Ўзбекистонда жисмоний имкониятлари чегараланган инсонлар ва кам таъминланган оилалар моддий аҳволини, ижтимоий мослашувчанлигини ва фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» давлат дастурида туризмни ривожлантириш, аҳолининг барча қатламларини туристик хизматлар билан қамраб олиш, маданий ҳордиқ чиқариши ва соғлиқларини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Яъни, «Меҳрибонлик» уйлари ҳамда махсус мактаб-интернат тарбияланувчилари, «Саховат» уйларида яшовчи якка-ёлғиз қариялар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари учун юртимиздаги тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ва муқаддас қадамжоларга бепул саёҳатлар уюштириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда жисмоний имконияти чекланган аҳоли қатламлари учун махсус туристик саёҳатларни уюштиришга эътибор ортиб бормоқда. Бундай турларни ташкил этишда жойлашув ва овқатланиш хизматларидан ташқари, махсус малакага эга бўлган инструктор ҳамроҳлигида парашютдан сакраш, сув остига шўнғиш, елканли қайиқни бошқариш – ўзига бўлган ишончнинг ортишига, ижтимоий-маданий ҳаётга интеграция жараёни фаоллашишига хизмат қилади. «Туризм ҳамма учун» концепцияси дастлаб Буюк Британияда кейинчалик Европа Иттифоқида, 70-йиллардан бошлаб эса Канада ва АҚШда оммалаша бошлади. Франциянинг тоғли ҳудудларида жисмоний имконияти чекланганлар тоғ туризмида иштирок этиши, бемалол соғлом одамлар билан сайр қилишлари учун шарт-шароитлар яратила бошланди. Махсус ўриндиқли «тоғли» аравачада, мустақил бошқарилувчи воситалардан фойдаланиш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, спорт ва туризм соҳасида фаолият олиб борувчи инструкторнинг малакасини ифодаловчи CQH махсус сертификати жорий қилинди. Бундан кўзда тутилган мақсад – соғлом ва жисмоний имкониятлари чекланганлар орасидаги ўзаро муносабатларни ҳамда жамият аъзоларининг бир-бирига бўлган хайрихоҳликларини мустаҳкамлашдан иборат.
Ногирон, меҳнат лаёқатини йўқотган ва қариялар туризми билан халқаро ташкилотлар шуғулланмоқда: яъни, (ENAT – барчага мўлжалланган Европа мамлакатлари тармоғи), (EDF – Европа Иттифоқи ногиронлар манфаатини ҳимоя қилувчи ташкилот), (ACCESS UNLIMITED – Исроилнинг ногиронлар миллий ташкилоти), (CO.IN SOCIALE – Италия ногиронлар маҳоратини ошириш ва иш билан таъминлашга кўмаклашувчи миллий ташкилоти) каби кўплаб давлатларда фаолият юритаётган ташкилотларга жисмоний ёки руҳий нуқсонли шахслар имкониятларини ўрганиш ва турли воситалардан фойдаланиш, уларга туристик сайёҳлик бўйича ахборот етказиш масалалари билан шуғулланиш вазифаси юклатилган.
Жисмоний имкониятлари маълум даражада чекланганларнинг туристик хизматлардан фойдаланишларининг ўзига хос жиддий муаммолари мавжуд. Яъни, ҳаракатдаги, мулоқотдаги ва овқатланишдаги чекловлар, ҳамроҳлик қилувчи шахслар томонидан кўрсатиладиган ёрдамларга боғлиқ. Жумладан, мазкур соҳада фаолият кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний имкониятлари чекланганларга турли кўринишдаги туристик саёҳатларни таклиф қилмоқда. Бу борада замонавий илмий-техник тараққиёт жараёни эса, ушбу таклифлар турини йилдан-йилга такомиллаштириб боришга ҳаракат қилмоқда. Лекин, жисмоний имконияти чекланган шахсларни туристик хизматлар мажмуи истеъмолчиси сифатидаги эҳтиёжлари ҳар жиҳатдан чуқур ўрганилаётгани йўқ. Ваҳоланки, ушбу қатламлар санаторий ва дам олиш уйларининг асосий истеъмолчиси ҳисобланишади. Шу сабабли хизмат кўрсатиш жойлаштириш мажмуаларида, санаторий, дам олиш уйларида уларга қулайликлар яратишда қуйидагиларга аҳамият қаратиш мақсадга мувофиқ:
