(O´zbek) Долзарб масалалар муҳокамаси ва тавсиялар

6/2020

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Узумчилик ва виночилик тар­моғи мамлакат қишлоқ хўжалигидаги энг истиқболли соҳалардан бири ҳисобланади. Шу боис 2018 йил 23 ноябрь куни Пунта-дель-Эста шаҳрида (Уругвай) Узумчилик ва виночилик халқаро ташкилотининг Бош Ассамблеясида Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзолиги расман эълон қилингани табиий.
     Бугунги суҳбатдошимиз – журналимиз таҳририятига бир йилдан буён таниш бўлган УВХТ Бош директори, жаноб Пао РОКА. Видеоалоқа воситасида ўтказил­ган интервью давомида Ўзбекистонда мазкур тармоқ салоҳия­тини рўёбга чиқариш ва мавжуд ташкилий, тизимли муаммоларни ечиш масалалари муҳокама қилинди. Виноларни таснифлаш ва этикетлашнинг умумий қабул қилинган тизимини жорий этиш истиқболларига баҳо берилди. Ушбу суҳбат матнини эътиборингизга ҳавола этамиз.
 
 
     – Жаноб Рока, ушбу сон Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш йўналишларини ёритиб бериш мақсадида тайёрланмоқда, унда мутахассисларнинг аграр сек­торнинг долзарб масалаларига доир эксперт фикрларини тўп­ламоқчимиз. Шунинг учун биз билан суҳбатлашишга рози бўлиб, вақт ажратганингиз учун Сизга миннатдорлик билдирамиз. Биринчи саволимиз шундай. Яқинда 2020 йил якунлари бўйича ташкилотингиз томонидан OIV Awards мукофоти билан тақдирлаш маросими ўтказилди. Бу ҳақида ўқув­чиларимизга қиқача сўзлаб бер­сангиз.
     – Ҳа, бу одатда узумчилик ва виночилик мавзуси бўйича босма нашр­ларга бериладиган йиллик мукофот, лекин бу йил номзодлар орасида веб-сайт ҳам ғолиб бўлди. Бу табиий, чунки рақамли технологиялар асрида яшаяпмиз. Ушбу му­кофотда бир неча номинациялар ­мавжуд.
     – Хабарингиз бўлса, Ўзбекистонда якунланган 2020 йил Илм, маърифат ва рақамли иқтисоди­ётни ривожлантириш йили, деб эълон қилинди ва бунинг доирасида муайян ишлар олиб борилди. Ташкилотингизнинг ҳам давр талабидан келиб чиққан ҳолда ра­қамли ўзгартиришни амалга ошириш бўйича ўз стратегияси қабул қилинганми?
     – Ҳа, сиз ҳақсиз, 2024 йилгача рақамлаштириш стратегиямиз мавжуд бўлиб, у сайтимизга ҳам жойлаш­тирилган. Бу БМТнинг барқарор ривожлантириш соҳасидаги мақсад­ларини амалга ошириш йўлида ўзига хос драйвер бўлиб хизмат қилади. Уни амалга ошириш учун ташқи эксперт ва маслаҳатчилар жалб этил­моқда. Стратегия тўртта йўналишга эга. Биринчидан, кундалик ишни, иш жараёнларини рақамлаштириш. Иккинчидан, рақамли таҳлил, шу жумладан, лабораториямизни рақамли таҳлил қилиш ва давлат органлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳ­камлаш. Учинчи йўналиш – узумчилик ва виночилик ҳақидаги маълумотларни бирлаштириш, мазкур со­ҳадаги янгилик ва инновацияларга оид ҳисоботларни жойлаштириш учун мўлжалланган рақамли марказни ташкил этиш. Тўртинчи йўналиш узумнинг янги навларини синаш ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган рақамли «гараж»ни ўзида намоён этади. Стратегияни амалга ошириш учун 1,5 млн. евро миқдорида маблағ ажратдик ва ушбу маблағни кейинги уч йил ичида ўзлаштиришни режалаштирганмиз.
     – Ташкилотингиз БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – FAO билан фаол ўзаро ҳамкорлик қилади. Ҳозирда ушбу ҳамкорлик асосида қанақа қўшма лойиҳаларни амалга ошираяпсиз?
     – БМТ тизимидаги қишлоқ ҳу­дудлари ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш муаммолари билан шуғулланувчи етакчи муассаса билан иккита қўшма ло­йиҳамиз бор. Биринчи лойиҳа пес­тицидлардан фойдаланиш ҳажмини камайтириш ва унинг барқарорлиги, маҳсулотларнинг фитосанитария назоратини ошириш билан боғлиқ. Бу лойиҳа Мексика, Марокаш ва бошқа мамлакатларда амалга оширилмоқда. Иккинчи лойиҳа қишлоқ хўжалигида статистик маълумотлар алмашишга тааллуқли. Ва умид қила­мизки, рақамлаштириш стратегиясининг амалга оширилиши туфайли мазкур жараён сезиларли даражада яхшиланади. Келажакда сифатнинг мавжуд эмаслиги, талаб ва стандарт­ларга мос келмаслиги туфайли якуний истеъмолчигача етиб бормайдиган маҳсулотлар сонини камайтиришга қаратилган яна бир лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Унинг асосий мақсади – истеъмол қилиб бўлмайдиган узум ҳажмини камайтиришдан иборат. Бу ерда гап вино ҳақида эмас, балки қайта ишланмайдиган, яроқсиз, деб топилган ёки ташиш пайтида бузиладиган узум ҳақида бораяпти. Ушбу лойиҳа БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) билан биргаликда амалга оширилади, чунки ушбу ташкилотнинг энг му­ҳим тамойилларидан бири камба­ғалликни камайтиришдан иборат.
     – Ўзбекистон ташкилотингиз билан тузилган битимни ратификация қилиб, узумчилик ва виночиликни жадал суръатлар билан ривожлантиришни мақсад қилган. Ўзбекистон билан қандай қўшма лойиҳалар амалиётга жорий этил­моқда?
     – Ҳа, биз ўтган йили муҳим лойи­ҳани – Самарқандда ташкилотимизнинг Жаҳон конгрессини ўтка­зишни режалаштирган эдик. Аммо COVID-19 глобал пандемияси бизга ушбу тадбирни тўлиқ кўламда ташкил этишга имкон бермади. Ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, мен 50-60 нафар вакилдан иборат торроқ доирада симпозиум ташкил этишни таклиф қил­дим ва аллақачон Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонасига мактуб тайёр­ланиб, жўнатилди. Афсуски, биз 750 нафар мутахассис иштирокидаги йирик конгрессни ўтказа олмадик. Мен таклиф қилган муқобил вариант сифатида симпозиумга экспертлар келишини истардик, шунда биз долзарб масалаларни муҳокама қилиш, узумзорларга ташриф буюриш, тавсиялар бериш имкониятига эга бўлар эдик. Айни пайтда Ўзбекис­тон томонидан ҳам жавобни кутаяпмиз.
     – Коронавирус мавзусини давом эттирсак, пандемия жаҳон миқё­сида тармоққа қандай таъсир кўрсатди? У талабнинг ортиши ёки камайишига, узумчилик ва виночилик маҳсулотлари нархининг ошишига олиб келдими?
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.