Мамлакатимизда шаклланган бирламчи тиббий-санитария ёрдами мазмун-моҳияти билан касалликни аниқлаб даволашга эмас, балки аҳоли орасида касалланишнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга йўналтирилгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Бу жараёнда оила шифокори ва патронаж ҳамшира хизмати шакллантирилгани муҳим омил бўлмоқда. Тиббий патронаж хизмати йўлга қўйилиши билан тиббиёт ходимларининг оилаларга қатнови ортди. Бунинг натижасида, энг аввало, она ва бола саломатлигини асраш, соғлом фарзанд дунёга келиши ва камолга етишига эришиш, касалликни барвақт аниқлаш ва самарали даволашга эришилмоқда. Мисол учун, айнан аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами натижасида қарийб беш ярим миллион беморда касалликлар эрта босқичда аниқланди. Шу жиҳатдан, касалликни эрта аниқлаб, уни ўз вақтида даволаш соғлом жамият барпо этишнинг муҳим омилидир.
Тиббиёт тизимида амалга оширилаётган бу каби узлуксиз чора-тадбирлар кўплаб муҳим натижаларга замин яратмоқда. Мамлакатимизда кейинги беш йилда ҳар 100 минг чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, беш ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришгани, инсон манфаатларини муҳофаза қилиш йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг муҳим маҳсулидир.
«Соғлом она ва бола йили» давлат дастурида тиббиёт тизимининг моддий-техника салоҳиятини янада юксалтириш кўзда тутилган. Жорий йилда тиббиёт муассасалари, хусусан, перинатал ва скрининг марказларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш, патронаж тиббиёт ҳамширалари сонини кўпайтириш, акушер-гинеколог ва педиатрлар малакасини оширишга йўналтирилган ишлар кўлами кенгаймоқда.
Бу борада 280 ўринли, бир сменада 250 кишини қабул қилиш ва йилига 1500 та операция ўтказишга мўлжалланган ҳамда замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган 4-даражали болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази барпо этиш алоҳида аҳамиятга эгадир.
Қишлоқ жойларда замонавий тиббиёт ускуналаридан фойдаланган ҳолда биринчи тиббий-санитария хизматини такомиллаштириш мақсадида 244 та қишлоқ врачлик пунктини капитал ва жорий таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилади. Туман тиббиёт бирлашмалари, оилавий поликлиникалар, бир қатор вилоятларда болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва бошқа шифо муассасаларида модернизация ва реконструкция ишлари амалга оширилади.
Хотин-қизларимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, уларга тиббий ёрдам кўрсатишни кенгайтириш мақсадида комплекс тиббий хизмат кўрсатиш учун Тошкент шаҳрида 4-даражали Аёллар саломатлик марказини ташкил этиш лойиҳаси тайёрланмоқда. Ушбу марказ энг илғор ташхис қўйиш ва даволаш ускуналари билан жиҳозланади, унинг қошида замонавий маслаҳат поликлиникаси ва операция блоки ташкил этилади.
Ҳомиладор аёллар ва чақалоқларни перинатал ва неонатал скринингдан ўтказиш орқали уларда туғма ҳамда ирсий касалликларни эрта аниқлаш, ҳомиладор аёлларни бирламчи соғлиқни сақлаш тизими бўғинида оммавий перинатал ультратовушли скринингдан ўтказиш, 13 та скрининг марказини кўп функцияли замонавий рақамли ультратовуш тизими билан жиҳозлаш давлат дастурида белгиланган муҳим вазифалар сирасига киради. Буларнинг барчаси болаларнинг туғма ва ирсий касалликлар билан туғилишининг олдини олиш, болалар ногиронлиги ва ўлимини камайтириш имконини беради.
Қайд этилгандек, ҳаёт давом этар экан, ана шундай эзгу ишлар ҳам, уларнинг кўлами ҳам кенгайиб бораверади. Бу эса, мустақил Ватанимиз бундан-да гуллаб-яшнаши, ҳаётимиз янада маъно-мазмунга тўлиши, биз танлаган йўлни ҳавас қилаётган ҳамда биз билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқчи бўлаётганлар сафи ортишига хизмат қилади. Зеро, мустақиллик йўли – юксалиш, тараққиёт йўли бўлиб, албатта, бизни кўзланган манзиллар сари чорлайверади!
Фурқат САНАЕВ,
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи