Мамлакатимизда шаклланган бир­ламчи тиббий-санитария ёрдами маз­мун-моҳияти билан касалликни аниқ­лаб даволашга эмас, балки аҳоли ора­сида касалланишнинг олдини олиш, соғ­лом турмуш тарзини тарғиб этишга йўналтирилгани билан алоҳи­да аҳамият касб этади. Бу жараёнда оила шифокори ва патронаж ҳамши­ра хизмати шакллантирилгани муҳим омил бўлмоқда. Тиббий патронаж хизмати йўлга қўйилиши билан тиббиёт ходимларининг оилаларга қат­но­ви ортди. Бунинг натижасида, энг аввало, она ва бола саломатлигини асраш, соғлом фарзанд дунёга келиши ва камолга етишига эришиш, касалликни барвақт аниқлаш ва самарали даволашга эришилмоқда. Мисол учун, айнан аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёр­дами натижасида қарийб беш ярим миллион беморда касалликлар эрта босқичда аниқланди. Шу жиҳат­дан, касалликни эрта аниқлаб, уни ўз вақ­тида даволаш соғлом жамият барпо этишнинг муҳим омилидир.
     Тиббиёт тизимида амалга ошири­лаётган бу каби узлуксиз чора-тадбирлар кўплаб муҳим натижаларга замин яратмоқда. Мамлакатимизда кейинги беш йилда ҳар 100 минг ча­қалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, беш ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, ча­қалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривож­ланиш мақсадларига тўлиқ эришгани, инсон манфаатларини муҳофаза қилиш йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг муҳим маҳсулидир.
     «Соғлом она ва бола йили» давлат дастурида тиббиёт тизимининг моддий-техника салоҳиятини янада юксалтириш кўзда тутилган. Жорий йилда тиббиёт муассасалари, хусусан, перинатал ва скрининг марказларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳ­камлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш, патронаж тиббиёт ҳамширалари сонини кўпайтириш, акушер-гинеколог ва педиатрлар малакасини оши­ришга йўналтирилган ишлар кў­ла­ми кенгаймоқда.
     Бу борада 280 ўринли, бир сменада 250 кишини қабул қилиш ва йилига 1500 та операция ўтказишга мўлжалланган ҳамда замонавий тиб­биёт ускуналари билан жиҳозланган 4-даражали болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази барпо этиш алоҳида аҳамиятга эгадир.
     Қишлоқ жойларда замонавий тиб­биёт ускуналаридан фойдаланган ҳол­да биринчи тиббий-санитария хизматини такомиллаштириш мақса­дида 244 та қишлоқ врачлик пунктини капитал ва жорий таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилади. Туман тиб­биёт бирлашмалари, оилавий поликлиникалар, бир қатор вилоятларда болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва бошқа шифо муассасаларида модернизация ва реконс­трукция ишлари амалга оширилади.
     Хотин-қизларимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, уларга тиббий ёрдам кўрсатишни кенгайтириш мақсадида комплекс тиббий хизмат кўрсатиш учун Тошкент шаҳ­рида 4-даражали Аёллар саломатлик марказини ташкил этиш лойиҳаси тайёр­ланмоқда. Ушбу марказ энг ил­ғор ташхис қўйиш ва даволаш уску­налари билан жиҳозланади, унинг қошида замонавий маслаҳат поли­клиникаси ва операция блоки ташкил этилади.
     Ҳомиладор аёллар ва чақалоқ­ларни перинатал ва неонатал скринингдан ўтказиш орқали уларда туғ­ма ҳамда ирсий касалликларни эрта аниқлаш, ҳомиладор аёлларни бирламчи соғлиқни сақлаш тизими бў­ғинида оммавий перинатал ультратовушли скринингдан ўтказиш, 13 та скрининг марказини кўп функцияли замонавий рақамли ультратовуш тизими билан жиҳозлаш давлат дастурида белгиланган муҳим вазифалар сирасига киради. Буларнинг барчаси болаларнинг туғма ва ирсий касалликлар билан туғилишининг олдини олиш, болалар ногиронлиги ва ўлимини камайтириш имконини беради.
     Қайд этилгандек, ҳаёт давом этар экан, ана шундай эзгу ишлар ҳам, уларнинг кўлами ҳам кенгайиб бораверади. Бу эса, мустақил Ватанимиз бундан-да гуллаб-яшнаши, ҳаётимиз янада маъно-мазмунга тўлиши, биз танлаган йўлни ҳавас қилаётган ҳам­да биз билан яқиндан ҳамкорлик қил­моқчи бўлаётганлар сафи ортишига хизмат қилади. Зеро, мустақил­лик йўли – юксалиш, тараққиёт йўли бўлиб, албатта, бизни кўзланган манзиллар сари чорлайверади!
 
Фурқат САНАЕВ,
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.