Kadrlar masalasi

Таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси – етук кадрларни тайёрлашнинг муҳим омили

1/2021

     Олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, иқтисо­диётнинг реал сектори талабларидан келиб чиққан ҳолда кадрлар тайёрлаш мазмунини тубдан қайта кўриш, халқаро стандартлар даражасига мос мутахассисларни тарбиялаш мамлакатимиз ривожланиш стратегиясининг долзарб йўналишларидан биридир. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг тегиш­ли қарори асосида қабул қилинган 2017-2021 йилларда олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури ушбу соҳада қатор ўзгариш­ларга замин яратмоқдаки, бунинг исботини мактаб битирувчиларини олий­гоҳларга қамраб олиш даражаси йил сайин ошаётгани, нодавлат олий таълим муассасалари сони кў­пайиб, соғлом рақобат пайдо бўлаётгани каби мисолларда ҳам кўриш мумкин.
     Президентимиз ташаббуси билан жорий йилнинг юртимизда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилиниши эса навқирон авлод вакилларининг билим олиш ҳуқуқ­ларини тўла рўёбга чиқаришда яна бир янги саҳифа очиши шубҳасиз.
     Ихтисослиги бўйича Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Навоий давлат кончилик институти ҳар йили саноат ва ишлаб чиқаришнинг турли жабҳаларига, фан ва таълимни бош­қариш тизимига юзлаб ёш мутаха­ссисларни етказиб бераётган нуфузли олийгоҳлардан. У таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштирган йирик илмий-тадқиқот маскани ҳам ҳисобланади. Бу ерда талабалар аудиторияда олган назарий билим ва кўникмаларини амалий мустаҳкам­лаши учун ишлаб чиқариш корхоналарида кафедра филиаллари ташкил этилган. Масалан, Навоий кон-металлургия комбинатининг Навоий машинасозлик заводида «Кончилик электр механикаси» кафедраси филиали фаолият юритади.
     Замонавий шарт-шароитлар яратилган институтнинг кончилик, энерго-механика, кимё-металлургия факультетларида 4,4 минг нафарга яқин йигит-қиз таҳсил олмоқда. Институтнинг Нукус филиали эса қарийб 200 нафар талабани бағрига олган.
     Навоий давлат кончилик институтида ёшларга сабоқ бераётган 200 дан зиёд профессор-ўқитувчилар­нинг 41,5 фоизи юқори илмий даражага эга. Бунинг сабабини олийгоҳда мавжуд илмий-инновацион инфратузилма туфайли профессор-ўқитувчилар­нинг диссертациялар ҳимоя­лари тўғ­ри ташкил этилгани билан боғлаш мумкин. Илмий-тадқиқот лабораторияларидан самарали фойдаланиш натижасида институт олимлари биргина ўтган йилнинг ўзида 9,4 миллиард сўмга тенг бўлган давлат грант­ларини, хўжалик шартнома­лари ва халқаро лойиҳаларни қўлга киритди.
Аҳамиятлиси, институтда назария ва амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш борасида ибратли тажриба тўп­ланган. Хусусан, 2019 йили Навоий кон-металлургия комбинати базасида замонавий технопарк ташкил этилиб, у ерда институт олимлари ва иқ­тидорли талабалари томонидан маҳаллий корхоналар эҳтиёжлари учун ишлаб чиқариш маҳсулотларини тайёрлаш йўлга қўйилди
     Институтда буюртмачи корхона – НКМК тасдиқлаган жадвал асосида дуал тизимида ўқитиш ташкил этилган бўлиб, ҳар ўқув йилида 3-босқич талабалари учун икки марта ўтказилади. Талабаларнинг малакавий амалиётлари НКМК бўлинмаларида, «Навоий электр тармоқлари», «Навоий иссиқлик электр станцияси», «Навоийазот», «Электрокимё заводи» акциядорлик жамиятларида, Навоий эркин иқтисодий зонаси, шунингдек, кичик корхоналар билан тузилган шартномалар асосида олиб борилади. Буюртмачи корхоналар талаб ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда талабаларни узоқ муддатли амалиётга юбориш ҳам яхши наф бермоқда. Бунда талабалар ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашиб, амалиёт якунида корхона томонидан ташкил этилган касб белгилаш комиссияси имтиҳонидан ўтадилар ва ишга жойлашиш имкониятини қўлга киритадилар.
     Айни пайтда «Навоий кон-металлургия комбинатини 2026 йилгача Инновацион ривожлантириш дастури» бўйича институт олимлари томонидан 52 та лойиҳа доирасида илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилаяпти. Бундан ташқари ишланмаларни тижоратлаштириш ва стартап лойиҳаларни йўлга қўйиш борасида ҳам эътирофга лойиқ натижаларга эришилмоқда. Жумладан, ана шундай илмий изланишлар якуни ўлароқ 2019-2020 ўқув йилида НКМК корхоналарида чиқитга чиқадиган материаллар (пўлат арқон ва ёғоч)дан саноат қувурларини тозалашда ишлатиладиган сим чўткалар ишлаб чиқаришга киришилди. Навоий машинасозлик заводидан деталларга механик ишлов бериш учун бир неч­та турдаги буюртмалар учун шартнома тузилди.
     Шунингдек, институт олимлари ва талабалари жалб қилинган Навоий кон-металлургия комбинати базасидаги технопаркда юқори тозаликда металл қотишмалар олишга мўлжалланган ноёб вакуум – электр печи ўрнатилган. Бу ерда Навоий машинасозлик заводи инновацион бўлими билан ҳамкорликда янги, ниҳоятда чидамли қотишмалар олиш мўлжал­ланмоқда. 2021 йилда технопарк базасида институтнинг ишлаб чиқариш комплексини яратиш, маҳсулотлар турларини ошириш юзасидан ҳам аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Шунингдек, институтнинг инновацион фонд маблағини 1 млрд. сўмдан ошириш ва бунинг ҳисобидан янги лабораториялар ташкил этиш режа­лаштирилмоқда.
     Булардан кўринадики, ўқув жараёни ишлаб чиқариш билан узвий боғланган мана шундай илғор шароитда кучли, билимли, етук мутахассислар бўлиб шаклланаётган йи­гит-қизлар эртага албатта, мамла­катимиз кимё, машинасозлик ва тоғ-кон саноати ривожи йўлида ғай­рату шижоат билан хизмат қилмоғи ­тайин.
 
 
Бахтиёр МАРДОНОВ,
Навоий давлат кончилик институти проректори

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.