Кўз тегмасин, 27 йилдирки, Ўзбекистон Мустақиллик йўлидан дадил одим ташламоқда. Мудом тараққиёт ва юксалиш сари интилиб, диққатга молик ютуқларни қўлга киритмоқда. Энг муҳими, инсон бахтли ҳаёт кечириши учун ҳамиша ва ҳар қандай шароитда ҳам ўта зарур, ўта қадрли бўлган бебаҳо ва буюк неъмат – тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келмоқда. Бунда аввало, юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оилага бирлашиб, аҳил-иноқ яшаётгани, улар ўртасида ўзаро ҳурмат, тенгҳуқуқлилик ва ҳамжиҳатлик қарор топгани, иккинчидан, мамлакатимиз бошқа давлатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлагани, айниқса, «ён қўшни – жон қўшни» саналмиш халқларимиз ўртасида асрлар оша сайқал топган, бироқ айрим сабабларга кўра кейинги пайтларда бирмунча сусайган борди-келдилар қайта тиклангани беқиёс аҳамиятга эга бўлмоқда.
Дарвоқе, эндиликда бизнинг орзу-мақсадлари уйқаш, миллий қадриятлари ўхшаш яқин қардошларимиз – қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман каби биродарларимиз билан ҳамкорлигимиз юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланишда давом этаяпти. Президентларимизнинг расмий ташрифлари, турли соҳа вакилларининг учрашувлари ўтказилаётгани, ўзаро алоқаларимиз фаоллашаётгани мамлакатларимиз кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришдан манфаатдорлигини амалда исботлаяпти. Ана шундай бир вазиятда 2018 йил Қоғоғистонда «Ўзбекистон йили», деб эълон қилиниши ўзига хос янгилик бўлди. Унга кўра кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ташкиллаштирилади. Жумладан, Олмаота шаҳрида Ўзбек адабиёти кунлари, Остона шаҳрида Ўзбек аёллар миллий либослари ва халқ амалий санъати ҳамда китоблар кўргазмалари, Тароз, Чимкент, Қизилўрда, Туркистон шаҳарларида ўзбек киноси кунлари, бадиий жамоалар ва эстрада ижодкорлари иштирокида «Ош фестивали» уюштирилади. Ўзбек Миллий академик драма театри ижодкорлари Чимкент, республика ёш томошабинлар театри жамоаси Олмаота, Ўзбекистон фольклор жамоалари Туркистон шаҳарларида ижодий сафарда бўлишади. «Ўзбекистон йили» ёпилишига бағишланган тантанали концерт дастурида икки халқ санъат усталари ва ижрочи ёшлар қатнашадилар.
Жорий йил 25–28 апрель кунлари Остона шаҳрида ўтказилган «III Евроосиё халқаро китоб кўргазма ярмаркаси»да Ўзбекистон делегацияси фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. Дунёнинг йигирмага яқин мамлакатидан 150 дан ортиқ нашриётлар қатнашган ушбу кўргазмада Ўзбекистон миллий павильони энг яхши экспозиция, деб топилди.
Нурсултон Назарбоевнинг «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган «XXI аср бўсағасида» китоби олий мукофот – Гран-прини қўлга киритди.
Турган гап, бошқа янгиликлар қатори бу тадбирлар ҳақидаги хабарлар ҳар иккала мамлакат оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилади. Чунки ўзбек ва қозоқ қаламкашлари ўртасидаги ижодий ҳамкорлик азалдан яхши йўлга қўйилган. Ўтган йили эса Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан «Казинформ» халқаро ахборот агентлиги ўртасида меморандум имзоланган. Қолаверса, журналистика халқлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш воситасига ҳам айланган. Биз шуни назарда тутиб, юртимизда матбуотни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар тўғрисида сўз юритишни лозим топдик.
Весь текст статьи вы можете прочитать в печатной версии журнала.