Республикамиз иқтисодиётининг барча соҳаларини ривожлантириш ва модернизациялаш бўйича мажмуавий дастурларнинг ҳаётга тизимли ҳамда изчил татбиқ қилиниши туфайли озиқ-овқат саноати корхоналари ишлаб чиқараётган маҳсулот турлари йилдан-йилга кўпайиб, экспорт салоҳияти ортиб бормоқда. Айниқса, аҳоли истеъмолини тўлиқ қондириш учун зарур миқдорда истеъмол моллари ишлаб чиқариш бўйича мамлакатимизнинг барча ҳудудларида изчил сиёсат олиб борилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида «Биз ўз олдимизга қўйган вазифалар қанчалик асосли эканини қуйидаги ҳисоб-китоблар кўрсатиб турибди. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 2016–2030 йилларда 2 баробар кўпайишига эришиш учун ўртача йиллик ўсиш суръатлари 4,8 фоиз даражасида бўлишини таъминлаш зарур. Агар кейинги 11 йилда бу кўрсаткич 8 фоиздан юқори бўлиб келганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу вазифани амалга ошириш учун мустаҳкам асос ва замин борлиги яққол аён бўлади», деган фикрлари юртимиз равнақига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган меҳнат жамоалари олдида улкан вазифалар турганидан далолат беради.
Қолаверса, озиқ-овқат таъминоти дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўта долзарб масалалардан бирига айланган бир пайтда ҳукуматимиз томонидан аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби ўсишини ҳисобга олиб, ушбу соҳага узоқни кўзлаган, самарали ва кенг қамровли тадбирлар орқали алоҳида эътибор қаратилаётгани уларнинг эртанги кунга ишончини орттирмоқда. Хусусан, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича қатор меъёрий ҳужжатлар, давлат дастурларининг ижроси изчил таъминланмоқда.
Президентимизнинг 2011 йил 31 октябрдаги «2012–2015 йилларда республика озиқ-овқат саноатини ривожлантиришни ва бошқарувини ташкиллаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг қабул қилиниши натижасида озиқ-овқат саноати корхоналари хомашё базасини янада мустаҳкамлаш, қайта ишлаш соҳасини модернизация қилиш, микроэлементларга бой маҳсулот турларини кўпайтириш, экспорт ҳажмини ошириш ишларига катта эътибор берилмоқда. Шунингдек, илғор агросаноат технологияларини қўллаш, қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини яхшилаш, ирригация ва мелиорация тизимларини ривожлантириш, реконструкция қилиш, маркетинг ва жаҳон бозорларига чиқиш бўйича янги технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қолаверса, мазкур соҳанинг янги босқичда жадал суръатларда ривожланишига, хусусан, қишлоқ жойларда замонавий, юқори унумли техника ва технология билан жиҳозланган маҳаллий хомашёни қайта ишловчи ихчам корхоналарни жадал барпо этишга замин яратилди.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, 2019 йилга қадар республика ҳудудида ишлаб чиқарилмайдиган ёғ-мой, гўшт-сут, мева-сабзавот, узум ва кондитер маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш мақсадида четдан келтирилаётган технологик ускуналар, эҳтиёт қисмлар, ёрдамчи материаллар ва ингредиентлар божхона тўловидан (божхона йиғинларидан ташқари) озод қилинади. Қолаверса, тижорат банкларига Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган фоиз ставкаси бўйича белгиланган тартибда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун зарур бўлган технологик ускуналар, хомашё ва материаллар сотиб олиш, томчилатиб суғориш тизимларини харид қилиш, кредитлар бериш ва лизинг хизматлари кўрсатиш учун банк кредит портфелининг камида 20 фоизи миқдорида махсус кредит линияларини очиш ишларини амалга ошириш ҳам қайд этиб ўтилган.
