Мустақиллик Бухоро вилоятида ҳам туризм ривожланиши учун кенг йўллар очиб берди. Вилоят нафақат иқтисодий салоҳияти, балки қадимий обидалари, меъморчилик иншоотлари, кўп асрлик тарихи билан донг таратган. Дарҳақиқат, ҳудуддаги 777 та тарихий обидалар, 1993 йилда ЮНЕСКОнинг маданий мероси рўйхатига киритилган Бухоро шаҳридаги 217 та маданий мерос объектлари туристларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Соҳага илғор технологияларни жорий қилиш, транспорт ва телекоммуникацияни ривожлантириш, маҳсулот ва хизматлар рақобатбардошлигини ошириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Туризм республикамизнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий, маърифий соҳаларига таъсир кўрсатишда, ўзаро ҳамкорликни кучайтиришда, тинчликни мустаҳкамлашда ўзига хос ўрин тутади. Қолаверса, туризмга қаратилаётган эътибор, дунё аҳлини мафтун этаётган табиат, муқаддас қадамжолар, файзли гўшалар, ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, меҳмондўстлик, сифатли хизмат турлари сайёҳлар сони ортишига хизмат қилмоқда.
Бу эса, тарихий жойларни намунали объектларга айлантиришга ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тараққий этишига ҳисса қўшишдан ташқари, ҳудуднинг табиий ресурслари ва ижтимоий салоҳиятидан фойдаланишга, малакали ишчи-ходим, хўжалик бошқаруви кадрлари тайёрлашга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Янги-янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, улар томонидан хизмат кўрсатиш турлари тобора кўпаймоқда.
Қадим тамаддун бешикларидан бири – Бухорои Шарифнинг туризмга қўшаётган ҳиссаси, истиқболли йўналишлари унинг ўлка ҳаётида тутаётган аҳамияти юқорилиги боис, бухороликлар соҳани янада ривожлантириш, уни гуллаб-яшнатишни мақсад қилишган. Зеро, туризм иш билан таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини фаровонлаштиришда энг ишончли воситалардан бири саналади. Миллий урф-одат ва анъаналар, ҳунармандчилик намуналари, меҳмонхона бошқаруви савияси юксалаётгани сайёҳлар оқимининг мунтазам кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу ерда етарли шарт-шароитлар яратилганлиги туризм йўналишларини ривожлантириш имкониятларидан далолат беради. Муҳими, ушбу соҳа катта ўзгаришларни бошидан кечираётгани, ўз салоҳиятини тўла намоён этишда самарали лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани, эркин рақобат муҳитининг яратилаётгани натижасида вилоятда меҳмонхоналар сони 106 тани, туристик фирмалар сони эса 40 тани ташкил этди.
Бухоро вилоятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенгайтириш ҳамда мазкур соҳага туризмни татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар бизнесни ҳаракатлантирувчи асосий кучга, муваффақиятни таъминловчи муҳим омиллардан бирига айланмоқда. Шу жумладан, иқтисодиётда таҳлил қилиш ва тажриба орттириш, замонавий технологияларни қўллаш билан мақсадга эришиш мумкин. Бу борада мазкур тизимга қаратилаётган эътибор туфайли, қулай шарт-шароитлар, яратиб берилаётган имтиёзлар натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иқтисодиёт тармоқларининг етакчи кучига айланмоқда.
Вилоятнинг мавжуд туристик салоҳиятини янада бойитиш, ундан самарали фойдаланган ҳолда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, дунё сайёҳларини юртимизнинг бой тарихи, маданияти ва миллий мероси билан яқиндан таништириш, сайёҳлик инфратузилмаси объектлари бунёд этилишига жиддий эътибор берилмоқда. Ушбу самарали ишлар натижасида вилоятимиздаги барча меҳмонхоналар бир кеча-кундузда 4500 га яқин меҳмонга халқаро стандартлар даражасида сервис хизмати кўрсатмоқда. 2017 йил охирига келиб, улар сони 5500 тага етказилади.
