Oилавий тадбиркорликнинг аҳамияти

 
     Оилавий тадбиркорлик соҳасида ўтказилган таҳлиллар хали соҳада кўплаб имкониятлар мавжуд экани ва бу йўналишда фойдаланилмаётган имкониятлардан фойдаланиш кераклигини кўрсатди. Шахсан Президентимиз бу муаммога эътибор қаратиб, имкониятлардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида 2018 йил 7 июнда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги ПҚ-3777-сон қарор қабул қилдилар. Хусусан,
     “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
     1. Тадбиркорлик билан шуғулланишни ихтиёр этган аҳолини имтиёзли кредитлар билан таъминлаш амалиётини янада такомиллаштириш. Улар томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш. Бундай амалий ёрдам барча мутасадди ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
     2. Оилавий тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш бўйича маслаҳатлар ташкил этиш. Кенг миқёсда тушунтириш ишларини олиб бориш. Бу мақсадда соҳага олий таълим муасссалари профессор-ўқитувчиларини кенг жалб этиш.
     3. Микрофирмаларни, нисбатан озроқ миқдорда маҳсулот ишлаб чиқарувчи субъектлар ва касаначилик бўйича тадбирларни амалга ошириш учун молиявий ёрдам бериш. Аҳолига қўшимча даромад топиш имкониятини яратиш.
     4. Маҳаллаларда миникластерлар ташкил этиш. Бунда тадбиркорлик соҳасида ижобий натижаларга эришган тажрибали тадбиркорларга фаолиятини янгидан бошлаган, тажрибаси кам оилаларни бириктириш.
     5. Оилавий тадбиркорларга кўрсатиладиган хизматлар кўламини кенгайтириш. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни савдосини ташкил этувчи бозор инфратузилмаси объектлари, хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчаларини барпо этиш.
     6. Давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган тадбиркорларни аниқлаш ва улар фаолиятини қонунийлаштиришда ёрдам кўрсатиш.
    Оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш, иқтисодиёт ривожланишидаги аҳамияти ва ролини орттириб бориш учун маркетинг ишларини тўғри ташкил этиш, унинг мавжуд қонун-қоидалари, услублари ҳамда стратегияларидан самарали фойдаланиш лозим. Бугунги кунда мамлакатимизда оилавий тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш масаласига таъсир кўрсатувчи қатор муаммолар мавжуд бўлиб, уларни аниқлаш ва самарали ҳал қилиш оилавий тадбиркорликнинг янада тараққий этишига олиб келади. Улар қаторида қуйидагиларни киритиш мумкин:
     – оила чегарасини аниқлаш;
     – иш ва оила ўртасидаги балансни аниқлаш;
     – бошқаришда мулк эгасининг ўрнини белгилаш;
     – бошқаришда оила аъзоларининг ўрни ва даражасини белгилаш;
     – оилавий тадбиркорликда қарор қабул қилиш тартибини мақсадли ташкил этишни таъминлаш;
     – меросхўрларни тайёрлаш ва бошқарувни уларга топшириш.
     Оилавий тадбиркорликда иш билан боғлиқ ва оилавий муносабатлар ўртасидаги чегарани аниқлаш муҳим. Агар оила аъзоларининг кўпчилиги бир бизнес фаолиятида қатнашсалар, оила ҳамда иш жараёнида фаолият билан боғлиқ турли муаммоларни биргаликда ҳал қилиш эҳтимоллари юқори. Оилавий муносабатлар ва иш билан боғлиқ бўлган муносабатлар ўртасида, табиийки, муайян фарқ мавжуд. Оилавий муносабатлар эмоционал бўлиб, улар оила аъзоларининг эҳтиёжларига, ҳаққонийликка ва тенгликка асосланган бўлади. Иш билан боғлиқ муносабатлар эса рационал бўлиб, натижадорликка, ҳиссани баҳолашга, ўсишга ва кенгайтиришга асослангандир. Бу муносабатлар ўртасига чегара қўйиш жуда мураккаб бўлиб, унда келишмовчиликлар ва низолар юз бериш эҳтимоли юқори. Келишмовчилик ва низолар турмуш ўртоқлар, ота-оналар ва фарзандлар, ака-ука, опа-сингиллар билан юз бериши мумкин. Аниқ чегараларнинг йўқлиги оилавий муносабатлар ҳамда иш билан боғлиқ муносабатларнинг бузилишига сабаб бўлади ва бу ҳолат салбий оқибатларга олиб келади.
     Оилавий тадбиркорликни бошқаришда оила аъзоларининг ўрни масаласи ҳам муҳим муаммодан бири. Баъзан оила аъзолари расмий даражага эга бўлмасдан туриб ҳам бошқарув фаолиятига аралашадилар. Бу самарадорлик пасайишига ҳамда бизнеснинг бошқа аъзоларида иш фаолиятидан қониқиш даражасининг пасайишига сабаб бўлади.
 
