Xalqaro diplomatiya

Туркий давлатларнинг кенг қамровли ҳамкорлиги

1-2/2025

 
     Навбатдаги суҳбатимиз Қирғиз Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Дуйшонқул ЧОТОНОВ билан бўлиб ўтди. Биз Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг кенг қам­ровли стратегик ҳамкорликка асосланган, изчил ривожланаётган муносабатларини муҳокама қилдик. Жаноб элчи ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, элчихона фаолиятининг устувор йўналишлари ҳамда икки томонлама ва шу жумладан, Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо мамлакатлар ўртасидаги алоқа­ларни янада мустаҳкамлаш истиқболлари ҳақида ўз фикрларини билдирди.
 
     – Дуйшонқул Тезекбаевич, аввало, Сизни шундай масъулиятли лавозимга тайинланганингиз билан табриклашга ва мамлакатларимиз муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги ишларингизга муваф­фақият тилаймиз. Элчилик вазифангизни муваффа­қиятли бажариш учун қандай тажрибани энг муҳим, деб ҳисоблайсиз?
     – Назаримда, Ўзбекистондаги элчи вазифасини му­ваффақиятли адо этиш учун ҳар томонлама ёндашув, давлатлар ўртасида ишончли муносабатларни ўрнатиш ҳамда мамлакатингизнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий хусусиятларини чуқур тушуниш ниҳоятда муҳим.
     Корея Республикаси ва Вьетнамдаги иш тажрибам менга расмий дипломатик тартиб-қоидалар ҳамда ишонч­ли ва узоқ муддатли муносабатларни ўрнатишда муҳим аҳамият касб этувчи шахсий, инсоний алоқалар ўртасида мувозанат топишга ёрдам бермоқда.
     Элчи фаолиятининг энг муҳим қисми – маданий дип­ломатия ва ижтимоий алоқаларда фаол иштирок этиш. Бу жараёнда муҳим жиҳат фуқаролик жамиятини икки томонлама муносабатларга жалб этиш учун шарт-шароит яратишдан иборат, бу эса ғояларнинг янада кенг алмашинуви ва дўстона қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.
     Аммо энг муҳими, ҳамкорларни тинглаш ва тушуниш, умумий манфаатларни топиш ва ўзаро ечимларни излашдир. Муваффақиятли иш юритиш учун давлат органлари, бизнес ёки фуқаролик жамияти бўлишидан қатъий назар турли даражаларда ўзаро ҳам­корлик таж­рибаси зарур. Икки томонлама алоқаларни самарали йўлга қўйиш ва таъминлаш ҳамда аниқ ва изчил стратегия мавжудлиги дипломатия ишида ҳақиқий натижаларга эришишга ёрдам беради.
     – Бу лавозимдаги фаолиятингиздан кутаётган асосий натижаларингиз?
     – Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимидаги фаолиятимдан кутаётган асосий натижаларим мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳ­камлаш билан боғлиқ. Савдони кенгайтиришга, инвестициялар ҳаж­мини оширишга ва транспорт логистикасини яхшилашга ўз ҳис­самни қўшишдан умид қи­ламан. Халқларимиз дўстона қўш­ничилик муносабатларини мус­таҳкамлаши учун маданий алоқаларни ривожлантириш ҳам му­ҳим. Умуман, ҳамкорли­гимизнинг узоқ йилларга янада мустаҳкам, самарали ва фойдали бўлишига ёрдам берадиган жараённинг бир қисми бўлишни истайман.
     – Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги даражасини қандай баҳолайсиз? Сизнингча, сўнгги вақтларда икки томонлама ҳамкорлик доирасида қандай аҳа­миятли натижаларга эришилди?
     – Бугунги кунда Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг кенг қамровли стратегик шериклиги икки қўшни мамлакатнинг ўзаро ҳурмат, ишонч ва бирга равнақ топишга интилишга асосланган муваффақиятли ҳамкорлигига ёрқин мисол бўла олади. Иккала томоннинг сиёсий етуклиги ҳамда икки томонлама муносабатларни энг юқори даражада самарали бошқариш туфайли ҳам­корлик шундай кўламга етди. Авваламбор, биз икки мамлакат етакчилари – ҳурматли Садир Нургожоевич Жапаров ва ҳур­матли Шавкат Миромонович Мирзиёев икки қардош халқ фаровонлиги йўлида ҳар томонлама ўзаро ало­қалар учун янги уфқлар очиб, ҳамкорликни мустаҳкамлаш сари дадил қадам қўйганига гу­воҳ бўлдик. Шу маънода мамлакатларимиз Президентлари ўртасидаги ишончли муносабатларнинг муҳим аҳамиятини алоҳида таъкидлашни истардим, бу муносабатлар икки томонлама ташаббусларнинг кенг доирасини самарали амалга оширишга ёрдам беради. Шуниси му­ҳимки, Қирғи­зистон ва Ўзбекистон раҳбар­лари бир-бирини қўллаб-қувват­лайди, нафақат ўз мамлакатлари, балки бутун Марказий Осиё мин­тақасининг қадриятлари ва устуворликларини тушунади ва шу туфайли муҳим масалалар бўйича тегишли қарорларни қабул қилади.
