(O´zbek) Маҳаллий бюджетлар даромадларини барқарорлаштиришда ер ва мол-мулк солиқлар ўрнини ошириш – давр тақозоси

3-2021

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Бугунги кунда маҳаллий бюджетлар даромадларини шакл­лантириш билан боғ­лиқ муаммоларнинг долзарблиги бу йўналишда ил­мий-тад­қиқот ишлари олиб бориш заруратини тобора оширмоқда. Хал­қаро ми­қёсда ҳар йили мамлакатларнинг со­лиқларни тўлаш рейтинги эълон қи­линиб келинаётган бир вақтда мам­лакатимизда ҳам маҳал­лий давлат ҳо­кимия­ти органларининг бюд­жет-солиқ сиёсати бўйича ваколатларини ошириш масаласи устуворлик касб этаётгани кундай равшан.
     Маҳаллий бюджетларга қўшимча солиқ ва солиқсиз маблағларни аниқ­лаш, ҳисоблаш ва ундириш нафақат бюджет даромадларини қўшимча маблағлар билан таъминлашни, балки иқтисодий жиҳатдан тегишли ҳу­дудда бизнесни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратили­шига ва маҳаллий ҳокимликларнинг ижтимоий мақсадларга мўлжалланган дастурларини амалга ошириш имкониятларини кенгайтиради. Шу сабабдан маҳаллий бюджетларга қўшимча маблағларни аниқлаш ва ундириш дунё иқтисодчи олимларининг доимо диққат марказида бўлиб келган.
     Масалан, иқтисодчи олимлар Ю. Власова ва А.. Абрамованинг фик­рича маҳаллий бюджетларнинг да­ромад потенциали давлат-хусусий ҳамкорликни фаол амалиётга жорий қилишни талаб этади, бизнесни юритиш учун солиқ имтиёзларини максимал даражада жорий этиш ва бюрократик тўсиқларни қисқартириш, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган харажатларни камайтириш тегишли ҳудудда бюджет сиёсати самарадорлигининг ошишига имкон яратади.
     Юртимиз олимларидан бири Ш. Тошматов маҳаллий бюджетга солиқ тушумларини оширишга йўналтирил­ган бир қатор тадбирларни келтириб, унда «солиқларни турли даражадаги бюджетлар ўртасида тақсим­лаш тизимини маҳаллий ҳокимиятларнинг солиқ тушумларини максималлаштиришдан манфаатдорлигини таъминлаш контекстида такомиллаштириш» бўйича фикр билдириб, ҳудудий со­лиқ салоҳиятини ба­ҳолаш ва маҳал­лий солиқларни ундириш механизмини такомиллаштириш зарурлигини илгари суради. Яна бир олим О. Мейлиев маҳаллий бюджетлар молиявий барқарорли­гини таъминлашда биринчи навбатда, ҳудуд­лар иқ­тисодий сало­ҳиятини юксалтириш ва ундан оқи­лона фойдаланиш чора-тадбирларини ишлаб чи­қишни жуда муҳим, деб ҳисоб­лайди.
     Юқоридаги илмий-назарий қа­рашларни қўллаб-қувватлаган ҳолда айтиш мумкинки, мамлакатимиз со­лиқ сиёсатининг устувор йўналишларида республикамиздаги маҳал­лий ресурслар, яъни ер, сув ва мол-мулк­лардан самарали фойдаланишда маз­кур объектларни солиққа тортиш тизимларини такомиллаштириш мақ­садга мувофиқдир. Чунки ҳудудда ишлаб чиқаришни ривожлантириш, инвестицион фаолликни янада жонлантириш, ижтимоий-иқтисодий фаровонликни оширишда солиқларнинг ўрни муҳим бўлиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос шарт-шароитлари ва имкониятларини эътиборга олган ҳолда солиқ сиёсатини уларнинг ривожланиш даражасига мослаштириш, со­лиқ механизмидан самарали фойдаланган ҳолда ҳудуднинг иқтисодий тараққиётини таъминлаш зарур.
     Республикамизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар маъмурий ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш ва ма­ҳаллий бошқарув органларининг ва­колатларини кенгайтиришни талаб қилади. Мазкур вазифаларни амалга ошириш учун уларни маълум молия­вий ресурслар билан таъминлаш ке­рак ва унинг асосини маҳаллий бюджетлар маблағлари ташкил қи­лади.
     Таҳлиллар 2016-2020 йиллар мобайнида маҳаллий бюджетлар харажатларини республика бюджетига ундирилган солиқлар ҳисобидан мо­лиялаштириш усулининг кенг қўлла­нилганлиги бевосита маҳаллий бюджетлар даромадлари ҳисобланган ер ва мол-мулк солиқларини ҳисоблаш ҳамда ундириш механизмларини такомиллаштириш масалаларига етарлича эътибор берилмаганлиги натижасида маҳаллий бюджетлар харажатлари асосан республика бюджетидан субсидиялаш орқали амалга ошириб келинганини кўрсатади. Бу эса ўз навбатида, бевосита маҳаллий бюджетларга ундирилувчи маҳаллий солиқлар улушининг камайиб боришига сабаб бўлган.
     Диаграмма таҳлили шуни кўрсатадики, 2016-2020 йилларда мамлакатимизнинг жами давлат бюджети даромадлари бўйича тушумлар уч баробардан, республика бюджетининг даромадлари 4 баробардан кўпроққа ўсган бир пайтда, маҳаллий бюджет даромадларининг ўсиши ўртача 10-12 фоиз атрофида бўлганлигини ёки маҳаллий бюджетга тушумлар нобарқарор равишда 2016 йилда олдинги йилга нисбатан 116,0 фоизни, 2017 йилда 113,0 фоизни, 2018 йилда 121,8 фоизни, 2019 йилда 108,5 фоизни, 2020 йилда 114,5 фоизни ташкил этган.
