Mintaqaning turizm salohiyati

Betakror va ulug‘vor madaniy meros

3/2017

     Мустақиллик Бухоро вилоятида ҳам туризм ривожланиши учун кенг йўллар очиб берди. Вилоят нафақат иқ­тисодий салоҳияти, балки қадимий обидалари, меъморчилик иншоотлари, кўп асрлик тарихи билан донг таратган. Дарҳақиқат, ҳудуддаги 777 та тарихий обидалар, 1993 йилда ЮНЕСКОнинг маданий мероси рўйхатига киритилган Бухоро шаҳридаги 217 та маданий мерос объектлари туристларда катта қизиқиш уйғот­моқда. Соҳага илғор технологияларни жорий қилиш, транспорт ва телекоммуникацияни ривожлантириш, маҳсулот ва хизматлар рақобатбар­дошлигини ошириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Туризм республикамизнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий, маърифий соҳаларига таъсир кўрсатишда, ўзаро ҳамкорлик­ни кучайтиришда, тинчликни мустаҳ­кам­лашда ўзига хос ўрин тутади. Қо­ла­верса, туризмга қаратилаётган эъти­бор, дунё аҳлини мафтун этаётган табиат, муқаддас қадамжолар, файзли гўшалар, ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, меҳмондўстлик, сифатли хизмат турлари сайёҳлар сони ортишига хизмат қилмоқда.
     Бу эса, тарихий жойларни намунали объектларга айлантиришга ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий жи­ҳат­дан тараққий этишига ҳисса қў­шиш­дан ташқари, ҳудуднинг табиий ресурслари ва ижтимоий салоҳияти­дан фойдаланишга, малакали ишчи-ходим, хўжалик бошқаруви кадрлари тайёрлашга сезиларли таъсир кўр­сатмоқда. Янги-янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, улар томонидан хизмат кўрсатиш турлари тобора кўпаймоқда.
     Қадим тамаддун бешикларидан бири – Бухорои Шарифнинг туризм­га қўшаётган ҳиссаси, истиқболли йўналишлари унинг ўлка ҳаётида тутаётган аҳамияти юқорилиги боис, бухороликлар соҳани янада ривож­лантириш, уни гуллаб-яшнатишни мақ­сад қилишган. Зеро, туризм иш би­лан таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини фаровонлаштиришда энг ишончли воситалардан бири саналади. Миллий урф-одат ва анъаналар, ҳунармандчилик намуналари, меҳ­монхона бошқаруви савияси юксала­ётгани сайёҳлар оқими­нинг мунтазам кўпайиб бораётганини кўрсат­моқ­да. Бу ерда етарли шарт-шароитлар яратилганлиги туризм йўналиш­ларини ри­вожлантириш имкониятларидан да­лолат беради. Му­ҳими, ушбу соҳа катта ўзгариш­ларни бошидан кечираётгани, ўз салоҳия­тини тўла намоён этишда сама­рали лойиҳалар­нинг амалга оширилаётгани, эркин рақо­бат муҳитининг яратилаётгани натижасида вилоятда меҳ­монхоналар со­ни 106 тани, туристик фирмалар ­сони эса 40 тани ташкил этди.
     Бухоро вилоятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенгайтириш ҳамда мазкур соҳага туризмни татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар бизнесни ҳаракат­лантирувчи асосий кучга, муваффа­қиятни таъминловчи муҳим омиллардан бирига айланмоқда. Шу жумладан, иқтисодиётда таҳлил қилиш ва тажриба орттириш, замонавий технологияларни қўллаш билан мақ­садга эришиш мумкин. Бу борада мазкур тизимга қаратилаётган эътибор туфайли, қулай шарт-шароитлар, яратиб берилаётган имтиёзлар натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иқтисо­диёт тармоқларининг етакчи кучига айланмоқда.
     Вилоятнинг мавжуд туристик са­лоҳиятини янада бойитиш, ундан са­марали фойдаланган ҳолда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, дунё сайёҳларини юр­тимизнинг бой тарихи, маданияти ва миллий мероси билан яқиндан таништириш, сайёҳлик инфратузилмаси объектлари бунёд этилишига жиддий эътибор берилмоқда. Ушбу самарали ишлар натижасида вилоятимиздаги барча меҳмонхоналар бир кеча-кундузда 4500 га яқин меҳмонга хал­қаро стандартлар даражасида сер­вис хизмати кўрсатмоқда. 2017 йил охирига келиб, улар сони 5500 тага етказилади.
