Туризм алоҳида тармоқ сифатида ҳар қандай мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин тутиши ва ривожланиши табиий кўриниш олмоқда. Ушбу соҳанинг ЯИМ таркибидаги улуши бир мамлакатда камроқ, иккинчи бирида эса кўпроқ бўлиши мумкин. Лекин, бу жиҳат, ўша мамлакатдаги туристик ресурсларнинг мавжудлиги ва аҳолининг мойиллиги ҳам кўп нарсани англатади.
Туризм иқтисодиётнинг алоҳида тармоғи сифатида самарали фаолият кўрсатиши ва ривожланиши учун етарли даражадаги шарт-шароитлар ҳамда ҳуқуқий базалар яратилган бўлиши лозим. Албатта, ушбу жиҳатларнинг барчаси мамлакатимизда мавжудлигига қарамасдан баъзи масалалар ўз ечимини кутмоқда. Бироқ, туризмни ривожлантириш бўйича республикамизда қабул қилинган давлат дастури бугунги кунда иқтисодиётдаги ўрни бошқа тармоқлар сингари мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги (ЯИМ) ҳиссаси билан ифодаланади. Ўзбекистон жуда катта туристик салоҳиятга эга бўлган мамлакат. Экспертларнинг эътироф этишича, мамлакатимиз ЯИМда туризмнинг ҳиссаси камида 10 фоизни ташкил қилиши лозим экан.
Тадқиқотчилар фикрича, дунёнинг кўпгина мамлакатларида туристик хизматларни экспорт қилиш натижасида катта иқтисодий ўсиш имкониятлари қўлга киритилмоқда. Бутунжаҳон туристик ташкилотининг маълумотлари бўйича ҳисоб-китоб қилинадиган бўлса, ўртача бир нафар сайёҳга Францияда 313,8 доллар тўғри келади, Испанияда – 509,1 доллар, Америка Қўшма Штатларида эса – 1640,5 долларни ташкил қилади. Бизда ушбу кўрсаткичнинг миқдори жуда кам. Ҳар бир сайёҳга уларнинг талабидан келиб чиққан ҳолда қўшимча хизматларни таклиф этиш талаб этилади. Бу эса, ўз навбатида, туризмни жадал ривожлантиришнинг миллий дастурини ишлаб чиқишни тақозо қилади.
Туризмга иқтисодиётнинг бир тармоғи сифатида қараладиган бўлса, унинг самарадорлигига ҳам шу йўналишдан келиб чиққан ҳолда ёндашмоқ лозим. Агар шундай ёндашиладиган бўлса, уни икки йўналишда баҳолашга тўғри келади. Баҳолаш учун эса, табиийки, кўрсаткичлар тизимидан фойдаланилади. Ушбу объектив заруратдан келиб чиқиб, туризм тармоғининг самарадорлигини ифодалаш учун уларни икки гуруҳга бўлиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Булар, иқтисодий самарадорлик ва ижтимоий самарадорлик кўрсаткичларидир. Уларнинг бир-бири билан боғлиқлиги қуйидаги расмда келтирилган (1-расм).
Тадқиқот жараёнида ҳар бир гуруҳ кўрсаткичларига нималар кириши ва уларни аниқлаш йўллари ишлаб чиқилди.
Туризм тармоғининг иқтисодий самарадорлигини ифодаловчи кўрсаткичлар тизимини ишлаб чиқишда аввало унинг таърифини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Чунки, унинг назарий талқинини ифода этмасдан туриб, амалий йўналишини тўғри ифодалаб бериш мураккаб кечади. Ушбу ҳолатдан келиб чиқиб, туризм тармоғининг иқтисодий самарадорлигига қуйидагича таъриф бериш мумкин. Туризм тармоғининг иқтисодий самарадорлиги дейилганда, ушбу тармоқнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси ва соҳани ривожлантириш орқали сайёҳлар ва улардан олинадиган фойданинг кўпайишига муттасил эришиб бориш ҳамда ўз ривожланишини таъминлаш имкониятларини яратиш тушунилади. Энди ушбу назарий қарашга мос ҳолда ушбу соҳа самарадорлигини ифодаловчи кўрсаткичлар тизимини ишлаб чиқиш мумкин.
