Ijtimoiy himoya

Аёл – миллат давомчиси

6/2019

     Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар­ни ижтимоий ҳимоя қи­лиш, унинг саломатлиги учун ғамхўрлик қилиш, оилани мустаҳкамлаш, аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш давлат сиёсати даражасидаги масалага айланиб қолди.
     Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда ҳуку­матимиз томонидан қабул қилинаёт­ган бир қатор фармон ва қарорларда айнан шу долзарб масалалар ўз аксини топмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки аёл-миллат давомчи саналади. У эртанги кунимиз – келажак эгаларини дунёга келтиради, уларни алла айтиб, оқ ювиб, оқ тараб, улғайти­ради, тарбиялайди, фарзандларининг қалбига миллат руҳини, буюк аждодларимиздан мерос қолган маъ­навий қадриятларимизни сингдиради.
     Айниқса, 2018 йил 2 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган «Хотин – қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш со­ҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғри­сида»ги 5325-сонли фармон мамлакатимизда бу борадаги ишларнинг аниқ йўналишларини кўрсатиб берди. Хотин-қизларни қўллаб-қувват­лашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фао­лиятини ошириш энг долзарб масалалардан бири саналади.
Ушбу фармон Республика хотин – қизлар қўмитаси, вилоят шаҳар ва туман хотин-қизлар қўмиталари учун дастуриламалга айланди. Соҳада йи­ғилиб қолган муаммолар ўз ечимини топмоқда. Бошқача қилиб айтганда, ушбу муҳим ҳужжат тизимдаги катта ислоҳотларга асос солди. Айниқса, фармонда қайд этилган масалалар – оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг жамиятдаги, оиладаги ўрнини, ролини ошириш, репродуктив саломатлигини мустаҳкам­лаш борасида жуда катта ўзгаришлар рўй берди.
     Шунингдек, хотин-қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларнинг бар­вақт олдини олиш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган аёлларнинг ижтимоий реаблитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирларни ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни таъминлаш ҳам хотин-қизлар қўмита­лари олдида турган асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
     Буни биргина Тошкент шаҳар хо­тин-қизлар қўмитаси фаолиятидаги ибратли ишлар мисолида кўрсатиш мумкин. Фармонда хотин-қиз­ларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёлларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлганларга ижтимоий–ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш ҳақида бир қатор вазифалар белгиланган. Ана шундай вазиятларга тушиб қолган хотин-қиз­лар орасида ўз жонига қасд қи­лиш ҳолатларининг мавжудлиги жамиятнинг энг оғриқли нуқталари саналади. 2018 йилда юз берган шундай воқеаларнинг 40 тадан зиёди аёлларга тегишли бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 14 тага камайди. Бугунги кунда қийин вазиятга тушиб қол­ган ҳар бир аёл билан манзилли иш олиб борилмоқда. Жумладан, уларнинг оилавий шароити, аҳволини ўрганиш, дилдан суҳбатла­шиш, ижтимоий, маънавий ва моддий кўмак­лашиш, шунингдек, иш билан бандлигини таъминлаш каби ишлар амалга оширилмоқда.
     Қийин аҳволда қолган хотин-қиз­ларни реабилитация қилиш ва ҳаётга мослаштириш бўйича куну-тун фао­лият юритувчи CALL маркази фаолияти йўлга қўйилган. У ерда психологлардан бепул ва аноним тарзда маслаҳатлар олиш имконияти яратилган. Ёрдам сўраб мурожаат этганлар қўллаб-қувватланади ҳамда уларга керакли ёрдамлар кўрсатилади.
     Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 2 сентябрида имзоланган «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғ­рисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу қонунда хотин-қизлар қўмиталари фаолиятига дахлдор янги вазифалар ҳам белгилаб қўйилган. Қонунда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ўз аксини топган. Бундан ташқари қонунда хотин-қизларни жинси бўйича камситишга йўл қўйилмаслиги давлат ва жамият ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этиш, соғлиқни сақлаш, таълим, фан, маданият ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида, шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида ҳам тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатланган. Шу билан бирга нафақат зўравонликнинг турли шаклларини аниқлаш, балки аёлларнинг ҳаёти ва соғлиги учун хавф-хатарни бартараф этиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, уларга нисбатан такрорий ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг ол­дини олиш мақсадида иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, ташкилий, психологик ва бошқа характердаги фав­қулодда чоралар тизими ҳам белгиланган.
     Ҳозирги кунда шаҳар хотин-қиз­лар қўмитасининг вазифалари ушбу кечиктириб бўлмайдиган вазифаларнинг бажарилишини таъминлашдан иборат.
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.