Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар республикамизнинг барча ҳудудлари каби Уйчи туманида ҳам улкан ижобий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Бу энг аввало, туман аҳолисининг турмуш даражаси йил сайин ошиб бораётганлигида, қулай инфратузилма тизимлари яратилаётганлигида, хусусий мулкчилик янги босқичга кўтарилиб, ишбилармонлик ва тадбиркорликка кенг йўл очиб берилаётганида ўз ифодасини топмоқда. Қувонарли жиҳати шуки, 216,3 минг киши истиқомат қилаётган тумандаги кенг қамровли бунёдкорлик ишлари, қишлоқ хўжалиги ва саноат ишлаб чиқариш соҳасидаги ўзгаришлар, маънавият ва маданият, таълим ҳамда тиббиёт йўналишларида қўлга киритилаётган ютуқларда намоён бўлмоқда.
Айтиш жоизки, ҳудудда тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик ва бизнеснинг барча соҳалари Республикамизнинг Биринчи Президенти томонидан қабул қилинган фармон ҳамда қарорлар асосида ривожлантирилаётгани туфайли туман иқтисодий салоҳияти йилдан-йилга юксалмоқда. Буни кичик бизнес субъектлари сони йил сайин ортиб, хусусий тадбиркорлар сафининг тобора кенгайиб бораётгани, пировардида кўплаб янги иш ўринлари яратилаётгани билан изоҳлаш ўринли. Масалан, ҳисобот даврида кичик бизнес субъектлари томонидан 1918 та янги иш ўринлари яратилиб, кичик бизнес соҳасида банд бўлганлар сони 70,2 минг кишига етди. Туманнинг асосий тармоқлари бўйича ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар ҳажмида кичик бизнес субъектлари улуши муттасил ошиб бормоқда. 2016 йилнинг январь ҳолатига жами 755 та кичик бизнес субъектлари рўйхатга олинган бўлиб, бу кўрсаткич 2014 йилнинг мос даврига нисбатан 107,5 фоизга ортди.
Таъкидлаш лозимки, ҳисобот даврида бандлик дастурига асосан 5162 та янги иш ўрни яратилган бўлса, шулардан 4210 таси ёки 81,6 фоизи қишлоқ жойлари ҳиссасига тўғри келди. Шунингдек, саноат йўналишида 184 та, хизмат кўрсатиш йўналишида 155 та, қишлоқ хўжалиги йўналишида 75 та, ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига 494 та, тижорат банкларининг кичик корхоналар ва микрофирмаларни ташкил этиш учун ажратиладиган кредитлари ҳисобига 1465 та, якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 453 та, уй меҳнатининг барча шаклларини ташкил этиш ҳисобига 2134 та, деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш ҳисобига 202 та янги иш ўринлари ташкил этилди. Яна шу билан бирга, «Наманган вилоятини 2013–2015 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури»га асосан 2015 йилда 17,9 млрд сўм миқдорида маблағларни ўзлаштириш ҳисобига 105 та лойиҳа (саноатда 16 та, хизмат кўрсатишда 66 та, қишлоқ хўжалигида 23 та) ишга туширилиб, 1034 та иш ўрни яратилди. Агар 2016 йил январь ҳолатигача бўлган маълумотларни таҳлил қилсак, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликлари бўйича 2716 нафаридан 2709 (99,7 %) нафарининг бандлиги таъминланганлигини кўришимиз мумкин.
