Мустақилликка эришган дастлабки даврларданоқ мамлакатимизда ёш авлодга таълим ва тарбия бериш, уларни етук ва баркамол қилиб вояга етказишга ўта муҳим масала сифатида қаралди. Яъни, таълим тизими Ўзбекистоннинг ижтимоий тараққиётида энг устувор йўналиш, деб эълон қилинди.
Дарҳақиқат, мазкур тамойил Юртбошимиз раҳбарлигида соҳада амалга ошириб келинаётган ислоҳотларнинг мағзини ташкил этади. Мазкур соҳа ҳам фарзандлар камолига йўналтирилган аниқ стратегия бўйича тубдан қайта кўриб чиқилиб, ўтмишдан қолган мафкуравий қарашлар ва сарқитлардан тўла халос этилди. Натижада, Ўзбекистонда ривожланган демократик давлатлар даражасида, юксак маънавий ва ахлоқий талабларга жавоб берувчи юқори малакали кадрлар тайёрлаш миллий тизими яратилди. Бу тизим тараққиётнинг «ўзбек модели» мазмун-моҳиятига тўла мос келади.
Ўтган чорак асрлик даврда халқимиз барча соҳаларда, хусусан, таълим йўналишида ҳам асрларга татигулик муваффақиятларни қўлга киритди. Бугун тизимда қўлга киритилаётган ютуқларимизни бутун дунё кўриб, тан олмоқда, эътироф этмоқда. Қолаверса, нуфузли халқаро ташкилотлар, қатор хорижлик экспертлар Ўзбекистонда ҳар йили таълим учун сарфланаётган харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10–12 фоизини, дунёнинг энг илғор мамлакатларида эса бу кўрсаткич атиги 3–5 фоиз атрофида эканлигини қайд этмоқда. Бу шубҳасиз, ҳавас қилишга арзигулик натижа. Шу боис ҳам, улар Ўзбекистонда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури муваффақиятлари, 2009 йилдан бошлаб жорий этилган 12 йиллик мажбурий таълим самараларига мудом юқори баҳо бериб келишяпти.
Амалиётга татбиқ этилган узлуксиз таълим тизимида мактабгача таълим боланинг соғлом, ҳар томонлама камол топиб шаклланадиган, унинг ўқишга интилишини ва билим олишга бўлган дастлабки қизиқишини уйғотадиган муҳим босқичдир. 2008 йилда ушбу босқич мазмунини белгилайдиган «Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим Концепцияси» ишлаб чиқилди. Ушбу концепцияда мактабгача таълимнинг асосий мазмуни, мақсади, вазифалари, янгиланиш тамойиллари, татбиқ этиш йўллари ва айниқса, болани шахс сифатида шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қурилиш, таъмирлаш ҳамда зарур дидактик материаллар, ўйинчоқлар ва спорт инвентарлари билан босқичма-босқич таъминлаш тизими йўлга қўйилди.
2010–2015 йилларга мўлжалланган давлат дастури асосида мамлакатимиздаги 4916 та мактабгача таълим муассасаларига ҳар йили давлат бюджетидан уч млрд сўм маблағ ажратилиб, интеллектуал ривожлантирувчи ўйинлар ва ўйинчоқлар билан босқичма-босқич таъминланмоқда. Яратилган шарт-шароитлар мактабгача таълим-тарбия сифатини янгилаш ва шу орқали болаларни мактабга сифатли тайёрлаш жараёнини ташкил этиш имконини бермоқда.
Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мактабгача таълимнинг янги муқобил шакли яратилди. Унга кўра, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, маҳалла гузарларида қисқа муддатли мактабга тайёрлаш гуруҳлари ташкил этилиб, уларда педагогика коллежини битирган ёш кадрлар сабоқ бермоқда. Ҳозирда республика бўйича 2070 та ана шундай гуруҳ ташкил этилган бўлиб, уларда 53980 нафар болажонлар таълим-тарбия олмоқдалар.
Мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олинмаган 5–6 ёшли болаларнинг оилаларида болаларни мактабга сифатли тайёрлаш мақсадида ота-оналар учун мўлжалланган бешта номдаги («Нутқ ўстириш, ўқиш ва саводга тайёрлаш», «Математик тасаввурларни шакллантириш», «Болажон» дастури асосида насрий ҳамда шеърий тўпламлар, «Соғ танда-соғлом ақл») суратли қўлланмалар тайёрланди ва етказиб берилди. Бундан ташқари, мактабгача таълим муассасаларида бадиий гимнастика, шахмат-шашка ва бошқа оммавий спорт турлари бўйича секциялар, чет тили, касб-ҳунарга эрта йўналтириш бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Аксарият мактабгача таълим муассасаларида болаларга халқимизнинг миллий мероси ва бой анъаналари ҳамда тарихини ўргатиб бориш учун маънавият хоналари, музейлар ҳамда кутубхоналар ишлаб турибди. Агар 2011 йилда мазкур тизимда 6546 нафар олий маълумотли мутахассис фаолият кўрсатган бўлса, 2016 йилга келиб уларнинг сони 17742 нафарни ташкил этди. Соҳа ходимлари малакасини ошириш, ўқитишнинг замонавий шакллари билан таништириш мақсадида миллий малака ошириш тизими яратилди. Унга кўра, мактабгача таълим муассасалари педагоглари ҳар уч йилда малакасини ошириб боради.
