PRONTO

Юқори сифат – “PRONTO TEXTILE GROUP” фаолиятининг асосий мезони

5/2020

     Бугунги кунда жаҳонда енгил саноат, инчунун, тўқимачилик соҳасида туркиялик ишбилармонларнинг ўзига хос мактаби алоҳида қадрланади. Уларнинг бу борадаги улкан тажрибасини ўрганиш, мавжуд салоҳия­тимиз ва имкониятларимиздан келиб чиққан ҳолда тўқимачиликни ривожлантиришда самарали ҳамкорлик қилиш ўзбекистонлик тадбиркорлар учун ҳам айни муддаодир.
     Пойтахтимиздаги Яккасарой кичик саноат зонасида фаолият кўрсатаётган, ички ва ташқи бозорга кенг турдаги юқори сифатли трикотаж маҳсулотлари етказиб беришга ихтисослашган “Pronto Textile Group” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхонани ана шундай изчил ҳамкорликнинг яққол намунаси дейиш мумкин.
     Мухбиримиз “Pronto Textile Group” МЧЖ таъсисчиси Нуруллах ДУРСУН билан компаниянинг ривожланиши ва ишлаб чиқаришда Туркия тажрибасининг қўлланилишига доир кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб олди.
 
 
     – Туркиянинг юксак инвестициявий салоҳияти ва унинг Ўзбекистон бозорида иштирок этишга бўлган қизиқиши ортиб бораётгани мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни юксалтиришда муҳим ўрин тутмоқда. Сиз таъсисчилик қилган корхона ҳам ана шундай ишончли ва ўзаро манфаатли ало­қаларнинг муваффа­қиятини ўзида намоён этмоқда. Дастлаб ўқувчиларимизга “Pronto Textile Group”нинг ташкил этилиши ҳақида қисқача сўзлаб берсангиз.
     – Корхонамиз 2016 йили ташкил этилган. Асосан тайёр трикотаж маҳ­сулотларини экспортга чиқариш устувор мақсадимиз эди. Буни рўёбга чиқариш учун маҳаллий ёш кадрларни ишга жалб қилдик. Натижада корхонамизда 2016 йилнинг ўзидаёқ юздан ортиқ маҳаллий ёшларни иш билан таъминладик ва уларнинг малакасини ошириш учун Туркиядан мутахассисларни кел­тирдик.
     – Билишимизча, “Pronto Textile Group” компаниясининг ишлаб чи­қариши – бу трикотаж маҳсулот­ларини лойиҳалаштиришдан тортиб кашта тикиш жараёни, тайёр маҳсулотларни чиқариш ва якуний қадоқлашгача бўлган барча бос­қичларни ўз ичига олган тўлиқ технологик цикл. Бундай имкониятни яратиш ўз-ўзидан бўлмагандир?
     – Тўғри. Корхонамизда лойиҳалаш ишларидан то маҳсулотларни тайёр ҳолатга келтиришгача бўлган барча жараён учун масъул бўлимлар бор. Яъни бичиш, кашта тикиш, бўёқли штамп босиш, тикиш, қадоқлаш бўлимлари… Уларда ҳар бир маҳсулот обдон текширилади. Ушбу бўлимларда энг илғор русумдаги ускуналар ўрнатилган. Бу эса ишлаб чиқариш сифати ва ҳажмининг барқарорлигини кафолатлайди.
     – Ўзбекистонда экологик тоза ва юз фоиз табиий хом ашё тақдим этиш имконини берувчи бой ресурс базанинг мавжудлиги тармоқ рав­нақига хизмат қилаётгани кундай аён. Зотан, мамлакатимиз пахтаси жаҳон бозорида юқори баҳола­нади. Демак, бундай сифатли хом ашёдан тайёрланган маҳсулот­ларга талаб ҳам юқори бўлиши керак, шундай ­эмасми?
     – Бу шак-шубҳасиз!
     – Асосий истеъмолчиларингиз кимлар? Ишлаб чиқарилаётган маҳ­сулотлар қайси давлатларга экспорт қилинмоқда?
     – Корхонамиз маҳсулотларининг истеъмолчилари турли ёшдагилардир. Яъни кичик, ўрта ва катта ёшдагилар учун ҳозирда 2 минг турга яқин трикотаж буюмлар ишлаб чиқармоқ­дамиз. Маҳсулотларимиз Италия, Туркия ва Россияга экспорт қили­наётир.
     – Ўзбекистон 2025 йилга келиб тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини 7 миллиард долларга етказишни режалаш­тирган. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар зиммасига катта масъулият юклайди. Муҳими, ишлаб чиқаришда юқори сифатга эришиш лозим. Компаниянгиз бу йўлда қандай режалар қилмоқда?
     – Юқори сифат – бу компаниямиз фаолиятининг асосий мезони ҳи­собланади. Бунинг учун эса энг сўнгги русумдаги технологияларни амалиётга жорий этишга ҳаракат қи­ламиз. Қолаверса, кадрлар малакаси ошириш, уларнинг касбий билим ва лаёқатини кучайтиришни режалаштирганмиз. Яна бир гап. Агар ҳар бир ишчи-ходим ўз иш жойи ва шарт-шароитлардан мамнун бўлса, ишга нисбатан рағ­бати ошади ва у бажарган иш ҳам сифатли бўлади. Масаланинг шу жиҳатига ҳам доим жиддий ёндашамиз.
     – Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти учун яратилган имконият ва шароитлар хорижий инвесторларни ҳам жалб этаётгани яхши маълум. Бу ўринда ўзбекистонлик тадбиркорларга хорижий бизнес-ҳамкор­лар билан муваффа­қиятли ҳам­корлик қилиш учун қандай мас­лаҳат ва тавсиялар бера оласиз?
     – Чиндан ҳам сўнгги вақтларда мамлакатимиз раҳба­ри ташаббуси билан хусусий секторни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг кўлами ва аҳамияти бемисл. Буларнинг барчаси алал-о­қибат кўплаб тадбиркорларга катта мадад бўлмоқда.
     Тадбиркорга, у ўзбекистонлик бў­ладими ёки хорижий бизнес-ҳам­корми, менинг маслаҳатим ҳамда тавсиям шу: бошлаган ишни ҳар қан­дай ҳолатда ҳам охирига етказиш ва белгиланган мақсадга эришиш шарт. Сиз ва биз қилаётган ишдан барча манфаатдор бўлмоғи лозим. Бу ҳам умуминсоний, ҳам тижорий тамойилларга уйғундир.
     – Ўйлаймизки, аниқ, лўнда бу фикрларингиз ҳеч бир тадбиркорни бефарқ қолдирмайди. Суҳбат учун ташаккур!

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.