Мустақиллик йилларида амалга оширилаётган кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар барча соҳаларга ижобий таъсир ўтказмоқда. Бунинг натижасида, мамлакатимиз иқтисодий қудрати йилдан-йилга мустаҳкамланиб, халқимизнинг турмуш фаровонлиги тобора юксалмоқда. Айни пайтда юртимизда амалга оширилаётган ўрта мулкдорлар синфини шакллантириш ҳамда хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган изчил сиёсат туфайли, биргина маҳаллийлаштириш жараёнларида ҳам улкан муваффақиятларга эришилмоқда. Бу эса, муҳим, таъбир жоиз бўлса, устувор аҳамиятга эга.
Негаки, авваллари чет эл валютасига олиб келинган маҳсулот бугун ўзимизда ўзлаштирилиб, мамлакатимизда фаолият юритаётган қатор корхоналарда ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар самараси эса маҳсулот тури, сифати ва ҳажмининг ортишида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Ўтган давр мобайнида тўпланган тажриба ва амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, соҳа самарадорлигини оширишга қаратилаётган чуқур ва кенг кўламли ислоҳотлар боис, тадбиркорлик имкониятлари янада кенгаймоқда. Бу борада барча меъёрий-ҳуқуқий асослар яратилган.
Юртимизда кечаётган кенг кўламли ўзгаришлар, қўлга киритилаётган муваффақиятлар ҳақида гап кетганда, пухта ўйланган ва юқори самара бераётган миллий дастурларнинг аҳамиятини алоҳида тилга олиш жоиз. Чунки, жорий қилинаётган аниқ мақсадли дастурлар туфайли, мамлакатимиз иқтисодиёти қисқа фурсатда улкан ютуқларга эришмоқда. Хусусан, маҳаллийлаштириш дастури доирасида ташкил этилаётган корхона ёки ишлаб чиқаришнинг янги йўналишларини йўлга қўяётган тадбиркорлик субъектларида ички бозорни зарур истеъмол товарлари ва бутловчи маҳсулотлар билан тўлдириш, валюта ресурсларини тежаш, улардан оқилона фойдаланиш, ҳудудлар саноатини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини кузатиш мумкин.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида инвестиция дастури доирасида мамлакатимизда жами қиймати 3,7 млрд АҚШ долларига тенг бўлган 100 дан зиёд йирик ишлаб чиқариш объекти ишга туширилди. Қолаверса, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари бўйича ўтган тўққиз ой давомида 22 мингдан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Ушбу лойиҳаларнинг 4274 таси саноат тармоғида фаолият юритаётган 3195 та корхонада амалга оширилган бўлиб, деярли барчаси янги ишлаб чиқариш қувватлари ҳисобланади. Яна 162 та корхонада фаолиятнинг янги турлари ўзлаштирилди, 264 та корхона модернизация қилиниб, 653 та корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари оширилди.
Зеро, юртимизда импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқараётган корхоналар сафи кенгайиши уларга яратилаётган қулай шарт-шароитлар, берилаётган имтиёзлар билан ҳам боғлиқ. Айниқса, саноат корхоналари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани боис, ички бозор замонавий ва сифатли маҳсулотлар билан тўлиб бормоқда. «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» белгиси остидаги ҳар томонлама қулай, тежамкор, сифатли ва арзон маҳсулотлар нафақат ишлаб чиқарувчиларимиз ютуғи, балки саноатимиз қувватлари ҳам ортиб бораётганидан далолат беради. Пировардида замонавий, сифатли, ҳеч бир хорижий маҳсулотлардан қолишмайдиган маҳаллий товарлар бозорларимизни тўлдирмоқда. 2016 йилнинг тўққиз ойи давомида маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар қиймати 4 трлн сўмдан зиёдни ташкил этгани ҳам амалга оширилаётган ишлар кўламини кўрсатади.
Бу жараён иқтисодий ислоҳотлар юқори самара бераётгани, давлат дастурлари ҳаётга муваффаққиятли жорий этилаётгани натижаси. Дастурларнинг самарали ижроси туфайли кўплаб экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда, ҳудудлар инфратузилмаси яхшиланиб, саноатни ривожлантириш янада жадаллаштирилмоқда. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида қабул қилинган лойиҳаларнинг катта қисми Самарқанд вилоятида ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг маҳаллийлаштириш дастури тўғрисидаги қарори талабларини самарқандлик тадбиркорлар ҳам ўз фаолиятларига самарали татбиқ қилмоқда. Бу қарор ўз навбатида, вилоятда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш билан бирга, ушбу соҳанинг янада жадал ривожлантирилишини таъминлаш учун айрим фойдаланилмаган захира ва имкониятларни ҳам ишга солишга, пировардида, буларнинг барчаси, нарх-наво пасайишига, кўплаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилмоқда. Қолаверса, маҳаллий хомашё ва ишлаб чиқариш ресурсларидан кенг фойдаланиш, шу асосда замонавий рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш жараёнига янги ва самарали технологияларни татбиқ этишга катта эътибор берилмоқда. Амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар вилоятни республикамиздаги жадал суръатлар билан ривожланаётган пешқадам ҳудудга айлантирди. Айни пайтда, саноатнинг автомобилсозлик, кимё, тўқимачилик, мева-сабзавотни қайта ишлаш тармоқлари республикамизда олдинги ўринларда туради.
