Mintaqaviy xavfsizlik

Халқаро муносабатлар таҳлили ва ТДТ мамлакатлари учун асосий чақириқлар

1-2/2025

 
     Эътиборингизга, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёда геосиёсий жараёнларни ўрганувчи асосий таш­килот – Халқаро муносабатлар таҳлили маркази (ХМТМ) Директорлар кенгаши Раиси жаноб Фарид ШАФИЕВ билан эксклюзив интервьюни тақдим этамиз.
     Жаноб Шафиев янги таҳдидлар даврида минтақа барқарорлиги ва равнақини таъминлаш мақсадида ХМТМнинг муҳим тадқиқот ишларини кенгайтириш, хусусан, Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича режалари билан ўртоқлашди.
 
     – Халқаро муносабатлар таҳлили марказининг қандай лойиҳа ва ташаббусларини энг аҳамиятли деб ҳисоблайсиз?
     – Халқаро муносабатлар таҳлили маркази (ХМТМ) Озарбайжон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 февральдаги фармонига мувофиқ ташкил этилган. Марказнинг асосий вазифалари муҳим халқаро жараёнларни таҳлил қилиш ва тадқиқот ҳисоботларини тайёрлаш, Озарбайжон ва Жанубий Кавказда хавфсизликка тааллуқли масалаларни кенг ва фаол ўрганиш, уларни хал­қаро академик ва эксперт доираларида муҳокама қи­лишдан иборат.
ХМТМнинг энг аҳамиятли ташаббуслари – давра суҳ­батлари, конференция ва семинарларни ташкил этиш ҳамда долзарб халқаро масалалар юзасидан таҳлилий изланишларни олиб боришдир. Марказ халқаро таҳлил ташкилотлари, таълим муассасалари ва турли халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилиб, билим алмашиш ва экспертлар ҳамжамиятини шакллантиришга ёрдам бермоқда. Ёш мутахассисларнинг тадқиқотлари ва касбий ўсиши учун имкониятлар яратувчи тажриба орттириш ва стипендиялар дастурлари муҳим ўрин тутади.
     – Ҳозир ТДТ мамлакатлари учун хавфсизликка қандай таҳдидлар мавжуд? Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик механизмлари қанчалик самарали?
     – Маълумки, ТДТ мамлакатларини туркий халқлар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик мақсади бирлаштириб туради. Ташкилотга аъзо мамлакатларни бирлаштирувчи асосий вазифалар қаторига, ташқи сиёсат масалалари бўйича умумий нуқтаи назарни ишлаб чиқиш, халқаро терроризм, сепаратизм, экстремизм ва трансмиллий жиноятчилк билан курашда ҳаракатларни му­вофиқлаштириш, ўзаро манфаат келтирувчи барча со­ҳаларда минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо ва инвестициялар соҳасида ҳам­корликни ривожлантириш, фан, технологиялар, таълим ва маданият соҳаларида ўзаро алоқаларни кенгайтириш ва бошқа кўпгина муҳим йўналишлар киради.
     ТДТ мамлакатлари дуч келаётган таҳдидларга келсак, улар орасида геосиёсий беқарорлик, иқтисодий ва ижтимоий чақириқлар, ички ва ташқи кескинликни айтиб ўтиш мумкин. ТДТ мамлакатлари хавфсизлиги учун асосий таҳдидлар – терроризм ва экстремизм ҳаракатлари, гибрид таҳдидлар, яъни гибрид урушлар хавфи, миллатлараро ва ҳудудий низолар, геосиёсий рақобат ҳамда иқтисодий хавфсизлик ва энергетика қарамлиги таҳ­дидларидир.
     Терроризм ва экстремизм борасида шуни айтиш керакки, Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг жуғрофий жойлашуви қўшни давлатлардаги радикал гуруҳлар фаолияти туфайли огоҳ бўлишга даъват этади. Кибер­ҳужумлар, ахборот уруши, иқтисодий босим ва давлатларнинг ички ишларига аралашувни ўз ичига олган гиб­рид урушлар ҳақида сўзлаганда шунга эътибор бериш керакки, сўнгги йилларда бу таҳдид, айниқса, кибер­ҳужумлар ва ижтимоий тармоқлар орқали ижтимоий онгни бошқа­риш энг долзарб муаммога айланиб, бугун сиёсий заиф мамлакатлар барқарорлиги учун алоҳида таҳдид сол­моқда. Бундан ташқари шундай мамлакатлар борки, уларда охиригача ҳал қилинмаган айрим ҳудудий низолар ҳамда