Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли, республикамиз аҳолисининг турмуш даражасини тубдан яхшилаш, бунёдкорлик салоҳиятини сафарбар этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга мўлжалланган кенг имкониятларни ишга солиш учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Республикамиз Президентининг 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатни модернизациялаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришга йўналтирилган миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишда инвестициявий муҳитни яхшилаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга хорижий сармояларни кенг кўламда жалб этиш ҳамда ижтимоий фаолиятимиз таъсирчанлигини оширишга жиддий эътибор берилмоқда.
Дарҳақиқат, иқтисодиёт тармоқлари рақобатбардошлигини оширишда инвестициявий муҳитни яхшилаш, ҳудудларга хорижий сармояларни жалб этиш муҳим аҳамият касб этади. Бу эса, ўз навбатида, ижтимоий ҳаётимизда туб ўзгаришларга, аҳолининг талаб-эҳтиёжлари қондирилишига хизмат қилади. Яъни, маиший жиҳозлар ва маҳсулотларга талаблар йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бунда, аҳолининг демографик ўсишини инобатга оладиган бўлсак, мазкур фикр-мулоҳазаларимиз нақадар долзарб эканлиги яққол намоён бўлади.
Бу борада республикамиз саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш, маҳаллий хомашёларнинг бой манбаларини ўзлаштириш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Биринчи Президентимиз берган таклифларига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йилдаги 79-сонли ва 2002 йилдаги 158- сонли қарорларига асосан 2006 йилда Қўнғирот туманининг Устюрт текислигида Марказий Осиёда ягона, йилига 100 минг тонна кальцинацияланган сода ишлаб чиқаришга мўлжалланган Қўнғирот заводи Хитой Халқ Республикасининг «Ситик» компанияси ёрдамида бунёд этилиб, ишга туширилди.
Мазкур кальцинацияланган сода ишлаб чиқариш учун асосий хомашё техник ош тузи ва оҳактош ҳисобланади. Маҳсулотни тайёрлашда ишлатиладиган барча хомашё турлари сода заводидан 53 км узоқликда жойлашган «Борсакельмес» туз конидан, оҳактош эса 250 км узоқликда жойлашган Жамансай оҳактош конидан ташиб келтирилади.
Мутахассисларга яхши маълум, кальцинацияланган сода ишлаб чиқариш жараёни ўта мураккаб бўлиб, катта миқдордаги энергия қуввати талаб қиладиган автоматлаштирилган тизим яратилишини, ишчи-хизматчилардан юксак малака ва ўз ишига масъулият билан ёндашишни талаб этади. Бугунги кунда Қўнғирот сода заводидаги барча ишлаб чиқариш жараёни компьютерлар орқали дунёга машҳур «Хонивелл» ва «Сименс» фирмаларининг дастурлари билан бошқарилади.
Қўнғирот сода заводининг ишлаб чиқариш жараёнларини рақамларда ифодалайдиган бўлсак, қуйидаги манзара намоён бўлади: яъни, ишлаб чиқариш қуввати ҳамда талаб ва таклифга қараб 2006 йилда 12810 тонна, 2007 йилда 46653 тонна, 2008 йилда 71031 тонна, 2009 йилда 76762 тонна, 2010 йилда 90351 тонна, 2011 йилда 97800 тонна, 2012 йилда 92007 тонна, 2013 йилда 96042 тонна, 2014 йилда 95890 тонна, 2015 йилда 88269 тонна ва 2016 йилда 124881 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди, ушбу рақамни 2017 йилда 177000 тоннага етказиш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 16 ноябрдаги қарорига асосан, Қўнғирот сода заводида кальцинацияланган сода ишлаб чиқариш йиллик қувватини 100 минг тоннадан 200 минг тоннага етказиш лойиҳаси амалга оширилди. Бунинг учун лойиҳа доирасида Жамансай оҳактош карьери қувватини 240 минг тоннадан 400 минг тоннагача, Барсакелмес туз кони қувватини 330 минг тоннадан 470 минг тоннагача кенгайтиришга эришилди.
Технологик объектларни қуриш ишлари Хитойнинг «Ситик» компанияси билан биргаликда амалга оширилди. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 109,4 млн долларга тенг бўлиб, 2016 йилнинг август ойида қурилиш ишлари якунланиб, заводнинг йиллик қуввати 200 минг тоннага етказилди. Бу миқдор республикамиз саноат корхоналари эҳтиёжларини тўла қондириш билан бир қаторда, йилига 25000 тоннадан ортиқ маҳсулотни ҳамдўстлик мамлакатларига экспорт қилиш имкониятини ҳам яратди. Жумладан, мамлакатимиз ички бозорларида сода заводи маҳсулотларининг асосий харидорлари «Кварц» АЖ, «Campalia» XK, «Асл ойна» АЖ, НГМК, «Ўзкимёсаноат» АЖ каби йирик корхоналар ва бошқа кўплаб кичик корхоналар ҳисобланади.
Шу билан бирга, мазкур маҳсулотларга ички ва ташқи бозорлардаги талаб тобора ортиб бораётганини эътиборга олиб, Халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган маҳсулот тайёрлаш ишлари йўлга қўйилди. Бунинг натижасида ўтган йиллар давомида шартнома асосида Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларига экспорт қилиш ҳажмлари ортишига муваффақ бўлинди.
Қўнғирот сода заводида тикувчилик ва йодланган ош тузи ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилиб, ҳудуднинг қўшимча иш ўринлари яратиш имкониятлари кенгайтирилди.
Айни пайтда ишлаб чиқариш жараёнларини янада муваффақиятли ташкил этиш учун заводни юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш ишларига алоҳида эътибор берилмоқда. Яъни, Қўнғирот сода заводи қошида Тошкент кимё технологиялари институтининг махсус сиртқи бўлими очилиб, замонавий компьютер техникалари, лаборатория қурилмалари ва бошқа энг зарур асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминланди. Талабаларга малакали, бугунги кун талаблари даражасида билим бериш учун Тошкент кимё технологиялари институти, Тошкент давлат техника университети, Қорақалпоқ давлат университети ва бошқа ўқув юртларидан тажрибали профессор-ўқитувчилар жалб қилинди.
Президентимизнинг 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича мамлакатни модернизациялаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишда инвестициявий муҳитни яхшилаш, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари» йили давлат дастури ижросини таъминлаш борасида шубҳасиз Қўнғирот сода заводи ҳам ўзига хос тарзда ҳисса қўшмоқда.
Анвархон САЙДАХМЕДОВ,
«O‘zIA» мухбири