Mutaxassis fikri

ОКМК: айни пайтда минерал-хомашё базасини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси янгиланмоқда

2/2022

 
     Олмалиқ кон-металлургия комбинати ишлаб чиқа­риш қуввати Тошкент, Жиззах, Сурхондарё ва Наманган вилоятлари ҳудудларида жойлашган олтин-мис-порфир, полиметалл ва олтин-кумуш конлари гуруҳи захираларига асосланади. Бундан ташқари мазкур йирик корхона Тошкент, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида мавжуд оҳактош, гипс ва гил каби норуда фойдали қазилмаларни қайта ишлайди.
     Хусусан, «Олий Зиё» («Қалмоқ­қир», «Ёшлик I» участкалари) ва «Саричегу» олтин-мис-порфир конлари комбинатнинг мис тармоғини хом­ашё билан таъминлайди ва иккита мавжуд мисни бойитиш фабрикаси (МОФ, МОФ-2)да қайта ишланади. Ҳозирги вақтда МОФ-3 қурилмоқда ва яна иккита мисни бойитиш фабрикаси лойиҳалаштирилмоқда. Ком­бинатнинг мис тармоғини хомашё билан таъминлайдиган техноген чи­қинди­лар МОФ-2 да қайта ишланади. Полиметалл конлари «Хандиза» кумуш-полиметалл кони ва «Уч қулоч» қўр­ғошин-рух конини қамраб олган. «Қизил олма», «Кўчбулоқ», «Қай­ра­ғоч», «Пирмироб», «Гузаксой» ва «Каулди» конларининг захиралари комбинатнинг олтин ва кумуш тармо­ғининг хомашё базаси ҳисоб­ланади.
     Олмалиқ кон-металлургия комбинатида айни пайтда минерал-хом­ашё базасини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси янгилан­моқда. Бунда Ўзбекистон иқтисодиё­ти ривожида муҳим ўрин тутувчи кон-геология секторининг устувор йўналишлари, мақсад ва вазифалари, шу жумладан, экспорт мажбуриятларини белгилаш учун фойдали қа­зилмаларнинг қидириб топилган ва баҳоланган захиралари ҳаж­мини, прогноз ресурсларини аниқ­лаш асосий мақсад қилиб белгиланган.
     Ушбу стратегия, шунингдек, те­гишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат­лар – мамлакат Президенти ва ҳу­кума­тининг соҳага дахлдор қарорла­рига мувофиқ минерал-хомашё ба­засини ривожлантириш ва қайта тиклаш чора-тадбирлари ижросини таъминлашга қаратилган.
     Мустақиллик йилларида Давлат геология ва минерал ресурслар қў­митасининг геология-қидирув корхоналари, шунингдек, Олмалиқ КМК­нинг тегишли геология-қидирув бўлинмалари билан биргаликда комбинатга қарашли конларнинг кон ажратмаси доирасида ҳам (қўшимча разведка), келажакда ўзлаштирилиши режалаштирилган, «Олмалиқ КМК» АЖ манфаатлари зонасига кирувчи конларда ҳам геология-қи­дирув ишлари амалга оширилди.
     Ўзбекистон Республикаси минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурларига мувофиқ Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси асосий эътиборни («Олмалиқ КМК» АЖ фао­лиятига тааллуқли қисмида – таҳр.) комбинатнинг мавжуд тоғ-кон корхоналари базаси ҳолатига ҳамда қа­зиб олиш ҳажмининг режага кўра ўсишини ва ер қаъридаги захира­ларнинг тугашини ҳисобга олган ҳол­да уни қайта тиклаш заруриятига, корхоналарнинг қидириб топилган захиралар билан таъминланганига қаратади.
     Рангли металлар бўйича геоло­гия-қидирув ишлари Наманган, Тошкент, Жиззах, Сурхондарё ва Навоий вилоятлари ҳу­дудларида жойлашган объектларда олиб борилади. Бу жараёнда Олма­лиқ КМКнинг минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш; мис, қўрғошин-рух, таркибида олтин мавжуд бўлган рудалар захираларини тўлдириш; комбинат тоғ-кон корхоналарининг қи­дириб топилган захиралар билан таъминланганлик даражасини ошириш устуворлик касб этади.
     Комбинатнинг барча конларида ўрганиш ишлари олиб борилиб, қўл­га киритилган натижалардан белгиланган режаларга аниқлик киритиш­да фойдаланилади. Қолаверса, бундай ўрганиш фойдали қазилма­ларни қазиб олишни йиллик, чорак­лик ва ойлик қилиб режалаштирган ҳолда конлардаги ишларни назорат қилиш, қазиб олиш чоғида фойдали қазил­маларнинг йўқоти­лиши ва сифатнинг бузилишини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган энг ишончли маълумотларни тўплаш имконини беради.
     Комбинат рангли металлар минерал-хомашё базасини тўлдириш иш­лари асосан Тошкент вилояти Оҳанга­рон туманидаги Олмалиқ руда майдонининг шимоли-ғарбий қис­мида жойлашган Олмалиқ рудали зонасида, шу жумладан, 1954 йилдан буён комбинат томонидан ўзлаштирила­ётган «Олий Зиё» конининг «Қалмоқ­қир» участкасида амалга оширилади.
     Айтиш жоизки, Олмалиқ рудали зонаси 1926-1995 йилларда амалга оширилган геология-қидирув ишлари натижасида топилган эди. 2019 йилдан бошлаб ҳозирги кунгача комбинат томонидан бу ерда «SRK Consulting» халқаро компанияси билан биргаликда геология-қидирув ишлари давом эттирилмоқда. Бундан кўзланган мақсад захираларни умумий қайта ҳисоблаш (қайта баҳолаш) ва саноат аҳамиятини баҳолаган ҳол­да колонкали қудуқларини бурғилаш орқали захираларни кўпайтириш учун Олмалиқ рудали зонаси чегарасидаги «Олий Зиё» олтин-мис-порфир конини («Қалмоққир» ва «Ёшлик I» участкаларини) қўшимча разведка қилишдан иборатдир. Захиралар Ўзбекистон Республикаси Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссиясининг талаблари ва қидирув натижалари, минерал ре­сурслар ва руда захиралари ҳақидаги халқаро ҳисобот кодекси (JORC кодекси)нинг стандартларига муво­фиқ ҳисоблаб чиқилган. «Олий Зиё» кони учун порфирли интрузивларни беркитувчи, униз тоғ жинсларини ўраб олишдан иборат геологик макет қилинди. Стратиграфик тузилиш, гео­логик бирликлар ва геологик модель 1- ва 2-расмда келти­рилган.
     Захираларни JORC кодекси бў­йича ўрганиш ҳамда дастлабки тех­ник-иқтисодий асослаш (PFS) ҳисо­ботини тайёрлаш мақсадида «SRK Consulting» компанияси билан биргаликда Хандиза конининг минерал-хомашё базасини баҳолаш ишлари амалга оширилди ва «Минерал ресурслар тўғрисида»ги ҳисобот (MRE) тайёрланди.
 
Искандар АВЛАДОВ,
«Олмалиқ КМК» АЖ бош геологи, геология бўлими бошлиғи;
Тимур САЛИЕВ,
геология ишлари хизмати раҳбари

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.