Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Узумчилик ва виночилик тармоғи мамлакат қишлоқ хўжалигидаги энг истиқболли соҳалардан бири ҳисобланади. Шу боис 2018 йил 23 ноябрь куни Пунта-дель-Эста шаҳрида (Уругвай) Узумчилик ва виночилик халқаро ташкилотининг Бош Ассамблеясида Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзолиги расман эълон қилингани табиий.
Бугунги суҳбатдошимиз – журналимиз таҳририятига бир йилдан буён таниш бўлган УВХТ Бош директори, жаноб Пао РОКА. Видеоалоқа воситасида ўтказилган интервью давомида Ўзбекистонда мазкур тармоқ салоҳиятини рўёбга чиқариш ва мавжуд ташкилий, тизимли муаммоларни ечиш масалалари муҳокама қилинди. Виноларни таснифлаш ва этикетлашнинг умумий қабул қилинган тизимини жорий этиш истиқболларига баҳо берилди. Ушбу суҳбат матнини эътиборингизга ҳавола этамиз.
– Жаноб Рока, ушбу сон Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш йўналишларини ёритиб бериш мақсадида тайёрланмоқда, унда мутахассисларнинг аграр секторнинг долзарб масалаларига доир эксперт фикрларини тўпламоқчимиз. Шунинг учун биз билан суҳбатлашишга рози бўлиб, вақт ажратганингиз учун Сизга миннатдорлик билдирамиз. Биринчи саволимиз шундай. Яқинда 2020 йил якунлари бўйича ташкилотингиз томонидан OIV Awards мукофоти билан тақдирлаш маросими ўтказилди. Бу ҳақида ўқувчиларимизга қиқача сўзлаб берсангиз.
– Ҳа, бу одатда узумчилик ва виночилик мавзуси бўйича босма нашрларга бериладиган йиллик мукофот, лекин бу йил номзодлар орасида веб-сайт ҳам ғолиб бўлди. Бу табиий, чунки рақамли технологиялар асрида яшаяпмиз. Ушбу мукофотда бир неча номинациялар мавжуд.
– Хабарингиз бўлса, Ўзбекистонда якунланган 2020 йил Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилинди ва бунинг доирасида муайян ишлар олиб борилди. Ташкилотингизнинг ҳам давр талабидан келиб чиққан ҳолда рақамли ўзгартиришни амалга ошириш бўйича ўз стратегияси қабул қилинганми?
– Ҳа, сиз ҳақсиз, 2024 йилгача рақамлаштириш стратегиямиз мавжуд бўлиб, у сайтимизга ҳам жойлаштирилган. Бу БМТнинг барқарор ривожлантириш соҳасидаги мақсадларини амалга ошириш йўлида ўзига хос драйвер бўлиб хизмат қилади. Уни амалга ошириш учун ташқи эксперт ва маслаҳатчилар жалб этилмоқда. Стратегия тўртта йўналишга эга. Биринчидан, кундалик ишни, иш жараёнларини рақамлаштириш. Иккинчидан, рақамли таҳлил, шу жумладан, лабораториямизни рақамли таҳлил қилиш ва давлат органлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Учинчи йўналиш – узумчилик ва виночилик ҳақидаги маълумотларни бирлаштириш, мазкур соҳадаги янгилик ва инновацияларга оид ҳисоботларни жойлаштириш учун мўлжалланган рақамли марказни ташкил этиш. Тўртинчи йўналиш узумнинг янги навларини синаш ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган рақамли «гараж»ни ўзида намоён этади. Стратегияни амалга ошириш учун 1,5 млн. евро миқдорида маблағ ажратдик ва ушбу маблағни кейинги уч йил ичида ўзлаштиришни режалаштирганмиз.
– Ташкилотингиз БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – FAO билан фаол ўзаро ҳамкорлик қилади. Ҳозирда ушбу ҳамкорлик асосида қанақа қўшма лойиҳаларни амалга ошираяпсиз?
– БМТ тизимидаги қишлоқ ҳудудлари ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш муаммолари билан шуғулланувчи етакчи муассаса билан иккита қўшма лойиҳамиз бор. Биринчи лойиҳа пестицидлардан фойдаланиш ҳажмини камайтириш ва унинг барқарорлиги, маҳсулотларнинг фитосанитария назоратини ошириш билан боғлиқ. Бу лойиҳа Мексика, Марокаш ва бошқа мамлакатларда амалга оширилмоқда. Иккинчи лойиҳа қишлоқ хўжалигида статистик маълумотлар алмашишга тааллуқли. Ва умид қиламизки, рақамлаштириш стратегиясининг амалга оширилиши туфайли мазкур жараён сезиларли даражада яхшиланади. Келажакда сифатнинг мавжуд эмаслиги, талаб ва стандартларга мос келмаслиги туфайли якуний истеъмолчигача етиб бормайдиган маҳсулотлар сонини камайтиришга қаратилган яна бир лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Унинг асосий мақсади – истеъмол қилиб бўлмайдиган узум ҳажмини камайтиришдан иборат. Бу ерда гап вино ҳақида эмас, балки қайта ишланмайдиган, яроқсиз, деб топилган ёки ташиш пайтида бузиладиган узум ҳақида бораяпти. Ушбу лойиҳа БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) билан биргаликда амалга оширилади, чунки ушбу ташкилотнинг энг муҳим тамойилларидан бири камбағалликни камайтиришдан иборат.
– Ўзбекистон ташкилотингиз билан тузилган битимни ратификация қилиб, узумчилик ва виночиликни жадал суръатлар билан ривожлантиришни мақсад қилган. Ўзбекистон билан қандай қўшма лойиҳалар амалиётга жорий этилмоқда?
– Ҳа, биз ўтган йили муҳим лойиҳани – Самарқандда ташкилотимизнинг Жаҳон конгрессини ўтказишни режалаштирган эдик. Аммо COVID-19 глобал пандемияси бизга ушбу тадбирни тўлиқ кўламда ташкил этишга имкон бермади. Ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, мен 50-60 нафар вакилдан иборат торроқ доирада симпозиум ташкил этишни таклиф қилдим ва аллақачон Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонасига мактуб тайёрланиб, жўнатилди. Афсуски, биз 750 нафар мутахассис иштирокидаги йирик конгрессни ўтказа олмадик. Мен таклиф қилган муқобил вариант сифатида симпозиумга экспертлар келишини истардик, шунда биз долзарб масалаларни муҳокама қилиш, узумзорларга ташриф буюриш, тавсиялар бериш имкониятига эга бўлар эдик. Айни пайтда Ўзбекистон томонидан ҳам жавобни кутаяпмиз.
– Коронавирус мавзусини давом эттирсак, пандемия жаҳон миқёсида тармоққа қандай таъсир кўрсатди? У талабнинг ортиши ёки камайишига, узумчилик ва виночилик маҳсулотлари нархининг ошишига олиб келдими?