Мазкур яратилган имтиёзлар Қорақалпоғистон Республикасида озиқ-овқат саноатининг жадал суръатларда ривожланишига янада кенг имкониятлар яратиб бермоқда. Масалан, 2015 йил якунлари билан аҳоли истеъмол моллари ишлаб чиқариш умумий қиймати 781,3 млрд сўмни, шундан озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми 513,4 млрд сўмни ташкил этди.
2012–2015 йилларда аҳоли истеъмол моллари ишлаб чиқариш 50,3 фоизга ўсган бир пайтда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 66,3 фоизга ўсган. Айниқса, «Қорақалпоғистон Республикасини 2013-2015 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури»га мувофиқ мазкур йилларда 29,6 млрд сўм ва 15,1 млн доллар инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобидан 305 та янги озиқ-овқат лойиҳалари ишга туширилди. Ушбу самарали лойиҳалар ўзлаштирилиши натижасида 2230 та янги иш ўринлари яратилиб, 20 млрд сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Аҳоли истеъмол моллари ишлаб чиқаришнинг энг муҳим сифат кўрсаткичларидан бири ҳам ушбу ҳудуднинг бозори тўлдирилиши ҳисобланади. Ушбу нуқтаи-назардан олиб қараганда, 2012 йилда озиқ-овқат саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш 54,9 фоизни ва умумий чакана савдонинг 13 фоизини ташкил этган бўлса, 2015 йил якунларига кўра 65,7 фоиз ва ҳудудий умумий чакана савдодаги улуши 21,6 фоизга етган. Қорақалпоғистон Республикаси бўйича тўққизта йирик саноат корхоналари «Ёғгар», «Қўнғирот ун заводи», «Тўрткўл дон маҳсулотлари», «Турон Хожали», «Тахиатош дон маҳсулотлари», «Нукус винозаводи», «Қорақалпоқ дон маҳсулотлари» АЖлари ва «Чимбой дон», «Элликқалъа шароби» МЧЖлари ҳамда 350 га яқин кичик бизнес субъектлари озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Юртимизда озиқ-овқат тармоқларини модернизациялаш ва диверсификациялаш бўйича қабул қилинаётган узоқ муддатли дастурлар доирасида иқтисодиётнинг турли жабҳаларига татбиқ этилаётган истиқболли инвестициявий лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани сабабли, ишлаб чиқариш фаолият доирасини кенгайтириш, янги сармоялар киритиш ҳамда янги бозорларни ўзлаштириш имкониятлари янада ошишига хизмат қилмоқда. Айниқса, мамлакатимиз бозорининг кенг кўламлиги, ривожланган транспорт инфратузилмалари мавжудлиги унинг инвестициявий жозибадорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Шу билан бирга, шаклланган қулай сармоявий муҳит, инвесторлар учун турли афзалликлар ва кафолатлар тизими белгилангани жаҳон бозорига рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, қолаверса, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш имконини бермоқда.
Йирик саноат корхоналарини замонавий линия ва ускуналар билан жиҳозлаш маҳсулотлар рақобатбардошлигини таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ушбу мақсадларда Қорақалпоғистон Республикасида кейинги йилларда бир қатор ёғ-мой ва донни қайта ишлаш корхоналарида модернизация ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилди. «Турон Хожали» ва «Ёғгар-Беруний» корхоналарида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ёғ маҳсулотлари сифатини янада яхшилаш ва ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш линиялари ишга туширилди. «Тахиатош дон маҳсулотлари» корхонасида бир кеча-кундузда 250 тонна ун маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи қувватлар модернизация қилинди. Нукус шаҳридаги «Жайхун Браво Инвест» МЧЖда қиймати 900 минг доллар бўлган ва йиллик қуввати 33 минг дал. салқин ичимликлар (пиво) ишлаб чиқариш лойиҳаси фойдаланишга топширилди.
