Геология-қидирув ишлари натижасида минерал-хомашёси бой мамлакатларнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиш кўрсаткичлари юқори бўлганлиги тарихдан маълум. Бу борада Ўзбекистон ҳам ер ости табиий бойликларига бой давлатлардан бири ҳисобланади. Унинг заминида саноат ва инвестициялар ўсиши учун асос яратувчи олтин, уран, мис, камёб ер металлари ва бошқа стратегик захиралар мавжуд. Соҳанинг алоҳида аҳамиятини инобатга олган ҳолда, 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан «Ўзбек геология қидирув» акциядорлик жамияти ташкил этилиб, унинг зиммасига геология-қидирув ишларини модернизация қилиш ва ривожлантириш вазифаси юклатилди.
Бугун барқарор тараққиёт, «яшил» энергетика ва стратегик хомашё турларига жаҳон ҳамжамиятининг қизиқиши ортиб бораётган бир пайтда геология-қидирув ишларининг аҳамияти миллий иқтисодиёт доирасидан чиқиб, халқаро драйвер соҳага айланмоқда.
Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида юртимиз ҳар томонлама ўсиш ва ривожланишда дадил қадамлар қўйиб бормоқда. Албатта, бу ўзгаришлар давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган одилона сиёсат натижасидир. Бугунги кунда барча тармоқлар каби геология соҳасини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Геология соҳаси корхоналарини илғор халқаро тажриба асосида трансформация қилиш орқали уларда самарали бошқарув тизимини жорий этиш, фойдали қазилмаларнинг янги конларини очишга йўналтирилган геология-қидирув ишлари таннархини пасайтириш, конларни саноатда ўзлаштириш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини кўпайтириш мақсадида 2021 йил «Марказий лаборатория» ДУК, «Самарқандгеология» АЖ, «Сурхонгеология» АЖ, «Тошкентгеология» АЖ, «Қизилқумгеология» АЖ, «Геобуртехника» ДУК ва «Ҳисоргеология» АЖларни қўшиб юбориш орқали улар негизида «Ўзбек геология қидирув» АЖ ташкил этилган эди. Натижада, Ўзбекистон ҳудудида геология қидирув ишларига хизмат кўрсатувчи замонавий корпоратив бошқарув тизимига эга ягона бир катта ташкилот пайдо бўлди. Бу трансформация жараёни нафақат бошқарувда, балки геология-қидирув ишлари самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга катта хизмат қилди. Ўтган даврда корхона соҳага замонавий ва юқори самарали ускуналарни, илғор техника ва инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда соҳани модернизация қилиш ҳисобига геология қидирув ишларини уч баробарга оширди.
Бугунги кунда жамиятда 4,5 мингдан зиёд малакали мутахассислар фаолият олиб боради. Жамият таркибида 4 та марказий геология қидирув экспедициялари ва Регионал марказий геология тасвирлаш экспедицияси, Марказий геология геофизика экспедицияси, шунингдек, 5 та аналитик лабораториялар, 13 та дала экспедицияси мавжуд бўлиб, улар республикамиз бўйлаб геологияқидирув ишларини жадал амалга оширмоқда.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг таянчи, саноатнинг қон томири бўлган геология соҳасида янги давр бошланди. Соҳага энг илғор технологиялар олиб келинди. Натижада ер ости бойликлари захираси ва прогнозлари каррасига ўсди. Соҳага 3D сейсморазведка, аерогеофизика, рақамли геология жорий этилди.
Геология-қидирув ишлари – бу кўзга кўринмас, аммо машаққатли меҳнат ҳисобланади. Геологларнинг ҳар бир топилмаси – янги завод, янги иш ўрнидир. Барчамизга маълумки, Ўзбекистон табиий ресурсларга бой мамлакат ҳисобланади. Айниқса, саноат учун муҳим бўлган вольфрам, молибден, магний, литий, германий, графит ва титан каби 30 дан ортиқ технологик минераллар мавжуд. Бу каби фойдали қазилмаларни излаб топиш натижасида кончилик, металлургия, энергетика, кимё ва қурилиш саноатининг барқарор ишлаши учун пойдевор бўлади. Афсуски, илгари бу салоҳият тўлиқ рўёбга чиқарилмаган, фойдали қазилмаларни излаш, техноген чиқиндиларни қайта ишлаш ва маҳсулотга айлантириш борасида етарлича инвестиция жалб этилмаган эди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан геология соҳасини янги босқичга олиб чиқилиши натижасида бугун янги конлар очилиб, саноат тармоқлари кенгаймоқда.
