Бугунги кунда маҳаллий бюджетлар даромадларини шакллантириш билан боғлиқ муаммоларнинг долзарблиги бу йўналишда илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш заруратини тобора оширмоқда. Халқаро миқёсда ҳар йили мамлакатларнинг солиқларни тўлаш рейтинги эълон қилиниб келинаётган бир вақтда мамлакатимизда ҳам маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет-солиқ сиёсати бўйича ваколатларини ошириш масаласи устуворлик касб этаётгани кундай равшан.
Маҳаллий бюджетларга қўшимча солиқ ва солиқсиз маблағларни аниқлаш, ҳисоблаш ва ундириш нафақат бюджет даромадларини қўшимча маблағлар билан таъминлашни, балки иқтисодий жиҳатдан тегишли ҳудудда бизнесни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилишига ва маҳаллий ҳокимликларнинг ижтимоий мақсадларга мўлжалланган дастурларини амалга ошириш имкониятларини кенгайтиради. Шу сабабдан маҳаллий бюджетларга қўшимча маблағларни аниқлаш ва ундириш дунё иқтисодчи олимларининг доимо диққат марказида бўлиб келган.
Масалан, иқтисодчи олимлар Ю. Власова ва А.. Абрамованинг фикрича маҳаллий бюджетларнинг даромад потенциали давлат-хусусий ҳамкорликни фаол амалиётга жорий қилишни талаб этади, бизнесни юритиш учун солиқ имтиёзларини максимал даражада жорий этиш ва бюрократик тўсиқларни қисқартириш, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган харажатларни камайтириш тегишли ҳудудда бюджет сиёсати самарадорлигининг ошишига имкон яратади.
Юртимиз олимларидан бири Ш. Тошматов маҳаллий бюджетга солиқ тушумларини оширишга йўналтирилган бир қатор тадбирларни келтириб, унда «солиқларни турли даражадаги бюджетлар ўртасида тақсимлаш тизимини маҳаллий ҳокимиятларнинг солиқ тушумларини максималлаштиришдан манфаатдорлигини таъминлаш контекстида такомиллаштириш» бўйича фикр билдириб, ҳудудий солиқ салоҳиятини баҳолаш ва маҳаллий солиқларни ундириш механизмини такомиллаштириш зарурлигини илгари суради. Яна бир олим О. Мейлиев маҳаллий бюджетлар молиявий барқарорлигини таъминлашда биринчи навбатда, ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва ундан оқилона фойдаланиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишни жуда муҳим, деб ҳисоблайди.
Юқоридаги илмий-назарий қарашларни қўллаб-қувватлаган ҳолда айтиш мумкинки, мамлакатимиз солиқ сиёсатининг устувор йўналишларида республикамиздаги маҳаллий ресурслар, яъни ер, сув ва мол-мулклардан самарали фойдаланишда мазкур объектларни солиққа тортиш тизимларини такомиллаштириш мақсадга мувофиқдир. Чунки ҳудудда ишлаб чиқаришни ривожлантириш, инвестицион фаолликни янада жонлантириш, ижтимоий-иқтисодий фаровонликни оширишда солиқларнинг ўрни муҳим бўлиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос шарт-шароитлари ва имкониятларини эътиборга олган ҳолда солиқ сиёсатини уларнинг ривожланиш даражасига мослаштириш, солиқ механизмидан самарали фойдаланган ҳолда ҳудуднинг иқтисодий тараққиётини таъминлаш зарур.
Республикамизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар маъмурий ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш ва маҳаллий бошқарув органларининг ваколатларини кенгайтиришни талаб қилади. Мазкур вазифаларни амалга ошириш учун уларни маълум молиявий ресурслар билан таъминлаш керак ва унинг асосини маҳаллий бюджетлар маблағлари ташкил қилади.
Таҳлиллар 2016-2020 йиллар мобайнида маҳаллий бюджетлар харажатларини республика бюджетига ундирилган солиқлар ҳисобидан молиялаштириш усулининг кенг қўлланилганлиги бевосита маҳаллий бюджетлар даромадлари ҳисобланган ер ва мол-мулк солиқларини ҳисоблаш ҳамда ундириш механизмларини такомиллаштириш масалаларига етарлича эътибор берилмаганлиги натижасида маҳаллий бюджетлар харажатлари асосан республика бюджетидан субсидиялаш орқали амалга ошириб келинганини кўрсатади. Бу эса ўз навбатида, бевосита маҳаллий бюджетларга ундирилувчи маҳаллий солиқлар улушининг камайиб боришига сабаб бўлган.
Диаграмма таҳлили шуни кўрсатадики, 2016-2020 йилларда мамлакатимизнинг жами давлат бюджети даромадлари бўйича тушумлар уч баробардан, республика бюджетининг даромадлари 4 баробардан кўпроққа ўсган бир пайтда, маҳаллий бюджет даромадларининг ўсиши ўртача 10-12 фоиз атрофида бўлганлигини ёки маҳаллий бюджетга тушумлар нобарқарор равишда 2016 йилда олдинги йилга нисбатан 116,0 фоизни, 2017 йилда 113,0 фоизни, 2018 йилда 121,8 фоизни, 2019 йилда 108,5 фоизни, 2020 йилда 114,5 фоизни ташкил этган.
Маҳаллий бюджет даромадларидаги мазкур нобарқарорлик сабабларини аниқлаш мақсадида маҳаллий бюджет даромадларининг асосини ташкил этувчи мол-мулк ва ер солиқларини тушуми бўйича таҳлил қилиш мумкин.
Жумладан, маҳаллий бюджетлар таркибида мол-мулк солиғи тушумини жами бюджет тушумлари бўйича таҳлил қилинганда қуйидаги натижаларни кузатиш мумкин.
Хусусан, мол-мулк солиғи тушуми 2016 йилда олдинги йилга нисбатан 121,4 фоизни, 2017 йилда олдинги йилга нисбатан 128,3 фоизни, 2018 йилда 122,3 фоизни ташкил этган бир даврда 2019 йилда тушум 88,4 фоизни ва 2020 йилда 85,6 фоиз ташкил қилган. Ёки маҳаллий бюджет даромадлари таркибида мол-мулк солиғининг улуши 2016 йилда 10,2 фоизни, 2017 ва 2018 йилларда ўртача 11,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 9,5 фоизга ва 2020 йилда 7,2 фоизга етган.
Солиқларни бюджетлар ўртасида тақсимлаш ва маҳаллий бюджетлар даромадларини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини тадқиқ этиш натижасида гувоҳи бўлганимиздек, бу жараён бир қадар мураккаб кўринишга эга. Шу ўринда солиқ тушумларининг маҳаллий бюджетлар ўртасида тақсимланишини ҳамда маҳаллий бюджетлар даромадларини шакллантиришини Тошкент вилояти бўйича таҳлил қилсак, қуйидагиларни кузатишимиз мумкин:
Бу сингари ҳолатлар мамлакатимизда ер ва мол-мулкларни солиққа тортиш бўйича кескин ислоҳотлар ўтказишни тақозо қилади. Шу маънода 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бюджет харажатларини янада оптималлаштириш, маҳаллий бюджетлар тасарруфида қоладиган солиқлар ва мажбурий тўловларнинг рўйхати ва миқдорини қайта кўриб чиқиш, минтақаларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш, маҳаллий бюджетлар даромадларини ошириш мақсадида солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, мол-мулк ва ер солиқларининг маъмурчилигини такомиллаштириш чоралари кўзда тутилгани эътирофли жиҳатдир.
Шунингдек, Президентимизнинг «Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (2020 йил 7 сентябрь) ва «Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги (2020 йил 3 декабрь) фармонларида ҳам кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек, кўчмас мулклар ва ер майдонларини солиққа тортишда кескин кенг кўламли ислоҳотларнинг амалга оширилиши белгиланган.
Умуман олганда мамлакатимизда мулк ва табиий ресурслардан оқилона ҳамда самарали фойдаланишни йўлга қўйишни, ер, мол-мулк солиқларини ҳисоблаш ва ундириш тартибларини қуйидаги таклифлар бўйича такомиллаштириш, назаримизда мақбул йўлдир:
Биринчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи барча хўжаликлар учун ерларнинг норматив қийматидан келиб чиқиб солиқ ҳисоблаш тартибини жорий этиш керак. Бунда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ернинг норматив қийматидан келиб чиқиб ер солиғини ҳисоблашда қишлоқ хўжалиги ерларининг контурлар бўйича базавий норматив қийматини аниқлаш тизимига ўтиш мақсадга мувофиқ. Иккинчидан, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун ер солиғининг базавий ставкаларини юридик шахсларга 1 гектар учун, жисмоний шахсларга 1 кв.м. учун ҳудудлар кесимида мутлақ миқдорда белгилаш ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти ва мавқеига қараб ер солиғининг базавий ставкаларининг аниқ миқдорини мустақил равишда белгилаш ҳуқуқини бериш лозим.
Халқаро солиқ амалиётига таянган ҳолда кўчмас мулк объектларининг бозор баҳосидан кам бўлмаган миқдорларда баҳолаш орқали солиққа тортиш тизимига ўтиш ҳамда мол-мулк ва ер солиқларини унификациялаш йўли билан босқичма-босқич кўчмас мулк солиғининг жорий этилиши билан солиқ маъмурчилигини соддалаштириш ҳам муҳим қадам ҳисобланади.
Қолаверса, алоҳида ҳудудларнинг ўзига хос хусусияти (туристик салоҳияти) ва мавқейидан келиб чиқиб, тажриба тариқасида солиқ маъмурчилигининг алоҳида тартибини жорий этиш орқали кўчмас мулк объектлари ва уларнинг ижара тушумларини электрон платформада юритишни йўлга қўйиш пировардида мамлакатимиз солиқ-бюджет сиёсатининг шаффофлигини таъминлайди.
Содиқ БОЙМУРОТОВ,
Фискал институти катта ўқитувчиси