Ilmiy yondashuv

Маданийлашган қишлоқ хўжалик экинлари ёввойи аждодларининг генофонд сифатидаги аҳамияти

1/2022

 
     Бугун жаҳон хўжалиги интеграциясига қўшилиш сиёсатида қишлоқ хўжалиги тар­моғини ривожлантириш зарурати аграр соҳада илмий-тадқоқот ишларини янада такомиллаштиришни талаб этмоқда.
     Чунки, мамлакат аҳолисини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, мамлакат экспорт салоҳиятини ривожлантириш орқали жаҳон товар хўжалиги тизимида Ўзбекистоннинг салоҳиятли ўрни ва мавқеини ошириш имконияти таъминланиб, хусусан интеграцион ало­қалар шаклланишига, иқтисодиёт мус­таҳкамланишига шарт-шароит яра­тилади. ХХ асрнинг 90-йиллари­даноқ инсоният томонидан табиатни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг генофондини сақлаб қолиш ва келажак авлодларга етказиш вазифаси зарур эканлиги тан олинди. Чунки серҳосил, касалликка чидамли, иқлим шароитларига мос­лашувчан навлар маданийлаштирилиши натижасида уларнинг айрим сифат кўрсаткичлари пасайиб бора­ётганлиги кўзга ташланди. Ер сайёрасида кечаётган табиий ва иқлимий ўзгаришлар, инсон фаолиятининг салбий оқибатлари натижасида экологик вазиятнинг ёмонлашиши қиш­лоқ хўжалигига яроқли бўлган ер майдонларининг камайишига олиб келаётган бир пайтда аҳоли сонининг тез суръатлар билан кўпайиб бораётганлиги, Ер шари аҳолиси учун озиқ-овқат манбаи сифатида қишлоқ хўжалиги тармоғини барқа­рор ривожлантиришга оид алоҳида талаблар қўймоқда. Бугунги кунда ривожланиш даражасидан қатъий назар барча мамлакатларда бундай талаблардан асосий ва энг муҳими – бу мамлакат аҳолисини етарли миқ­дордаги таркибан тўйимли ва сифатли озиқ-овқат маҳсулот­лари билан узлуксиз таъминлаш вазифасидир.
     Мазкур вазифа кейинги 15-20 йилларда дунё олимлари ва амалиётчиларини ташвишга солаётган долзарб муаммолар қаторига кирди. Шу сабабдан ҳам қишлоқ хўжалиги тармоғини ривожлантиришга эътибор янада ортмоқда. Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, иқтисодиёт­нинг бошқа тармоқлари хусусан, са­ноатнинг турли соҳаларида қиш­лоқ хўжалигида ишлаб чиқарила­диган хомашёга бўлган талаб доимий равишда ортиб бормоқда.
     Мамлакатимизда кейинги йилларда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, аграр соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аммо, қишлоқ хўжалигида илм-фан натижалари ҳамда илғор технологиялардан фойдаланиш даражаси талабларга жавоб бермаслиги туфайли қишлоқ хўжалигида бандлик даражаси 27 фоиз (3,6 миллион киши)ни ташкил қил­моқда. Ваҳоланки, ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 3-6 фоиздан ошмайди.
     ХХ асрнинг 20-чи йилларига келиб, республикада қишлоқ хўжалиги ерлари мамлакат жами ҳудуди­нинг 45 фоизини эгаллашини, аҳоли­нинг қарийб 50 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қилишини эътиборга олсак, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш, со­ҳага илғор технологияларни, ра­қам­ли иқтисодиёт механизмларини жорий қилиш ҳисобига сезиларли ўсишга эришиш мумкин.
     Ҳозир республикамизда 180 дан зиёд турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари 80 дан ор­тиқ мамлакатга экспорт қилиниб, жами экспорт даромадининг қарийб 20-25 фоизи шаклланаётган бўлсада, қишлоқ хўжалигида қўшилган қий­мат яратиш имкониятларидан фойдаланиш, сақлаш, қайта ишлаш, савдо билан боғлиқ инфратузилмани ривожлантириш соҳаларига илғор технологияларни киритиш ҳисобига ушбу кўрсаткичларни 2,0-2,5 мартага ошириш имкиноятлари мавжуд. Шунингдек, ер майдонларидан унумли фойдаланиш, соҳага сув тежамкор технологияларни жорий этиш, ёввойи турлардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинлари таркибини диверсификациялаш ҳисобига фермерлар даромадини ошириш борасида ҳам кўплаб имкониятлар мавжуд.