«Ўзбек геология қидирув» АЖ ўтган 4 йил мобайнида 13 000 км2 майдондан зиёд ҳудудда батафсил геология қидирув ишларини олиб борди. Геология-қидирув ишлари натижасида 20 га яқин конларнинг заҳиралари ҳисоблаб чиқилди ва давлат заҳиралари комиссиясида тасдиқланди. Хусусан, Авлиё, Кўрмитин, Ақба, Ҳаётбоши, Зимбилтау, Водий (олтин), Мискон (мис), Ўрикли, Нилю (кўмир), Сарикўл, Хўжадиқ (вольфрам), Хондиза, Майдонсой, Лашкерек (полиметалл), Кўрғонтош, Тюбегатан (калий), Шўроп (гипс), Вандон (қум-шағал) каби конлар шулар жумласидандир.
Бу каби фойдали қазилмалар яшил энергетика, электромобил ва юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, геология соҳаси иқтисодиётнинг асосий таянчи, инвестиция ва экспорт манбаи, энергетика ва саноат ривожланишининг калити, шунингдек, ҳудудий инфратузилма ва бандликни таъминловчи омил ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, қонунчилик ва ташкилий асослар мустаҳкамланиб, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган йирик лойиҳалар бўйича ишлар кўпаймоқда. Энг муҳим вазифалардан бири – замонавий технологиялар асосида қимматбаҳо хом-ашёни рудадан ажратиб олиш, уни тозалаш ва юқори сифатли маҳсулотга айлантиришдир. Бу борада «Ўзбек геология қидирув» АЖ муҳим роль ўйнамоқда. Жамият фойдали қазилмаларни аниқлаш, уларни саноатга йўналтириш бўйича салмоқли лойиҳаларни амалга оширмоқда. Геологик изланишлар ўрта ва узоқ муддатли дастурлар асосида олиб борилади ҳамда улар ҳар йили янгиланиб борилади. Бугунги кунда энг фаол геология қидирув ишлари Навоий, Самарқанд, Тошкент ва бошқа вилоятларнинг тоғ ва тоғ олди ҳудудларида кенг кўламда олиб борилмоқда. Фойдали қазилмалар ресурсларини ва захираларини ошириш акциядорлик жамияти олдида турган асосий фазифалардандир.
Ислоҳотлар туфайли соҳага илғор ускуналар, инновацион технологиялар жорий этилди. Бу эса ўз навбатида иш сифати ва суръатини сезиларли даражада оширди. Бугунги кунда «Ўзбек геология қидирув» АЖ чуқурлиги 2 км гача бўлган фойдали қазилмалар учун мўлжалланган кўп йўналишли бурғилаш ускуналарининг энг йирик парки ҳисобланади. Соҳани ривожлантириш бўйича Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги қўллаб қувватлови ва амалга оширилган муҳим чора-тадбирлар натижасида «Ўзбек гелогия қидирув» АЖ 50 донадан ортиқ жаҳон стандартларига мос замонавий гидравликлаштирилган DBC Makina компаниясининг ESD-9, S-15,21 ва SONMAK компаниясининг RX-4 маркали бурғилаш ускуналари харид қилиниб, иш жараёнига татбиқ қилинди ва бунинг натижасида бурғилаш парки 56 фоизга янгиланиб, бурғилаш ускуналари 151 тага, ёрдамчи махсус техникалар 400 дан ошди.
