Mutaxassis fikri

Илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш ва технологиялар трансфери: ғоядан амалгача

1/2022

 
     Айни давр – информацион технологиялар асрида ҳаётимиз­ни инновациясиз тасаввур қи­лиш қийин. Айниқса, сўнгги 5 йилда мамлакатимизда кўплаб соҳалар­да олиб борилган ислоҳотлар замирида инновацион ёндашувнинг жорий этилишини кўриш мумкин.
     Жумладан, инновациянинг: иқти­содиёт, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида кенг жорий этилиши Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтингларда юқо­ри­лашига хизмат қилмоқда. Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илмий тадқиқотларнинг ўрни муҳим. Шу мақсадда республикамизда илм-фаннинг таълим ва ишлаб чиқариш билан интеграциясини чуқурлаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
     Ўзбекистонда илм-фан ва инновацион фаолиятни ривожлантириш энг муҳим вазифалардан саналади. Илмий-техник маҳсулотлар бозорининг тез суръатларда ўсиши ва мазкур бозордаги рақобатнинг юқорилиги илмий ишланмаларнинг тижоратлаш­тириш йўлларини кенгайтиришни та­қозо этади. Тижоратлаштириш жараёнини лойиҳалаш, даромад олиш мақсадида илмий ишланмаларни маҳ­сулотга айлантиришга қаратилган маълум тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мазкур жараённинг узвий қисмидир.
     Тижоратлаштириш уч босқичдан иборат бўлиб, аввало молиялаштириш учун яроқли ишланмалар излаб топилади ва мавжуд ишланмалардан энг истиқболлилари танланади. Танлашда энг катта фойда келтирадиган ҳамда бозорнинг у ёки бу сегментида юқори талабга эга бўлган илмий ва инновацион ишланмалар ажратилади.
     Кейинги босқич инвестицияларни жалб қилишдир. Айни даврда Ўзбекистонда тижоратлаштириш жараёнининг оралиқ инвестори сифатида асосан давлат грантларидан фойдаланиш йўлга қўйилган.
     Учинчи босқичда стратегик инвес­тор томонидан инновацион маҳсу­лотни серияли ишлаб чиқарилиши йўл­га қўйилади. Айнан ишлаб чиқа­ришга тайёрлаш жараёнида харажатлар сметаси тузилади, молиявий ресурслар миқдори аниқланиб, жараён иштирокчилари томонидан муаллифлик ҳуқуқи тақсимланади.
     Маълумотларга кўра инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини ўзлаштиришга йўналтирилган ҳамда тижоратлаштиришгача тайёрлаш мақсадида 107,8 млрд. сўмга тенг 139 та лойиҳа давлат илмий грантлари томонидан молиялаштирилди, шундан молиялаштирилган 45 та лойиҳага тармоқ ва хусусий сектор томонидан 38 млрд. сўм маблағлар жалб қили­ниши кўзда тутилган. Мазкур лойиҳалар молиялаштириш доирасида 43 та янги инновацион корхоналар ташкил қилиниб, натижада 1400 дан ор­тиқ янги ишчи уринлар яратилади. Шундай қилиб, илмий тадқиқотлар, инновацион ғояларни яратиш босқи­чидан изчиллик билан ишлаб чиқа­ришга ўтилмоқда.
     Тиббиёт ва фармацевтика соҳа­сида силга қарши «Биомайрин» препарати, «Экустим» диуретик дори во­ситаси, ошқозон ярасини олдини олиш учун «Лактопрополис» биологик фаол қўшимчаси амалиётга жорий қилинмоқда. Энергетика соҳасида қуёш энергияси асосида электромобилларни юқори тезликда зарядловчи қурилма, шунингдек, қуёш радиацияси, шамол тезлиги ва йўналиши, ҳаво ҳарорати, ёғингарчилик миқдо­рини ўлчаб бориш метеостанцияси ишлаб чиқилди. Электротехника соҳа­сида кремнийли диод термодатчик­ларни ишлаб чиқариш технологияси яратилди. Сув хўжалигида тескари осмос технологияси асосида сув фильтр­лари ва насос станциялари ма­гистрал каналининг қаттиқ лойқала­рини олиб ташлаш учун турли му­ҳитларда ишлайдиган оқимли насос­лар ишлаб чиқарилиши йўлга қуйил­ди. Қишлоқ хўжалиги, чорвачилик со­ҳаларида, балиқчилик ва ёғ-мой саноати, қурилиш ва йўл-қурилиш со­ҳасида ҳам кўплаб тур янги маҳсу­лотлар ишлаб чиқилди.
