Давлатнинг иқтисодий ривожи, салоҳиятини юксалтириш йўлидаги омиллар мунтазам ишлашини таъминловчи ресурслар борки, улардан энг аҳамиятлиси – энергетик ресурслардир. Энергия ресурсларининг аҳамияти ва зарурияти, айниқса, ҳозирги электрон ҳукумат, электрон рақамлаштириш, қолаверса энергия таъминотида катта-кичик узилишлар юз берганда, кундалик ҳаётда яққол сезилади.
Масалан, ХХ аср бошларида АҚШни ларзага солган энергетик инқирозни ёдга олайлик. Бу инқироз мамлакат иқтисодиётини фалаж қилиб, уни ҳар тарафлама заифлаштирди. Кўп йиллар ўтмай, 2021 йилнинг бошларида Марказий Осиёда ҳам энергетик инқироз кузатилиб, бир сутка давомида электр энергиясининг йўқлиги савдо, хизмат ва ишлаб чиқариш соҳалари, банк тизими, инфратузилма, корхоналар ва заводлар фаолиятини тўхтатди ва, албатта, мамлакат аҳолисини ҳам қийин шароитга туширди.
Иқлим ўзгаришлари ва урушлар ҳам энергия тизимларини хавф остига қўйиб, миллионлаб одамларни таъсирлантиради. Бу каби энергетик инқирозлар пайтида инсоният учун энергия ресурсларининг глобал аҳамияти ва қадри яққол кўринади. Шу боис ҳам, техноген ва иқлим ўзгаришлари ҳамда инсон омили туфайли юзага келаётган замонавий муаммоларни ҳисобга олиб, бутун дунё давлатлари энергетика соҳасини барқарор ривожлантириш учун мисли кўрилмаган чора-тадбирларни амалга оширмоқдаки, ўз ўрнида Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас.
Буни энергетика соҳасини ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами ҳам исботлайди. Мамлакатда энергетика инфратузилмасини барқарор ривожлантириш, энергетика объектлари хавфсизлигини таъминлаш ва энергия самарадорлигини ошириш масалалари муваффақиятли ҳал этилмоқда. Аҳоли ва иқтисодиётнинг эҳтиёжларини қондириш учун электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми кўпайтирилмоқда.
Маълумки, ҳеч бир тармоқ ёки корхона ишончли энергия таъминотисиз самарали фаолият юрита олмайди. Бу таъминот, ўз навбатида, электр хизмати ходимларининг малакасига боғлиқ. Шу сабабли, «Navoiyazot» АЖда энергия хизматига, юқори малакали ва компетент мутахассис-электрикларни танлаш ва уларнинг малакасини оширишга катта эътибор қаратилади.
Энергия хизмати корхонани бошқариш ва унинг барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. «Navoiyazot» АЖ бош электригининг вазифаларига электр энергияси, иссиқлик, газ ва сув истеъмолининг умумий ҳажмини бошқариш ва оптималлаштириш каби долзарб масалаларни ҳал этиш киради.
Энергия хизматининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
● энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олиш, носамарали истеъмол сабабларини аниқлаш;
● энергия аудити ўтказиш, энергия тежаш режаларини ишлаб чиқиш, янги технологиялар ва ускуналарни жорий этиш;
● энергия ускуналарига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш;
● ишлаб чиқаришда энергия самарадорлигини ошириш;
● энергия таъминоти ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;
● электротехника ходимларининг билим даражасини ошириш ва бошқа.
Энергия хизматининг асосий кўрсаткичлари энергия тежаш ҳисобига ресурсларга сарфланадиган харажатларни камайтириш, энергия истеъмолини самарали бошқариш ва фойдани ошириш, электр ускуналарининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, авария ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишдир.
Корхонанинг энергия хизмати таркибида электр таъминоти цехи фаолият юритади. Цех энергия таъминоти ташкилотларидан электр энергиясини қабул қилиш ва тақсимлаш, корхонанинг истеъмол қилаётган электр энергиясини ҳисобга олиш, юқори кучланишли тақсимлаш электр қурилмаларига жорий ва капитал таъмирлашлар ўтказиш ҳамда электр ускуналарини созлаш билан шуғулланади. Цех таркибига 7 та асосий пасайиш станцияси, 2 та лаборатория ва 3 та участка киради, ҳозирда унда 215 нафар ишчи-хизматчи фаолият юритмоқда.
Бундан қарийб 10 йил аввал «Navoiyazot» АЖнинг фаолиятида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва ишлаб чиқаришни қайта жиҳозлаш ва модернизация қилиш ҳисобига унинг таннархини пасайтириш устувор йўналиш этиб белгиланган эди. Ушбу вазифалар айтиш жоиз бўлса, ўтган давр мобайнида муваффақиятли бажарилди. Жумладан, 2011 йилдан 2014 йилгача корхона юқори энергия истеъмол қилувчи эскирган цехларни модернизация қилиш ҳисобига тайёр маҳсулот таннархини пасайтиришга эътибор қаратди.
Масалан, органик ишлаб чиқариш цехида абгаз ёқиш қурилмасини қайта қуриш электр энергиясини тежаш ва буғ олиш мақсадида амалга оширилди, натижада абгазни утилизатор қозонларда ёқишдан чиқадиган иссиқликни максимал даражада олишга имкон берди.
«Navoiyazot» акциядорлик жамияти ҳамда унинг муҳим маҳсулотлари бўлган сулфат кислотаси, каустик сода ва аммиак ишлаб чиқариш бўйича янги технологияларни жорий этиш орқали ўз ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилди. Оқибатда, сулфат кислотаси (1200 тоннадан 2100 тоннагача кунига), аммиак селитраси (1500 тоннадан 2600 тоннагача кунига) ишлаб чиқариш ҳажмлари ошди ва маҳсулот сифати яхшиланди. Шу билан бирга маҳсулот таннархи пасайди ва энергия самарадорлиги юқорилади.
2019 йили Ўзбекистон Энергетика вазири «Navoiyazot» акциядорлик жамиятининг электроускуналарини ва инвестиция лойиҳалари доирасидаги вазифаларни амалга ошириш жараёнини ўрганиб чиқиш учун ташриф буюриб, ўзаро келишилган янги устувор йўналишлар компания ривожига қўшимча имкониятлар очди.
Яқин йилларда эса «Navoiyazot» акциядорлик жамиятининг ривожланиш стратегиясида энергия тежовчи технологияларни босқичма-босқич жорий этиш орқали энергия тежаш муҳим ўрин тутади. Ишлаб чиқариш комплексларини модернизация қилиш натижасида минерал ўғитлар ишлаб чиқариш учун маҳсулот ҳажми ошади ва ишлаб чиқариш барқарорлашади.
1965-1967 йилларда ишга туширилган аммиак ишлаб чиқаришнинг биринчи ва иккинчи навбатдаги маънан ва физик жиҳатдан эскирган ишлаб чиқаришлари ўрнига янги ресурс тежовчи технологиялар ва ускуналар ўрнатилди. Булар энергия сарфини сезиларли даражада камайтириш ва ишлаб чиқариш жараёнларининг энергия самарадорлигини ошириш имконини берди.
Корхонанинг барча ишлаб чиқариш цехлари ва комплексларини босқичма-босқич қайта жиҳозлаш нафақат корхонанинг кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга, балки атроф-муҳитга зарарли чиқиндилар миқдорини камайтиришга ҳам хизмат қилиб, экологияни ҳам яхшилади.
Алишер САМИЕВ, бош энергетиги