     Сайёҳлик индустриясига замонавий ахборот технологияларини тизимли равишда жорий қилиш ҳисо­бига вилоятга ташриф буюраётган хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг сони ортишига эришиш мумкин. Агар, 2015 йилда 120 мингдан ортиқ хорижий сайёҳларга кўрсатилган экспорт хизматлари ҳажми 53,6 млн доллардан ошган бўлса, 2016 йилда 130 минг­га яқин хорижий сайёҳ қабул қи­ли­ниб, уларга кўрсатилган экспорт хизматлари ҳажми 90,3 млн долларга етди.
     2016 йилнинг натижаларига кўра, вилоят бўйича ўнта меҳмонхона, учта туристик фирма фаолияти йўлга қўйилди. Қишлоқ жойларида меҳ­мон­хона хизматларининг янги турларини жорий этиш ва агротуризмни ривожлантириш бўйича Олот туманида 80, Шофиркон туманида 20 ўринли замонавий меҳмонхона ва Ғиж­дувон туманида битта кемпинг қурилди. Бундан ташқари, Бухоро шаҳридаги «Хуржун» мадрасаси тў­лиқ таъмирланиб, мазкур объектда 20 ўринга мўлжалланган меҳмонхона, «Azima baht» оилавий корхонасига қарашли ўн ўринли ва «Manuchehr Musinovich Gulamov» оилавий корхонасига қарашли ўн ўринли, «Ra’no grand Tour servis» МЧЖга қарашли 36 ўринли, Ҳамза кўчасида 50 ўринли «Vardonze» меҳмонхонаси фойдаланишга топширилди.
     Шунингдек, «Сиёвуш» меҳмонхо­насида қўшимча 20 ўринли, «Ранг­рез» меҳмонхонасида қўшимча 40, «Бухоро Барака» меҳмонхонасида қў­шимча 15, «Заргарон Плаза» меҳ­мон­хонасида қўшимча 80, «Шарқ» меҳмонхонасида қўшимча 40 ўринли, «Жайрон» экомарказида хорижий ва маҳаллий сайёҳларни қабул қи­лиш­га мўлжалланган 20 ўринли ҳам­да «Султон» меҳмонхонасида қўшим­ча 30 ўринли замонавий биноларни қуриш ишлари олиб борилмоқда.
     Туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, туристик мавсум давомийлигини ошириш мақсадида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун ҳар йили «Ипак ва зираворлар» фестивали, «Палов сайли», «Қовун сайли», Ибн Сино таваллудига бағишланган илмий-амалий конференция, «Миллий анъаналар» фестивали каби тадбирларнинг доимий ўтказилиши ҳам анъанага айланган. Хусусан, 2016 йил 26–28 май кунлари XV халқаро «Ипак ва зираворлар» фестивали ва унинг доирасида «Бухорога хорижий сармояларни, замонавий технологиялар ва инновацион лойиҳаларни жалб қилиш – туризм соҳасини ривожлантириш, хизмат кўрсатиш тизимини янгилаш ҳамда халқаро тан олинган маданий мерос объектларини сақлаб қолишнинг бош мезони сифатида» мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Айниқса, Бухоро аэропортининг халқаро аэро­портга айлантирилиши ва Бухоро темир йўл вокзалидан «Афросиёб» тезюрар поездининг қатнови йўлга қўйилиши вилоятда туризмнинг ривожланишига, сайёҳлар оқимининг янада ошишига олиб келди. Замонавий туристик автобуслар ва микроавтобуслар харид қилиниши ҳам сайёҳлар учун катта қулайликлар яратмоқда.
     Шунингдек, туризм йўналишлари­дан бири бўлган ресторан ва овқатла­ниш хизматлари ҳам янги босқичга кўтарилди. Жумладан, 2010 йилларда сайёҳлар учун мўлжалланган ов­қатланиш шохобчалари (Но­дир Девонбеги, Белла Италия, Лаби Ҳовуз) каби саноқли ресторандан иборат бўлган бўлса, 2017 йил охирига келиб улар сони 35 тага етказилиши кутил­моқда.
     Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 июндаги «Жойларда туризм соҳа­сини янада ривожлантириш ва туризм хизматлари экспортини оширишни таъминлашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар тўғрисида»ги баённомаси ва 2016 йил 13 июндаги топшириғини бажариш бўйича ишчи гуруҳи тузилди. Ҳудудий гуруҳ аъзоларига бир қа­тор хорижий давлатлардан чартер рейс­ларни ташкил этиш, фаолият кўрсатмаётган йирик меҳ­мон­хоналар фао­лиятини қайта тик­лаш, интернет тармоғига уланиш учун Wi-Fi зонасини яратиш, туризм статистикасини ривожлантириш бўйича давлат статистика дастурига ўзгартириш киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чи­қиш каби муҳим вазифаларни бажариш юклатилди.
     Бухоро шаҳридаги «Бухоро» меҳ­монхонаси фаолиятини қайта тиклаш бўйича маҳаллий ва хорижий инвес­торларнинг таклифлари ўрганиб чи­қилиб, «Зарафшон» меҳмонхона­сини қайта таъмирлаш ва фойдаланишга топшириш мулкий муносабатларига аниқлик киритиш ишлари олиб бо­рилмоқда. Шунингдек, Бухоро шаҳ­ри­даги «Пойи Калон», «Лаби Ҳовуз», «Тоқи Заргарон», «Тоқи Телпакфурушон» ва «Саррафон» тарихий-маданий ва савдо мажмуаларида, «Сомо­нийлар» номидаги истироҳат боғида, «Ибн Сино» фавворалар хиёбонида, «Кўҳна ва боқий Бухоро» маданият марказида, «Арк» қўрғонида, «Ситораи Моҳи Хоса» саройида, Бухоро халқаро аэропортида, Бухоро автовокзалида, Когон шаҳридаги Бухоро темир йўллар вокзалида, Когон тума­нидаги «Баҳоуддин Нақшбанд» тарихий-маданий мажмуалар, жа­ми 11 та объектда Wi-Fi зонаси­ни ташкил этиш учун оптик толали ало­қа линия­лари тортилди.
     2017–2021 йилларда вилоятда туризмни ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида Бухоро шаҳрида халқаро учрашувлар ҳамда конференциялар ўтказишга мўлжалланган миллий руҳдаги замонавий иншоот қуриш, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро ҳудудий бошқармасининг маъ­мурий биносини жойлаштириш, кадр­лар малакасини ошириш ва қай­та тайёрлаш Республика ўқув марказининг Бухоро филиалини ташкил этиш ишлари амалга оширилади. Шунинг­дек, ташриф буюраётган сайёҳ­ларга қулайликлар яратиш мақсадида аэропорт ва темир йўл вокзалида вилоятнинг барча туристик йўналишлари, тарихий обидалари, транс­порт хизмати, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари тўғрисидаги маълумот­ларга эга «Ахборот марказ»­лари ташкил этилиб, якка тартибда келувчи сайёҳлар учун туристик йўл кўрсаткичлари ўрнатилади.
     Қолаверса, «Варахша», «Зарафшон», «Бухоро» меҳмонхоналарини капитал реконструкция қилиш ва замонавий меҳмонхонага айлантириш, Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хўжа Муҳаммад Ориф ар-Ревгарий, Хўжа Маҳмуд Анжир-Фағнавий, Хўжа Азизон, Хўжа Муҳаммад Бобо Самосий, Хўжа Саид Амир Кулол, Хўжа Баҳоуддин Нақшбанд зиёрат­гоҳларида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун йўл, коммуникация, дам олиш, овқатланиш инфратузилмаларини яратиш ва такомиллаштириш кўзда тутилган. Шунингдек, вилоятнинг туризм салоҳиятини дунёга тарғиб қилиш ва туристик мавсум давомийлигини узайтириш мақса­дида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун доимий равишда фестиваллар ташкил қилиш вазифалари ҳам белгилаб олинди.
     Қисқача айтганда, вилоятимизнинг иж­тимоий-иқтисодий, илмий са­лоҳиятини юксалтириш, барча соҳа­ларга инновацион технологияларнинг самарали жорий этилиши яқин йилларда ўзининг ижобий натижаларини намоён этади. Энг муҳими, бетак­рор ва улуғвор маданий, интеллектуал меросимиз, маданиятимиз ва анъаналаримиз туризмнинг янада ри­вожланиши учун хизмат қилади.
 
 
Муаззам ХАЛИЛОВА,
«O‘zIA» мухбири

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.