     Маҳаллий бюджет даромадларидаги мазкур нобарқарорлик сабаб­ларини аниқлаш мақсадида маҳал­лий бюджет даромадларининг асосини ташкил этувчи мол-мулк ва ер солиқларини тушуми бўйича таҳлил қилиш мумкин.
     Жумладан, маҳаллий бюджетлар таркибида мол-мулк солиғи тушумини жами бюджет тушумлари бўйича таҳлил қилинганда қуйидаги натижаларни кузатиш мумкин.
     Хусусан, мол-мулк солиғи тушуми 2016 йилда олдинги йилга нисбатан 121,4 фоизни, 2017 йилда олдинги йилга нисбатан 128,3 фоизни, 2018 йилда 122,3 фоизни ташкил этган бир даврда 2019 йилда тушум 88,4 фоизни ва 2020 йилда 85,6 фоиз ташкил қилган. Ёки маҳаллий бюджет даромадлари таркибида мол-мулк соли­ғининг улуши 2016 йилда 10,2 фоизни, 2017 ва 2018 йилларда ўртача 11,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 9,5 фоизга ва 2020 йилда 7,2 фоизга етган.
     Солиқларни бюджетлар ўртасида тақсимлаш ва маҳаллий бюджетлар даромадларини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини тадқиқ этиш натижасида гувоҳи бўлганимиздек, бу жараён бир қадар мураккаб кўринишга эга. Шу ўринда солиқ тушумларининг маҳаллий бюджетлар ўртасида тақсимланишини ҳамда ма­ҳаллий бюджетлар даромадларини шакллантиришини Тошкент вилояти бўйича таҳлил қилсак, қуйидагиларни кузатишимиз мумкин:
Бу сингари ҳолатлар мамлакатимизда ер ва мол-мулкларни солиққа тортиш бўйича кескин ислоҳотлар ўтказишни тақозо қилади. Шу маънода 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бюджет харажатларини янада оптималлаштириш, маҳаллий бюджетлар тасарруфида қоладиган солиқлар ва мажбурий тўловларнинг рўйхати ва миқдо­рини қайта кўриб чиқиш, минтақа­ларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш, маҳаллий бюджетлар даромадларини ошириш мақсадида солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, мол-мулк ва ер солиқларининг маъ­мурчилигини такомиллаштириш чоралари кўзда тутилгани эътирофли жиҳатдир.
     Шунингдек, Президентимизнинг «Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғри­сида»ги (2020 йил 7 сентябрь) ва «Ресурс солиқлари ва мол-мулк соли­ғини янада такомиллаштириш тўғ­риси­да»ги (2020 йил 3 декабрь) фармонларида ҳам кўчмас мулкка бўл­ган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек, кўчмас мулклар ва ер майдонларини солиққа тортишда кескин кенг кўламли ислоҳот­ларнинг амалга оширилиши белгиланган.
     Умуман олганда мамлакатимизда мулк ва табиий ресурслардан оқи­лона ҳамда самарали фойдаланишни йўлга қўйишни, ер, мол-мулк со­лиқларини ҳисоблаш ва ундириш тартибларини қуйидаги таклифлар бўйича такомиллаштириш, назаримизда мақбул йўлдир:
     Биринчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи барча хўжаликлар учун ерларнинг норматив қийматидан келиб чиқиб солиқ ҳисоблаш тартибини жорий этиш ке­рак. Бунда қишлоқ хўжалигига мўл­жалланган ернинг норматив қийма­тидан келиб чиқиб ер солиғини ҳи­соблашда қишлоқ хўжалиги ерларининг контурлар бўйича базавий нор­матив қийматини аниқлаш тизимига ўтиш мақсадга мувофиқ. Иккинчидан, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун ер солиғининг базавий ставкаларини юридик шахс­ларга 1 гектар учун, жисмоний шахс­ларга 1 кв.м. учун ҳудудлар кесимида мутлақ миқдорда белгилаш ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳудудларнинг иқтисодий са­лоҳияти ва мавқеига қараб ер соли­ғининг базавий ставкаларининг аниқ миқдорини мустақил равишда белгилаш ҳуқуқини бериш лозим.
     Халқаро солиқ амалиётига таянган ҳолда кўчмас мулк объектларининг бозор баҳосидан кам бўлмаган миқдорларда баҳолаш орқали солиқ­қа тортиш тизимига ўтиш ҳамда мол-мулк ва ер солиқларини унифика­циялаш йўли билан босқичма-босқич кўчмас мулк солиғининг жорий этилиши билан солиқ маъмурчилигини соддалаштириш ҳам муҳим қадам ҳисобланади.
     Қолаверса, алоҳида ҳудудларнинг ўзига хос хусусияти (туристик сало­ҳияти) ва мавқейидан келиб чиқиб, тажриба тариқасида солиқ маъмурчилигининг алоҳида тартибини жорий этиш орқали кўчмас мулк объектлари ва уларнинг ижара тушумларини электрон платформада юритишни йўлга қўйиш пировардида мамлакатимиз солиқ-бюджет сиё­сатининг шаффофлигини таъмин­лайди.
 
Содиқ БОЙМУРОТОВ,
Фискал институти катта ўқитувчиси

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.