     Соҳаларга инновацион янгилик­лар татбиқ этилиши натижасида ишлаб чиқариш жараёнлари такомиллашиб, ресурслар иқтисод қилинади, бозорга янги маҳсулотлар кириб келади, иқтисодиёт тармоқларидаги мавжуд муаммолар ҳал этилади, бутун республика бўйлаб кўплаб иш ўрни яратилмоқда.
     Бу борада илк намуна ва тажриба сифатида Инновацион ривожланиш вазирлиги Наманган вилоятининг Чуст тумани ҳокимлиги билан ҳам­кор­ликда уни инновацион ҳудудга айлантириш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чи­қилди. Бугунги кунда Чуст тажрибаси барча вилоятлардаги биттадан туман танлаб олиниб, татбиқ этилмоқда. Бунга мисол тариқасида Сирдарё туманида амалга оширила­ётган инновацион лойиҳаларни келтириш мумкин. Улар аҳоли турмуш тар­зини ўзгартириши билан бир қа­торда, туманда камба­ғалликни қис­қар­тириб, янги иш ўринларини яратилишига, маҳаллий бюджетга тушумлар тушишига ҳамда иқти­содий ривожланишига хизмат қиляпти.
     Бухоро вилояти Ромитан Инновацион ҳудудида 15 та янги инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ромитан туманида сув хўжалигида тескари осмос технологияси асосида сув фильтрлари ишлаб чиқари­лиши йўлга қуйилди, умуртқа­лараро диск чуррасини «SASH» номли таянч корсетини ишлаб чиқари­лиши йўлга қўйилди, доривор ўсимликларни етиш­тириш ва қайта иш­лашга қара­тилган лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда.
     Қашқадарё вилояти Нишон Инновацион ҳудудида 11 та инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳудудда янтоқ ва қамишдан фойдаланиб гранулаланган ем ишлаб чи­қариш йўлга қўйилди, қуёнчилик кластерида етиштирилган гўштдан кенг ассортиментдаги экспортбоп тайёр маҳсулот­лар ишлаб чиқариш, балиқ ёғи ва чигиртка унини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда, чигиртка уни таркибида мол гўштидан икки баравар кўп оқсил бор, у лосос балиғига қараганда кўпроқ Б12 витамини ва исмалоққа қараганда кўпроқ темир моддасига эга. Бундан ташқари, алифатик ва ароматик аминокислоталар тўқималари мавжуд: лизин (грамм хом оқсил учун 100 мг) ва триптофан. Чигиртка тўқималарини ўз ичига олган ёғларнинг таркиби қу­руқ вазннинг 9% дан ошмайди: жуда оз, аммо улар таркибида муҳим линоленик ва алфа-линоленик кислоталар мавжуд.
     Республикамизда ҳозирги кунда парҳезбоп нон маҳсулотларига талаб ортиб бормоқда. Шуни инобатга олган ҳолда соҳага янгилик бўлган, донли экинларни экструдация қилиш йўли билан дон таркибидаги барча моддаларни юқори босим ва иссиқ­лик жараёнида экструдердан ўтказиб, буғдой, жўхори, жавдар ва бошқа донли экинлардан сифатли нон маҳсу­лотларини ички ва ташқи бозорларга етказиб бериш лойиҳанинг асосий мақсадла­ридан бири ҳисобланади.
     Сирдарё вилоятининг асосий ер майдони шўрлигини ҳисобга олган ҳолда, Гулистон давлат университети ёш олимлари, профессор-ўқитувчи­лари томонидан ушбу ҳудудга мос бўлган қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотла­ри, мева дарахларини яратиш бўйича бир неча йиллардан буён изланишлар олиб боришмоқда.