Туризм тармоғининг иқтисодий самарадорлигини ифодаловчи кўрсаткичларга қуйидагиларни киритишни тавсия қиламиз:
● туристик жараённинг тезлиги (Тт);
● туристлар интенсивлиги (Ти);
● туристларнинг фойдалилиги (Тф).
Ушбу кўрсаткичларнинг бир-бири билан боғлиқлиги қуйидаги расмда келтирилган (2-расм).
Иқтисодиётга оид фанларнинг муҳим жиҳати ҳар бир иқтисодий жараённи баҳолашдан иборатдир. Шу туфайли, ҳар бир кўрсаткичнинг миқдорини топиш муҳим аҳамиятга эга. Мазкур кўрсаткичларни аниқлаш учун қуйидаги формулалардан фойдаланишни тавсия қиламиз: туристик жараённинг тезлиги (Тт)ни аниқлаш учун туристлар сонини (Тс) вақт бирлигига (В) бўлинади. Ушбу кўрсаткич маълум вақт бирлигида (бир ой, бир чорак, бир йил) қанча турист келганлигини ёки кетганлигини билдиради. Ушбу кўрсаткич қуйидагича аниқланади:
Тт = Тс : В
Тармоқ самарадорлигини ифодаловчи навбатдаги кўрсаткич туристлар интенсивлиги (Ти) бўлиб ҳисобланади. Ушбу кўрсаткич туристларнинг умумий аҳоли сонидаги улушини ифодалайди. Уни аниқлаш учун туристлар сонини (Тс) аҳолининг умумий сонига (А) бўлиб юзга кўпайтирилади:
Ти = Тс : А • 100;
Туристик тармоқ самарадорлигини ифодаловчи иқтисодий кўрсаткичлардан бири туристларнинг фойдалилиги (Тф) бўлиб ҳисобланади. Одатда, сайёҳларнинг фойдалилиги кўрсаткичи ўрнига, туризмнинг рентабеллигини ҳам қўллаш мумкин бўлади. Аммо, тармоқ бўйича барча харажатларни аниқлаш бироз мураккаб, ундан ташқари активлар рентабеллигини аниқлаш лозим бўлса, активлар ҳам тармоқ миқёсида биринчидан, уларнинг умумий қийматини жамлаш қийин бўлса, иккинчидан, бир хил фаолият кўрсатадиган турфирмалар турли воситалар ва активларни сарфлаган бўлишлари мумкин. Шу туфайли, тармоқ миқёсида самарадорликни ифодалаш учун сайёҳларнинг фойдалилик кўрсаткичидан фойдаланиш тўғри бўлади. Ушбу кўрсаткични аниқлаш учун маълум вақт бирлигида эришилган соф фойда (Сф) миқдорини шу даврдаги сайёҳлар сонига (Тс) бўлиш кифоя қилади:
Тф = Сф : Тс ;
Туризм нафақат иқтисодий аҳамиятга, балки ижтимоий аҳамиятга эга соҳа. Шу туфайли, ушбу тармоқнинг иқтисодий кўрсаткичлари билан бирга ижтимоий самарадорлик кўрсаткичларини ҳам аниқлаш лозим бўлади. Бу ҳолатда ҳам ушбу тушунчанинг таърифини ишлаб чиқиш тақозо қилинади. Ушбу заруратдан келиб чиқиб, мазкур соҳага таъриф бериш мақсадга мувофиқ, деб топилди. Туризм тармоғида ижтимоий самарадорлик дейилганда, ушбу соҳанинг аҳолини иш билан бандлигини таъминлаш, фаровонлигини ошириш, маданий ва интеллектуал савиясини кўтаришга қаратилган объектив воқеликни келтириб чиқариши билан боғлиқ жараёнлар тушунилади. Мазкур таърифдан кўриниб турибдики, туризмнинг ижтимоий самарадорлиги ҳам кенг қамровли тушунча экан. Энди, ушбу тушунчани қамраб оладиган кўрсаткичлар тизимини ишлаб чиқиш мумкин.
