Bank sektorining rivojlanishi

Давр билан ҳамнафас

1/2020

     Президентимизнинг 2018 йил 23 мартдаги «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғ­рисида»ги қарори молия муассасалари фаолиятини бутунлай янги босқичга олиб чиқди. Чунки ушбу ҳужжат туфайли банклар эшиги аҳоли ва мижозлар учун янада кенгроқ очилди. Одамлар банкларга иккиланмай кела бошлашди, уларнинг онгида банкларга нисбатан ҳақиқий хизмат кўрсатиш объекти сифатида қараш шаклланди.
     Албатта, молия муассасалари томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг моддий эҳтиёжларини таъминлаш борасидаги дастурлар учун йўналтирилаётган сармоялар амалда ўз самарасини кўрсатаётир. Бунга юртимизнинг барча ҳу­дудларини қамраб олган ва энг катта инфратузилмага эга бўлган Халқ банкининг бугунги фаолияти мисолида яққол ишонч ҳосил қилиш мумкин. Бинобарин, у том маънода халқ орасига кириб бораётган, аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаётган етакчи молия муассасаларидан бирига айланмоқда.
 
     Бу ҳали дастлабки натижалар
     2019 йилда банк томонидан хорижий кредит линияларини жалб қилиш ҳамда уларни иқтисодиётнинг реал секторига йўналтириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
     Ҳукумат кафолатисиз банк ташаббуси билан 8 та халқаро молия инс­титутининг 9 млн. АҚШ доллари ҳамда 197 млн. евролик кредит линиялари жалб қилингани шундай саъй-ҳаракатларнинг амалий натижасидир. Жумладан, АҚШнинг «Cargill Inc» компаниясидан 55 млн., Германиянинг «Berliner Sparkasse» банкидан 30 млн. ва «ODDO BHF» молия муассасасидан 50 млн., Россиянинг «Транскапиталбанк»идан 5 млн., Австриянинг «Raiffesen Bank International»идан 10 млн., Польшанинг «Bank Gospodarstwa Krajowego» банкидан 20 млн. евро, шунингдек, Россиянинг «Азия Инвестбанк»идан 4 млн., Хитой «Эксимбанк»идан 5 млн. доллар миқдорида кредитлар жалб қилиниб, миллий иқтисодиётимиз ривожи учун йўналтирилмоқда.
     Бу ресурс маблағлари ҳисобидан биргина мева-сабзавотчиликни ривожлантириш учун тадбиркорлик субъектларининг 177 та лойиҳасига 76,9 млн. доллардан зиёд кредит ажратилди. Чунончи, замонавий ис­сиқхоналар барпо этиш учун 97 та лойиҳага 58 млн., мева-сабзавотларни сақлаш учун совуткичли иншоотлар қуриш бўйича 52 та лойиҳага 13,6 млн., интенсив боғ барпо этиш билан боғлиқ 5 та лойиҳага 2,2 млн., мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва қа­доқлаш учун 13 та лойиҳага 2,6 млн., бошқа йўналишларга тааллуқли 10 та лойиҳага 450 минг АҚШ долларидан ортиқроқ маблағлар ажратилди. Бу қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
     Қолаверса, ўтган йили чорвачиликни ривожлантиришга банк хорижий молия институтлари сармоялари ҳисо­бидан 711 та лойиҳага 99,2 млн. доллардан зиёд маблағ йўналтирди. Унинг 80 млн. долларини қорамол сотиб олишга оид 567 та лойиҳани амалга ошириш, 2,4 млн. долларини 18 та лойиҳага қўй-эчки сотиб олиш учун тақдим этди. Айни йўналишда техника харид қилиш учун 84 та лойиҳага 7,5 млн., асбоб-ускуналар ва бошқа зарур жиҳозлар олиш учун 42 та лойиҳага 9,3 млн. доллардан кўпроқ маблағ берди.
 
     Бизнес бошламоқчи бўлсангиз, бизга мурожаат қилинг
Агар умумлаштириб айтадиган бўлсак, Халқ банки ва бошқа тижорат банклари томонидан ўтган йили рес­публикамизда чорвачиликни ривожлантиришга мўлжалланган, жами қий­мати 1 трлн. 340 млрд. сўмга тенг 865 та лойиҳа молиялаштирилди. Эвазига юртимизга хориждан 365 034 бош чорва моли келтирилди. Уларни парваришлашни ташкиллаштириш асноси 5 600 та янги иш ўрни яратилди.
     Айни кезларда ушбу йўналишда меҳнат қилаётган ва унга қизиқиш билдираётган ишбилармонлар сафи янада кенгаймоқда. Масалан, Бахмал туманидаги «Бахмал милк» фермер хўжалигида йигирмага яқин киши ишламоқда. Хўжаликка Халқ банкининг Бахмал филиали томонидан Халқаро тараққиёт уюшмаси кредит линияси орқали 245 минг АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит берилганди. Мулкдор бу маблағга Германиядан 141 бош наслли қорамол олиб келди.
     – Дарвоқе, ўша сармоя шарофати билан ишимизни муваффақият­ли бошлаб юбордик, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Шавкат Халилов. – Келгусида чорвачилик комплексини янада кенгайтириш ниятидамиз. Шунга кўра қўшимча равишда 400 бош қорамол олиб келишни, сутни ўзимизда қайта ишлашни ҳамда Германия ва Австриядан келтирилган наслли қорамолларни кўпайтиришни йўлга қўйишни мўлжаллаяпмиз. Эзгу орзу-мақсадларимиз рўёбга чиқ­са, яна 60 киши муқим иш билан таъминланади.
     Албатта, бу жараёнларда ҳам Халқ банки мададига таянамиз. Чунки у бизни молиявий жиҳатдан доимо қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ушбу муассаса ёрдамида ҳозир европалик ҳамкорларимиз билан шартнома тузиш юзасидан музокаралар олиб бо­раяпмиз.
     Кўриб турганингиздек, мен Халқ банкининг кўмагида ҳақиқий тадбиркорга айландим!
 
     Рақамлар тилга кирганда…
     Сўнгги пайтларда оилавий тадбиркорликни равнақ топтириш орқа­ли аҳоли даромадини ошириш энг устувор вазифалардан бири қилиб белгиланган. Шундан келиб чиқиб, АТ Халқ банки ҳам 2019 йили оилавий бизнесни қўллаб-қувватлаш масаласига жиддий ёндашди. Масалан, «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурига мувофиқ 101 176 та оилага 1 798 330 млн. сўмлик кредит аж­ратди.
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.