Ҳозирги давр геология соҳасининг янги босқичи бўлиб, илгари ўрганилмаган майдонлар бугун тўлиқ қамраб олинмоқда. Йил сайин фойдали қазилмалар рўйхати кенгаймоқда, замонавий услублар, жумладан, аэро-геофизика усули қўлланилмоқда. Бу усул ҳаводан туриб ер қатламининг геофизик хусусиятларини тез ва аниқ ўрганиш имконини беради. Илгари конларни аниқлаш учун ўн йиллар керак бўлган бўлса, ҳозир бу иш бир неча йил ичида амалга оширилмоқда.
2025 йилда «Ўзбек геология қидирув» АЖ томонидан 100 дан ортиқ лойиҳа доирасида геология қидирув ишлари режалаштирилган. Ҳозир минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастури доирасида олтин, кумуш, мис, қўрғошин, рух, вольфрам каби рудали фойдали қазилмалар ҳамда қурилиш материаллари ва кимё саноатида қўлланадиган ресурслар бўйича ҳам ишлар бажарилмоқда.
Акциядорлик жамияти геологик бурғилаш қудуқларида қўлланиладиган ювувчи суюқликларни тайёрлашда замонавий кимёвий реагентлардан фойдаланмоқда. Бу эса ўз навбатида бурғилаш қувурларини, насос механизмларини, олмосли асбобларни узоқ муддат хизмат қилишига ва керн намуналарини сифатли олишга хизмат қилмоқда. Замонавий кимёвий реагентлар иш унумдорлигини ошириш билан бир қаторда атроф-муҳитга зарарли таъсир даражасини камайтиради.
«Ўзбек геология қидирув» АЖ томонидан амалга оширилаётган модернизация жараёнлари доирасида рақамли технологиялар асосида иш жараёнларини оптималлаштириш, маълумотлар базасини марказлаштириш ва халқаро стандартларга мувофиқ геологик ахборотларни тайёрлашга йўналтирилган ишлар кенг кўламда олиб борилмоқда. 2023 йилдан бошлаб, геологик, геофизик ва геокимёвий маълумотларни ягона электрон кўринишга ўтказиш, уларни марказлашган базада сақлаш ва тезкор фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида Geobank ва Geobank Mobile тизими жорий этилди. Geobank да сақланаётган маълумотлар JORC ва CRIRSCO халқаро кодекслари талабларига жавоб беради. Бу эса халқаро инвесторлар учун ҳисоботлар тайёрлаш, геологик изланишларда сифат кафолатини ошириш ҳамда қидирув ва қазиб олиш жараёнларини халқаро амалиётга мувофиқ ташкил этиш имкониятини беради.
Бугун акциядорлик жамияти томонидан замонавий бурғилаш ускуналари орқали олаётган керн намуналари 100 фоизга етиб, таҳлиллар аниқлигини оширмоқда. Шунингдек, жамият таркибидаги лабораторияларда намуналарни сифатли таҳлил қилиш ва унинг таркибидаги элементларни аниқ кўрсатиб бериш учун 150 дан зиёд замонавий жиҳозлар асосида таҳлиллар амалга оширилмоқда. Қолаверса, кимёвий элементлар сони ҳам ошиб, 70 га яқин элементга таҳлил жараёнлари ўтказилмоқда. Бу эса ер қаъридаги ноёб элементлар ва камёб металлар бўйича аниқ, сифатли маълумотлар олишга хизмат қилади.
Замонавий геология-қидирув ишларини рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ишлаб чиқариш жараёнларининг ҳар бир босқичига рақамлаштириш ва автоматлаштириш жараёнлари жорий этилмоқда. Жамият ҳам ушбу йўналишда илғор тажрибаларни ўз фаолиятига татбиқ этмоқда. Аввало, рақамли технологиялар иш жараёнларини реал вақт режимида назорат қилиш имконини бермоқда. Яъни экспедицияларда олиб борилаётган бурғилаш ишлари, ишчи кучидан фойдаланиш, техник ресурслар сарфи, ҳатто йўқотишлар ёки ортиқча харажатлар онлайн тарзда кўрилмоқда. Бу жараёнлар фото ва видео лавҳалар билан ҳужжатлаштирилиб, тезкор қарор қабул қилиш имконини яратмоқда.
Шамсиддин АЛИМОВ, «Ўзбек геология қидирув» АЖ Бошқарув раиси
Fikr bildirish