Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини юксалтиришда, энг аввало, давлатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишдан иборат. Миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, янги босқичга кўтариш, меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда ишсизлик даражасини сезиларли даражада пасайтириш ва меҳнат бозорини тартибга солишда жиддий чора-тадбирлар қўлланмоқда. Яъни, бундан кўзланган асосий мақсад – меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланиш миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини, аҳоли турмуш даражасини ривожланган давлатлар даражасига етказишнинг асосий омиллари ҳисобланади.
Иқтисодий тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида республикамиз барча ҳудудларида ортиқча ишчи кучи мавжуд бўлиб, бу ҳолат меҳнат бозоридаги мувозанатсизликни келтириб чиқармоқда. Шу билан бирга, меҳнат салоҳиятидан фойдаланишда ҳудудларимизда етарли даражадаги фарқларнинг мавжудлиги иқтисодиётда рўй бераётган қатор ўзгаришлар билан боғлиқ бўлмоқда. Шу боис, республика иқтисодий ривожланишининг барқарор суръатлари ва макроиқтисодий мувозанатни таъминлашда меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарурлигини тақозо этмоқда. Барча соҳаларда давлат ва жамият тараққиётини янги босқичга кўтариш, яъни соҳаларни либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича энг муҳим устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 7 февралда «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Қайд этилганидек, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ҳамда мувозанатли ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, улар салоҳиятидан самарали, оптимал тарзда фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Ҳаракатлар стратегиясида аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларни ошириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган бўлиб, 2017 йилда республика бўйича 789,5 минг кишини ишга жойлаштириш мақсади кўзланиб, январь-август ойларида 521,5 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Ҳозирги вақтда саноат корхоналарининг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида Кореянинг «Кoica» ташкилоти билан биргаликда ташкил этилган Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги касб-ҳунарга ўргатиш марказларида 3,5 минг нафардан зиёд ишсиз фуқаролар автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, металларга ишлов бериш, электротехника, ахборот – коммуникация технологиялари сингари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитилди. Бундай марказ Шаҳрисабз шаҳрида ҳам очилади. Бу албатта, бежиз эмас. Чунки, Қашқадарё вилояти ортиқча меҳнат ресурсларига эга бўлган ҳудудлардан бири ҳисобланади.
Айни пайтда ишсизлар, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, касбга тайёрлашда меҳнат бозоридаги ҳақиқий вазиятдан келиб чиққан ҳолда, ишчи кучига талаб ҳамда таклиф мутаносиблигини уйғунлаштириш масаласи ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ.
Коллеж битирувчилари иш билан бандлигини таъминлашни назорат қилиш мақсадида 74 мингдан ортиқ иқтисодий комплекс ходимлари масъул этиб белгиланди. Ишга жойлашган битирувчилар учун иш берувчи томонидан ижтимоий суғурта бадаллари тўланганидан сўнг уларни ишга жойлашган, деб ҳисобланиши янги тизим сифатида киритилди. Мазкур тизимда қайд этилган маълумотларга асосан, ҳисобот йилининг сентябрь ҳолатига кўра 115,3 минг нафар коллеж битирувчиси бандлиги таъминланди. Таҳлил натижаларига кўра, республикада жами банд 13,3 млн нафар аҳолининг 4,2 млнга яқини ёки 32 фоизи норасмий секторда, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги, умумий овқатланиш, транспорт, қурилиш ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритмоқда. Қишлоқ хўжалиги миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири бўлиб, республика аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотига, қайта ишлаш саноатини хом ашёга бўлган талабини қондириш ҳамда экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, меҳнат салоҳиятидан фойдаланиш ва халқимиз турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Агарда жаҳонда юз бераётган тенденциялар таҳлилига эътибор қаратсак, ривожланган мамлакатларнинг деярли барчасида қишлоқ хўжалиги қайсидир маънода давлат томонидан рағбатлантирилиб, уларга ҳар йили давлат бюджетидан субвенция, дотациялар ажратилади. Аграр соҳанинг бошқа соҳаларга нисбатан инвестицион жозибадорлиги пастлиги туфайли, инвесторлар ўз маблағларини юқори даромад берувчи соҳаларга йўналтиради. Шундан келиб чиқиб, инвестицияларни йўналтиришда ҳар бир ҳудуднинг инвестицион жозибадорлигини ҳисобга олиш ва қарор қабул қилиш мақсадга мувофиқ. Шу муносабат билан Президентимиз «энг муҳим ижтимоий-иқтисодий вазифалар, тармоқ ва ҳудудлар бўйича мақсадли дастурлар, устувор инвестиция лойиҳалари ва бошқа долзарб вазифалар бажарилишини танқидий таҳлил қилиш юзасидан амалдаги мавжуд тизим самарадорлигини оширишимиз лозим», деб таъкидлаган эдилар.