Қолаверса, туманда кичик ва оилавий бизнес субъектларига ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш бўйича узоқ ва ўрта муддатли кредитлар ажратиш механизмлари ишлаб чиқилаётгани барча аҳоли қатламларида хусусий тадбиркорликка бўлган қизиқишни янада оширмоқда. Бунинг натижасида тижорат банклари томонидан кредит ресурсларини йўналтириш, айланма маблағлар ажратишдан самарали фойдаланиш бўйича бир қатор муҳим чора-тадбирларни қўллашга тўғри келмоқда. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, йил давомида битирувчиларнинг 125 нафарига ўз бизнес фаолиятини йўлга қўйишлари учун 1,5 млрд сўмдан зиёд кредит маблағи ажратилди. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодиётни ривожлантириш андозалари ўзгарганидан, миқдор кўрсаткичлардан сифат кўрсаткичларига ўтилганидан далолат беради. Шу боис, республикамизнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ўзининг сифатлилиги ва арзонлиги билан нафақат халқимизга манзур бўлмоқда, балки хорижий бозорларда ҳам оммалашмоқда. Бунинг натижасида, хусусий мулкка бўлган қизиқиш ортаётгани, кичик бизнес субъектларининг иқтисодий кўрсаткичлари ўсаётгани, товар ва хизматларнинг сифати тобора яхшиланаётгани кузатилмоқда. Бу эса, маҳаллий тадбиркорларимиз сафи кенгайишига, қўшма корхоналар, фирмалар сони ҳам, иқтисодиётимизга жалб қилинаётган хорижий сармоялар кўлами ҳам сезиларли даражада ортишига ижобий таъсир этмоқда. Туман ҳудудида саноат ҳамда қурилиш материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ўнлаб маҳаллий ва қўшма корхоналар фаолият олиб бормоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Президентимизнинг 2015 йил 24 ноябрдаги «2016–2019 йилларда Наманган вилоятида саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича ишлаб чиқилган дастурга асосан 22 та лойиҳа амалга оширилади. Шундан 12 та янги қувват ва 10 та модернизация лойиҳалари бўйича умумий сарфланадиган маблағ 12,2 млн долларни ташкил этади. Лойиҳа ташаббускорлари маблағлари ҳисобидан 3,2 млн доллар, тижорат банклари кредитлари ҳисобидан 8,6 млн доллар, хорижий инвестициялар ҳисобидан эса 400 минг доллар сарфланади. Шу ҳисобидан 467 та янги иш ўринлари яратилади. Шунингдек, мазкур қарорга қўшимча равишда ўнта саноат лойиҳасидан тўрттаси қурилиш материаллари, тўрттаси енгил саноат ва иккитаси фармацевтика йўналишлари бўйича ташкил этилади. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун жами 4,3 млн доллар сарфланиб (3,6 млн доллар тижорат банклари кредити) 111 та янги иш ўринлари яратилади.
Маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича жорий йилнинг февраль ойида тўртта лойиҳага таклиф берилди. Яъни, «Эксам энержи» МЧЖда қуёш панеллари ва батарейкалари ишлаб чиқариш, «Бунёдкор Мақсудбек файз» фермер хўжалигида бир марталик медицина қўлқоплари ва шприц ишлаб чиқариш ҳамда «Мед диагноз фарм» МЧЖ томонидан диагностика лаборатория ускуналари ишлаб чиқариш ҳисобига 66 та иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда. Буларнинг барчаси ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва диверсификация қилиш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганини кўрсатади.
Ўзбекистон Президентининг 2015 йил 25 декабрдаги «2016 йил учун инвестиция дастури тўғрисида»ги қарорига асосан компания буюртмачилиги асосида тўртта умумтаълим мактаби, битта касб-ҳунар коллежи, битта тиббиёт бирлашмаси қурилди. Бундан ташқари, бунёдкорлик ишлари маиший ва савдо ўринларининг кўплиги, жойлашган ўрни ва биноларнинг замонавий архитектураси миллийлик уйғунлашган ҳолда қурилиши жиҳатидан республикамизда олдинги ўринда туради. Дарҳақиқат, туманимизнинг ташқи савдо айланмаси, экспорт салоҳияти тобора ошиши, келажакда янада гуллаб-яшнашини таъминлашда хорижий ҳамкорлар иштирокидаги қўшма корхоналар кўпайиши, замонавий иш ўринлари яратилиши ҳисобига тараққий этишига шубҳа йўқ.