Туризм тармоғида ижтимоий самарадорлик кўрсаткичларига қуйидагиларни киритиш мумкин:
● туризмда банд бўлганларнинг умумий аҳоли сонидаги улуши (Тау);
● туризмда банд бўлганларнинг ўртача иш ҳақи (Иҳд);
● туризмда яратилган янги иш ўринларининг умумий иш ўринларидаги улуши (Иўу);
● туризм тармоғида яратилган ЯИМнинг мамлакат ЯИМдаги улуши (Тяиму);
● туризм тармоғи солиқларининг умумий солиқлардаги улуши (Тсу);
● тармоқда сайёҳларнинг савдо, умумий овқатланиш, транспорт, меҳмонхона каби хизматларининг ўсишига таъсири кабилар. Ушбу хизматларни рақамларда ифодалаш бироз мураккаб. Аммо, булар мавжуд омиллар бўлгани учун ҳам улар таъсирини турли иқтисодий-математик усулларни қўллаб аниқлаш мумкин.
Барча жараёнларга тўғри баҳо бериш мақсадида уларни кўрсаткичларда ифодалаш тақозо қилинади. Шу туфайли, юқорида келтирилган олтита кўрсаткичнинг аниқланиш йўлларини кўриб чиқамиз. Улардан бири туризмда банд бўлган аҳолининг умумий аҳоли сонидаги улуши (Тау) бўлиб ҳисобланади. Ушбу кўрсаткични аниқлаш учун туризм тармоғида банд бўлган аҳоли сонини (Тба) юзга кўпайтириб, барча аҳоли сонига (А) бўлиш лозим бўлади:
Тау = Тба *100 : А ;
Туризмда ижтимоий самарадорликни ифодаловчи кўрсаткичлардан бири туризмда банд бўлган аҳолининг ўртача иш ҳақининг даражаси (Иҳд) бўлиб ҳисобланади. Ушбу кўрсаткични аниқлаш учун туризмда тўланган барча иш ҳақи фондини (Иҳф) ушбу соҳада банд бўлганлар сонига (Тба) бўлинади ва қуйидаги формуладан фойдаланиш тавсия этилади:
Ихд = Иҳф : Тба ;
Бандлик масаласи ўта долзарб бўлиб турган бир паллада туризмда яратилган янги иш ўринларининг умумий яратилган янги иш ўринларидаги улуши (Яиўу) ҳам соҳанинг ижтимоий самарадорлигини ифодаловчи кўрсаткичларига киради. Ушбу кўрсаткични аниқлаш учун туризмда яратилган янги иш ўринларини (Тяяи) юзга кўпайтириб, умумий яратилган янги иш ўринларига (Уяяиў) бўлиш лозим бўлади. Бунинг учун қуйидаги формула тавсия қилинади:
Яиўу = Тяяи • 100 : Уяяиў ;
Туризм иқтисодиётнинг муҳим тармоғи сифатида мамлакат ЯИМнинг кўпайишига ва давлат (маҳаллий) бюджетининг шаклланишига маълум даражада ҳисса қўшиши лозим. Шу туфайли, соҳанинг ижтимоий самарадорлигини ифодаловчи кўрсаткичларига туризм тармоғида яратилган ЯИМнинг мамлакат ЯИМдаги улуши (Тяиму) бўлиб ҳисобланади. Ушбу кўрсаткични аниқлаш учун қуйидаги формуладан фойдаланишни тавсия қиламиз:
Тяиму = Тяяим • 100 : Уяяим ;
Туризм солиқларининг умумий солиқлардаги улуши (Тсу) ҳам давлат аҳамиятига молик ижтимоий кўрсаткичлардан биридир. Чунки, давлат бюджетининг асосий қисми аҳоли эҳтиёжлари учун сарфланади. Шу жиҳатдан ушбу кўрсаткични ижтимоий кўрсаткичлар тизимига киритиш мақсадга мувофиқ, деб топилди. Ушбу кўрсаткични аниқлаш учун қуйидаги формуладан фойдаланишни тавсия қиламиз:
Тсу = Ттс • 100 : Усс ;
Бунда:
Тяяим – туризм тармоғида яратилган ЯИМнинг суммаси;
Уяяим – мамлакат миқёсида яратилган ЯИМнинг умумий суммаси;
Ттс – туризм тармоғидан тўланган солиқлар суммаси;
Усс – умумий тўланган солиқ суммаси.
Қисқача хулоса қилиб айтганда, туризм соҳасини миллий иқтисодиётнинг таркибий қисми сифатида қабул қилар эканмиз, албатта, унинг самарадорлигига баҳо бериш учун кўрсаткичлар тизимидан ўринли фойдаланишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Жаҳонгир АБИЕВ,
мустақил тадқиқотчи