Ёрдамга муҳтож инсонларга ҳар томонлама мадад бериш, кўнгли ўксикларнинг бошини силаш, йиқилганни суяш ва қўллаб-қувватлаш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган фазилатдир. Қадрият даражасига кўтарилган бу умуминсоний тамойилларнинг «тафти» оғир кунларда қалбларни иситиб, эртанги кунга умид ва ишонч ҳисларини мустаҳкамлайди.
Узоққа бормайлик. Айни пайтда дунёдаги миллионлаб инсонлар ҳаётини издан чиқариб юборган, айрим давлатларда ижтимоий-иқтисодий таназзулни кучайтирган коронавирус пандемияси, афсуски, бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Карантин туфайли даромади узилиб қолган, моддий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари, айниқса, пандемия таъсири ва хатарини ўз ҳаётлари мисолида яққол кўрмоқдалар. Лекин, шуни алоҳида қайд этиш керакки, улар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани йўқ. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган моддий-маънавий кўмак, мурувват ишларига тадбиркорлик субъектлари, бақувват корхона ва ташкилотларнинг жалб этилиши боис жамиятимизда барқарорлик муҳити ҳукмрон.
Бу жараёнда Деҳқонобод калий заводи раҳбарияти ва жамоасининг ҳам фаоллигини, ташаббускорлигини ибрат қилиб кўрсатиш мумкин. Жумладан, карантин даврида Деҳқонобод туманидаги «Дуоб», «Теракли» ва Ойбек номидаги, шунингдек, Қамаши туманидаги «Чангак», «Довут» ҳамда «Қизилқишлоқ» маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи элликдан ортиқ кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга кундалик зарур турдаги озиқ-овқат ҳамда ун маҳсулотлари, тиббий-гигиеник воситалар тарқатилди. Айтиш ўринлики, пандемия шароитида бундай ҳомийлик кўмаги завод фаолиятида мунтазамлик касб этмоқда.
Хабарингиз бор, жорий йил 1 май куни Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омборида юз берган техноген офат туфайли ўша ҳудудда истиқомат қиладиган юзлаб оилалар бир лаҳзада бор мол-мулкидан айрилди. Ўз жонини ва жондан азиз фарзандларини, яқинларини асраб қолиш илинжида уй-жойини ташлаб қочган инсонлар ўша кундаёқ бошпана билан таъминланди. Уларга кийим-кечак, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиш мақсадида юртимизнинг ҳамма нуқталаридан саховат карвонлари йўлга чиқди. Ана шу карвон сафида «Деҳқонобод калий заводи» акциядорлик жамиятига тегишли, озиқ-овқат ва зарурий маҳсулотлар ортилган махсус машиналар ҳам бор эди.
Умуман олганда саховат ва ҳомийлик тадбирлари корхона фаолиятида муҳим йўналишлардан ҳисобланади. Буни корхона жамоасининг ҳар бир ишчи-ходими мамнунлик билан эътироф этади. Зеро, улар орасида кутилмаган тақдир синовлари ила оғир вазиятга тушиб қолган ва айнан завод мутасаддилари бошчилигида кўрсатилган ёрдам билан яна қаддини тутиб олган инсонлар анчагина.
Заводнинг сув таъминоти ва канализация цехи кимёвий аппаратчиси бўлиб ишлаб келган Тоҳир Ўтаганов соғлиги ёмонлашиб, танг аҳволда қолди. Устига-устак қўйилган диагноз асосида жарроҳлик амалиётини хорижда ўтказиш талаб қилинарди. Бунинг учун эса, табиийки, яхшигина маблағ керак эди. Бундан хабар топган раҳбарият ва завод касаба уюшмаси Тоҳир акани йўқлади, унинг чет давлатда даволаниши учун жамият маблағи ҳисобидан зарур миқдорда пул берилди.
Худди шундай, тоғ-кон мажмуасининг ер ости юқори кучланишли тармоқ участкаси кабелчи-пайвандчиси Ғолиб Абдусатторов, механика хизмати ер ости ускуналарини таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш чилангари Бойбўри Умбаров ҳам завод кўрсатган моддий ёрдам билан саломатлигини тиклаб, жамоасига, оиласи бағрига қайтди.