     Қирғизистон – Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация қилиш якунланиши тарихий ютуқ ва шунинг баробарида икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси намоёни бўлди, давлатларимиз узоқ йиллар давомида шу мақсад сари интилган эди. Ишончим комилки, у дўстона қўшничилик чегарасига айланиб, нафақат икки мамлакат ўртасидаги, балки бутун Марказий Осиё минтақасидаги ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
     Савдо-иқтисодий муносабатларда барқарор ижобий суръатлар кузатилмоқда. Ўзаро савдо ҳажми йил сайин ўсмоқда. Икки давлат раҳбар­лари томонидан маҳсулот айирбошлаш ҳажми­ни яқин йилларда 2 млрд. АҚШ долларига етказиш вазифаси қўйилди. Икки мамлакат пойтахтларида савдо уйлари ташкил қилинмоқда, ўзаро савдо ҳаж­мини ошириш бўйича белгиланган мақсадга эришиш учун экспорт-импорт шартномаларининг узоқ муддатли тўп­лами тайёрланди.
Саноат кооперациясида янги ўсиш нуқ­талари пайдо бўлмоқда – энергетика, автомобилсозлик, транспорт ва логистика, электротехника, тўқимачилик, агросаноат ва бошқа соҳаларни қамраб олган лойиҳалар шулар жумласидан. Хусусан, 2024 йилда Фарғона ва Наманган вилоятларида қуёш станцияларини қуриш, Чу вилоятида автомобиллар ва Қора Болтада тўқимачилик маҳсулот­ларини ишлаб чиқариш бўйича муҳим лойиҳалар бошланди.
     Иқтисодиётнинг турли соҳаларида 16 лойиҳани молиялаштираётган Ўзбекистон – Қирғизистон тараққиёт жамғармасининг самарали фаолияти инновацион ҳам­корликни ривожлантиришга ёрдам бермоқда. Шу билан бирга Жамғарманинг низом сармоясини 200 млн. долларгача ошириш ҳақида қарор қабул қилинди.
     Шу маънода Марказий Осиёнинг иқтисодий аҳамияти ортаётганини таъкидлаш муҳим. Минтақамиз бой табиий заҳираларга ҳамда Европа ва Осиёни боғлайдиган стратегик муҳим транспорт йўналишларига эга.
Маълумки, 2024 йил 27 декабрда Марказий Осиёда тарихий воқеа рўй берди – «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилишига расман старт берилди. Бундан ташқари мамлакатларимиз томонидан Қамбар­ота ГЭС-1 қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича фаол чоралар кўрилмоқда. Бу улкан лойиҳалар бутун минтақамизнинг барқарор ривожланиши учун хизмат қилиши шубҳасиз.
     Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида маданий, таълим ва илмий-тадқиқот алоқалари ҳам изчил ривожланмоқда. Бу эса талабаларни ўқитиш, илмий хо­димлар алмашиш, ўзаро туризмни ривожлантириш ва минтақалар ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича дастурларни амалга оширишни қамраб олади.
     Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларига бошқа йўл ҳужжатлари қаторида икки давлат ҳудудига кириш, чи­қиш, ҳаракатланиш ва бўлиш учун ID-карталардан фойдаланиш имконияти тақдим этилгани яна бир муҳим ютуқдир. Айтиш керакки, Ўзбекистон ID-карталар ёрдамида чегарани кесиб ўтиш тартибини йўлга қўйган илк мамлакат – Қирғизистондир.
     Қирғизистон – Ўзбекистон давлат чегарасида қў­шимча етти ўтказиш нуқтаси ишга тушди, бу ҳам фуқа­роларимизнинг ўзаро сафарлари кўпайишига ёрдам беради. 2024 йил якунларига кўра Қирғизистондан 2,123 миллиондан ортиқ сайёҳлар Ўзбекистонга ташриф буюрди, Қирғизистонга борган ўзбек сайёҳлари сони эса 2,7 млн. кишини ташкил этди.
     Шундай қилиб, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг кенг қамровли стратегик ҳамкорлигининг ҳозирги даражаси – икки мамлакат фуқаролари фаровонлигини ошириш, иқтисодий барқарорликни яхшилаш ва халқла­римиз ўртасида дўстликни чуқурлаштиришга умумий интилиш натижасидир. Биз келажакка умид билан қа­раймиз ва ишончимиз комилки, ҳамкорлигимиз иккала давлат ҳамда бутун Марказий Осиё минтақаси манфаатлари йўлида ривожланаверади.
     – Барча туркий давлатлар ҳамкорлиги салоҳия­тини қандай баҳолайсиз ва бу ҳамкорликни қан­дай кучайтириш мумкин?
     – Туркий давлатлар минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида транспорт ва савдо кўприги вазифасини ўтаган, бунда туркий дунёнинг асосий вазифаси маданият ва тамаддунларни бирлаш­тиришдан иборат бўлган.
