(O´zbek) Jismoniy imkoniyatlari cheklanganlarga turizm xizmatlari ko‘rsatishni takomillashtirish

3/2017

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Ўзбекистонда жисмоний имкониятлари чегараланган инсонлар ва кам таъминланган оилалар моддий аҳ­волини, ижтимоий мослашувчанлигини ва фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривож­лантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси­нинг «Халқ билан мулоқот ва инсон ман­фаатлари йили» давлат дастурида туризмни ривожлантириш, аҳоли­нинг барча қатламларини туристик хизматлар билан қамраб олиш, мада­ний ҳордиқ чиқариши ва соғлиқла­рини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Яъни, «Меҳрибонлик» уйлари ҳамда махсус мактаб-интернат тарбияланувчилари, «Саховат» уйларида яшовчи якка-ёлғиз қария­лар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари учун юртимиздаги тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ва муқаддас қадамжоларга бепул са­ёҳатлар уюштириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.
     Ҳозирги кунда жисмоний имконияти чекланган аҳоли қатламлари учун махсус туристик саёҳатларни уюш­тиришга эътибор ортиб бормоқ­да. Бундай турларни ташкил этишда жойлашув ва овқатланиш хизматларидан ташқари, махсус малакага эга бўлган инструктор ҳамроҳлигида па­рашютдан сакраш, сув остига шўн­ғиш, елканли қайиқни бошқариш – ўзига бўлган ишончнинг ортишига, ижтимоий-маданий ҳаётга интеграция жараёни фаоллашишига хизмат қилади. «Туризм ҳамма учун» концепцияси дастлаб Буюк Британияда кейинчалик Европа Иттифоқида, 70-йиллардан бошлаб эса Канада ва АҚШда оммалаша бошлади. Франциянинг тоғли ҳудудларида жисмоний имконияти чекланганлар тоғ ту­ризмида иштирок этиши, бемалол соғлом одамлар билан сайр қилиш­лари учун шарт-шароитлар яратила бошланди. Махсус ўриндиқли «тоғли» аравачада, мустақил бошқарилувчи воситалардан фойдаланиш йўлга қў­йил­ди. Бундан ташқари, спорт ва туризм соҳасида фаолият олиб борувчи инструкторнинг малакасини ифодаловчи CQH махсус сертификати жорий қилинди. Бундан кўзда тутил­ган мақсад – соғлом ва жисмоний имкониятлари чекланганлар орасидаги ўзаро муносабатларни ҳамда жамият аъзоларининг бир-бирига бўлган хайрихоҳликларини мустаҳ­кам­лашдан иборат.
     Ногирон, меҳнат лаёқатини йў­қотган ва қариялар туризми билан халқаро ташкилотлар шуғулланмоқ­да: яъни, (ENAT – барчага мўлжаллан­ган Европа мамлакатлари тармоғи), (EDF – Европа Иттифоқи ногиронлар манфаатини ҳимоя қилувчи ташкилот), (ACCESS UNLIMITED – Исроилнинг ногиронлар миллий ташкилоти), (CO.IN SOCIALE – Италия ногиронлар маҳоратини ошириш ва иш билан таъминлашга кўмаклашувчи миллий ташкилоти) каби кўплаб давлатларда фаолият юритаётган ташкилотларга жисмоний ёки руҳий нуқсонли шахс­лар имкониятларини ўрганиш ва турли воситалардан фойдаланиш, уларга туристик сайёҳлик бўйича ахборот етказиш масалалари билан шуғулланиш вазифаси юклатилган.
     Жисмоний имкониятлари маълум даражада чекланганларнинг турис­тик хизматлардан фойдаланишларининг ўзига хос жиддий муаммола­ри мавжуд. Яъни, ҳаракатдаги, мулоқот­даги ва овқатланишдаги чекловлар, ҳамроҳлик қилувчи шахслар томони­дан кўрсатиладиган ёрдамларга боғ­лиқ. Жумладан, мазкур со­ҳа­да фаолият кўрсатувчи ташкилотлар жисмо­ний имкониятлари чекланганларга турли кўринишдаги турис­тик саёҳат­ларни таклиф қилмоқда. Бу борада замонавий илмий-техник тараққиёт жараёни эса, ушбу таклифлар турини йилдан-йилга такомиллаштириб боришга ҳаракат қилмоқда. Лекин, жисмоний имконияти чекланган шахс­ларни туристик хизматлар мажмуи истеъмолчиси сифатидаги эҳтиёж­лари ҳар жиҳатдан чуқур ўрганилаётгани йўқ. Ваҳоланки, ушбу қатламлар санаторий ва дам олиш уйларининг асосий истеъмолчиси ҳисобланиша­ди. Шу сабабли хизмат кўрсатиш жой­лаштириш мажмуаларида, ­санаторий, дам олиш уйларида уларга қулайлик­лар яратишда қуйидагилар­га аҳамият қаратиш мақ­садга мувофиқ:
     Биринчидан, жисмоний имкониятлари чекланган шахсларнинг доимий равишда дори ва соғломлашти­рувчи воситаларни истеъмол қилиш­лари, аммо ижтимоий ёрдамдан таш­қари молиявий даромадга эга эмас­лигини эътиборга олиш. Шу билан бирга, жисмоний имкониятлари маъ­лум даражада чекланган шахслар кўп ҳолларда ҳамроҳ (ёрдамчи) билан саёҳат қилишлари сабабли, молиявий харажатлар икки баробар кў­пайиши, бу эса, санаторий ва дам олиш уйларида рекреацион хизматлардан фойдаланиш имкониятини икки баробар камайтириши мумкин;
     Иккинчидан, жисмоний имкониятлари чекланганлар турли ёш гуру­ҳига мансуб бўлиб, санаторий ва дам олиш уйлари хизматларидан фойдаланишга кўп ҳолларда хоҳиш билдиришмайди. Шу сабабли, санаторий ва дам олиш уйларига йўлланмалар таклиф қилинганда уларнинг ёш жи­ҳатини инобатга олиш талаб этилади. Жисмоний имконияти чекланган болаларнинг махсус оромгоҳлар­да дам олишлари учун ёшларбоп са­ёҳатлар уюштирилиши ва ёши катталар учун махсус автобус, темир йўл­ларда му­қаддас қадамжоларга сайру-саёҳат­лар ташкил қилиш лозим бўлади;
Учинчидан, туристик саёҳатлар турли мақсадларда амалга оширилади. Жисмоний имконияти чекланган шахслар худди бошқа инсонлар каби диний, маданий, рекреация, даволаниш, билим олиш мақсадида саёҳат қилишлари мумкин. Уларнинг катта қисми даволаниш, соғломлаш­тириш ва санатория-курорт масканларига, дам олиш уйларига ташриф буюришади. Ривожланган мамлакатларда бу тоифа шахсларнинг соғлом инсон­лар қатори билим олишлари, саё­ҳат қилиши, турли маданий тадбирларда иштирок этишлари, спорт билан шу­ғулланишлари учун туристик саёҳат­ларга чиқишлари кузатил­моқда;
     Тўртинчидан, жисмоний имкониятлари чекланган шахслар санатория-курорт масканларида соғлом­лаш­тириш билан биргаликда шифобахш даво воситаларидан фойдаланиш ва машҳур зиёратгоҳлар ҳамда тарихий-маданий мерос масканларига саёҳат қилишга интилишлари табиий ҳол, албатта.
     Рекреацион хизматлар таклиф қилувчи субъектлар, санаторий, дам олиш уйлари теварак-атрофлари сайёҳлар мароқли ҳордиқ чиқариш­лари учун ҳар томонлама шарт-шароитларга, иқлимий хусусиятларга эга ландшафтга ҳамда ҳудудлари етарли даражада мукаммал жиҳоз­лан­ган, кўкаламзорлаштирилган, бар­ча замонавий инфратузилмалар билан таъминланган бўлиши лозим.
     Санаторий ва дам олиш уйлари атрофида турли корхоналар бўлмас­лиги дам олувчиларнинг тўлиқ даво­ланишлари ва соғломлаштириш имкониятини ошириш учун хизмат қи­лади. Мазкур муассасалар қулай эко­логик шароитлар мавжуд ҳудуд­ларда жойлаштирилиши мақсадга мувофиқ. Уларнинг самарали хизмат кўрсатиши атроф-муҳит учун салбий таъсир кўрсатмаслиги лозим. Бундай муассасалар ертўласида мижозлар яшаши, жисмоний тарбия билан шу­ғулланишлари учун рухсат этилмайди. Фақат енгил автомобиллар учун тўхташ жойларини ташкил этиш мумкин. Айни пайтда мижозларга баъзи бир маиший хизматларни таклиф қи­лиш ўзига хос хусусиятларни, қулай­лик­ларни талаб қилади.
     Мазкур муассасаларда даволаш-профилактика, парҳез таомлар ис­теъ­мол қилиниши, болалар овқат­ла­ниши ва бошқа қўшимча хизматлар кўрсатилиши учун алоҳида эътибор талаб қилинади. Тиббий хизматлар кўрсатиш ҳар бир муолажа учун белгиланган тартибда, ўта масъулият билан амалга оширилади. Жисмоний тарбия машғулотларига ҳам катта эътибор берилади.
     Хулоса қилиб айтганда, республикамизда фаолият юритаётган санато­рий ва дам олиш уйлари хизматларини стандартлаштириш ҳамда меъ­ёрлаштириш орқали уларнинг сифатини кескин ошириш, баҳолашни таҳ­лил қилиб бориш, тоифаларга ажратиш ва юқори даражага етказиш ҳи­со­бига халқаро туризмни ривожлан­тириш имкониятлари янада кенгайи­ши учун кенг йўл очилади.
 
 
Дилфуза НОРҚУЛОВА,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти мустақил тадқиқотчиси

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.