«Ипотека-банк» АТИБ

Bank plastik kartalaridan foydalanishni rivojlantirish orqali xorijiy investitsiyalarni jalb qilish

2/2019

     Шаҳноза Алимова – 1997 йили Тошкент Давлат техника университетининг менежмент ва бош­қариш факультетини тугатган ва шу йили ўз фаолиятини «Ўзсаноат­қури­лиш­банки»да бошлаган. 2005 йилда «Ипотека-банк»ига пул маб­лағ­лари берилиши мониторинг» сектори бошлиғи лавозимида давом эттирган. Бу йўналишдаги билимларини янада ошириш мақсадида 2000–2004 йиллар давомида Тошкент давлат молия институти «Банк иши» факультетида иккинчи мутахассислик бўйича таълим олган. Банк соҳа­сида 22 йилдан бери фаолият юритади. Ш.Алимова ўз ишининг устаси бўлиб, мазкур соҳа тараққиёти йўлида халқаро молия экспертлари билан хамқорлик­да янги лойиҳалар устида иш олиб бормоқда.
 
     Мамлакатимиз молия-банк тизимининг му­ваффақиятли фаолият юритиши кўп жиҳат­дан унинг бошқарув жараёнлари самарали ташкил этилишига боғлиқ. Бу ўз навбатида, мазкур соҳанинг инвестицион жозибадорлиги таъминланишида, капиталлашув даражаси ошиши ва ликвидлиги янада мустаҳкамланишида му­ҳим аҳамият касб этади. Банк тизимининг асосий вазифалари ва функцияларидан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш жоизки, унинг капиталлашув даражаси, ликвидлиги ошиши ва молиявий барқарорлиги инвестицияга муҳтож субъектларга кредитлар беришида ҳамда мижозларига юқори даражада сифатли хизматлар кўрсатишида ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
     2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида банк тизимини ислоҳ қилиш, уларнинг мо­лиявий барқарорлиги ва ишонч­лилигини мустаҳкамлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг бу ти­зимга ишончини кучайтириш, банк­ларнинг капиталлашув даражаси ва депозит базасини ошириш, истиқ­болли инвестицион лойиҳалар ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлаштиришни янада кенгайтириш; «ра­қамли банклар» ва аҳолига чакана хизмат кўрсатишга ихтисослаш­ган банк бўлинмаларининг фаолият юритиш тартибини қайта кўриб чиқиш; етакчи хорижий тўлов тизимлари би­лан интеграциялашган замонавий чакана тўлов тизимларининг таш­килий-ҳуқуқий асосларини яратиш ва уларнинг фаолият юритиш механизмларини белгилаш каби вазифалар белгиланган. Бугунги кунда банк­лар юр­тимиз равнақига хизмат қи­лувчи хайрли режалар тўлиқ ва сифатли амалга оширилишида, давлат дастурлари беками кўст бажарилишида, ҳудудларни ривожлантиришга оид истиқболли лойиҳаларни амалиётга изчил татбиқ этишда фаол қат­наш­моқдалар. Соҳага тегишли асосий кўрсаткичлар изчил ўсаётгани, кредитларнинг фоиз ставкалари камайтирилаётгани, банк назорати самарали олиб борилаётгани, молиявий ҳисоботлар халқаро стандартлар асосида юритилаётгани, инвестициялардан аниқ мақсадларда фойдаланилаётгани тизимда инвестицион муҳит яхшиланишига хизмат қил­моқда.
     Тижорат банклари рейтинги хорижий инвесторлар учун жуда муҳим кўрсаткич саналади. Улар муайян қарорга келишда айнан ўша мезонга таянадилар. Бугунги кунда «Ипотека-банк» акциядорлик тижорат ипотека банки (АТИБ)нинг фаолияти, мижозларга кўрсатаётган хизматлари сифати халқаро рейтинг агентлик­лари томонидан ижобий баҳола­ниши хорижий инвестициларни кенг жалб этиш учун ишончли асос вазифасини ўтамоқда.