     ТДТга интеграцияланган туркий давлатлар улкан ҳудудни эгаллаб, у катта салоҳиятни, авваламбор, иқти­содий салоҳиятни назарда тутади. ТДТга аъзо мамлакатлар аҳолиси 173 млн. кишини, ҳудуди 3,5 млн. квадрат километрни ва иқтисодиётининг ҳаж­ми 4 трлн. долларни ташкил этади. Бу ҳудуддан икки глобал йўлак ўтади: «Шарқ – Ғарб» ва «Шимол – Жануб». Бугун «Хитой – Қирғизис­тон – Ўзбекистон» янги мультимодал транспорт йўлагини ишга тушириш ва унинг самарали ишлашини таъминлаш масалалари фаол ҳал қилинмоқда. Истиқ­болда юкларни Европага камроқ банд бўлган йўналишлар бўйлаб экспорт қилиш, бунда Озарбайжон темир йўлларидан фойдаланиш мумкин. Бу эса ўз навбатида, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши бўйлаб мультимодал транспорт юк ташувлари имкониятларини кенгайтиради.
     Биз рақамли инновациялар соҳасида ҳам салоҳият кўрмоқдамиз, бу ерда асосий мақсадимиз замонавий ва қулай рақамли ечимларни яратишдан иборат. Масалан, Қирғизистон шаффоф ва қулай электрон давлат хизматларини жорий этмоқда – бу «Tunduk» портали. Шу билан бир вақтда рақамли инфратузилмани мустаҳ­камламоқдамиз, шу жумладан, мамлакатнинг ҳар бир ерида юқори тезликдаги интернетдан фойдаланишни кенгайтирмоқдамиз.
     Ипак йўли бўйлаб умумий туризм салоҳияти ва инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш ҳақида айтишим зарур. Биз учун туризм – нафақат муҳим иқтисодий тармоқ, балки бой маданий меросимиз, ноёб табиатимиз ва меҳмондўстлигимизни намойиш этиш имконияти ҳамдир. Мақсадимиз – Қирғизистонни минта­қадаги муҳим туризм йўналишларидан бирига айлантириш. Уч йўналиш – рақамлаштириш, транспорт ва туризмни Туркий давлатлар ташкилоти доирасида бар­қарор ривожланиш, иқтисодий ўсиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун асос сифатида баҳолаймиз.
     – Барча туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкор­ликнинг қайси соҳаларини энг устувор, деб ҳисоб­лайсиз?
     – ТДТ раислиги Қирғизистонга ўтганидан келиб чиқиб, бу саволга жавоб бераман. Сизга маълумки, ТДТнинг XI саммити 2024 йил 6 ноябрда Бишкекда бўлиб ўтди. Саммит мавзуси «Туркий дунёни кучайтириш: иқтисодий интеграция, барқарор ривожланиш, рақамли келажак ва ҳамма учун хавфсизлик» эди. Иштирокчилар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш йўлларини, шу жумладан, янги транспорт йўлакларини ташкил этиш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама этди. Энергетика ҳамкорлигини, шу жумладан, қайта тикланувчи энергия манбалари со­ҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида урғу берилди, бу эса «яшил» иқтисодиётга ўтишнинг глобал тенденцияларига ҳамоҳангдир. Муҳим ресурслар ва ма­териаллар бўйича стратегик шериклик бўйича имзоланган «Йўл харитаси» мамлакатларнинг юқори технологияли тармоқлар учун зарур ноёб ер металларини қазиб олиш ва қайта ишлашни биргаликда ривожлантириш режалари ҳақида далолат беради.
     Қирғизистоннинг ТДТга раислиги доирасида 2025 йилда мамлакатлар ўртасида алоқаларни чуқурлаш­тириш ва туркий дунёдан ташқарида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор тадбирлар, масалан, ТДТга аъзо мамлакатлар ҳукуматлари раҳбарлари ва вице-президентларининг биринчи учрашуви режаланган. Бишкекда рақамли хабни яратиш, савдо, хавфсизлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш.
     Қуйидагилар туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкор­ликнинг айрим устувор соҳалари бўлиб, уларни ривожлантириш зарур:
     ● Иқтисодий интеграция. Иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш ТДТ устуворлиги ҳисобланиб, ўзаро амалий ҳамкорлик чораларини белгилайди. Иқтисодий интеграциянинг асосий вазифаси ТДТга аъзо мамлакатлар аҳолисининг турмуш даражасини оширишдир.
     ● Транспорт ва логистика. ТДТ ҳудудида транспорт алоқаларини яхшилаш ва логистика самарадорлигини ошириш фаолиятнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.
 
 
 

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

  • АФИША

  • PR

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Oloy , 1

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.