Бозор конъюнктурасига тез мослашувчан кичик саноат корхоналари ҳам жадал ривожланиш босқичига ўтди. Озиқ-овқат маҳсулотларини саноат асосида ишлаб чиқарувчи кичик бизнес субъектлари сони Нукус шаҳрида 115 та, Беруний ва Хўжайлида 34 тадан, Тўрткўлда 27 та, Чимбой ва Элликқалъада 20 тага кўпайиб, аҳоли истеъмол бозорини тўйинтиришга сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда. Айни шу ўринда яна бир қувонарли жиҳатга аҳамият қаратишни истардик. Айтайлик, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ҳудудий дастурлари доирасида 2010–2015 йиллар давомида гўшт, сут ва мева-сабзавотни қайта ишлайдиган 50 дан зиёд лойиҳада қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Хусусан, ушбу даврда гўштни қайта ишлайдиган 18 та лойиҳа янгитдан ва битта корхонада модернизация ишлари амалга оширилди. Шунингдек, сутни қайта ишлашга мўлжалланган 23 та лойиҳа амалга оширилиб, иккита лойиҳада реконструкция ишлари якунланган бўлса, мева-сабзавотни қайта ишлашга ихтисослашган саккизта лойиҳа эса фойдаланишга топширилиб, битта корхона замонавий ускуналар асосида модернизация қилинди.
Ишлаб чиқарилган маҳсулотларни талаб даражасида сақлаш ва истеъмолчиларга сифатли даражада йил давомида бир маромда узлуксиз етказиб бериш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда замонавий, тежамкор музлаткичлар қуриш борасида режали ишлар олиб борилмоқда. «2011–2015 йиллар даврида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг қарорлари асосида ушбу даврда умумий сиғими 8930 тонна бўлган 30 та янги музлаткичли камералар ишга туширилди ва модернизация қилинди. Жорий йилда жами сиғими 900 тонналик битта янги музлаткич камералари фойдаланишга топширилди. Мамлакатимизда соғлом бозор муносабатлари асосида ишлаб чиқаришни техник ва технологик модернизациялашга мўлжалланган кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани, ўз навбатида, озиқ-овқат саноати ривожига ҳам улкан ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш ва хусусий мулкчиликни ривожлантиришга йўналтирилган изчил чора-тадбирлар қўлланиши натижасида фермерлик ҳаракати йўлга қўйилди. Айни пайтда улар экин майдонига, замонавий техника ва технологияларга эга бўлган йирик хўжаликларга айланди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисми улар томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Бугунги кунда томорқа маданиятига эътибор берилаётганлиги оилалар даромади ошишига, аҳоли турмуш фаровонлиги яхшиланишига хизмат қилиб, маъмурчиликни таъминламоқда. Томорқадан келаётган даромад эвазига тўйлар қилиб, данғиллама иморатлар қураётган ҳамюртларимиздан аксарият кўпчилик ибрат олмоқда. Бунинг натижасида турли хил қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, бир қисми экспорт қилинмоқда. Томчилатиб суғориш усулида бунёд этилган интенсив боғлар ҳам ана шундай матонатли кишилар меҳнатлари самарасидир. Шу билан бирга, кўплаб иссиқхоналар ташкил этилиши ҳисобига янги-янги маҳсулот турларининг рўйхати ҳам кенгайиб бормоқда.
Ижтимоий жамиятнинг муттасил ривожланиши, истеъмол ҳажми ўсиши, аҳолининг кўпайиши дунё бозорида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ошишига сабаб бўлмоқда. Шу боис ҳам, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва саноат асосида қайта ишлаш, юқори сифатли замонавий истеъмол маҳсулотлари миқдори ва турларини кўпайтириш борасида босқичма-босқич аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон озиқ-овқат саноатида ҳам янги чўққиларни забт этмоқда. Қолаверса, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлидан ишонч билан олдинга интилиш, ҳамжиҳатликда юртни обод қилиш, фаровон турмуш тарзини яратишга жиддий киришиш халқимиз бирдамлигига хизмат қилаяпти.
Баҳромжон ГУЛИМОВ,
иқтисод фанлари номзоди