Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Бугунги кунда жаҳонда енгил саноат, инчунун, тўқимачилик соҳасида туркиялик ишбилармонларнинг ўзига хос мактаби алоҳида қадрланади. Уларнинг бу борадаги улкан тажрибасини ўрганиш, мавжуд салоҳиятимиз ва имкониятларимиздан келиб чиққан ҳолда тўқимачиликни ривожлантиришда самарали ҳамкорлик қилиш ўзбекистонлик тадбиркорлар учун ҳам айни муддаодир.
Пойтахтимиздаги Яккасарой кичик саноат зонасида фаолият кўрсатаётган, ички ва ташқи бозорга кенг турдаги юқори сифатли трикотаж маҳсулотлари етказиб беришга ихтисослашган “Pronto Textile Group” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхонани ана шундай изчил ҳамкорликнинг яққол намунаси дейиш мумкин.
Мухбиримиз “Pronto Textile Group” МЧЖ таъсисчиси Нуруллах ДУРСУН билан компаниянинг ривожланиши ва ишлаб чиқаришда Туркия тажрибасининг қўлланилишига доир кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб олди.
– Туркиянинг юксак инвестициявий салоҳияти ва унинг Ўзбекистон бозорида иштирок этишга бўлган қизиқиши ортиб бораётгани мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни юксалтиришда муҳим ўрин тутмоқда. Сиз таъсисчилик қилган корхона ҳам ана шундай ишончли ва ўзаро манфаатли алоқаларнинг муваффақиятини ўзида намоён этмоқда. Дастлаб ўқувчиларимизга “Pronto Textile Group”нинг ташкил этилиши ҳақида қисқача сўзлаб берсангиз.
– Корхонамиз 2016 йили ташкил этилган. Асосан тайёр трикотаж маҳсулотларини экспортга чиқариш устувор мақсадимиз эди. Буни рўёбга чиқариш учун маҳаллий ёш кадрларни ишга жалб қилдик. Натижада корхонамизда 2016 йилнинг ўзидаёқ юздан ортиқ маҳаллий ёшларни иш билан таъминладик ва уларнинг малакасини ошириш учун Туркиядан мутахассисларни келтирдик.
– Билишимизча, “Pronto Textile Group” компаниясининг ишлаб чиқариши – бу трикотаж маҳсулотларини лойиҳалаштиришдан тортиб кашта тикиш жараёни, тайёр маҳсулотларни чиқариш ва якуний қадоқлашгача бўлган барча босқичларни ўз ичига олган тўлиқ технологик цикл. Бундай имкониятни яратиш ўз-ўзидан бўлмагандир?
– Тўғри. Корхонамизда лойиҳалаш ишларидан то маҳсулотларни тайёр ҳолатга келтиришгача бўлган барча жараён учун масъул бўлимлар бор. Яъни бичиш, кашта тикиш, бўёқли штамп босиш, тикиш, қадоқлаш бўлимлари… Уларда ҳар бир маҳсулот обдон текширилади. Ушбу бўлимларда энг илғор русумдаги ускуналар ўрнатилган. Бу эса ишлаб чиқариш сифати ва ҳажмининг барқарорлигини кафолатлайди.
– Ўзбекистонда экологик тоза ва юз фоиз табиий хом ашё тақдим этиш имконини берувчи бой ресурс базанинг мавжудлиги тармоқ равнақига хизмат қилаётгани кундай аён. Зотан, мамлакатимиз пахтаси жаҳон бозорида юқори баҳоланади. Демак, бундай сифатли хом ашёдан тайёрланган маҳсулотларга талаб ҳам юқори бўлиши керак, шундай эмасми?
– Бу шак-шубҳасиз!
– Асосий истеъмолчиларингиз кимлар? Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар қайси давлатларга экспорт қилинмоқда?
– Корхонамиз маҳсулотларининг истеъмолчилари турли ёшдагилардир. Яъни кичик, ўрта ва катта ёшдагилар учун ҳозирда 2 минг турга яқин трикотаж буюмлар ишлаб чиқармоқдамиз. Маҳсулотларимиз Италия, Туркия ва Россияга экспорт қилинаётир.
– Ўзбекистон 2025 йилга келиб тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини 7 миллиард долларга етказишни режалаштирган. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар зиммасига катта масъулият юклайди. Муҳими, ишлаб чиқаришда юқори сифатга эришиш лозим. Компаниянгиз бу йўлда қандай режалар қилмоқда?
– Юқори сифат – бу компаниямиз фаолиятининг асосий мезони ҳисобланади. Бунинг учун эса энг сўнгги русумдаги технологияларни амалиётга жорий этишга ҳаракат қиламиз. Қолаверса, кадрлар малакаси ошириш, уларнинг касбий билим ва лаёқатини кучайтиришни режалаштирганмиз. Яна бир гап. Агар ҳар бир ишчи-ходим ўз иш жойи ва шарт-шароитлардан мамнун бўлса, ишга нисбатан рағбати ошади ва у бажарган иш ҳам сифатли бўлади. Масаланинг шу жиҳатига ҳам доим жиддий ёндашамиз.
– Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти учун яратилган имконият ва шароитлар хорижий инвесторларни ҳам жалб этаётгани яхши маълум. Бу ўринда ўзбекистонлик тадбиркорларга хорижий бизнес-ҳамкорлар билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиш учун қандай маслаҳат ва тавсиялар бера оласиз?
– Чиндан ҳам сўнгги вақтларда мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан хусусий секторни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг кўлами ва аҳамияти бемисл. Буларнинг барчаси алал-оқибат кўплаб тадбиркорларга катта мадад бўлмоқда.
Тадбиркорга, у ўзбекистонлик бўладими ёки хорижий бизнес-ҳамкорми, менинг маслаҳатим ҳамда тавсиям шу: бошлаган ишни ҳар қандай ҳолатда ҳам охирига етказиш ва белгиланган мақсадга эришиш шарт. Сиз ва биз қилаётган ишдан барча манфаатдор бўлмоғи лозим. Бу ҳам умуминсоний, ҳам тижорий тамойилларга уйғундир.
– Ўйлаймизки, аниқ, лўнда бу фикрларингиз ҳеч бир тадбиркорни бефарқ қолдирмайди. Суҳбат учун ташаккур!