эҳтимолли ички этник ёки сиёсий ихтилофлар кескинлик сабабчисига айланиши мумкин. Рақо­бат мавзуси борасида таъкидлаш керакки, ТДТ мамлакатлари стратегик муҳим минтақаларда жойлашган ва Россия, Хитой, АҚШ каби йирик давлатлар ўртасидаги рақобат уларнинг хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин. Масалан, Хитойнинг Марказий Осиёдаги мақсад­лари ва Россиянинг минтақадаги таъсири ҳамда Эрон омили шароитида ТДТ мамлакатлари шундай вазиятга тушиши мумкинки, бунда уларнинг манфаатлари ташқи босим билан кесишади. Иқтисодий хавфсизлик ва энергетика мустақиллиги ҳақида гапирганда шуни назарда тутиш лозимки, Ташкилотнинг айрим аъзолари нефть, газ ва кўмир каби энергия захираларининг ташқи етказмаларига ҳамда халқаро иқтисодий алоқаларга боғ­ланиб қолган. Шу сабабдан иқтисодий беқарорлик, шу жумладан, иқтисодий санкциялар таҳдиди, энергетика инфратузилмасига босим ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш муаммолари бу мамлакатлар иқтисо­диётининг барқарор ривожланиши йўлида жиддий тў­сиққа айланиши мумкин.
     ТДТ доирасида хавфсизлик соҳасида қўлланадиган ҳамкорлик механизмлари қаторига эса, қуролли кучлар мослашувчанлигини ва уларнинг хавфсизлик таҳдидла­рига жавоб бериш самарадорлигини оширишга қара­тилган ўзаро ҳарбий машғулотлар ва разведка ахборотини алмашишни; терроризм ва экстремизмга қаршилик кўрсатиш, Ташкилотга аъзо мамлакатлар биргаликда ишлаб чиқадиган ва амалга оширадиган аксилтеррор чоралари, шу жумладан, қону­ний-ҳуқуқий ташаббуслар, ахборот алмашиш ва қўшма операциялар ўтказишни; минтақада барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсий ва дипломатик ҳамкорлик, геосиёсий хавфларни камайтириш ва низоларни ҳал қилишни; энергетика, инфратузилма лойиҳа­лари, савдо ва инвестицияларни қамраб олувчи иқтисодий ҳамкорлик ва энергетика хавфсизлигини таъминлашни; хавфсизлик соҳасида ҳам­корликни мустаҳ­камлаш борасида муҳим аҳамиятга эга бўл­ган шерикликни кенгайтириш ва янги иштирокчиларни жалб этишни киритиш мумкин. Мазкур механизмларнинг самарадорлиги борасида таъкидлашимиз мумкинки, улар етарлича ривожланган ва Ташкилот ўзаро ҳа­ракатларда маълум муваффақиятларга эришди. Аммо кейинги сиёсий жипслашув ва таҳдид­ларга жавоб бериш механизмларини яхшилашга эҳтиёж мавжуд.
     – ТДТ мамлакатларининг минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги вазифаси қандай? Ёндашувларда фарқлар борми?
     – ТДТ ҳарбий-сиёсий иттифоқ эмаслигига қарамай, Ташкилотимизнинг минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги вазифаси мудофаа ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ўзаро ҳарбий машғулотлар, инқирозли вазиятларда ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ҳисобига ортиб бормоқда.
Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик 3 асосий йўналишга асосланади: ҳарбий-техникавий ҳамкорлик; ўзаро ҳарбий машғулотларни ўтказиш ва тажриба алмашиш; терроризм ва экстремизмга қаршилик. Хусусан, Ташкилот раҳнамолигида Озарбайжон ва Туркия ўртасида ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги битим амал қил­моқда, унинг доирасида «TurAz Qartalı» каби ўзаро ҳар­бий машғулотлар мунтазам ўтказилмоқда, Қозоғистон ва Ўзбекистон эса ўз ҳарбий-саноат мажмуаларини ривожлантирмоқда, чегараларни ҳимоялаш ва терроризмга қарши кураш масалаларида ҳамкорлик қилмоқ­да. Бундай мисоллар кўп. Шунингдек, ТДТ мамлакатлари терроризм таҳдидлари ҳақида ахборот алмашмоқда.
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

  • АФИША

  • PR

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Oloy , 1

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.