Юртбошимизнинг бевосита раҳбарлигида ишлаб чиқилган «Таълим тўғрисида»ги, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги қонунлар асосида яратилган малакали кадрлар тайёрлаш тизими ўзининг стратегик мақсадларига эга экани билан мамлакатимизнинг буюк келажагини қуришда муҳим роль ўйнамоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Миллий дастурни ҳаётга татбиқ этиш борасида «ўзбек модели» тамойилларига қатъий амал қилиниб, ислоҳотлар мамлакат тараққиёти билан узвий боғлиқ ҳолда босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Натижада, мамлакатимизда узлуксиз 9+3 шаклидаги 12 йиллик бепул мажбурий таълим тизими жорий қилинди.
Таълим соҳасида эришилган яна бир муваффақият, бу шубҳасиз фарзандларимизнинг қисқа даврда замонавий таълим масканларига эга бўлганлигидир. Мисол учун, 1991 йилгача республикадаги 8214 та мактабдан 3525 таси мослаштирилган биноларда, 1167 таси, яъни 33 фоизи ўтган асрнинг 40–60-йилларида ҳашар йўли билан пахса ва хом ғиштдан қурилган, бирор-бир меъёрга жавоб бермайдиган биноларда фаолият кўрсатар эди. Шу туфайли, истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ таълим тизимини ҳам шаклан, ҳам мазмунан тубдан ислоҳ қилишга киришилди ва Юртбошимиз раҳнамолигида «бу оғир, масъулиятли, аммо ҳал қилишни асло пайсалга солиб бўлмайдиган иш» қадам-бақадам, изчиллик билан жорий қилина бошланди. Натижада, 1991–2003 йилларда республикамизнинг барча ҳудудларида бир млн 893 минг ўқувчига мўлжалланган умумтаълим мактаблари, 152,8 минг ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасаларини қуриш ва мавжудларини таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг узвий ва мантиқий давоми бўлмиш Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури доирасида 2004–2009 йиллар мобайнида жами 8501 та мактабда, 2010–2016 йилларда 2255 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун жами 2,9 трлн сўм маблағ сарфланди. Айнан мустақиллик йилларида жами 4173 та мактаблар янгидан қурилди ва реконструкция қилиниб, замонавий кўринишга келтирилди. Мазкур таълим масканлари замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникалари билан жиҳозланди ва ушбу мақсадни рўёбга чиқариш учун 1,09 трлн сўм маблағ сарфланди. Тасаввур қилинг, 2004 йилда республика бўйича 1342 та (14 %) мактабларда компьютер бор эди. Бугунги кунда энг сўнгги русумдаги ўқув компьютер синфлари 12956 тани ёки умумий мактабларнинг 81,5 фоизини ташкил этади.
Мустақиллик йилларида таълим мазмунини янгича талаблар асосида ташкил этиш, такомиллаштириш бўйича жуда кўп изланишлар олиб борилди. Собиқ иттифоқ республикалари ичида биринчилардан бўлиб ишлаб чиқилиб, 1999 йилдан амалга жорий этилган Давлат таълим стандартлари ушбу изланишларнинг самарасидир. Бундан ташқари, умумий ўрта ва ўрта махсус касб-ҳунар таълимининг Давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва дарсликлари узвийлик, узлуксизлик ҳамда ўқувчиларнинг ёши ва психофизиологик хусусиятларига мослиги жиҳатидан таҳлил қилиниб, 1260 соат ҳажмдаги мавзулар оптималлаштирилди. Қолаверса, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида ўқитиладиган 18 та умумтаълим фанлари бўйича янги – компетенциявий ёндашувга асосланган Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари лойиҳалари ишлаб чиқилиб, 76 та умумий ўрта таълим муассасалари, 52 та касб-ҳунар коллежи ва 18 та академик лицейда тажриба-синовдан ўтказилмоқда.
Бошланғич таълимда илғор педагогик ва ахборот технологияларни кенг жорий этиш мақсадида бошланғич синф ўқитувчилари учун етти номдаги методик қўлланмалар ва уларнинг мультимедиали иловалари тайёрланди ҳамда 745 минг нусхада таълим муассасаларига етказиб берилди. Шунингдек, 500 дан ортиқ номдаги электрон дарсликлар, видео ва аудиодарслар, интерактив ва анимацияли виртуал лаборатория ишлари, тестлар, таълимий ўйинлар ҳамда 30 дан зиёд интерактив хизмат ва ахборот тизимлари яратилиб, амалиётга жорий этилди.
1991 йилда мактаб ўқувчиларининг дарсликлар билан таъминланиши 55,4 фоизни ташкил этган, холос. Бу кўрсаткич 2016 йилга келиб 100 фоизга етди. Умумтаълим мактаблари учун ҳар йили ўртача 26–28 млн нусхада, жумладан, охирги беш йилда 1958 номда, 132 млн дан ортиқ нусхадаги 234,2 млрд сўмлик дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар, жумладан, чет тилидан 1–4-синфлар учун жами 1,8 млн нусха дарсликлар мажмуаси, ўқитувчилар учун 41,8 минг нусха методик қўлланмалар ва уларнинг мультимедиа иловалари тайёрланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-чадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида узлуксиз таълим тизими учун чет тилларидан Давлат таълим стандартлари яратилиб, тасдиқланди ва 2013–2014 ўқув йилидан мактабларда чет тиллари 1-синфдан бошлаб ўқитила бошланди.