Tarmoq rivojlanishi

Геология соҳаси янги босқичда

1/2022

 
     Ўзбекистон олтин, уран, мис, калий тузлари, фосфорит ва каолин каби фойдали қазил­маларнинг энг муҳим турлари ресурслари бўйича дунёда етакчи давлатлардан бири саналади.
     Шунингдек, мамлакатимиз олтин ва уран ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи ўринни эгаллайди. Шуни таъкидлаш керакки, мамлакат ҳудуди фақат 40% га ўрганилган, шунинг учун жуда катта, бироқ ҳали кашф қилинмаган ниҳоятда йирик салоҳият мавжуд.
     Шу боис, 2017 йилдан бошлаб геология соҳасини республиканинг базавий иқтисодиёт тармоқлари билан чамбарчас боғлаган ҳолда замон талабларига мувофиқ янги босқичга олиб чиқиш вазифалари белгиланди.
     Соҳа фаолияти сўнгги беш йил ичида бир неча бор кўриб чиқилиб, уларнинг якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та мақсадли қарорлари (ПҚ-3578, ПҚ-4401, ПҚ-4522, ПҚ-4740, ПҚ-5083) доирасида Давлат геология қўмитаси қайта ташкил қилинди ва республика минерал-хомашё базасини янада ривожлантиришга доир муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.
     Бунда Геология соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, замонавий талабларда технологик янгилаш, илм-фанни тиклаш ва кадрларни тайёрлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилиб, янги самарали ишлайдиган тизим яратишга урғу берилди. Илгариги 3 та – олтин, уран ва ер ости сувларини қидириш билан шуғулланган соҳа, бугунги кунда 17 турдаги – олтин, кумуш, мис, қўр­ғошин, рух, вольфрам ва бошқа қа­зилма конларини қидириш фаолиятини амалга оширмоқда.
     Хусусан, 2021 йилда 1 219 минг погон м (2017 йилга нисбатан 123%) бурғиланади, 10,5 минг погон м (105%) ер ости ва 386 минг куб м (120%) ер усти тоғ-кон ишлари, аэрогеофизика 2 290 кв км, 9,1 минг погон км (100%) 2Д ва 2 минг кв км (114%) 3Д сейсморазведка ишлари бажарилди.
     Бунинг натижасида олтин – 120 т, кумуш – 345 т, уран – 4,7 минг т, мис – 240 минг т, рух – 41 минг т, қўрғо­шин – 42 минг т, вольфрам – 8 минг т, ер ости сувлари – 121 минг куб м/сут­ка миқдорида захиралар ва 55 млн т углеводород шартли ёқил­ғиси кўпайтирилди ҳамда 16 та истиқ­болли структура аниқланди.
     Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.11.2021 й 670-сонли қарори билан геология соҳасини ривожлантириш ва геология-қидирув ишларни жадаллаштириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган махсус дастур тасдиқланди.
     2022-2026 йилларда минерал хомашё базасини кенгайтириш доирасида 189 та (шундан 27 таси янги) геологик участкаларда 2026 йилга келиб, 2 452 минг м (2021 йилга нис­батан 2 баробар) бурғилаш, 12 минг м ер ости (114%) ва 590 минг куб м (153%) ер усти тоғ-кон ишлари, 9,1 минг км (100%) 2Д ва 2,3 минг кв км (115%) 3Д сейсморазведка бажариш кўзда тутилган.
     Натижада, 2022-2026 йилларда олтин – 731 т (йилига ўртача 146 т), кумуш – 1 100 т (220 т), мис – 1 310 минг т (262 минг т), уран – 28 150 т (5 630 т), ер ости сувлари – 798 минг куб м/сутка (160 минг куб м/сутка) ҳамда 303 млн тонна углеводород ресурсини ошириш кўзда тутил­моқда.
     Шунингдек, инвестиция дастури доирасида Orano (Франция), B2 Gold (Канада), JOGMEC, Itochu (Япония), МТА, Calik (Туркия), УГМК, Росгеоперспектива (Россия) компаниялари билан биргаликда геология-қидирув ишларини амалга ошириш юзасидан инвестиция лойиҳалари доирасида ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, уларнинг натижасида олтин – 100 тонна, мис – 500 минг тонна, уран – 20 минг тонна, вольфрам – 20 минг тонна захиралари кўпайиши кутилмоқда.
     Хорижий инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш мақсадида Ҳукумат инвестиция муҳитини яхшилашга, шу жумладан тоғ-кон саноати соҳасига алоҳида эътибор қаратмоқда. BCG, Жаҳон банки ва ЕТТБ тавсияларига кўра, роялти ставкалари (ер қаъридан фойдаланиш солиғи) пасайтирилди, масалан: олтинга 25% дан 7% га; кумушга 25% дан 10% га; мисга ҳам 7%, вольфрамга ҳам 10,4% дан 2,7% га туширилди. Умумий минераллар бўйича солиқ икки маротаба пасайтирилди.
     Бундан ташқари, ислоҳотлар доирасида фойдали қазилмаларни қи­дириш ва қазиб олиш учун лицензия учун бонус тўловлари, ер солиғи, геология-қидирув даврида божхона тўловлари бекор қилинди.
     Шунингдек, ЕТТБ, Жаҳон банки ва BCG халқаро маслаҳатчилари иштирокида ер қаъри тўғрисидаги қо­нунни янги тахрири ишлаб чиқилиб, тасдиқлаш учун Ҳукуматга тақдим этилди. Унга кўра:
     ● JORC кодексининг халқаро стандартлари асосида геология-қи­дирув ишларини ташкил этиш;
     ● «биринчи келган – биринчи олади» тамойили асосида кам ўрганилган ҳудудларни блок тизимини жорий этиш;