     Ишлаб чиқариш ва илм-фан интеграциясини янада чуқурлаштириш ҳисобига экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи ноанъанавий экинлар селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехникалари, замонавий қишлоқ хўжалигини юритиш механизмининг самарали шаклларини яратиш, рақамли технологиялардан унумли фойдаланиш каби долзарб йўналишларда илмий изланишлар кўлами талаб даражасида эмас.
     Бугунги кунда айниқса – қишлоқ хўжалиги тармоғининг «Қишлоқ хўжалиги экинларининг генофондини сақлаб қолиш ва келажак авлодларга етказиш» вазифаси долзарблаш­моқда. Бундай генофонд асосини – маданийлашган қишлоқ хўжалиги экинлари ёввойи аждодлари асосан тоғли ҳудудларнинг ўрмон хўжалик­лари ерларида ўсувчи ёввойи грек ёнғоғи, ёввойи писта, ёввойи бодом, ёввойи олма, тоғ пиёзи (анзур), ёввойи арпа каби ўсимлик ва кўп йиллик дарахтлар ташкил этади. Ёввойи турлар юқори ҳосилдор, касаллик­лар, қурғоқчиликка, экстремал иқ­лим вазиятларига чидамли, озуқа хусусиятлари юқори бўлган янги ­навлар яратиш, мавжуд навларни такомиллаштиришда алмаштириб бўлмайдиган фонд ҳисобланади. Аммо, ер юзида аҳоли сони ортиши, салбий антропоген омил ва экологик муаммолар кучайиши, маданий­лашган экинлар генофонди йўқолиб кетиши хавфини пайдо қилиб, тадқи­қотлар кўрсатишича бундай хавф-хатарлар асосий манбалари қуйидаги йўналишларда намоён бўлмоқда:
     – ҳудудларга тарихан мавжуд бўлмаган ва бошқа ҳудудлардан кириб келган касалликлар ва зараркунандаларнинг салбий таъсири;
     – ҳудудлар учун хос бўлмаган сув тақчиллиги ва хусусий тармоқда чор­вачилик соҳасининг ривожланиши ва ёввойи турлар ўсадиган майдонларда чорва боқилиши натижасида;
     – тоғларда ўсувчи кўп йиллик да­рахтлардан маҳаллий аҳолининг ўтин сифатида қирқиб олиниши жараёнининг тобора шафқатсиз юз бериши;
     – ёввойи турлар ҳосили, ўсим­ликлар тизимсиз тарзда маҳаллий аҳо­ли томонидан турли мақсадларда йиғиб олиниши кабилар.
     Республика раҳбариятининг «Био­логик турли-туманликни сақлаб қо­лиш» конвенсиясига имзо қўйиши натижасида, қўриқланадиган ўрмонлар, қўриқхоналар майдони кенгайиб бораётган бўлсада, аммо, маданийлашган қишлоқ хўжалиги экинлари ёввойи аждодларидан самарали фойдаланиш ва уларни келажак авлод учун сақлаб қолиш масаласини қўриқлаш чоралари доирасида тўлиқ ҳал этиб бўлмайди. Бу борада муҳим йўналишлардан бири – ёввойи табиатдан фойдаланишда моддий ва маънавий манфаатдорлик (шахсий, жамоавий, ижтимоий ёки давлат манфаатлари) уйғотиш (моддий иштиёқ уйғотиш ёндашуви) асосида ҳудуддаги манфаатли томонларни муаммони ҳал этишга жалб қи­лишнинг ташкилий, иқтисодий ва ҳу­қуқий асосларини ишлаб чиқиш ҳисобланади. Бунда иқтисодий дас­таклар асосини ёввойи табиатдан фойдаланишда манфаатдор томонлар мақсадлари уйғунлигига эришиш масаласи ташкил этади. Шу боис, маданийлаштирилган қишлоқ хўжалиги экинларининг ёввойи аждодларидан фойдаланишда олинадиган якуний натижани ҳудуддаги турли манфаатдор томонлар ўртасида тақ­симлаш борасидаги иқтисодий механизмларни ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.
 
 
Шерали ХОЛЛИЕВ,
Қарши Давлат университети «Иқтисодиёт» кафедраси ўқитувчиси

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.