     Ушбу кўп йиллик изланиш ва тад­қиқотлар натижасида шўр ерга чидамли бўлган «Батат» (ширин картошка)ни Сирдарё инновацион ҳудудида етиштирилмоқда. Ушбу лойиҳани амал­га ошириш натижасида 11 та янги иш ўрни яратилиб, шўрга чидамли «батат» картошкаси етиштирилиб, саноатда крахмал, спирт ишлаб чиқа­риш шунингдек, озуқа сифатида ишлатиш имконияти яратилади.
     Гулистон давлат университети томонидан аёллар қошга қўйиладиган ўсма (исатос) ўсимлигининг яна бир ҳусусияти аниқланди. Жумладан, Гу­лис­тон давлат университети талабаси Ю.Мажидованинг ўрганишлари натижасида ўсма ўсимлигидан чуқур қайта ишлаш орқали енгил саноатда матоларни бўяш учун бўёқ олиш имконияти мавжудлиги аниқланди. Ушбу ло­йиҳани амалга ошириш учун Инновацион ривожлаиш вазирлиги томонидан ёш олимага 351 млн. сўм маб­лағ ажратилди. Ушбу лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши натижасида вилоятда фаолият юритаётган «Karmanta yan tex» ҳамда «Record textile» МЧЖлар томонидан хорижий валюта ҳисобига импорт қилинаётган ушбу бўёқни ўзимизнинг ёш олимадан сотиб олиш имконияти яратилади, натижада валюта тежалади.
     Сирдарё вилоятида ёш олимлар томонидан узум данагини косметология ва фармацевтика соҳасида қўл­ланилиши самарали эканлигини кўрсатиб берувчи илмий-назарий хуло­салар асосида маҳаллий «BunyodGold» МЧЖ билан ҳамкор­ликда «Узум данагидан косметология ва фармацевтика сохасида қўллани­ладиган мой ишлаб чиқариш» лойи­ҳаси ишлаб чиқилди. Республика ми­қёсида ҳар йили 60 минг тоннадан зиёд узум маҳсулотлари корхоналар томонидан қайта ишланади. Узум данагини узумни қайта ишлаш корхоналаридан шартнома асосида 1 кг узум данаги ўртача 1500 сўм­дан сотиб олинади, данак қайта ишланиб ёғ олинади хамда экспортга йўналтирилади. Келгусида, лойиҳани амалга оширилиши натижасида туманда 10 та янги бўш иш ўринлари яратилади ва йилига 500 тонна узум данагини қайта ишланади, 500 тонна узум данагидан ўртача 50 тонна (10%) ёғ олинади. Узум данагини ёғи олингандан кейин ҳосил бўладиган шрот чиқин­дисини ҳам қай­та ишлаш имконияти мавжуд бўлади. 70-80% қисмини экпортга йўналтирилади. Ушбу маҳсулот­ларга Россия, Туркия, Европа давлатларида талаб юқори даражада.
     Шунингдек, Самарқанд вилояти Ургут инновацион ҳудудида чорвачилик соҳасида импорт аналогига нисбатан 1,5 баробар арзон «Пастеуреллёз, колибактериоз ва салмонеллёз касалликларига қарши полевалент вакцина»сини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, лойиҳа амалга оширилиши натижасида 10 та янги ишчи ўрин яратилди.
     Навоий вилояти Кармана инновацион ҳудудида кам таъминланган оилалардан 650 нафар ёшларни Internet-freelancing ва технологиялар орқали даромад олишга ўқитиш учун платформа яратилди. Натижада, биринчи босқичда 300 дан ортиқ ёшлар дастурлаш, Internet marketing ва график дизайн курсларида ўқитилди. Бугунги кунга қадар 100 дан ортиқ битирувчилар Kwork платформаси ор­қали буюртмаларни бажариш орқали даромад олишни бошлашди.
     Суперпластификаторлар импортини қисқартириш ва республика эҳ­тиёжини камида 20 фоизини таъминлаш мақсадида йилига 180 тоннагача маҳаллий хомашёлар асосида суперпластификаторлар олиш технологияси ишга туширилди.
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.
 
 
Жамолиддин БАБАХАНОВ,
Инновацион ривожланиш вазирлиги «Инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш
ва технологияларни трансфер қилиш» бошқаруви бошлиғи

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.