     ● экологик жиҳатлар ва бошқа энг яхши халқаро амалиётларни татбиқ қилиш кўзда тутилган.
     Бундан ташқари, Вазирлар Маҳ­камасининг 403-сонли қарори билан онлайн аукционлар асосида геоло­гик-қидирув ва қазиб олишга лицензиялар беришнинг шаффоф механизми тасдиқланди.
     2020 йил ноябр ойидан бошлаб олтин, уран, кумуш, мис, нодир металлар ва бошқалар учун электрон Аукцион платформасида инвесторлар томонидан 100% эгалик қилиш шартлари бўйича ким ошди савдоси ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилнинг март ойида 24 та янги геология обектлари учун аукционлар бошланди.
     Геология ишларини жадаллаштиришга сўнгги 5 йилда 4,6 триллион сўм йўналтирилиб, жумладан модернизациясига 890 млрд сўмлик 1 200 дан ортиқ илғор ускуна ва инновацион технологиялар жорий қилинди.
     Натижада, геология қидирув унум­дорлиги йилига 37 фоизга ошди, намуналар (керн) чиқиши 70%дан 95 %га етказилди, рудадаги элементларни аниқлаш кўлами 12 тадан 63 тага етди, ишлар кўлами 2 баробар кенгайди.
     Замонавий аэрогеофизика комплекси (Канада) ишга туширилиб, ер қаърини инновацион усулда ўрганиш жорий этилди, 1600 кв км майдон ўрганилиб, кейинги босқич геология ишлари учун 10 дан ортиқ олтин ва мисга салоҳиятли майдонлар ажратилди.
     Нефть ва газни қидириш учун 16,4 млн долларлик замонавий 3Д сейсмокомплекси (Канада) ишга туширилди ва бу илк бор 5,5 км чуқур­ликкача ўрганиш имконини ­берди.
     Замонавий ГИС-технологиялар асосида ерни масофадан зондлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳо­зирда дунё миқёсида тан олинган Global-Mapper, Erdas, ENVI дастурлари ва юқори аниқликдаги Landsat, Aster космосуратларидан фойдала­нилмоқда.
     Натижада, бугунги кунда Навоий вилоятида Букантов тоғларининг ғарбий ва марказий қисмида янги олтин ва кумушга истиқболли майдони ажратилди.
     Бундан ташқари, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларининг Малғузор ва Бойсун тоғларининг участкаларида рақамли моделлар ва спектрал аномалиялар тузилди. Бу, ўз навбатида кейинги геологик изланишларга йўл очиб берди.
     Қўмита тизимида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини назарда тутувчи Геология фанлари университети ташкил этилди ва фаолияти йўлга қўйилди. Нуфузли хорижий кончилик университетлари тавсияларига асосан 10 та малака талаби, 10 та ўқув режа, 271 та фан дастурлари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Бугунги кунда талабалар 566 нафарни ташкил қилмоқда (430 та бакалавриат ва 136 нафар магистратура) 7 та таълим йўналиши бўйича ўқитиш йўлга қўйилди.
     Геология фанлари университетида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб илғор хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорликни кучайтириш, замонавий ўқув дастурларини жорий қилиш мақсадида Италиянинг Пиза университети филиалини очиш ҳамда Москва Давлат университети билан қўшма таълим дастурини йўлга қў­йиш чоралари кўрилмоқда.
     Пиза университети филиалига йилига 50 нафар талаба қабул қили­ниб, таълим инглиз тилида амалга оширилади. Москва Давлат университети билан қўшма таълим дастури бўйича йилига 25 нафар талаба рус тилида ўқитилади.
     Бундан ташқари, илмий кластерга кирувчи 4 та илмий тадқиқот муассасаси ва саноат корхоналари ўртасида 67 та лойиҳа бўйича умумий қиймати 127 млрд сўмлик шартномалар имзоланган. Жумладан, конларни геологик-иқтисодий баҳолаш, технологик регламент ишлаб чиқиш, гидрогеологик ва муҳандислик-гео­логик тадқиқотлар Навоий ва Олма­лиқ КМК билан 55 та, «Ўзбекнефтегаз» АЖ ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ билан 12 та лойиҳалар йўлга қўйилди.
     Шунингдек, халқаро меъёрлар асосида замонавий стандартлар жорий этиш учун SRK consulting (Буюк Британия), MTA (Туркия) экспертлари жалб қилиниб, 40 нафар геологлар JORC талаблари бўйича ўқитилди.
     Геология соҳасида олиб борилаётган бу каби ишлар соҳа ривожини таъминлаб, мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини янада юксалтиришга замин яратиши билан аҳа­миятли.
     Апрель ойининг илк якшанбаси – Президентимиз томонидан 26.12.2018 йилдаги ЎРҚ-509-сон билан имзоланган Қонунга мувофиқ, Геологлар куни деб белгиланиб, соҳа ходимлари бу кунни кенг нишонлайдилар. Фурсатдан фойдаланиб, геология соҳа­сида фаолият юритаётган барча мутахассис ва ходимларни байрам билан қутлаб, уларнинг машаққатли меҳнатларида куч-ғайрат тилайман.
 
 
Бобир ИСЛАМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Раиси

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.