этди. Маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича тас­диқланган чора-тадбирлар ижроси натижасида 500 миллиард сўмга яқин маблағ иқтисод қилиниб, таннарх 5,8 фоизга пасайтирилди ва бюджетга тўловлар сезиларли даражада ошди.
     Мамлакатимизда кон-металлургия саноатининг драйвери ҳисоблан­ган «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамиятида экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларига асос­ланган инвестициялар ва ишлаб чи­қариш унумдорлиги юқори ва хорижий инвесторларни жалб қилиш учун жозибадор компанияга айлан­моқда. Бунга тўлиқ асос бор. Боиси, ўтган давр мобайнида ҳисоб ва ҳи­собот бўйича халқаро стандартлар (ISAR) принциплари ва талабларига мувофиқ корпоратив маълумотларни ошкор қилиш тизимини жорий этиш бошланди. Шунингдек, глобал ҳисобот ташаббусига (GRI) мувофиқ иқтисодий, ижтимоий ва экологик масалалар бўйича ҳисоботларни чоп этиш, қидирув натижалари, минерал ресурслар ва маъдан захиралари тўғрисида ҳисобот юритишнинг Австралия кодекси (JORC Code) стандартларига мувофиқ захиралар қайта баҳоланмоқда.
     Молиявий ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида юритиш бўйича халқаро консалтинг компаниясини жалб қилган ҳолда Жамият фаолияти учун молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари (МҲХС) талаб­ларига мос ҳисоб сиёсати ишлаб чи­қилиб, амалиётга татбиқ этилди. Жорий йилнинг 30 май куни Жамият томонидан илк маротаба 2021 йил учун молиявий ҳисоботларнинг тў­лиқ мажмуаси Молиявий ҳисобот­нинг халқаро стандартларига муво­фиқ тайёрланиб, ҳисобот «Делойт ва Туш» халқаро аудит компанияси томонидан аудитдан ўтказилди ва комбинат фаолиятига ижобий хулоса берилди.
     Шунингдек, халқаро экспертлар ва етакчи консалтинг компаниялар жалб қилинган ҳолда корпоратив бошқаришнинг замонавий усулларига мос равишда «НКМК» акциядорлик жамиятининг тубдан янги корпоратив тузилмаси яратилди. Жумладан, замонавий халқаро стандартлар ва бозор иқтисодиёти талаб­ларига мос янги бўлинма ва лавозимларни жорий этиш мақсадида, ташкилий тузилмага Бош директорнинг трансформация бўйича биринчи ўринбосари, ахборот технологиялари ва рақамлаштириш бўйича директор, ресурслар бўйича директор лавозимлари ҳамда Операцион самарадорликни ошириш бўлими, Стратегик ривожлантириш бўлими, Бизнес-жараёнларни мақбуллаш­тириш бўлими, МҲХС ва GRI бўлими, Инсон ресурсларини ривожлантириш бўлимлари киритилди.
 
КЎЗЛАНГАН МАҚСАДЛАРГА ЭРИШИШНИНГ ОМИЛИ – БУ КАДРЛАРНИ ТАНЛАШ
ВА ЖОЙ-ЖОЙИГА ҚЎЙИШДИР
 
     Ҳозирги кунда, замонавий жаҳон иқтисодиётида кадрлар ҳар қандай ташкилотнинг энг муҳим бойлигига айланган. Инсон ресурслари ҳар бир ташкилотнинг самарали ишлашининг энг муҳим жиҳатларидан бири.
     Агар ташкилотда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш жараёни яхши ташкил этилган бўлса, бу ташкилотда иш самарали бўлади. Шунинг учун ҳозирда ишга қабул қи­лишнинг самарали тартибини яратиш аксарият ташкилотларнинг долзарб вазифасига айлангани ҳақиқат.
     Бугунги кунда комбинатда ҳам кадрлар сиёсатини такомиллаштириш юзасидан бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, «НКМК» акциядорлик жамиятидаги бўш иш ўринларига соҳада салоҳиятли, зарур тажрибага эга, юқори малакали ма­ҳаллий ва хорижий мутахассисларни ишга жалб этиш ҳамда кадрлар танлашнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида вакант иш ўринлари hh.uz, mehnat.uz, nkmk.uz каби интернет сайтларига жойлаштирилиб, ходимларни танлов орқали ишга қа­бул қилиш механизмидан фойда­ла­нилмоқда.
     Қўшимча равишда муҳим лавозимларга «хэд-хантер» ташкилотлари жалб қилинган ҳолда етакчи хорижий компанияларда фаолият юритган хорижий ва маҳаллий мутахассисларни комбинатнинг раҳ­барлик лавозимларига жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда.
     Хусусан, «Xeydrik end Straggls» хорижий компанияси билан ҳамкор­ликда Бош директорнинг трансформация бўйича биринчи ўринбосари, ресурслар бўйича директор ҳамда молиявий ишлар бўйича директор лавозимларига хорижий ва халқаро компанияларда амалий иш тажрибасига эга бўлган юқори малакали мутахассислар жалб қилинди. Ҳо­зирги кунда «НКМК» АЖ Кузатув кенгашининг мустақил аъзоси, Бош директорнинг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари лавозимларига номзодларни излаш ишлари олиб бо­рилмоқда.
     Бугунги кунга қадар «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядор­лик жамиятидаги турли йўналиш­даги бўш иш ўринларига жами 66 нафар мутахассис ишга қабул қили­ниб, уларнинг 16 нафари халқаро ком­панияларда амалий иш тажриба­сига эга бўлган юқори малакали хорижлик соҳа эгалари, 15 нафари эса респуб­ликамизнинг турли вазирлик ва идораларида самарали фаолият юритган тажрибали мутахассислардир.
 
МЕҲНАТГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА РАҒБАТЛАНТИРИШНИНГ ЯНГИ ТИЗИМИ
 
     Корхонада меҳнат унумдорлигини оширишда ходимлар учун зарур иш шароитларини яратиш билан бирга меҳнатга ҳақ тўлашнинг замонавий усулларидан фойдаланиш му­ҳим роль ўйнайди.
     «НКМК» барча бўғинларидаги раҳбарлар фаолиятини натижадорликка йўналтириш ҳамда ходимларни рағбарлантиришнинг халқаро тажрибасидан келиб чиққан ҳолда «НКМК» акциядорлик жамиятининг муҳим раҳбарлик лавозимлари бўйича самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) ва уни баҳолаб бориш механизмлари ишлаб чиқилмоқда.
     «KPI» (инглиз тилидан. Key Performance Indicators — самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари) – бу компания ёки унинг алоҳида ходимларининг ютуқларини баҳолаш тизими бўлиб, уларнинг иши компаниянинг стратегик мақсадларини амал­га оширишга нечоғлик яқинлаш­тиришини тушунишга ёрдам беради. Бошқача қилиб айтганда, «KPI» му­ваффақият ўлчовидир. Аниқ рақам­лар билан ўлчанадиган ва исботланиши мумкин бўлган муваффақият самараси ҳисобланади.
     Ҳозирда жамиятдаги 19 та муҳим раҳбарлик лавозимлари учун самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларини (KPI) ишлаб чиқиш учун «Хейдрик энд Страгглс» хорижий консультант компанияси жалб қилинган. Ушбу кўрсаткичлар ходимларнинг лавозим мажбуриятлари, шунингдек, йил давомида ҳамда узоқ муддатли қўйилган вазифалардан келиб чиқиб ишлаб чиқилмоқда. Келгусида ушбу кўрсаткичларни ҳудудий бўлинмаларининг раҳбар, мутахассислари (ТОП ва ўрта менежмент) учун ҳам татбиқ қилиш кўзда тутиляпти.
 
КАДРЛАР МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ВА ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ
 
     Ҳозирда комбинат ва унинг бўлинмаларида 46 мингдан зиёд ишчи-ходим меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Комбинатнинг раҳбар­лари ва мутахассислари таркибида олий маълумотли ходимлар 23,6 фоизни ташкил этиб, 10 нафар фан док­тори ҳамда 25 нафар фан номзоди самарали меҳнат қимоқда. Жамиятда 30 ёшга тўлмаган ёшлар сони ходимлар умумий сонидан 28,66 фоизни, хотин-қизлар эса 15 фоизни ташкил этади.
     Кадрлар малакасини оширишни тизимлаштириш, раҳбар ва техник мутахассислар учун бизнес-таълим, халқаро тажриба алмашишни ташкил этиш, устоз-шогирд, малакали ходимларни сақлаб қолиш, ротация дастурларини ҳамда ходимларнинг баҳолаш тизимини амалга ошириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
     Кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича комбинат бўлинмалари тизимида 3 та ўқув маркази, 2 та ўқув-курс комбинат ва ўқув бюроси фаолият олиб бор­моқда.
     Бюрода шу йилнинг ўтган даврида қарийб 7 минг нафар ишчи-ходим ўқитилди, шундан 3 460 нафари қай­та тайёрланди. Раҳбар, мутахассис ва ходимларнинг малакасини ошириш комбинатда, республика институтлари ва малака ошириш марказларида ҳам олиб борилиб, натижада 1,2 минг нафар ходим ўз малакасини оширди.
     Комбинат эҳтиёжлари учун кадрлар тайёрлашнинг амалдаги тизимига мувофиқ, комбинат тасарруфида бўлган Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳамда Зарафшон саноат техникуми ва Уч­қудуқ кончилик техникумида таҳсил олган талабалар комбинат бўлинмаларида ишлаб чиқариш амалиётини ўтайдилар, кейинчалик ишга жой­лаштириладилар.
     Аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш­нинг мутлақо янги тизимини ташкил этиш, ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш мақсадида комбинат шафелигида Навоий шаҳрида «Ишга марҳамат» мономаркази фаолияти йўлга қўйилган. Бугунги кунда аҳоли, шу жумладан, ёшлар учун мономарказда 30 та касб йўналишлари бўйича 2 ойдан 10 ойгача бўлган давр мобайнида ўқув курслар ташкил этилган. Уларда кон-металлургия со­ҳа­сида электромонтёр, пайвандчи, юк кўтариш кран оператори, автосервис хизмат кўрсатиш, жиҳозларни таъмирлаш чилангари, автомобилларни таъмирловчи чилангар каби касб эгалари тайёрланмоқда.
     Бугунги кунда Мономарказни муваффақиятли тамомлаган 745 нафар фуқаро комбинат бўлинмаларига ўз касб соҳалари бўйича ишга қабул қилинди. Кадрлар қўнимсиз­лиги охирги йилларда ижобий кўрсаткични, яъни 3-3,5 фоизни ташкил этаётганлиги қувонарли ҳолдир. Жум­ладан, 2021 йил якунлари бўйича бу кўрсаткич – 2,28 фоизни ташкил этди.
 