     Банк тизими инвестицион жозибадорликка эгалиги боис жамиятдаги барча молиявий маблағларни ўзида жамлаш, уларни халқ хўжалигининг жамики тармоқларига инвес­тиция сифатида жойлаштиришдек масъулиятли вазифаларни бажариши мумкин. Умуман олганда, ҳар қандай тармоқ томонидан халқаро инвестициялар жалб қилиниши учун маъ­лум йўналишлар мавжуд. Масалан, пластик карталар йўналиши воситасида асосан интеллектуал инвестиция жалб қилинади. Чунки бу йўналиш банк фаолиятига узвий боғлиқ бўлиб, фуқаролар ва ташкилотлар учун янги замонавий лойиҳалар ишлаб чи­қиш ва амалиётга муваффа­қиятли татбиқ этиш орқали банкнинг ҳамда унинг мижози бўлмиш корхонанинг инвестицион жозибадорлигини ошириш имконини беради. Шунингдек, чет давлатлар билан ҳам­корликдаги қўшма лойиҳалар пластик карталар йўналишидаги ўсиш суръатини кўрсатади ва давлатнинг жаҳон айвонидаги нуфузини оши­ради.
     «Ипотека-банк» АТИБ ўз фаолия­ти давомида янги технологиялар ва банк хизматларини жорий этиш борасида ҳам салмоқли ишларга қўл урмоқда. Мижозлар талаблари ва таклифларини инобатга олган ҳолда нақдсиз шаклда кўрсатиладиган хизматлар доирасини кенгайтириб ва такомиллаштириб, пластик карталар бозорида пешқадамлар қаторидан ўрин эгаллаб келмоқда.
     Айни дамларда «Ипотека-банк» томонидан ойлик иш ҳақи лойиҳаси, корпоратив, тижорат карталари ва бошқа турдаги жами 1 500 312 дона миллий валютадаги пластик карталар мижозларга эмиссия қилинган. У Ўзбекистонда чиқарилган карталар сони бўйича биринчи бешликка кирган. Карталар қолдиғи 2019 йилнинг 1 апрель ҳолатига 302 миллиардга тенг. Шунингдек, «Ипотека-банк» Узкарт тўлов тизимида ишловчи 27 580 та терминал, 104 та инфокиоск ва 80 та банкомат ўрнатган. Уларнинг сони жорий йил охиригача яна кўпаяди.
     Ипотека-банкнинг яна бир тайёр лойиҳаси унинг мобил иловасидаги Ipoteka-QR хизматидир. Ушбу хизмат жорий йилнинг биринчи ярмида амалиётга тўлиқ татбиқ этилиши мўлжалланган. У банк мижози ҳисобланган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида махсус шаклланган ва тегиш­ли тартибда рўйхатга олинган QR кодлари асосида амалга оширилган харидлар учун тўловларни қабул қилиш имконини яратади. Зеро, ҳо­зир дунё бозорларида кенг тарқал­ган бўлиб, фойдаланишга ўнғайлиги сабабли маҳаллий аҳоли ва хорижлик сайёҳлар эътиборини тортмоқда.
     Картанинг афзалликлари:
● Карта хизматларини яратиш ва бошқариш тизимининг мослашувчанлиги
● Бир вақтнинг ўзида Visa, Master Card ва Union Pay International билан эмитент ҳамда эквайер сифатида уланиш имконияти
● Тўла қувватли мобил банкинг
● Терминаллар, пластик карталар ва процессинг тизимларини халқаро тўлов тизимлари томонидан сертификацияланиши
● Содиқлик тизимлари билан ин­теграцияланиш
● Ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб карта хизматларини танлаш
● Бир қанча карта ва ҳисоб ра­қамлар учун умумий карта
● Бир ҳисоб рақамга боғлиқ бўлган кўплаб карталарни эмиссия қи­лиш
● Мижозлар учун транспортда қўллаш, талабаларга, оилавий ва бош­қа турли қулайликларга эга бўл­ган карталар «HumoCard» карталарининг функционали
● Дуал интерфейсли карталар (контактли ва контактсиз)
● ПИН кодсиз кичик суммадаги тўловларни амалга ошириш имко­нияти
● Ноёб дизайн (эмбосcлаш, текc­тура лак билан)
● Картани эмиссия қилишда карта дизайнида код ва расмни жойлаш­тириш имконияти
● Жаҳон миқёсида маҳсулотлар ва хизматларни олиш имконияти
● Ўз эҳтиёжларидан келиб чиқ­қан ҳолда карта маҳсулотларини танлаш имконияти
● Мижозларга турли қулайлик­ларга эга бўлган транспорт, талабалар учун, оилавий ва бошқа турдаги карталар.