 
     Оила тадбиркорлигида стратегик қарорларни қабул қилишда оила раҳбари ва унинг турмуш ўртоғи ёки фарзандлари (ўғли ёки қизи) қатнашиши мумкин. Оиланинг ҳар бир аъзоси билан стратегик режа келишилмайди. Барча аъзоларнинг фикрларини инобатга олмаслик оила тадбиркорлигида хўжалик юритишда ва унинг иқтисодиётини ташкил этишда тушунарсиз ҳолатларга олиб келади.Оила аъзолари ўртасида фойдани тақсимлаш ва уларга иш ҳақини белгилаш масаласи ҳам муҳим. Кўп ҳолларда барча фойда бизнес эгаси томонидан аниқланади ва бошқалар ўртасида норасмий ҳолда тақсимланади. Биринчи даража авлодда бу масала муаммо туғдирмайди. Кейинги босқичларда, яъни тадбиркорлик авлодларга ўтганда, ака-укалар ва уларнинг оилалари фаолиятда қатнашишлари даврида келишмовчилик юзага келиши мумкин.
     Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш истиқболлари жуда кенг кўламли. Шулардан бири – ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришдир. Ёшлар тадбиркорлиги қўшимча иш ўринлари яратиш, ишсизлик даражасини пасайтириш, инновацион соҳада тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва хизматларни сотиш жараёнларида энг устувор йўналишлардан ҳисобланади. Ёш тадбиркорларни аниқлаш, имкониятларини кенгайтириш учун қулай шароитларни яратиш, уларни рағбатлантириш ва бу имкониятлардан самарали равишда фойдаланиш зарур. Бунинг учун, биринчи навбатда, ёшларнинг бу йўналишдаги фикрларини ўрганиш, инобатга олиш ва кенгайтириш талаб этилади (1-чизма).
     Оилавий тадбиркорликни тузилиши ва ҳажми бўйича иккита йирик гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчиси – фақатгина оила аъзолари ва уларнинг қариндошлари фаолият юритадиган кичик ҳажмли корхоналардир. Уларда 10-15 кишигача ишчилар фаолият 1-чизма олиб боради. Бундай корхоналарда оила аъзолари – ака-укалар, ота-онаси ва ўғил-қизлари фаолият олиб борадилар. Кичик ҳажмли бундай корхоналар Канада, АҚШ ва Россияда ҳам ривожланган. Улар кўп холларда юридик шахсни ташкил этмасдан туриб фаолият юритадилар. Бу корхоналарда ваколатлар тўла-тўкис тақсимланмаган бўлади, бўйсуниш бўйича тизим тугалланмаган бўлади. Иерархик босқичлар деярли йўқ бўлади. Оила бошлиғи етакчи ҳисобланади, қолганлар эса унга ўз тушунишлари доирасида бўйсунишади. Дўконлар, савдо нуқталари, консалтинг хизматлари кўрсатувчи фирма, ходимлик агентликлари, кичик нашриётлар ва шу кабилар бундай корхоналарга мисол бўла олади. Ўз оиласининг кичикгина бўлган фаолиятини сақлаб қолиш учун барча оила аъзолари барча ишларни бажарадилар, меҳнат тақсимоти деярли амалга оширилмаган бўлади.
     Оилавий корхоналарнинг иккинчи тури бир неча оилалар иштирокида тузилиши мумкин бўлган корхоналардир. Уларда оилавий муносабатлар иш бўйича муносабатларга айланади, ваколат бериш жараёни мавжуд, меҳнат тақсимоти амал қилади. Уларнинг бир муҳим муаммоси – бир оила аъзоси мартабасининг оширилиши бошқа оила аъзосининг норозилигига сабаб бўлиши ва корхонада келишмовчиликлар юз бериши мумкин. Ғарб мамлакатларида бу каби корхоналарда бир-бирини тушуниш учун қатор ишлар амалга оширилган. Ички келишмовчиликлар юз бермаслиги учун фаолият рейтинги аниқланади ва мартабага кўтариш-тушириш фақатгина шу рейтинг асосида амалга оширилади. Корхонада фаолият олиб боришнинг мақсади ва вазифалари тўла тушунилиши учун функциялар ва вазифалар барча аъзолар ўртасида аниқ тақсимланган. Оилавий тадбиркорликнинг бир неча оила иштирокида ташкил этиладиган корхоналари ривожланган мамлакатларда тобора кўпаймоқда. Улар йирик оилалар ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Улар фаолиятида ҳалқаро оилалар ҳам қатнашмоқдалар ва халқаро корпорацияларни ташкил этишмоқда. Бунда компания устидан назорат қилиш акцияларнинг назорат пакети ҳисобига бир оилага тегишли бўлади.
     Юртимизда фаолият юритаётган ва янгидан ташкил этилаётган оилавий корхоналарнинг иш юритишида юқоридаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш, тадбиркорликнинг ҳуқуқий-иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш ва аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш муҳим. Бу оилавий бизнес самарасини ошириб, оила тадбиркорлигига қаратилган ташаббус нафақат бандликни таъминлаш, балки даромадларни текис тақсимлаш, шу билан бирга ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг барқарор омиллари сифатини оширишда юксак аҳамиятга эга. 
 
 
ҲАСАНОВ И.М., 
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.