Иқтисодий таълим хизматлари кўрсатиш доираси бозор муносабатлари ривожланиши билан боғлиқ, чунки, мазкур вазият кишиларнинг якка тарзда иқтисодий саводхон бўлишларини, тадбиркорлик ва бизнес асосларини пухта билишларини тақозо этади. Кундалик мулкий ва бошқа ижтимоий-иқтисодий муносабатларга киришишда индивидуал ёндашувларнинг устун аҳамиятга эгалигини таъминлайди. Чунки, бозор муносабатлари шароитида ишбилармон тадбиркор биржа котировкалари, акциялар қийматининг ўзгариши, экспорт ҳамда импорт божлари тузатишлари, миллий валютанинг хорижий валютага нисбатан курсидаги ўзгаришлар, давлат иқтисодий сиёсатининг ҳаётий муҳим параметрлари (солиқ ставкалари, инфляция суръатлари, ижтимоий тўловлар, ижтимоий таъминот дастаклари ва бошқалар)ни билишларини талаб этади. Бу табиий равишда, кенг маънода иқтисодий таълим хизматлари тизимини йўлга қўйиш, иқтисодий таълим хизматлари бозори ривожланиб ва кенгайиб боришини талаб этади.
Таълим хизматлари бозорида иқтисодий таълим хизматлари сегменти алоҳида ўрин тутади. Иқтисодий таълим тизимида ҳам бозор муносабатлари ривожланиши, бозор инфратузилмаси унсурлари самарали фаолият олиб бориши, рақобат муҳити шаклланиши, монопол фаолиятнинг салбий таъсири камайтирилиши, рақобатбардош мутахассислар тайёрланиши муҳим аҳамият касб этади.
Бозор муносабатлари шароитида устувор йўналишлардан бири сифатида иқтисодий таълим хизматларига эътибор қаратилиши мақсадга мувофиқ.
Бошқа иқтисодий эҳтиёжлар сингари, иқтисодий таълимга жиддий эҳтиёж сифатида қаралганда, қуйидаги ёндашувлар унинг мазмунини кенгроқ очиб беради:
● иқтисодий таълим эҳтиёжлари дастлабки ижтимоий эҳтиёжларнинг муҳим таркибий қисми;
● иқтисодий билимлар иқтисодий муносабатлар ривожланишининг ва такомиллашувининг муҳим ижтимоий-маърифий шарт-шароитларидан бири;
● иқтисодий таълим хизматлари кишилар ҳаётини оптимал ташкил этиш, хўжалик фаолиятини самарали йўлга қўйиш, иқтисодий бошқарувни ташкил этиш механизми асосларидан бири;
● иқтисодий тафаккурнинг ривожланиши фаолият салоҳиятини ошириш воситаси;
● фаолият мақсади, мотивацияси ва тавсифини таърифловчи категория;
● жамият самарадорлигини шакллантирувчи ҳамда оптималлаштирувчи инструмент – восита, дастак, ижтимоий омил.
Иқтисодий таълимнинг ижтимоий-индивидуал тавсифида асосий эътибор мазкур таълим турининг шахснинг ижтимоий шаклланишидаги аҳамиятига қаратилиши лозим. Жумладан, унинг касбий эмас, балки умумий дунёқараши такомиллашувидаги роли ўрганилади. Бу жараённинг миқдорий параметри аниқ бўлса-да, иқтисодий билимларнинг шахс онгида ижтимоий-иқтисодий жараённи тўғри акс эттиришдаги ҳал қилувчи ролини инкор қилиб бўлмайди.
Иқтисодий таълимга миллий таълим тизимини юксалтиришнинг назарий ва амалий муаммоларининг асосий ечими сифатида қараш лозим: таълим муаммоларини бартараф этиш ҳамда ҳар бир индивидуал шахснинг фаолият кўрсатиш самарадорлигини ошириш учун уларни бирга ҳал қилиш биринчи ўринда бўлиши зарур.
Иқтисодий таълим хизматларини истеъмол қилувчиларга фақат харидор сифатида эмас, балки истеъмол қилинган таълим ҳажмини кенгайтирилган шаклда такрор ишлаб чиқарувчилар сифатида қараш мақсадга мувофиқ. Чунки, бу жараённинг ривожланишида иқтисодий таълим тизимида янги – инновацион таълим тузилмалари ташкил этилишига ва улардан самарали фойдаланишга олиб келади. Бу ўзига хос тарзда мультипликацион ижтимоий-маърифий самара беради; иқтисодий саводхонликнинг юксалиши оммавий миқёсни қамраб олади; иқтисодий таълим сифатига талаб ошади; соҳада рақобат кураши кучаяди.
Бозор муносабатлари шароитида иқтисодий таълим тизими инновацион тарзда, янгиликларга очиқлик, эркин ёндашувларга демократик хайрихоҳлик асосида ташкил этилишини таъминлаш ҳам замонавий муаммолардан ҳисобланади.
Иқтисодий таълим тизимининг ташкилий-ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий асослари миллий қонунчилик, мамлакат иқтисодий салоҳияти ҳамда аҳолининг ижтимоий таркибий тузилмасига мос ҳолда такомиллаштирилиши лозим. Аммо, мазкур жараёнда таълим тизими бошқа ривожланаётган соҳалар ва тузилмаларга нисбатан жадалроқ, «бир қадам олдинда» бориши лозим.
Таълим жараёнида талабаларга нафақат таълим объекти сифатида қараш, балки уларнинг айни вақтда таълим субъекти эканлигини тан олиш ва унга таълим тизимини ривожлантириш концепциясидан келиб чиқиб қараш лозим.
Иқтисодий таълим тизимини такомиллаштиришнинг назарий, услубий ва ташкилий жиҳатларини ўрганиш асосида қуйидаги хулосага келинди:
● бозор муносабатлари шароитида иқтисодий таълим асосий иқтисодий ресурслардан бири бўлиб, инсон фаолиятини мотивациялаштириш омилига боғлиқ бўлиши ҳамда унга боғлиқ бўлмаган информацион ахборотларга, улардан самарали фойдаланиш учун зарур бўлган имкониятларга ҳам боғлиқ;
● иқтисодий таълим миллий таълим тизимининг таркибий қисми бўлиб, у иқтисодий ривожланишнинг муҳим омилларидан бирини ташкил этади;
● бозор шароитида иқтисодий таълим тизими мафкураси талаб даражасида ўзгариб бориши миллий иқтисодиётни инқирозларсиз ривожланишини таъминлайди;
● миллий иқтисодиётнинг устувор йўналишини таъминлашда иқтисодий таълим тизимини ривожлантириш, ишлаб чиқаришнинг асосий омили бўлган инсон капиталини шакллантиришни эса, талаб ва таклиф қонуни асосида мувофиқлаштириш лозим.
Қобил ҚУРОЛОВ,
мустақил изланувчи