Масалан, Ўзбекистон Президентининг 2014 йил 4 февралдаги, 2015 йил 11 февралдаги ҳамда вилоят ҳокимининг 2015 йил 16 февралдаги «2015–2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ 2015 йилда вилоятнинг олтита ҳудудида 24 та корхонада 50 та лойиҳа амалга оширилиши ва улар томонидан 296 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режаси белгиланган эди. Ҳудудий тасарруфдаги 17 та саноат корхонасида эса 41 та лойиҳа амалга оширилиб, ушбу ишга туширилган лойиҳалар бўйича жами 202,2 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Йил якуни билан дастурдаги 24 та корхона томонидан 201,5 млрд сўмлик сифатли, бозорбоп маҳсулотлар ўз истеъмолчиларига етказилади. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ҳудудий корхоналар томонидан 2015 йилда 185,7 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Жумладан, маҳсулот сотиш ҳажми 110,4 млрд сўмни ташкил этиб, 2,9 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Иқтисод қилинган валюта миқдори жами 22,9 млн долларни ташкил этди. Қолаверса, ўтган йил ҳисобида маҳаллийлаштириш дастури бўйича 279 та янги иш ўринлари ташкил этилди.
Мазкур йўналишда бу йил ҳам, диққатга сазовор ишлар амалга оширилмоқда. Чунки, ишлаб чиқаришни маҳаллий шароитда ташкил этиш республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Самарқанд вилоятида ҳам энг долзарб масалалардан ҳисобланади. Шу боис, мазкур масала вилоят мутасаддиларининг доимий эътиборида. Рақамларга эътибор қаратсак, жорий йилда ҳам бир қатор лойиҳалар амалга оширилганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Мисол учун, 2016 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида вилоятнинг олтита ҳудудида фаолият кўрсатаётган 24 та корхонада 58 та лойиҳа амалга оширилиб, жорий йилда ушбу корхоналарда истеъмолчиларга жами 367,6 млрд сўмлик маҳсулот етказиб берилиши режалаштирилган. Улардан ҳудудий тасарруфдаги 17 та корхонада 49 та лойиҳа фойдаланишга топширилади ва 208,8 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Мазкур корхоналарнинг катта қисми, яъни 10 таси Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган бўлиб, уларда бу йил 15 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган, натижада 153,5 млрд сўмлик маҳсулот тайёрланади. Шунингдек, Булунғур туманида битта корхонада учта (65,4 млрд сўм), Жомбой туманида иккита корхонада иккита (5,2 млрд сўм), Самарқанд туманида битта корхонада 13 та (3,1 млрд сўм), Пастдарғом туманида битта корхонада саккизта (221 млн сўм) ва Ургут туманида тўққизта корхонада 17 та (73,9 млрд сўм) лойиҳа маҳаллийлаштириш дастурига киритилган.
Бундан ташқари, дастурдаги 16 та корхонанинг 39 та лойиҳаси бўйича 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигида 88 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва 2,1 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйилиши натижасида иқтисод қилинган валюта миқдори 10 млн долларни ташкил этди. Янги маҳсулотларни ўзлаштириш лойиҳалари ҳудудда янги иш ўринлари ташкил этишда ҳам қўл келмоқда. Масалан, айнан ушбу дастурнинг ҳаётга жорий қилиниши натижасида ўнлаб янги иш ўринлари яратилмоқда.
Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхоналарга солиқ, божхона тўловлари бўйича берилаётган енгилликлар, имтиёзлар улар харажатларини тежашга ижобий таъсир этмоқда. Пировардида уларнинг ишлаб чиқариш имкониятлари ортиб, иқтисод қилинган маблағлар эса янги ускуналар сотиб олишга, ишчиларнинг меҳнат шароитини яхшилашга сарфланмоқда. Масалан, бу йил дастурга киритилган тўққизта корхонага қарийб 1,5 млрд сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар берилди.
Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш ва халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятли. Шак-шубҳасиз, ушбу эзгу мақсадни рўёбга чиқаришда ишлаб чиқаришга муваффақиятли жорий этилаётган маҳаллийлаштириш дастурининг муҳим ўрни бор.
Дилобар РЎЗИЕВА,
иқтисод фанлари номзоди;
Жавоҳир АБДУЛЛАЕВ,
мустақил изланувчи