Сайёҳлик индустриясига замонавий ахборот технологияларини тизимли равишда жорий қилиш ҳисобига вилоятга ташриф буюраётган хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг сони ортишига эришиш мумкин. Агар, 2015 йилда 120 мингдан ортиқ хорижий сайёҳларга кўрсатилган экспорт хизматлари ҳажми 53,6 млн доллардан ошган бўлса, 2016 йилда 130 мингга яқин хорижий сайёҳ қабул қилиниб, уларга кўрсатилган экспорт хизматлари ҳажми 90,3 млн долларга етди.
2016 йилнинг натижаларига кўра, вилоят бўйича ўнта меҳмонхона, учта туристик фирма фаолияти йўлга қўйилди. Қишлоқ жойларида меҳмонхона хизматларининг янги турларини жорий этиш ва агротуризмни ривожлантириш бўйича Олот туманида 80, Шофиркон туманида 20 ўринли замонавий меҳмонхона ва Ғиждувон туманида битта кемпинг қурилди. Бундан ташқари, Бухоро шаҳридаги «Хуржун» мадрасаси тўлиқ таъмирланиб, мазкур объектда 20 ўринга мўлжалланган меҳмонхона, «Azima baht» оилавий корхонасига қарашли ўн ўринли ва «Manuchehr Musinovich Gulamov» оилавий корхонасига қарашли ўн ўринли, «Ra’no grand Tour servis» МЧЖга қарашли 36 ўринли, Ҳамза кўчасида 50 ўринли «Vardonze» меҳмонхонаси фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, «Сиёвуш» меҳмонхонасида қўшимча 20 ўринли, «Рангрез» меҳмонхонасида қўшимча 40, «Бухоро Барака» меҳмонхонасида қўшимча 15, «Заргарон Плаза» меҳмонхонасида қўшимча 80, «Шарқ» меҳмонхонасида қўшимча 40 ўринли, «Жайрон» экомарказида хорижий ва маҳаллий сайёҳларни қабул қилишга мўлжалланган 20 ўринли ҳамда «Султон» меҳмонхонасида қўшимча 30 ўринли замонавий биноларни қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, туристик мавсум давомийлигини ошириш мақсадида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун ҳар йили «Ипак ва зираворлар» фестивали, «Палов сайли», «Қовун сайли», Ибн Сино таваллудига бағишланган илмий-амалий конференция, «Миллий анъаналар» фестивали каби тадбирларнинг доимий ўтказилиши ҳам анъанага айланган. Хусусан, 2016 йил 26–28 май кунлари XV халқаро «Ипак ва зираворлар» фестивали ва унинг доирасида «Бухорога хорижий сармояларни, замонавий технологиялар ва инновацион лойиҳаларни жалб қилиш – туризм соҳасини ривожлантириш, хизмат кўрсатиш тизимини янгилаш ҳамда халқаро тан олинган маданий мерос объектларини сақлаб қолишнинг бош мезони сифатида» мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Айниқса, Бухоро аэропортининг халқаро аэропортга айлантирилиши ва Бухоро темир йўл вокзалидан «Афросиёб» тезюрар поездининг қатнови йўлга қўйилиши вилоятда туризмнинг ривожланишига, сайёҳлар оқимининг янада ошишига олиб келди. Замонавий туристик автобуслар ва микроавтобуслар харид қилиниши ҳам сайёҳлар учун катта қулайликлар яратмоқда.