Узоқ муддат давомида қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашиб қолган ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш борасида қуйидаги йўналишларга устувор аҳамият қаратиш зарур, яъни:
● аграр соҳада таркибий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ЯҲМда саноат улушини кўпайтириш;
● қишлоқ хўжалиги ва саноат кооперациясини интенсив ривожлантириш;
● ҳар бир ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришга алоҳида эътибор бериш;
● меҳнат бозоридаги вазиятни барқарорлаштириш, айниқса, ҳудудий тафовутларнинг олдини олиш мақсадида юқори меҳнат талаб қиладиган ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш;
● ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмалари ривожланишини йўлга қўйиш;
● қишлоқ хўжалиги соҳасини техник ва технологик жиҳатдан қайта қуроллантириш ҳамда модернизация жараёнларини тезлаштириш;
● ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланишини таъминлаш;
● қишлоқ жойларда касаначиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш, чунки, касаначилик – корхоналарни иқтисодий ривожлантириш масалаларида энг кам маблағ талаб қилиши ҳамда энг кўп фойда келтиришидан ташқари, меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлашда, мавжуд меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланишда оила бюджети барқарор бўлишининг муҳим омилидир.
Қишлоқ хўжалиги ривожланишини янги босқичга кўтариш, унда мавжуд бўлган меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш имконини беради.
КБХТни ривожлантириш меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланишнинг асосий омилига айланиб бораётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Глобаллашув ва жаҳон иқтисодиётидаги интеграциялашув жараёнлари жадаллашиб, рақобат муҳити тобора кескинлашмоқда. Булар, ўз навбатида, меҳнатга яроқли аҳоли қатламини иш билан бандлигини таъминлашнинг янги, давр талабларига хос ва мос йўлини кашф этишни талаб этмоқда. Жаҳон тажрибасига назар ташласак, аҳоли бандлигини таъминлаш меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланишнинг асосий йўли – кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш эканлиги маълум бўлади.
КБХТ ўрни жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари иқтисодиётида жуда катта салмоққа эга. Хусусан, Германияда иш билан банд аҳолининг 60 фоизини, АҚШда 50 фоиздан зиёдини, Европа Иттифоқида 70 фоизини, Японияда 80 фоизни ташкил этади. Айни пайтда ривожланган мамлакатларда фаолият юритаётган КБХТ жами корхоналарнинг ўртача 80 фоиздан зиёдини ташкил этиши маълум хулосалар чиқаришимизга асос бўлади.
Миллий иқтисодиётимизнинг мустақиллик йилларидаги ривожланиш таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликдаги муаммо ижобий ҳал этилмоқда. Ўзбекистонда амалга оширилаётган чора-тадбирлар, ислоҳотлар натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ЯИМдаги улуши 2016 йил якуни бўйича 56,9 фоизни ташкил этди. Ушбу натижалар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан доимий қўллаб-қувватланаётганлиги, янги босқичга кўтарилаётганлиги билан боғлиқ. Айни пайтда мазкур фаолият иқтисодиётнинг барча соҳалари ҳамда тармоқларида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш салмоғининг ортиб боришига замин яратмоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга тижорат банклари ажратаётган кредитлар ҳажми барқарор тарзда ортиб бормоқда. Банкларнинг ушбу соҳани кредитлаш ҳажми охирги беш йилда тўрт баробарга, микрокредитлар 4,4 баробарга ошди. 2016 йил якунларига кўра, ушбу мақсадда ажратилган кредитлар умумий ҳажми 2015 йилга нисбатан 31 фоиз кўп бўлди. Шу билан бирга, кичик бизнес субъектлари инвестицион лойиҳаларини молиялаштиришда халқаро молиявий институтлар кредитларидан самарали фойдаланиб келмоқда. Хусусан, 2016 йилда 206,7 млн доллар миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Ушбу маблағларнинг республикамиз ҳудудларида ўзлаштирилиши натижасида 200 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ривожланганлик даражаси республикамиз барча ҳудудларида бир хил эмас ва бу борада ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам етарли.
