Фикримизча, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда халқаро сифат стандартлари ва техник регламентларга риоя этилишига жиддий эътибор қаратиш ҳамда лойиҳаларни амалга оширишда ва янги лойиҳаларни ишлаб чиқишда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилишини таъминлаш зарур.
Амалга оширилган прогноз кўрсаткичларига эришиш учун тўқимачилик корхоналарида жаҳон стандартига жавоб берадиган ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган замонавий юқори технологияли ишлаб чиқаришни ташкил этиш стратегияларини ишлаб чиқиш, тўқимачилик саноати корхоналари инфратузилмасини ривожлантириш, соҳага замонавий асбоб-ускуна ва техникалар, технологик линиялар ва модуллар, инновацияларни жорий этиш ҳисобига юқори технологияли, жаҳон бозорларида рақобатбардош маҳсулотларни кенг кўламда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лозим.
Миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини таъминлашда саноатнинг етакчи ўрин тутишини ҳисобга олиш, диверсификациялаш асосида саноатнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, рақобатбардошликка эришиш учун эса қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш зарур:
● технологик жараёнларни такомиллаштириш ҳамда хомашё, материал ва энергия ресурслари сарф меъёрини 10–15 фоизга камайтириш ҳисобига таннархни пасайтириш ва ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш, 2016 йилда саноатга сарфланадиган энергия улушини камида 30 фоизга камайтириш;
● ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ва саноат бўйича йилига меҳнат унумдорлигини 6–7 фоизга ошириш, фойдаланиш ҳамда ноишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш, ходимлар сонини оптималлаштириш;
● саноат тармоғида фаолият кўрсатаётган йирик корхоналардаги маънан ва жисмонан эскирган ишлаб чиқариш воситаларини янгилашни жадаллаштириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, корхоналарга жаҳон андозалари талаблари даражасидаги замонавий технологияларни жадал жорий этиш;
● ишлаб чиқаришни самарали диверсификациялашуви ва анъанавий тарзда тармоқлар экспортини (нефть-газ саноати, рангли металлургия, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, шу жумладан, пахтани) таъминловчи хомашё ресурсларини қайта ишлашни чуқурлаштириш бўйича инновацияларни қўллаш;
● кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иштирокида фан сиғимкорлиги юқори бўлган, энг замонавий технологик лойиҳалар доирасидаги инновацияларни молиялаштириш Фондини ташкил этиш;
● йирик корхоналарга инвестицияларни жалб қилиш ва юқори технологик маҳсулотлар экспортини қўллаб-қувватлаш бўйича самарали халқаро инновацион ҳамкорликка жалб қилиш механизмларини яратиш;
● маҳаллий маҳсулотлар сотиш бозорларини чуқур тадқиқ этиш ва уларнинг мос сегментлардаги ўрнини аниқлаш йўналишларида маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш;
● бозор «сигналлари»нинг доимий мавжуд масштаби, турли хил товар ва хизматларга истиқболдаги талаби, уларнинг техник, иқтисодий ва эксплуатацион даражасига талаблар мониторингини (ички ва ташқи) ташкил этиш;
● технологиялар трансферти соҳасида халқаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий механизмларини яратиш;
● юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш учун божхона қонунчилиги ва маъмурчилигини такомиллаштириш;
● корхоналарнинг молиявий самарадорлигини ошириш: саноат корхоналари таркибининг молиявий менежер ва бошқарувчилар тайёрлаш тартибини талаблар даражасига етказиш.
Ўзбекистоннинг саноат-инновацион ривожланиш стратегияси иқтисодиётни диверсификациялаш ва модернизация қилиш, маҳсулотларнинг рақобатбардош турларини ишлаб чиқариш ва товарлар экспортини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш асосида мамлакатнинг ривожланиши мақсад қилиб қўйилган.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, бугунги кунда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган узоқ муддатли стратегик мақсадни амалга ошириш ва Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги рақобатдошлигини таъминлаш ва мавқеини мустаҳкамлашга йўналтирилган таркибий ўзгаришлар ва юксак технологияли замонавий тармоқлар ва ишлаб чиқариш соҳаларини жадал ривожлантириш талаб этилмоқда.
Акбар СУЛТОНОВ,
ТДИУ тадқиқотчиси