Олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, иқтисодиётнинг реал сектори талабларидан келиб чиққан ҳолда кадрлар тайёрлаш мазмунини тубдан қайта кўриш, халқаро стандартлар даражасига мос мутахассисларни тарбиялаш мамлакатимиз ривожланиш стратегиясининг долзарб йўналишларидан биридир. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида қабул қилинган 2017-2021 йилларда олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури ушбу соҳада қатор ўзгаришларга замин яратмоқдаки, бунинг исботини мактаб битирувчиларини олийгоҳларга қамраб олиш даражаси йил сайин ошаётгани, нодавлат олий таълим муассасалари сони кўпайиб, соғлом рақобат пайдо бўлаётгани каби мисолларда ҳам кўриш мумкин.
Президентимиз ташаббуси билан жорий йилнинг юртимизда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилиниши эса навқирон авлод вакилларининг билим олиш ҳуқуқларини тўла рўёбга чиқаришда яна бир янги саҳифа очиши шубҳасиз.
Ихтисослиги бўйича Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Навоий давлат кончилик институти ҳар йили саноат ва ишлаб чиқаришнинг турли жабҳаларига, фан ва таълимни бошқариш тизимига юзлаб ёш мутахассисларни етказиб бераётган нуфузли олийгоҳлардан. У таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштирган йирик илмий-тадқиқот маскани ҳам ҳисобланади. Бу ерда талабалар аудиторияда олган назарий билим ва кўникмаларини амалий мустаҳкамлаши учун ишлаб чиқариш корхоналарида кафедра филиаллари ташкил этилган. Масалан, Навоий кон-металлургия комбинатининг Навоий машинасозлик заводида «Кончилик электр механикаси» кафедраси филиали фаолият юритади.
Замонавий шарт-шароитлар яратилган институтнинг кончилик, энерго-механика, кимё-металлургия факультетларида 4,4 минг нафарга яқин йигит-қиз таҳсил олмоқда. Институтнинг Нукус филиали эса қарийб 200 нафар талабани бағрига олган.
Навоий давлат кончилик институтида ёшларга сабоқ бераётган 200 дан зиёд профессор-ўқитувчиларнинг 41,5 фоизи юқори илмий даражага эга. Бунинг сабабини олийгоҳда мавжуд илмий-инновацион инфратузилма туфайли профессор-ўқитувчиларнинг диссертациялар ҳимоялари тўғри ташкил этилгани билан боғлаш мумкин. Илмий-тадқиқот лабораторияларидан самарали фойдаланиш натижасида институт олимлари биргина ўтган йилнинг ўзида 9,4 миллиард сўмга тенг бўлган давлат грантларини, хўжалик шартномалари ва халқаро лойиҳаларни қўлга киритди.
Аҳамиятлиси, институтда назария ва амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш борасида ибратли тажриба тўпланган. Хусусан, 2019 йили Навоий кон-металлургия комбинати базасида замонавий технопарк ташкил этилиб, у ерда институт олимлари ва иқтидорли талабалари томонидан маҳаллий корхоналар эҳтиёжлари учун ишлаб чиқариш маҳсулотларини тайёрлаш йўлга қўйилди
Институтда буюртмачи корхона – НКМК тасдиқлаган жадвал асосида дуал тизимида ўқитиш ташкил этилган бўлиб, ҳар ўқув йилида 3-босқич талабалари учун икки марта ўтказилади. Талабаларнинг малакавий амалиётлари НКМК бўлинмаларида, «Навоий электр тармоқлари», «Навоий иссиқлик электр станцияси», «Навоийазот», «Электрокимё заводи» акциядорлик жамиятларида, Навоий эркин иқтисодий зонаси, шунингдек, кичик корхоналар билан тузилган шартномалар асосида олиб борилади. Буюртмачи корхоналар талаб ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда талабаларни узоқ муддатли амалиётга юбориш ҳам яхши наф бермоқда. Бунда талабалар ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашиб, амалиёт якунида корхона томонидан ташкил этилган касб белгилаш комиссияси имтиҳонидан ўтадилар ва ишга жойлашиш имкониятини қўлга киритадилар.
Айни пайтда «Навоий кон-металлургия комбинатини 2026 йилгача Инновацион ривожлантириш дастури» бўйича институт олимлари томонидан 52 та лойиҳа доирасида илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилаяпти. Бундан ташқари ишланмаларни тижоратлаштириш ва стартап лойиҳаларни йўлга қўйиш борасида ҳам эътирофга лойиқ натижаларга эришилмоқда. Жумладан, ана шундай илмий изланишлар якуни ўлароқ 2019-2020 ўқув йилида НКМК корхоналарида чиқитга чиқадиган материаллар (пўлат арқон ва ёғоч)дан саноат қувурларини тозалашда ишлатиладиган сим чўткалар ишлаб чиқаришга киришилди. Навоий машинасозлик заводидан деталларга механик ишлов бериш учун бир нечта турдаги буюртмалар учун шартнома тузилди.
Шунингдек, институт олимлари ва талабалари жалб қилинган Навоий кон-металлургия комбинати базасидаги технопаркда юқори тозаликда металл қотишмалар олишга мўлжалланган ноёб вакуум – электр печи ўрнатилган. Бу ерда Навоий машинасозлик заводи инновацион бўлими билан ҳамкорликда янги, ниҳоятда чидамли қотишмалар олиш мўлжалланмоқда. 2021 йилда технопарк базасида институтнинг ишлаб чиқариш комплексини яратиш, маҳсулотлар турларини ошириш юзасидан ҳам аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Шунингдек, институтнинг инновацион фонд маблағини 1 млрд. сўмдан ошириш ва бунинг ҳисобидан янги лабораториялар ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Булардан кўринадики, ўқув жараёни ишлаб чиқариш билан узвий боғланган мана шундай илғор шароитда кучли, билимли, етук мутахассислар бўлиб шаклланаётган йигит-қизлар эртага албатта, мамлакатимиз кимё, машинасозлик ва тоғ-кон саноати ривожи йўлида ғайрату шижоат билан хизмат қилмоғи тайин.
Бахтиёр МАРДОНОВ,
Навоий давлат кончилик институти проректори