Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатдики, республикамиз ҳудудлари меҳнат бозорларини кластерлар марказларига ажратиб, Euclidean distance масофасидан фойдаланганда K-means энг мақбул усул ҳисобланади.
Шундай қилиб, биз минтақавий меҳнат бозорининг тўрт хил турига эга бўлдик:
● хизматлар соҳаси кўрсаткичи, иш билан бандлар орасида олий маълумотлилар улуши, умумий таркибда тадқиқотлар билан банд бўлган ходимлар улуши;
● хизматлар соҳасидаги бандлик, иш билан бандлар орасида олий маълумотлилар улуши ва кичик бизнес соҳасида бандлар улуши;
● «сервис» бандлиги ўртачадан юқори, кичик бизнесда, тадқиқот ва ишланмалар билан бандлар ўртачадан паст, олий маълумотга эга бўлганлар улуши ўртача ва юқори;
● қайд этилган кўрсаткичлар юқори эмас, иш билан банд бўлганлар орасида олий маълумотлилар улуши қиймати ўртача.
Кўрсатилган кластерлар ўртасида минтақавий меҳнат бозорлари ҳаракати таҳлили мамлакатимизда бир нечта синф мавжуд эканлигидан далолат беради:
● иш билан бандликнинг «инновацион» кўрсаткичлари барқарор даражада юқори бўлган минтақавий меҳнат бозори (Тошкент шаҳри);
● «инновацион» кўрсаткичи яхшиланиб бораётган минтақавий меҳнат бозорлари (Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари);
● иш билан бандликнинг «инновацион»лиги барқарор равишда ўртача минтақавий меҳнат бозорлари (Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари);
● нисбатан беқарор минтақавий меҳнат бозорлари (Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари).
Ушбу кластер иш билан бандликнинг инновацион тури ривожланишининг иқтисодий имкониятлари нуқтаи назаридан бир хил эмас. Айтиб ўтилган минтақалар, бизнингча, прогрессив йўналишда иш билан бандликни ривожлантириш учун зарур ресурсларга эга. Лекин, ресурсларни прогрессив тармоқлар ва секторларга қайта татбиқ қилиш, кичик бизнесни ривожлантириш, хизматлар соҳасини «интеллектуаллаштириш» муҳим роль ўйнайди.
Республикада инновацион бандлик истиқболларини баҳолашда янги турдаги иш билан бандлик ривожланиши учун моддий асослар яратиш жараёнини акс эттирадиган иқтисодий кўрсаткичларни ҳам ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ.
Қайд этилган таснифлар ва меҳнат бозори ҳолати борасида ўтказилган таҳлилий натижаларни бирлаштириш Ўзбекистоннинг ҳудудий меҳнат бозорларини қуйидаги гуруҳларга бўлиш заруриятини келтириб чиқаради:
1) Инновацион фаоллик ўртача, ишсизлик даражаси паст бўлган «инновацион аттракторлар» (Тошкент шаҳри). Ушбу ҳудудда инновацион иш билан бандликнинг ривожланиши учун барқарор иқтисодий база яратилган, меҳнатга талаб таркиби дифференциация қилинган ва прогрессивлик даражаси юқори, иш билан бандлик таркибининг «инновацион» кўрсаткичлари юқори, меҳнат бозори динамик, ўртача ойлик иш ҳақи юқори. Бундай минтақавий меҳнат бозори Ўзбекистон Республикаси доирасида инновацияларга йўналтирилган, иқтидорли кадрларни жалб қилувчи ўзига хос марказга, «ўсиш қутблари»га, тараққиётнинг инновацион йўли «карвонбошиси»га айланади. Уларда иш билан бандликнинг янги шакллари ва янада самарали меҳнат амалиёти ривож топади, макроиқтисодий боғлиқликлар яққолроқ ифодаланади, персонал тайёрлаш ва ўқитишни амалга оширувчи инновацион фаол ташкилотлар сони кўпроқ бўлади.
2) Иш билан бандлик таркибининг «инновацион»лик даражаси ўртача, меҳнат бозоридаги вазият беқарор (Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари) ва инновацион фаоллик ўртача бўлиб, бу барпо этилаётган иш ўринлари динамикасида акс этадиган «индустриал ўртача инновацион» минтақавий меҳнат бозорлари.
3) «Ноинновацион, беқарор, лекин юқори ўқимишли минтақалар». Минтақавий меҳнат бозорининг ушбу тури энг кўпи. Яъни, хизматлар соҳаси ва кичик бизнесда иш билан бандлик кўрсаткичлари, тадқиқотлар билан банд ходимлар кўрсаткичлари пастлиги, лекин банд аҳолининг маълумот даражаси юқорилиги хос. Ушбу тур инновацион иш билан бандликка талаб етарли бўлмаган ҳудудларни қамраб олади. Уларда инновацион иш билан бандликни ривожлантириш сиёсати юритилади.
4) «Ўртача инновацион, барқарор ўсувчан» – инвестицион фаоллик ва ўсиш даражаси, мос равишда, янги иш ўринлари яратиш имконияти юқори, «сервислаштириш» даражаси яхши, лекин бандликнинг «инновацион»лиги ўртача. Мазкур гуруҳ иш билан бандликнинг инновацион турини ривожлантириш учун зарур бўлган иқтисодий асосларга эга, лекин ҳозирги кунда минтақа ихтисослашуви бу жараённи чегаралаб туриши мумкин.
Бизнинг таклифларимиз республика ҳудудлари меҳнат бозорларини инновацион иш билан бандликни ривожлантириш имкониятлари нуқтаи назаридан гуруҳларга ажратиш амалга ошириш мумкин бўлган умумий аломатлардан бири эканлигини яхши тушунамиз. Янги турдаги бандликни тўлароқ баҳолаш учун минтақа меҳнат бозорининг бир неча йил давомида битта турга мансублигини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Бу эса, ўз навбатида, турлар барқарорлигини, шунингдек, бир хил тур доирасида меҳнат бозорлари ёки ҳар хил турлар ўртасида ўхшашликни аниқлашга имкон беради. Қуйидагилар қўшимча белгиларга айланиши мумкин:
● иш билан бандликнинг янги шакллари пайдо бўлганлиги;
● иш билан банд бўлганларнинг касбий-малакавий таркиби;
● меҳнатнинг ахборотлашув жараёни тобора тезлашаётгани;
● минтақанинг инновацион тизими ҳолатлари ва бошқалар.
Бироқ, ушбу белгиларнинг аксарияти бўйича тўлиқ статистик ахборотлар мавжуд эмас, шунинг учун ҳам мазкур ҳолат баҳолаш объективлигини қийинлаштиради.
Ўзбекистон ҳудудларида инновацион иш билан бандлик иқтисодиётнинг турли секторлари ва корхоналарида юзага келмоқда. Биз, ушбу изланишлар орқали инновацион турдаги бандликни микродаражада баҳолаш методологиясини таклиф этдик.
Иқтисодиётнинг турли тармоқларига мансуб корхоналарда амалга оширилган ушбу жараёнлар ҳисоб-китоби шуни кўрсатдики, энг юқори индекс ахборот технологиялари сектори («Fido-biznes» компанияси)да кузатилди. Шу билан бирга, ҳаттоки индекслар бир-бирига яқин бўлганда ҳам уларнинг таркиби фарқ қилиши мумкин. Масалан, расман иш билан банд бўлганлар орасида олий маълумотлилар ва ижодий меҳнат ходимларининг улуши катта бўлган ҳолатда ҳам ташкилотларнинг инновацион фаоллик кўрсаткичлари ва меҳнат унумдорлиги паст бўлиши мумкин. Айни пайтда, замонавий техника базаси, фаол кадрлар сиёсати, кадрлар маркетинги, меҳнатни самарали рағбатлантириш ва персонални инновацияларга йўналтириш ташкилотнинг инновацион фаоллик кўрсаткичлари юқори бўлишига олиб келиши мумкин.
Мақсуда АТАНИЯЗОВА,
катта илмий ходим-изланувчи