Истиқлол йилларида Қашқадарё вилоятида ҳам янги корхоналарни ташкил этиш, эскиларини қайтадан ихтисослаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб- қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фақатгина 2016 йилда вилоятда 1700 дан зиёд янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Улар ҳозирги пайтда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида самарали фаолият кўрсатмоқда. КБХТ субъектларининг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 51,6 фоизни ташкил этди, бу иш билан банд аҳолининг қарийб 80 фоизи мазкур тармоқда фаолият юритаётганлигини англатади. Тадбиркорликнинг кўплаб турлари билан шуғулланиш учун етарли ресурс ва хомашё базаси мавжудлиги, корхоналарни замонавий технологиялар билан жиҳозлаш натижасида сифатли, харидорбоп, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришилмоқда.
Вилоятимизда чарм-пойабзал саноатини ривожлантириш мақсадида 2017–2018 йилларга мўлжалланган умумий қиймати 12,9 млн долларлик 18 та инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Унга мувофиқ, Қарши шаҳри, Деҳқонобод, Китоб ва Нишон туманларида бешта пойабзал, Китоб туманида чарм-атторлик маҳсулотлари, «Қарши лазер» корхонасида тайёр чарм ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади. Бу вилоятда йилига 1 млн дона терини қайта ишлаш, 460 минг жуфт пойабзал ва 100 минг дона чарм-атторлик маҳсулотлари тайёрлаш ҳамда 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имконини беради.
Республикамиз ҳудудларида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари улуши ортиб бораётганлиги яққол кўзга ташланмоқда. Вилоятимизда бунёдкорлик ишлари жадал суръатлар билан амалга оширилиши муносабати билан қурилиш материалларига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун маҳаллий ресурслар, ишчи кучлари етарли бўлса-да, аммо қурилиш материалларини ишлаб чиқаришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши унча юқори эмас. Вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда КБХТ корхоналарини ишлаб чиқариш имкониятларини ошириш бўйича фойдаланилмаётган захиралар мавжуд. Фикримизча, кичик тадбиркорлик корхоналарини қурилиш материаллари ишлаб чиқариш фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар ҳам бор, улар қуйидагилар:
● материаллар баҳосининг тезкор ортиб бориши;
● буюртмачиларнинг тўловга қобилиятсизлиги ортиши;
● қурилиш материаллари бозорида ҳақиқий рақобат муҳити шаклланмаганлиги;
● қурилиш ишларини амалга ошириш учун зарур бўлган техника ва технологияларнинг кўплаб қисмини хорижий мамлакатлардан харид қилиниши ва бошқалар.
Қашқадарё вилоятида тадбиркорлик соҳасида енгил саноат, озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашда ҳам фойдаланилаётган захиралар мавжуд. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда фойдаланилмаётган асосий омиллардан бири ташқи савдо айланмасидаги фарқлар ҳисобланади, яъни импорт ҳажмининг экспорт ҳажмига ҳажмига нисбатан устунлигидир. Вилоятда экспорт улушини ошириш учун катта имкониятлар бор. Яъни, янги кичик саноат зоналарини ташкил этиш ҳамда фаолият юритаётганлари самарадорлигини ошириш асосида ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ҳажмини ошириш, аҳоли бандлиги, меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланиш мумкин.
Республикамизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун барча меъёрий-ҳуқуқий асослар ва уларни амалга оширишнинг ташкилий механизмлари яратилган. Бироқ, КБХТ таркибини тартибга солишнинг институционал меъёрларини яратиш давр талабларидан орқада қолмоқда. Уларнинг ривожланиш кўрсаткичлари ҳудудларда аҳолининг зич ёки сийрак жойлашувига қараб нормативларини ишлаб чиқиш ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан қонунларда мустаҳкамлашни йўлга қўйиш лозим.
Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс, мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд меҳнат салоҳиятидан самарали ва комплекс тарзда фойдаланиш талаб этилади.
Машҳура ОСТАНОВА,
мустақил илмий изланувчи