Ривожланган хорижий давлатлар тажрибасидан маълумки, саноат соҳаси мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади. Зеро, саноатнинг ривожланиши давлат иқтисодини мустаҳкамлайди, қишлоқ хўжалиги соҳаси, озиқ-овқат, енгил саноат ва бошқа тармоқлар ривожланишига туртки беради, аҳолини иш билан таъминлайди, оилалар даромадларини оширади. Шунингдек, саноат соҳаси ҳудудлар қиёфасини ўзгартиради, қишлоқ хўжалиги, меҳнат, молия ва бошқа ресурсларни ишлаб чиқаришдан тортиб мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини оширади.
Шу боис ҳам мамлакатимизда саноатни ривожлантиришга, ушбу соҳага инвестицияларни жалб этиб, янгидан янги замонавий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Айниқса, ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш рақобатбардош саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Навоий вилоятида жойлашган энг йирик саноат корхонаси – «Navoiyazot» АЖ раҳбари Фаррух Ҳамзаевич САМАДОВ билан суҳбатимиз корхонанинг ривожланиши, бугунги кундаги фаолияти ҳамда иқтисодиётимизда тутган ўрни ҳақида кечди.
– Кимё саноати Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. «Navoiyazot» АЖ эса Ўзбекистон кимё саноати соҳасидаги энг йирик корхонадир. Маълумки, «Navoiyazot» АЖ (собиқ Навоий кимё комбинати) 1964 йилда ишга туширилган ва бу йил корхона ташкил этилганига 60 йил тўлди.
Фаррух Ҳамзаевич, ушбу сана сизга ва бутун корхона жамоасига муборак бўлсин. Суҳбатимиз аввалида ушбу ўтган давр мобайнида «Navoiyazot» АЖнинг ривожланиш босқичлари, тажрибалари ва юртимиз кимё саноатидаги улуши ҳақида суҳбатлашсак.
– Дарҳақиқат, «Navoiyazot» мамлакатимиз кимё соҳасидаги кўзга кўринган энг йирик корхоналардан биридир. Заводимизнинг ривожланиш босқичини учга бўлиш мумкин. Биринчиси, заводнинг тамал тоши қўйилган 1960 йилдан 91-йилгача бўлган даврни ўз ичига олади. Бу даврда асосан қишлоқ хўжалиги ва мудофаа соҳасига оид маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлиб, жуда кўплаб цехлар, ишлаб чиқариш мажмуалари ишга туширилган. Биринчи ўринда 1960-65 йилларда азотли ўғитлар заводи ишга туширилган бўлса, 1965-71 йилларда иккинчи навбат минерал ўғитлар ишлаб чиқариш мажмуалари ишга туширилган.
1970-80 йилларга келиб, корхонада туб ўзгаришлар – асосан тоғ-кон саноати учун зарур бўлган кимёвий реагентлар, органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш амалга оширилди.
Шу билан бирга, бу даврда халқ истеъмол молларини ишлаб чиқариш кенгайди. Ўзбекистонда азалдан гилам тўқиш, гиламчилик ҳунари ривожланиб, айниқса Хоразм, Бухоро гиламлари машҳур саналган. Айнан шу йиллари – гилам ишлаб чиқариш саноати учун асосий хомашё – сунъий тола ва нитрон ишлаб чиқариш мажмуалари йўлга қўйилди.
1991 йилдан кейинги даврда бироз турғунлик даври бўлди. Чунки аввал ҳамма кимё заводлари битта кооперацияда ишлагани боис узилиш бўлди. Бу ерда хомашё чиққан бўлса, бошқа давлатлардан бутловчи қисмлар, ускуналар келтирилган. Бизнинг хомашё маҳсулотларимизнинг савдоси Ўзбекистондан ташқари Туркманистон, Қозоғистон каби қўшни мамлакатларда ҳам йўлга қўйилган. 1991 йилда алоқалар узилганидан кейин мудофаа саноати маҳсулотлари ўрнига ходимларимиз томонидан 30 га яқин халқ истеъмоли маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида кўпгина импорт маҳсулотлари келиши қисқаргани боис уларни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Шампундан токи тиш пастасигача бўлган кўплаб маҳсулотлар чиқарила бошланди. Кейинчалик ҳам халқ истеъмоли маҳсулотларини ишлаб чиқариш динамикаси ошириб борилди. 2000 йилгача яна қўшимча газ ҳолатидаги (кислород, аргон, карбонат ангидрид) маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
2000-йиллар давомида биринчи энг катта инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Франция ва Италия компаниялари билан бирга биринчи каустик сода, хлор ва хлор маҳсулотлари ишлаб чиқарила бошланди. Ушбу мажмуа биринчи навбатда, мамлакатимизда дезинфекция ва оқава сувлардаги микробларни ўлдириш, эпидемия тарқалишининг олдини олиш мақсадида ишга туширилган. Бу завод Ўрта Осиёдаги ягона мажмуа бўлгани ҳолда минтақадаги 5 та давлатнинг хлорли маҳсулотларга бўлган талабини қондира бошлади. Бу турдаги маҳсулотлар хавфли саналгани боис, узоқ ҳудудга экспорт қилиш ёки узоқдан олиб келиш қиммат ва қийин ҳисобланади. Шу сабабли ҳам қўшни давлатларимизнинг ҳаммаси эпидемиянинг олдини олиш мақсадида мазкур турдаги маҳсулотларни Ўзбекистондан олишган.
2016 йилдан кейинги давр мажмуа фаолиятида энг катта ривожланиш даври бўлди, десам муболаға бўлмайди. Чунки бу даврда жуда йирик 3 та лойиҳани амалга ошириш бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 17 ноябрдаги ПҚ-2264 сонли «Ўзбекистон Республикасида 2015 йилги инвестицион лойиҳалар тўғрисида»ги, 2014 йил 16 декабрдаги 2272 сонли «Navoiyazot» АЖ базасида поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш комплексларини қуриш инвестицион лойиҳаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ва 2015 йил 4 мартдаги ПФ-4707 сонли «2015-2019 йилларда структурали янгилаш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги фармонига мувофиқ «Navoiyazot» АЖда қуйидаги лойиҳалар амалга оширилмоқда:
● «Navoiyazot» АЖда аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришларини йўлга қўйиш;
● «Navoiyazot» АЖ базасида поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш комплексларини қуриш;
● «Navoiyazot» АЖда азот кислотаси ишлаб чиқаришини ташкил этиш.
Масалан, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш лойиҳаси ижроси бўйича «MITSUBISHI» компанияси (Япония), поливинилхлорид (ПВХ) ва каустик сода ишлаб чиқариш бўйича янги мажмуани барпо этиш юзасидан «САМС Engineering» – компанияси (Хитой) билан муваффақиятли ҳамкорлик амалга оширилди ва бу ҳамкорлик бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Азот кислотаси ишлаб чиқаришни ташкил этиш борасида эса «CASALE SA» (Швейцария) компанияси «Navoiyazot»нинг ишончли шерик-инвесторига айланган.