Биринчидан, жисмоний имкониятлари чекланган шахсларнинг доимий равишда дори ва соғломлаштирувчи воситаларни истеъмол қилишлари, аммо ижтимоий ёрдамдан ташқари молиявий даромадга эга эмаслигини эътиборга олиш. Шу билан бирга, жисмоний имкониятлари маълум даражада чекланган шахслар кўп ҳолларда ҳамроҳ (ёрдамчи) билан саёҳат қилишлари сабабли, молиявий харажатлар икки баробар кўпайиши, бу эса, санаторий ва дам олиш уйларида рекреацион хизматлардан фойдаланиш имкониятини икки баробар камайтириши мумкин;
Иккинчидан, жисмоний имкониятлари чекланганлар турли ёш гуруҳига мансуб бўлиб, санаторий ва дам олиш уйлари хизматларидан фойдаланишга кўп ҳолларда хоҳиш билдиришмайди. Шу сабабли, санаторий ва дам олиш уйларига йўлланмалар таклиф қилинганда уларнинг ёш жиҳатини инобатга олиш талаб этилади. Жисмоний имконияти чекланган болаларнинг махсус оромгоҳларда дам олишлари учун ёшларбоп саёҳатлар уюштирилиши ва ёши катталар учун махсус автобус, темир йўлларда муқаддас қадамжоларга сайру-саёҳатлар ташкил қилиш лозим бўлади;
Учинчидан, туристик саёҳатлар турли мақсадларда амалга оширилади. Жисмоний имконияти чекланган шахслар худди бошқа инсонлар каби диний, маданий, рекреация, даволаниш, билим олиш мақсадида саёҳат қилишлари мумкин. Уларнинг катта қисми даволаниш, соғломлаштириш ва санатория-курорт масканларига, дам олиш уйларига ташриф буюришади. Ривожланган мамлакатларда бу тоифа шахсларнинг соғлом инсонлар қатори билим олишлари, саёҳат қилиши, турли маданий тадбирларда иштирок этишлари, спорт билан шуғулланишлари учун туристик саёҳатларга чиқишлари кузатилмоқда;
Тўртинчидан, жисмоний имкониятлари чекланган шахслар санатория-курорт масканларида соғломлаштириш билан биргаликда шифобахш даво воситаларидан фойдаланиш ва машҳур зиёратгоҳлар ҳамда тарихий-маданий мерос масканларига саёҳат қилишга интилишлари табиий ҳол, албатта.
Рекреацион хизматлар таклиф қилувчи субъектлар, санаторий, дам олиш уйлари теварак-атрофлари сайёҳлар мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун ҳар томонлама шарт-шароитларга, иқлимий хусусиятларга эга ландшафтга ҳамда ҳудудлари етарли даражада мукаммал жиҳозланган, кўкаламзорлаштирилган, барча замонавий инфратузилмалар билан таъминланган бўлиши лозим.
Санаторий ва дам олиш уйлари атрофида турли корхоналар бўлмаслиги дам олувчиларнинг тўлиқ даволанишлари ва соғломлаштириш имкониятини ошириш учун хизмат қилади. Мазкур муассасалар қулай экологик шароитлар мавжуд ҳудудларда жойлаштирилиши мақсадга мувофиқ. Уларнинг самарали хизмат кўрсатиши атроф-муҳит учун салбий таъсир кўрсатмаслиги лозим. Бундай муассасалар ертўласида мижозлар яшаши, жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун рухсат этилмайди. Фақат енгил автомобиллар учун тўхташ жойларини ташкил этиш мумкин. Айни пайтда мижозларга баъзи бир маиший хизматларни таклиф қилиш ўзига хос хусусиятларни, қулайликларни талаб қилади.
Мазкур муассасаларда даволаш-профилактика, парҳез таомлар истеъмол қилиниши, болалар овқатланиши ва бошқа қўшимча хизматлар кўрсатилиши учун алоҳида эътибор талаб қилинади. Тиббий хизматлар кўрсатиш ҳар бир муолажа учун белгиланган тартибда, ўта масъулият билан амалга оширилади. Жисмоний тарбия машғулотларига ҳам катта эътибор берилади.
Хулоса қилиб айтганда, республикамизда фаолият юритаётган санаторий ва дам олиш уйлари хизматларини стандартлаштириш ҳамда меъёрлаштириш орқали уларнинг сифатини кескин ошириш, баҳолашни таҳлил қилиб бориш, тоифаларга ажратиш ва юқори даражага етказиш ҳисобига халқаро туризмни ривожлантириш имкониятлари янада кенгайиши учун кенг йўл очилади.
Дилфуза НОРҚУЛОВА,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти мустақил тадқиқотчиси