Шунингдек, туризм йўналишларидан бири бўлган ресторан ва овқатланиш хизматлари ҳам янги босқичга кўтарилди. Жумладан, 2010 йилларда сайёҳлар учун мўлжалланган овқатланиш шохобчалари (Нодир Девонбеги, Белла Италия, Лаби Ҳовуз) каби саноқли ресторандан иборат бўлган бўлса, 2017 йил охирига келиб улар сони 35 тага етказилиши кутилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 июндаги «Жойларда туризм соҳасини янада ривожлантириш ва туризм хизматлари экспортини оширишни таъминлашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар тўғрисида»ги баённомаси ва 2016 йил 13 июндаги топшириғини бажариш бўйича ишчи гуруҳи тузилди. Ҳудудий гуруҳ аъзоларига бир қатор хорижий давлатлардан чартер рейсларни ташкил этиш, фаолият кўрсатмаётган йирик меҳмонхоналар фаолиятини қайта тиклаш, интернет тармоғига уланиш учун Wi-Fi зонасини яратиш, туризм статистикасини ривожлантириш бўйича давлат статистика дастурига ўзгартириш киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш каби муҳим вазифаларни бажариш юклатилди.
Бухоро шаҳридаги «Бухоро» меҳмонхонаси фаолиятини қайта тиклаш бўйича маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг таклифлари ўрганиб чиқилиб, «Зарафшон» меҳмонхонасини қайта таъмирлаш ва фойдаланишга топшириш мулкий муносабатларига аниқлик киритиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Бухоро шаҳридаги «Пойи Калон», «Лаби Ҳовуз», «Тоқи Заргарон», «Тоқи Телпакфурушон» ва «Саррафон» тарихий-маданий ва савдо мажмуаларида, «Сомонийлар» номидаги истироҳат боғида, «Ибн Сино» фавворалар хиёбонида, «Кўҳна ва боқий Бухоро» маданият марказида, «Арк» қўрғонида, «Ситораи Моҳи Хоса» саройида, Бухоро халқаро аэропортида, Бухоро автовокзалида, Когон шаҳридаги Бухоро темир йўллар вокзалида, Когон туманидаги «Баҳоуддин Нақшбанд» тарихий-маданий мажмуалар, жами 11 та объектда Wi-Fi зонасини ташкил этиш учун оптик толали алоқа линиялари тортилди.
2017–2021 йилларда вилоятда туризмни ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида Бухоро шаҳрида халқаро учрашувлар ҳамда конференциялар ўтказишга мўлжалланган миллий руҳдаги замонавий иншоот қуриш, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро ҳудудий бошқармасининг маъмурий биносини жойлаштириш, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш Республика ўқув марказининг Бухоро филиалини ташкил этиш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, ташриф буюраётган сайёҳларга қулайликлар яратиш мақсадида аэропорт ва темир йўл вокзалида вилоятнинг барча туристик йўналишлари, тарихий обидалари, транспорт хизмати, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари тўғрисидаги маълумотларга эга «Ахборот марказ»лари ташкил этилиб, якка тартибда келувчи сайёҳлар учун туристик йўл кўрсаткичлари ўрнатилади.
Қолаверса, «Варахша», «Зарафшон», «Бухоро» меҳмонхоналарини капитал реконструкция қилиш ва замонавий меҳмонхонага айлантириш, Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хўжа Муҳаммад Ориф ар-Ревгарий, Хўжа Маҳмуд Анжир-Фағнавий, Хўжа Азизон, Хўжа Муҳаммад Бобо Самосий, Хўжа Саид Амир Кулол, Хўжа Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳларида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун йўл, коммуникация, дам олиш, овқатланиш инфратузилмаларини яратиш ва такомиллаштириш кўзда тутилган. Шунингдек, вилоятнинг туризм салоҳиятини дунёга тарғиб қилиш ва туристик мавсум давомийлигини узайтириш мақсадида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун доимий равишда фестиваллар ташкил қилиш вазифалари ҳам белгилаб олинди.
Қисқача айтганда, вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий салоҳиятини юксалтириш, барча соҳаларга инновацион технологияларнинг самарали жорий этилиши яқин йилларда ўзининг ижобий натижаларини намоён этади. Энг муҳими, бетакрор ва улуғвор маданий, интеллектуал меросимиз, маданиятимиз ва анъаналаримиз туризмнинг янада ривожланиши учун хизмат қилади.
Муаззам ХАЛИЛОВА,
«O‘zIA» мухбири