     Турли тўлов тизимлари учун ягона терминал тармоғи – Савдо-сотиқ эквайринг – Савдо-сервис корхоналарида Товарлар ва хизматлар учун Visa International, MasterCard, UnionPay халқаро тўлов тизимлари ва Humo тўлов тизими орқали тўловни амалга оширишда, турли банк карталарини битта POS-Терминалда қабул қилиш.
     Контактсиз технологиялар
     Humo тўлов тизими ўзининг барча мижозларига контактсиз технология воситасида тўловларни амалга оширишнинг инновацион технологиясини таклиф этади. Бунда картани терминалнинг ўқиш қурилмасига бир маротаба тегизиш орқали харид амалга оширилган ҳисобланади.
     Асосий афзалликлари:
● Тезлик
● Савдо активлигини рағбатлан­тириш
● Маркетингнинг янги имкониятлари
● Инновацион имидж
● Замонавий сифатли қурилма­лар
● Магнит чизиқли, чипли ва контактсиз карталарни қабул қилиш
● Алоҳида терминаллар
● POS – Терминалларни қўллаган ҳолда интеграцион (касса) ечими имконияти
● Операцияларнинг хавфсиз­лиги.
     Humo тўлов тизими ўз мижозларига контактсиз технологиялар ёрдамида тўловларни амалга ошириш инновацион усулини таклиф қилади. Бунинг учуун бизнинг барча карта ва терминалларимиз контактсиз тўлов функционали билан таъминланган. Тўлаш учун картани терминал ридерига яқинлаштиринг ва ўз ПИН кодингизни теринг. Бир уринишда тўлаш оддий ва қулай.
     Контактсиз карталарнинг афзалликлари: Сония давомида маълумотларнинг узатилиши ҳисобига ҳисоб-китобларнинг юқори тезликда амалга оширилиши; Картадан фойдаланиш муддатининг давомлилиги, чунки унинг ўқийдиган қурилма билан жисман контакти талаб этилмайди – картани ҳамёндаги махсус бўлимдан чи­қариш ва қўлга олиш зарур эмас.
     Ташқи магнит майдонларнинг таъ­сири ва магнитлашнинг йўқолиши сабаблари бўйича ахборотни йўқо­тиш хавф-хатари мавжуд эмас – картада маълумотлар 10 йилгача сақла­ниши мумкин. Транзакцияларнинг юқори хавфсизлиги ва ахборот ташувчисини қалбакилашнинг мумкин эмаслиги – тўловни амалга ошириш­да карта бошқа шахс қўлига тушмайди (берилмайди).
     Пластик карталар эгаларига кўп имкониятлар тақдим қилинади. Энг аввало, бу хавфсизлик. Агарда плас­тик карта эгаси картасини йўқотса, бу унинг ўз пулини йўқотганини билдирмайди. Ҳар бир пластик карта фақатгина карта эгасига маълум бўл­ган, бошқа шахслар томонидан фойдаланиш имкониятидан сақлай­диган, тўрт хонали шахсий ПИН-коди билан ҳимояланган. Пластик карта йўқотил­ган тақдирда унинг эгаси ер шарининг ихтиёрий нуқтасидан банк эмитентга қўнғироқ қилиб, картанинг йў­қотилганлигини маълум қилади, банк эмитент картани стоп-листга қўяди.
     Шунингдек, охирги пайтларда ми­жозларга янада кенгроқ қулайлик­лар яратиш, уларнинг қимматбаҳо вақ­тини тежаш мақсадида корпоратив карталар ҳисобрақамини масофадан туриб, мобил банкинг хизмати ор­қали тўлдириш имконияти муҳайё этилган. Бунда «Ипотека-банк» мижози корпоратив карта ҳисобрақа­мини ўзига бириктирилган электрон калит кўмагидаги электрон тўлов топшириқномаси орқали ўтирган жойида тўлдириши мумкин.
     «Ипотека-банк» АТИБ CLICK ва PAYME ташкилотлари билан ҳамкор­ликни яхши йўлга қўй­ган. Бинобарин, пластик карталар эгалари эндиликда CLICK ва PAYME хизматларига уланиб, улардан бемалол фойдаланмоқдалар. «Ипотека-банк» эса бошқа йирик банклар билан ҳамкорлик асосида P2P амалиётларини бажариш бўйича шартномалар тузмоқда.
     Бу муассаса мижозлари мушкулини тубдан осонлаштириш ниятида 2017 йил бошида овердрафт маҳсу­лотини тў­лиқ ишга туширди. У ойлик иш ҳақи лойиҳаси асосида пластик карта қол­диғи минусга кириши ва мижоз картадан овердрафт суммаси миқдо­ридаги маблағ доирасида фойдаланиши учун имкон туғдиради. Овердрафт суммаси уни олувчи мижознинг бир йиллик маошининг ўртача уч ойлиги асосида белгиланади. Ҳо­зир бу тизимни янада такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Бугунга қадар берилган овердрафт кредитлари сони 5 274 тага, жами суммаси миқдори эса 22 503 миллион сўмга етди.
     Банкнинг 2019 йилги режасига мижозлар учун биринчи босқичда ойлик иш ҳақи лойиҳаси бўйича бирон-бир ҳужжатсиз ва таъминотсиз кредит карталарини жорий этиш киритилган. Мижозлар бу карталардан ўзларига қулай фурсатда фойдалана оладилар, кредит фоизини эса фақат ишлатилган сумма учунгина тўлайдилар.
     Маълумки, COBRANDING карталари замонавий банк тизимида анча оммалашган. Унга боғлиқ хизмат турини ишлаб чиқиш ва амалда қўл­лаш «Ипотека-банк»нинг 2019 йилги нав­батдаги эзгу мақсади саналади. Банк бу билан янги мижозлар диқ­қатини ўзига жалб қилишдан таш­қари уларнинг брендини кўрсатиш учун ноанъанавий карталар тақдим этади.
     Ўз брендига мувофиқ чиқарилган COBRANDING карталарига эга корхонанинг обрў-эътибори чет эллик ҳамкорлари олдида бирмунча баланд бўлади. Боя таъкидлаганимиздек, COBRANDING карталари хорижий йирик ташкилотларнинг ҳам юзи ҳисобланади. Уларнинг олдида Ўзбекистон ташкилотларининг мавқеи ошиши эса ўз-ўзидан юртимизга кириб келаётган хорижий инвестициялар кўпайишига олиб келади. Чунки бренд туфайли ҳар қандай инвес­тор янгиликларни, янги имижларни ва ўзи инвестиция киритмоқчи бўл­ган ташкилотнинг ҳудуддаги бош­қа ташкилотлардан фарқланувчи томонларини таҳлил қилиб, пиро­вардида муқим хулосага келади. Ҳо­зир Ўзбекистонда жойлашган, уста­ви­да хорижий инвесторлар капитали ­мавжуд бир нечта корхона ҳам COBRANDING карталари лойиҳасига қизиқиш билан қарамоқда.
     2019 йилнинг иккинчи чорагида VISA Classic (NFS) контактсиз карталарини эмиссия қилишни жорий этиш, халқаро карталардан бир-бирига пул ўтказиш, VISA карталар учун 3D Secure функциясини ишга тушириш режалаштирилган. Шунингдек, халқаро пластик карталар бўйича мижозларни банкка жалб қилиш учун янги турдаги халқаро пластик карталар тайёрланмоқда. Ҳозир VISA STANDART, VISA SILVER, VISA GOLD ва VISA PLATINIUM бўйича ишлар ниҳоясига етказилмоқда. Янги ва қўшимча қулайликларга эга бу турдаги маҳсулотлар тез орада мижозларга тақдим этилади.
     «Ипотека-банк» 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга доир Давлат дастурида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш асноси ўз мижозларининг талаб-эҳтиёжларини талаблар даражасида қондиришга, улар учун янги-янги имкониятлар ва қу­лайликлар яратишга интилмоқда. Чунончи, сўнгги вақтларда чет эл валютасидаги Master Card ва UNIONPAY халқаро пластик карталарини амалда қўллаш бўйича шартнома имзолади. Айни кезларда уни ишга тушириш учун тегишли ташкилотлар билан ёзишмалар олиб бормоқда. Шунингдек, VISA, MasterCard ва UPI тўлов тизимларида электрон коммерцияни қўллаш чораларини кўр­моқда.
 
 
Шаҳноза АЛИМОВА,
«Ипотека-банк» АТИБ «Кичик бизнес ва чакана хизматлар» блоки раҳбари

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.