УЛУҒВОР РЕЖАЛАР ИЖРОСИГА ҲАР БИРИМИЗ МАСЪУЛМИЗ
 

     Халқаро ташкилотлар корпоратив бошқарув соҳасидаги конвергенцияни қўллаб-қувватлашади, бу эса ўз навбатида, риск-менежмент, харажатларни камайтириш, капитал бозорларига кириш имкониятининг ортиши кўринишида самарали бош­қарув учун зарурий шарт-шароитлар яратилишини англатади.
     Айни дамда, самарали бошқарув натижаси бутун иқтисодий тизимга бўлган ишончнинг мустаҳкамлани­шига олиб келади. Бу ўринда самарали бошқарув нафақат халқаро даражадаги тамойиллар, йўриқно­малар ва тавсияларни, балки миллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган кодекслар, тартибга солиш амалиётлари бўлишини тақозо этади.
     Ўзбекистон Республикаси кончилик саноатининг етакчиси ва мамлакатнинг асосий иш берувчиси ҳи­собланган «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти бугун асосий бизнес жараёнларини ўзгартириш босқичида турибди. Улардан бири инсон ресурсларини ривожлантириш жараёнидир. Компаниядаги ўзгаришларнинг асосий мақсади ва пойдевори – Кадрларларнинг самарадорлигини ошириш орқали мақсадга эришилади.
     Ҳозирда бизнес-жараёнларини дастлабки тавсифлаш, шунингдек, кадрлар билан ишлаш тизимини ишлаб чиқишни давом эттириш учун техник шартларни тузиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. «Раҳбар лав­ҳаси»нинг прототипи яратилган бўлиб, унда турли даражадаги раҳ­барлар, яъни бўлинма ходимларининг умумий сони, кадрлар алмашинуви, шунингдек турли хил статистик ва таҳлилий маълумотлар каби кўрсаткичларни кўришимиз мумкин. Ушбу ҳисобот қўшимча сўровларсиз реал вақт режимида янгиланади ва иш куни давомида раҳбарлар учун очиқ бўлади.
     Айни пайтда ишчи, муҳандис-техник ходимларни танлаш, бандлик масалалари бўйича фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, ихтисос­лаштирилган олий ўқув юртлари ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, бизнес жараёнлари тавсифланган. Кейинги қадамлар техник топшириқларни ёзиш, дастурий таъминотни таҳлил қилиш ва ишлаб чи­қиш, тайёр ечимни амалга ошириш бўлади.
Кадрлар малакасини оширишнинг асосий йўналишлари бўйича ўқув дастурларини танлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, комбинатда кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш бўйича ўқув марказлари ва илғор жаҳон тажрибасини ўрганишга эътибор қаратилмоқда.
     Бу борада компаниямиз олдида турган асосий вазифалар қуйидаги­лардан иборат:
     Биринчидан, кадрларни танлаш, баҳолаш, тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ягона тизимини яратиш.
     Иккинчидан, кадрларга оид иш юритишни автоматлаштириш.
     Учинчидан, кадрлар бўйича шаффоф статистика ва таҳлилий маълумотларни яратиш.
     Тўртинчидан, кадрлар билан ишлашнинг барча жараёнларини ра­қамлаштириш.

     Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, аввало, ўзига хос жиҳатларига эга бўлган миллий модел эътироф этилиши зарур. Эътирофга сазовор бўлиш учун унинг самараси тан олиниши керак. Масалан, АҚШ корпорациялари муваффақияти (корпорациялар тарихидаги рекорд даражадаги даромад – Apple компанияси мисолида), немис компанияларининг экспорт салоҳияти, япон корпорация­ларидаги юқори самарадорлик ортида, шубҳасиз, умумэътироф этил­ган корпоратив бошқарув моделлари турибди.
     Албатта, бошқарув моделлари ўзгаришсиз қотиб қолмайди, шаклан ва мазмунан ўзгариб, ички ва ташқи механизмлари ўзгарувчан муҳитга мослашиб боради. Бугунги глобаллашув жараёнида корпоратив бош­қарув соҳасидаги қоидалар ҳам барчага бирдек ўрнатилиши, моделлардаги ўхшашликлар ортиши мумкин.

 
 
Қурбанмурат ТАПАРОВ,
«Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти бош директорининг ходимлар ва маъмурий масалалар бўйича ўринбосари, бошқарув аъзоси

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.